72-модда. Шартли ҳукм қилиш
Агар суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоларини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, айбдор тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг ҳулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукм қўллаши мумкин. Бундай ҳолда суд, башарти, белгиланган синов муддати давомида жазонинг шартлилигини бекор қилиш асослари келиб чиқмаса, тайинланган жазони ижро этмаслик тўғрисида қарор чиқаради.
Синов муддати бир йилдан уч йилгача белгиланиб, ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Башарти, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарор юқори суд томонидан чиқарилган тақдирда ҳам, синов муддатини ҳисоблаш шу кундан бошланади.
Шартли ҳукм қилинганда, башарти, бунга асослар мавжуд бўлса, суд маҳкумга муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга ёки ўқишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг ҳулқи устидан назорат олиб борувчи органга ҳабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши, алкоголизм, гиёвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи каби мажбуриятларни юклаши мумкин.
Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар хулқи устидан эса, ҳарбий қисм ёки муассасанинг қўмондонлиги назорат олиб боради.
Ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органнинг тақдими билан суд синов муддати давомида унга юклатилган мажбуриятларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини олиб ташлаши ёки унинг зиммасига янги мажбуриятлар юклаши ҳам мумкин.
Агар шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида суд унга юклаган мажбуриятларни бажармаса ёҳуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Шартли ҳукм ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга, шунингдек, илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ноғиронлари, аёллар, шунингдек, олтмиш ёшдан ошган шахслар бундан мустасно.
Шартли ҳукм қилинган шахс синов муддати давомида янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича жазо тайинлайди.
1. Шартли ҳукм қилиш шахсни жазодан озод қилишнинг суд амалиётида кенг қўлланадиган ва жиноят қонунининг инсонпарварлик принципи кўпроқ мужассамлашган туридир.
Шартли ҳукм қилишда белгиланган тартибда қонуний кучга кирадиган шартсиз ҳукм чиқарилади. Бу ҳукм устидан шикоят ёки протест келтирилиши мумкин. ЖПКнинг 484, 492 ва 513-моддаларидан келиб чиққанидек, апелляция, кассация ёки назорат тартибида иш кўриб чиқилиши натижасида суд шартли ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришга, бекор қилишга ва ишни судда янгидан кўриш учун юборишга, ҳукмни бекор қилишга, ишни тугатишга ёки шартли ҳукм қилиш ўрнига жазони ижро этишни тайинлашга ҳақлидир.
2. Суд озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари каби жазо турларидан бирини тайинлаш вақтида содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, тайинланган жазони ўтамасдан туриб ҳам унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келса, шартли ҳукмни қўллаши мумкин. Мазкур шакл маҳкумга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш, хизмат бўйича чеклаш, ахлоқ тузатиш ишлари ёки интизомий қисмга жўнатиш кўринишидаги реал жазони қўлламаслик кераклигини билдирмайди. Бу ҳолда ушбу жазоларга нисбатан фақат ҳукм қилиниш шартлидир.
3. Шартли ҳукм қилишнинг мазмун моҳияти шундан иборатки, суд айблов ҳукми чиқараётиб маҳкумга муайян жазо турини тайинлайди ва унинг миқдорини белгилайди, аммо тайинланган жазони шартли деб ҳисоблашга қарор қилади. Яъни маҳкум томонидан муайян талабларни ижро этиш шарти билан жазо ижро қилинмайди. Бундан келиб чиқадики, шартли ҳукмнинг юридик моҳиятини маҳкумга тайинланган жазони реал ўташдан шартли озод бўлиш ташкил этади.
Шартли ҳукм қилишда суд маҳкумни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашни назарда тутади.
4. Озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишлари каби жазо турлари тайинлашда шартли ҳукм қўлланилиши мумкин (Жазоларнинг ушбу турлари тушунчалари тўғрисида Жиноят кодекси 46, 47, 49, 50-моддалар шарҳини қаранг). Жарима, муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, ҳарбий ва махсус унвондан маҳрум қилиш, шунингдек, қамоқ ва ўлим жазоси каби жазо турларига нисбатан шартли ҳукм қўлланилмайди. Бунинг айримлари (жарима, муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, ҳарбий ва махсус унвондан маҳрум қилиш) енгил жазо турлари ҳисобласа, бошқаси (қамоқ) қисқа муддатлидир ва у реал ижро этилишда янада таъсирлирок бўлади. Истисно сифатидаги жазо чораси ҳисобланган ўлим жазосига келсак, шарҳланаетган модданинг 7-қисми мазмунидан у шартли тайинланиши мумкин эмас.
Амалдаги қонунлар мазмунига кўра, тайинланган жазонинг фақат тўла муддатига нисбатангина шартли ҳукм қўлланилиши мумкин. Шунинг учун ҳам жазонинг ўталмаган қисмини шартлига алмаштириш ҳақидаги суд қарорлари қонунга хилоф ҳисобланади.
Масалан, агар судланувчи бирор-бир содир этилган жиноят учун беш йил муддатга озодликдан маҳкум қилиш жазосига ҳукм қилинган бўлса, уни нисбатан 2 йил реал озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиб бўлмайди. Айбдорнинг ҳеч бўлмаганда жазонинг бир қисмини реал ўташи зарурият сезилмаса, бу суднинг маҳкумга нисбатан ишончи йўқлигидан далолат беради, бундан эса унга нисбатан шартли ҳукмни қўллаш имкони йўқлиги келиб чиқади.
5. Шартли ҳукм қилиш жиноятлар жамида ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бундай ҳолларда шартли ҳукм мажмуига кирувчи жиноятлардан бирига эмас, балки айбдор шахси ва қилмишининг бутун мажмуини инобатга олиб қўлланилади. Бир неча жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қўллашни суд лозим топган ҳолларда, ҳар бир жиноят учун алоҳида жазони аниқлаб жиноятлар жами бўйича жазони шартли тайинлаш зарур.
6. Шартли ҳукм қилиш шарҳланаетган модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турларига нисбатангина қўлланилиши мумкин. Шу сабабли асосий жазолар каби қўшимча жазолар шартли тайинланиши мумкин эмас. Муайян ҳуқуқ ёки унвонлардан (ҳарбий ёки махсус) маҳрум этишга нисбатан шартли ҳукм қилишнинг амалий мазмуни йўқолади, чунки бундай имтиёзлардан қонун шартли маҳрум қила олмайди. Суд синов муддатини белгилашда шу муддат ичида бажарилиши ёки риоя қилиши керак бўлган шартларни белгилаб беради. Бу чора жазо тайинлаш билан боғлиқ эмас ва у шартли ҳукм қилишда синов муддати шартларидан бири сифатида қаралиши зарур.
7. Шартли жазо белгилашда суд шахсни муайян жиноятни содир қилишда айбли деб топади ва унга жазо тайинлайди, лекин шунинг билан бирга ишдаги ҳолатларни ҳамда айбдорнинг шахсини эътиборга олиб, бу жазони ўташи мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблайди. Шартли ҳукм қилишда суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва хусусиятини, айбдорнинг шахсини, жавобгарликни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиши лозим. Агар суд юқоридагиларни инобатга олиб айбдорга нисбатан реал жазо ўташни қўлламаслик мумкинлиги тўғрисида хулосага келса, у жазони шартли деб ҳисоблаш ҳақида қарор қилади, ҳар бир муайян ҳолатда суд жиноят ҳодисасидан келиб чиқиши, шунингдек, жазони реал ўташнинг таъсирини инобатга олиши керак.
8. Суд шартли жазо тайинлаетганда муайян вақт синов муддати давомида ҳақикий бўлган муайян шартларни ўрнатади. Шартли ҳукм қилиш муайян шарт билан жазони ўташдан озод қилиш асосидир. Шарҳланаетган модданинг биринчи қисмига мувофиқ бу:
* синов муддати;
* синов муддати мобайнида маҳкумнинг ҳулқи устидан назорат;
* синов муддати мобайнида маҳкумнинг мажбуриятларидир.
9. Шарҳланаетган модданинг иккинчи қисми синов муддати чегараларини ўрнатади ва ушбу муддат ҳисобининг бошланиш вақтини белгилайди. Шартли ҳукм қилишнинг асосий жиҳатларидан бири шундан иборатки, суд томонидан иккита муддат тайинланади: жазо муддати (озодликдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа) ва синов муддати. Жазо муддати - бу доимий ўлчов, чунки (озодликдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа турдаги) жазо амалда ижро қилинмайди ва тўла ҳажмда уни ижро этиш хавфи бутун синов муддати давомида доимо махбусга босим ўтказади.
Синов муддати - бу вақт мобайнида шартли ҳукм қилинган шахс ўз ҳулқи билан ўзгарганлигини исботлаши зарур бўлган муайян даврдир. Синов муддати ҳукм чиққан кундан бошлаб ҳисобланади. Унинг давомийлиги тайинланган жазо миқдори ва тури билан белгиланади. Синов муддати, бегумон, маҳкумнинг тузалиши учун тазйиқ ўтказишни ташкил қилиш ва шартли ҳукм қилишни қўллаш асосли эканлигини текшириш учун кўзда тутилган. Синов муддатининг мазмун моҳияти маҳкумга жазони ўтамасдан тузалиши, ўзини жамоат олдида оқлаши учун вақт ва имконият беришдир. Синов муддати давомийлигига шартли ҳукмни кузатиб борувчи мажбурлаш ҳажми ҳам боғлиқ (муайян мажбуриятлар, судланганлик ҳолати, ҳуқуқбузарлик содир этилганда шартли ҳукм реал жазога алмаштирилиши мумкин. Шартли ҳукм муддати даврида содир этилган жиноятлар учун жазо тайинлашда Жиноят кодекси 60-моддасига асосан шартли тайинланган жазо қисман ёки тўла қўшиш йўли билан суд томонидан амалга оширилади).
10. Шарҳланаетган модданинг иккинчи қисмига мувофиқ синов муддатининг энг кам давомийлиги бир йилга тенгдир. Синов муддатини энг кам миқдорини камайтириш мумкин эмас. Шарҳланаетган модда суд томонидан тайинланган шартли жазо муддати ва синов муддати ўртасидаги мутаносибликни кўрсатмайди. Жиноят қонуни ахлоқ тузатиш ишлари каби жазо турлари олти ойдан уч йилгача, озодликдан маҳрум қилиш эса - олти ойдан йигирма йилгача тайинланади. Фақат интизомий қисмга жўнатиш каби жазо муддати уч ойдан бир йилгача бўлиши мумкин, озодликдан маҳрум қилиш Жиноят кодекси 49-модда иккинчи қисми қоидаларига мувофиқ худди шу муддатга истисно тариқасида ўзгартирилиши мумкин (Жиноят кодекси 46, 47, 49, 50 - моддалар шарҳини батафсилрок қаранг). Синов муддати у ёки бу модда санкциясига шартсиз боғлиқ эмас.
11. Шартли ҳукм қилишни қўллаетганда, суд иш ҳолатларини ва айбдорнинг шахсини инобатга олади. Шартли ҳукм қўлланилганда суд шартли ҳукм қилинган шахс устидан кузатув олиб боришни кимга юклатиш лозимлигини ҳал қилади. Бунда суд шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқ - атворини кузатиш учун уни бирлашма ёки жамоага топшириши мумкин. Синов муддатининг давомийлиги шартли ҳукм қилинган шахсни кузатиш мажбуриятини ўзига олган ёки шартли ҳукм қилиш тўғрисида илтимоснома киритган жамоадаги муҳитга боғлиқ бўлиши мумкин. Агар суд жамоа инок, соғломлиги, у ерда тарбиявий ишлар яхши йўлга қўйилганлиги тўғрисида аниқ бир хулосага келса, табиийки, бу ҳолда синов муддатини узайтиришга зарурат қолмайди. Бу асосан шартли равишда ҳукм қилинган вояга етмаганларга, ёшларга, ташқи таъсирга тез бериладиган ёшларга айникса зарурдир.Шартли ҳукм қилинган шахсни жамоат ташкилотига ёки меҳнат жамоасига топшириш фақатгина маҳкум ўзининг намунали хулқи билан, шунингдек сидқидилдан меҳнат қилиб тўғри йўлга тузалишига ваъда берган ҳолдагина йўл қўйилади.
12. Синов муддати давомийлигини белгилашда муддатни камайтириш шартли ҳукм қилинган шахснинг тузалишини етарли даражада таъсир ўтказмаслиги мумкинлигини назарда тутиш керак. Бошқа тарафдан, иш ҳолатидан келиб чиқмаган синов муддатини узайтириш ҳам шартли ҳукм қилинган шахснинг ҳолатини сезиларли даражада оғирлаштиради. Иш кассация ва назорат инстанцияларида кўриб чиқилаетганда шартли ҳукмни қўллаш асосли эканлигига баҳо бериш шартли равишда белгиланган жазо турини ва унинг миқдорини тўғри танлаганлиги билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинибгина қолмай, балки синов муддати давомийлигини тўғри белгилаш ҳам тақозо этилади.
13. Шартли ҳукм қилиш - бу айбдорга билдирилган ишонч эканлиги сабабли, синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади яъни жиноят-процессуал қонун хужжатларидан келиб чиқилса -ҳукм ўкиб эшиттирилган пайтдан бошлаб шахс қандайдир жазога шартли ҳукм қилинган ва белгиланган муддат мобайнида айбдор шахс муайян талабларни бажаришга мажбур. Шартли ҳукм қилишни ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб эмас, балки ҳукм ўкиб эшиттирилган вақтдан бошлаб қўллаш шахснинг муайян сифатлари ва хулқи туфайли жазони ўташдан озод этилганлиги тўғрисида далолат беради.
14. Жиноят кодексининг 72-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, суд шартли жазо белгилаши билан бирга айбдорга бир қатор мажбуриятлар юклайди.
Булар:
* етказилган зарарни бартараф этиш;
* ишга ёки ўкишга кириш;
* яшаш жойи ёки ўқишини ўзгартирса, бу ҳақди шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриши, вақти-вақти билан келиб бу органлар рўйхатидан ўтиб туриши;
* айрим жойларга бормаслик;
* муайян жойда бўлмаслик;
* гиёҳвандлик, алкоголизм ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи кабилардан иборат мажбуриятлардир. Мазкур шартларнинг ҳар бири содир этилган жиноятдан, шунингдек, тайинланган жазодан келиб чиққан ҳолда маҳкумга юклатилади.
15. Содир этилган жиноят оқибатида муайян миқдорда моддий, маънавий, жисмоний ва бошқа зарар келтирилади. Бундай ҳолларда зарарни қоплаш ўгирланган, йўқ қилинган нарсанинг ўрнини қоплашда, даволанишга сарф қилинадиган моддий харажатларни қоплашда, маънавий зарарни қоплашда (кечирим сўрашда) намоён бўлиши мумкин (келтирилган зарарни қоплаш тушунчаси тўғрисида батафсилрок Жиноят кодекси 55-модда шарҳини қаранг).
16. Ишга ёки ўкишга кириш мажбурияти шахс ишламаган ёки маълумот олмаган ҳолларда юзага келади. Ишлаш ёки ўқиш мажбурият эмас, балки ҳар бир шахснинг шахсий ҳуқуқидир (умумий ўрта маълумот бундан мустасно). Шунга қарамасдан ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш айбдорни ижтимоийлашганлиги тўғрисида далолат беради, ўкишга кириши эса маҳкумни муайян касбни эгалламокчи эканлигини тасдиқлайди ва бу, шубҳасиз, уни турли хил ножўя хатти-ҳаракатларни содир қилишдан тийиб туради. Шуни инобатга олиш лозимки, ушбу мажбуриятлар ҳар доим ҳам маҳкумнинг имкониятидан келиб чиқмайди, чунки ишга жойлашиш меҳнат бозоридаги талаб ва таклифга боғлиқдир. Шунинг учун давлат томонидан маҳкумларни ва жазони ўтаб чиққан шахсларни ишга жойлаштириш масаласига имкон борича устувор даража сифатида қаралади. Зеро, давлат иш билан таъминлаш турини, шу жумладан турли меҳнат режимидаги ишни танлаш эркинлигини кафолатлайди (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 58-моддаси). Маълумот олишга келсак, бу маънода ҳам маҳкум фойдаланган имкониятларга эътибор қаратиш лозим. Бундай ҳолларда ишга жойлашмаганлиги ва ўкишга кирмаганлиги синов муддати мобайнида белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган деб баҳолашга, шунингдек шартли ҳукмни бекор қилишга асос бўлмайди.
17. Шартли ҳукм қилинганлар устидан назоратни ички ишлар органлари ва ҳарбий хизматчилар устидан ҳарбий қисм ёки муассаса қўмондонлиги амалга оширади. Жазони ижро қилиш инспекцияси шартли ҳукм қилинган шахсларни рўйхатга олади ва суд белгилаган синов муддати мобайнида уларнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришини назорат қилиб боришади. Агар маҳкум иш ёки ўқиш жойини ўзгартирмоқчи бўлса, бу ҳақда унинг устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериши лозим.
18. Суд ва қонун чиқарувчи хулосасига кўра маҳкумларнинг хулқини тузатишга тўсқинлик қилаётган ва унинг хулқига салбий таъсир кўрсатаётган ва суд томонидан белгиланган муайян жойларга бормаслик мажбурияти (масалан ресторан, бар, казино, ипподром ва бошқалар). Мазкур мажбурият асосан вояга етмаганларга қўлланилади. чунки улар ташқи салбий таъсирларга тез бериладиган бўладилар.
19. Муайян вақтда яшаш жойида бўлиш мажбурияти - қисман чекланиш ҳисобланиб ва шартли равишда ҳукм қилинган шахсдан турар жойида муайян вақтда бўлишини талаб қилади. Мазкур мажбурият ҳам асосан вояга етмаганларга қўлланилади чунки улар безорликка ва бошқа ижтимоий хавфли ҳаракатларни содир қилишга мойил бўлишади..
20. Гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил кассалигидан даволаниш курсларни ўташ мажбурияти тиббий характердаги мажбурлов чораларини стационар тартибда қўллаш мақсадга мувофиқ бўлмаган ёки бунга имконият бўлмаган шароитларда қўлланилади.
21. Қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган мажбуриятлардан ташқари маҳкумнинг тузалишига ижобий таъсир қиладиган бошқа бир қатор мажбуриятларни ҳам юклаши мумкин. Суд шартли ҳукм қилиш тўғрисида ҳукм чиқараётганида шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмда белгиланган тартибда маҳкумнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа мажбуриятларни тайинлаши мумкин. Кўрсатилган мажбуриятлар ялпи ҳолда ёки алоҳида-алоҳида юкланиши мумкин.
22. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми, жазони ижро этиш махсус органларига шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқи устидан назорат олиб боришни белгилайди. Ушбу органлар сифатида шартли ҳукм қилинганлар устидан назоратни ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчилар устидан ҳарбий қисм ёки муассаса қўмондонлиги амалга оширадилар. Вояга етмаганлар устидан эса, назоратни ҳокимиятлар хузурида ташкил этилган вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия амалга оширади. Маҳкумлар хулқи устидан олиб бориладиган мазкур назоратнинг мақсади қонун томонидан ўрнатилган мажбуриятнинг бажарилишини таъминлашдир.
23. Синов муддати давомида маҳкум ўз хулқ атвори билан тузалганлигини исботлаши ёки аксинча унга қўлланилган чоралар етарли даражада эмаслигига кўрсатиши ва шу билан у ўзига нисбатан суд томонидан назоратни кучайтириши, шартли ҳукмни бекор қилиб жазони реал ўташига олиб келиши мумкин.
Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисми мазмунида шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи орган синов муддати мобайнида белгиланган чеклашларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритишга ҳақлидир.
Мажбуриятларнинг тўлиқ ёки қисман бекор қилиниши ўз-ўзидан синов муддатнинг бекор бўлишига шартли ҳукмнинг умуман бекор қилишни билдиради. Мажбуриятларнинг қўшимча қилиниши эса маҳкумнинг хулқ атвори устидан назоратни кучайтиришни билдиради.
Мазкур қарорларга суднинг синов муддат мобайнида маҳкум ўзини ижобий томондан кўрсатганлиги ҳақида тавсифланиши боис назорат юкланган органнинг белгиланган мажбуриятни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисидаги тақдимномаси ёки аксинча мазмундаги хулосаси асос бўлиши мумкин. Агар маҳкум унга қўйилган мажбуриятларни бажаришда айрим хато-камчиликларга йўл қўйса, назорат қилувчи орган судга илгари қўйилган мажбуриятларга қўшимча белгиланиш тўғрисида тақдимнома билан мурожаат қилиши мумкин. Суд киритилган тақдимномани кўраётганда унда кўрсатилган талабларни қаноатлантириш ёки қаноатлантирмасликка ҳақлидир. Шарҳланаетган модданинг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилмаган мажбуриятларни қўшимча қилиш ҳам суднинг ваколати доирасига киради.
24. Шарҳланаётган модданинг олтинчи қисмида шартли ҳукмни бекор қилишнинг муайян ҳолатлари кўрсатилиб ўтилган. Айнан шунда шартли ҳукм қилинган шахсларнинг юклатилган вазифаларни бажармаслик ёки уларнинг хулқ-атворининг ўзгарганлиги ҳолатлари намоён бўлади. Бундай ҳолларда суд шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат олиб бораётган орган тақдимномасига асосан шартли ҳукмни бекор қилиб, тайинланган жазони реал қўллаши мумкин.
Жиноят кодексининг 72-моддасининг шарҳланаётган қисми қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ҳукм билан белгиланган реал жазони бажариш билан шартли ҳукмни бекор қилишни назарда тутади:
* суд томонидан белгиланган мажбуриятларни шартли ҳукм қилинган шахс бажаришдан бўйин товлаши;
* жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланганлиги.
25. Мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш деганда суд томонидан шартли ҳукм қилинган шахснинг белгиланган мажбуриятларни узоқ вақт мобайнида бажармаслик тушунилади. Бундай ҳолларда суд томонидан шартли ҳукм этилган шахснинг ҳақиқатан ҳам мажбуриятларни бажармаганлигини ва нима сабабдан бажармаганлигини аниқлаш лозим.
26. Шартликнинг бекор қилиниш ва реал жазони ўташнинг белгиланишига иккинчи асос бўлиб жамоат тартиби ёки меҳнат интизомининг бузилиши ҳисобланади. Ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жавобгарликни келтириб чиқаради. Жумладан, жамоат тартибини бузган шартли ҳукм қилинган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик давлатнинг ҳуқуқий мажбурлов чорасининг бир кўриниши бўлганлиги ва маълум даражада жиноий жавобгарлик учун преюдиция ролини ўйнаганлиги учун бундай жавобгарликка тортилиш ҳолати шартли ҳукм қилинган шахсни жиноий -ҳуқуқий таъсир этишнинг янада қатъий чораларини реал қўлламасдан туриб тузалишининг имкони йўқлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, суд маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатини инобатга олиши лозим ва башарти бундай ҳолатлар ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилигидан далолат берса (масалан МЖтКнинг 192-модда "маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш"), синов муддати талабларини қўшимча мажбурият билан тўлдириши мумкин.
27.Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасига мувофиқ, маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб икки ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Жиноят ишини кўзғатиш рад этилган ёки жиноят иши тўхтатилган бўлса-ю, лекин ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, маъмурий жазо чораси жиноят иши қўзғатишни рад этиш ёки жиноят ишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Башарти, маъмурий жазога тортилган шахс шу жазони ўташ муддати тугаган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
28. Шартли ҳукмни бекор бўлишига асос бўлган бошқа ҳуқуқбузарлик сифатида меҳнат интизомини бузиш ҳам қаралиши мумкин. Меҳнат интизоми меҳнат қонунчилиги ҳамда ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат тўғрисидаги ички меъёрий актлари билан белгиланади. Рўйхатга олинган ёки аввалги иш жойини қолдирган кундан бошлаб 15 кун ичида узрсиз сабабларга кўра ишга кирмаслик; янги яшаш жойига кўчиб келгандан сўнг 15 кун ичида узрсиз сабабларга кўра ахлоқ тузатиш иши қўлланилишини таъминловчи органларга учрамаслик;
тайинланган жазо муддати давомида муттасил тарзда узрсиз сабаб билан ишга чиқмаслик (прогул) ёки иш жойида маст ҳолда бўлиш- - меҳнат интизомини бузиш ҳғисобланади.
Шартли ҳукмни бекор қилиш учун меҳнат интизомига риоя қилмаслик мотивларидан келиб-чиқувчи асос бўлиб атайлаб содир қилинган меҳнат интизоми бузилишларигина хизмат қилади. Масалан, прогуллар, ишга маст ҳолда келиш, меҳнат шартномаси ёки меҳнат тартиби талаблари билан белгиланган мажбуриятларни сабабсиз мунтазаам равишда бажармаслик.
29. Суд, шартли ҳукмни бекор қилиш тўғрисида тақдимномани кўриб чиқаётганида, маҳкумнинг синов муддати мобайнида унга нисбатан жазони қўлланган - қўланмаганлиги, белгиланган бирон бир шартларини бажармаганлигини аниқлаши лозим. Бундай ҳолатда, шартли ҳукм қилинган шахс унга билдирилган ишончни оқлаганлиги ва хулқи тузалганлигини аниқлаш мақсадида, суд маҳкумга нисбатан маъмурий жазо қўлланиш қонунийлигини ҳамда интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорнинг асослилигини аниқлайди.
Маҳкум зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаган ёки маъмурий ёхуд интизомий жавобгарликка тортилган ҳолларда маҳкум хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи орган жиноят ҳуқуқий таъсир чорасини бекор қилиши ҳамда ҳукмда тайинланган жазо чорасини ижро этиш тўғрисида тақдимнома киритиши мумкин. Суд ушбу тақдимномага асосан шартли жазони бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Агар суд назорат қилувчи органнинг киритган тақдимномасини кўраётганда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқида синов шартларини бузганлик аломатларини кўрмаса (топмаса), ҳукм ижро этилмайди.
30. Бирон бир жиноятни содир этилиши шартли ҳукмни бекор қилишга асос бўлади, ҳолбуки ушбу ҳолат шарҳланаётган моддада кўрсатилмаган бўлса ҳам, ушбу хулоса синов муддати мобайнида янги жиноятни содир этган шахсни шартли ҳукм қилишнинг имкони йўқлигига асосланади. Янги жиноятнинг содир этилиши шахснинг ғайриҳуқуқий хулқ-атворидан дарак бериб ва шартли судланишга нисбатан қаттиқроқ жазо чораларини кўришини талаб қилади.
31. Шахрланаётган модданинг саккизинчи қисмида синов муддати мобайнида жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш қоидаси белгиланган. Агар шартли ҳукм қилинган синов муддати ўтмай туриб, янги жиноят содир этса, айбдорга бир неча ҳукм юзасидан Жиноят кодексининг 60-моддасига мувофиқ жазо тайинланади. Суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшади. Якуний жазо чораси шартли белгиланганга қараганда ҳар ҳолда каттароқ бўлиши керак ( Жиноят кодекси 60-моддаси шарҳини батафсилрок қаранг). Шу билан бирга синов муддатининг ўтиши мобайнида содир этилган жиноят факти суд томонидан инобатга олиниб, битта ҳукмда кўрсатилади ва алоҳида ажрим чиқарилиши талаб қилинмайди.
32. Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисми шартли ҳукм қилишнинг қўлланиш чегараларини белгилайди. Қонунда белгиланишича, шартли ҳукм оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахсларга, шунингдек, илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди (ўта оғир жиноят тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 15- моддаси шарҳига қаранг).
Озодликдан маҳрум қилиш жазоси оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахсларга, айрим ҳолларда эса, бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатиш мумкин бўлмаса, ўртача оғирликдаги жиноят содир этганларга нисбатан жиноят учун жазо тури сифатида қўлланилиши зарур. Ушбу жазо турини қўллаш сабаблари ҳукмда асослантирилиши лозим (Қасддан содир этилган жиноят тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 21-моддаси шарҳига қаранг)
Суд амалиёти шуни кўрсатадики, озодликдан маҳрум қилиш жазоси оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган шахсларга, айрим ҳолларда эса, агар бундай шахсларни жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатиш мумкин бўлмаса, ўртача оғирликдаги жиноят содир этганларга нисбатан жиноят учун жазо тури сифатида қўлланилиши зарур. Ушбу жазо турини қўллаш сабаблари ҳукмда асослантирилиши лозим (Қасдан жиноят тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 21-моддаси шарҳини қаранг).
33. Шартли ҳукм қасддан жиноят содир этилган жиноят учун судланганлик муддати тугаган ёки судланганлиги қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Бироқ, қонуннинг мазмунига кўра илгари қасддан содир қилинган жиноят учун озодликдан маҳрум қилишдан бошқа жазо турига ҳукм қилиниб, судланганлик муддати тугамаган ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмаган шахс ижтимоий хавфи катта ёки унча оғир бўлмаган жиноятни содир қилса, шартли ҳукмни қўллашни қонун таъқиқламайди.
34. Шарҳланаётган модданинг еттинчи қисмида белгиланган чегараланишлар қуйидаги ҳолатларга тешли эмас:
* ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан;
* биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига;
* аёлларга;
* 60 ёшдан ошган эркакларга.
Мазкур шахслар ўта оғир жиноят содир этган ҳолда ҳам уларга нисбатан шартли жазо белгилаш мумкинлиги ушбу моддада мустаҳкамланган.
35. Вояга етганлик ёшини аниқлаганда жиноятни содир этиш вақти инобатга олинади. Жиноятни содир этган вақтда шахс вояга етмаган бўлиши лозим ва ушбу ҳолат шартли ҳукм қилишга асос бўлиши мумкин.
36. Биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига нисбатан шартли ҳукм қилишни қўллашда ногиронлик даражасини олганлик вақти аҳамиятга эга эмас.
37. Шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги суд ҳукмининг кучга кириши билан синов муддати давомида маҳкум судланган, деб топилади. Агар синов муддати давомида маҳкум янги жиноят содир этмаса, шартли ҳукм суд томонидан бекор қилинмаган бўлса, ҳукм ижро этилмайди ва шахсЖиноят кодексининг 78-моддаси “а” бандига кўра судланмаган ҳисобланади. Шартли жазо белгилашнинг мақсади маҳкумни суд ҳукми билан тайинланган жазони ўтатмасдан туриб тузатиш ва қайта тарбиялашдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |