73-модда. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш
Озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилиши мумкин. Шахс ижро этилмаган қўшимча жазодан ҳам озод қилиниши мумкин.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкум:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини;
в) ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин. (Ўзбекистон Республикаси 29.08.2001 й. 254-ҲҲ-сон қонуни тахриридаги қисм)
Жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш:
а) ўлим жазоси афв этиш тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган шахсга;
б) ўта хавфли рецидивистга;
в) уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига;
г) жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, Ўзбекистон Республикасига, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш, жиноий уюшма ташкил этиш, ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа хилдаги оммавий қирғин қуролларини, шундай қуролларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкинлиги аён бўлган материал ва ускуналарни, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни контрабанда қилиш, шунингдек гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
1. Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунининг инсонпарварлик принципи жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишда ҳам намоён бўлади. Бу ҳуқуқий институтнинг моҳияти маҳкумни келажакдаги жазони ўташдан шартли равишда озод қилишда ифодаланади. Унинг шартли характери шундаки, у қонунда кўрсатилган шартлар асосида амалга оширилади, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишнинг қоидаларига риоя қилмаслик белгиланган жазо муддатини тўлиқ ёки қисман ўташга олиб келади (Жиноят кодекси 72 м.). Бундай ҳолларда бу институтни қўллашнинг дастлабки шарти бўлиб, ҳукм қилинган маҳкумнинг тузалганлиги тўғрисидаги суд томонидан ўрнатилган ҳолатларнинг мавжудлиги ва маҳкум томонидан жазонинг маълум бир қисмини ўтаганлиги ҳисобланади.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми муддатидан илгари шартли озод қилиш мумкин бўлган жазоларнинг рўйхатини тўлиқ санаб ўтади. Жиноят кодексининг 73-моддасига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш, хизмат бўйича чеклаш ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланилиши мумкин. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми бундан истисно бўлиб, унда муддатидан илгари шартли озод қилиш институти қўлланилмайдиган шахслар ва жиноятлар рўйхати кўрсатилган. Ушбу жазо чораларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, уларнинг муддатидан қатъи назар қўлланилиши мумкин. Жиноят-ижроия кодекси 164- моддасининг тўртинчи қисми мазмунига кўра муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазодан озод қилиш жамоат бирлашмаси, жамоа, маҳкумнинг ўзи ёки унинг ҳимоячиси илтимоснома билан мурожаат этишга ҳақли.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси қисқа муддатли бўлиб, бу муддат ичида маҳкумнинг тўла ахлоқан тузалган ёки тузалмаганлигини билиш қийин.
3.Амалдаги жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўшимча жазо чораларидан озод қилиш ҳолатларини ҳам белгилайди (қаранг, Жиноят кодексининг 45 ва 52- моддалари). Қўшимча жазо чораларидан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тартиби бир неча хусусиятлари билан асосий жазо чораларидан фарқ қилади. Қўшимча жазо чораларининг хусусияти уларнинг моҳиятидан ва жазони амалга оширишдаги вазифа ва мақсадларидан келиб чиқади. Қўшимча жазо чораларини қўллашни тартибга солувчи амалдаги жиноят қонуни шуни кўрсатмоқдаги, одатда судлар томонидан қўшимча жазо анча ҳавфли бўлган жиноятларни содир этганлик учун, жазонинг қисми сифатида тайинланаяпти. Жиноятни олдини олиш ва маҳкумларни тузатишда асосий жазо чораларига қараганда қўшимча жазоларининг аҳамияти камроқдир.
4.Қўшимча жазонинг тайинланиши жиноят содир этган шахснинг жавобгарлигини кучайтириш томонга ҳам камайтириш томонига ҳам индивидуллаштиришнинг асосий воситаларидан биридир. Жазони огоҳлантириш вазифасини. яъни, уларни қўллаш орқали маҳкумнинг жиноий фаолиятини давом эттиришига ёрдам берувчи шароитларни бартараф этиш, шунингдек, янги жиноят содир этишга қарши зарур кафолатларни яратишни таъминлаш қўшимча жазонинг мақсади ҳисобланади. Қўшимча жазо чоралари жиноятнинг алоҳида ҳолатларига, уларни содир этишга ёрдамлашувчи сабаб ва шароитга, шунингдек маҳкумнинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ. Шунинг учун, ҳар бир алоҳида ҳолатда қўшимча жазонинг у ёки бу вазифаси биринчи ўринга чиқади.
5. Айнан жазо мақсадини амалга оширишдаги қўшимча жазонинг ёрдамчи роли, қонун чиқарувчига ундан озод қилиш масаласига рухсат бериш йўлини шарт қилиб қўяди. Шарҳланаётган модда қўшимча жазодан озод қилишнинг қандайдир мустақил асос ва шартларини белгиламайди. Маҳкумнинг асосий жазонинг маълум бир қисмини ўтаганлиги ва шу билан бир вақтда унинг аҳлоқан тузалганлиги қўшимча жазодан озод қилишга асос бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун, жазони кучайтирувчи чора сифатида қўшимча жазо тайинланганда, айниқса уни енгиллаштириш мақсадида асосий жазодан шахс муддатидан илгари шартли равишда озод қилинганда, уни қўшимча жазолардан ҳам озод қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда, қўшимча жазо озодликдан маҳрум этиш билан бирга тайинланса, ундан озод қилиш, уни ижро этишдан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бошқа ҳолатларда агар қўшимча жазони ижро этиш асосий жазонинг ижро этилиши билан бир пайтда бошланса, масалан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ахлоқ тузатиш ишларига қўшимча жазо сифатида тайинланганда, асосий жазодан озод қилинаётган пайтга қадар унинг қандай қисми ўталганлигидан қатъи назар қўшимча жазодан ҳам озод қилинади.
6. Асосий жазони ўтаб бўлган шахсга нисбатан янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўшимча жазо тайинланган ҳолларда, ундан озод қилиш масаласини ҳал этиш керак. Мақсадга эришиш доим қўшимча жазони ижро этиш зарурлигини истисно этмайди, хусусан асосий жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш учун асосларнинг пайдо бўлиши бу ҳали ўз-ўзидан қўшимча жазоларни қўллашдан озод қилиш керак дегани эмас. Шунинг учун, қонун чиқарувчи асосий жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш билан бир вақтда қўшимча жазодан озод қилиш мажбуриятини эмас, балки ҳуқуқини белгилаган. Асосий жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинганда, қўшимча жазоларни, улар профилактик мақсадларда тайинлангандагина, сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ бўлади.
7. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш асосларини белгилайди. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазодан кўзланган мақсадга эришилган ҳолларда қўлланилади. Айнан ушбу асослар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинишида маҳкумнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлигини ва суд томонидан тайинлаган жазони тўла ўтамасдан тузалганлигини билдиради. Бу ҳолат бир қанча мезонлар яъни, маҳкумнинг суд ҳукмидан ва жазони ўташ тартиб қоидаларидан келиб чиқувчи жазони ижро этиш ва ўташ тартиб-қоидаларига риоя қилганлиги, унинг мажбуриятларини бажаришига виждонан ёндашганлиги ёрдамида аниқланади. Маҳкумнинг тузалганлиги тўғрисидаги суднинг хулосаси бевосита муддатидан илгари шартли озод қилиш учун зарур бўлган муддатнинг ўтганлигига қараб эмас, балки жазони ўташ давомида мажбуриятларни бажаришга муносабати ва ҳулқ-атвори тўғрисидаги баҳолашлардан келиб чиқиб чиқарилиши керак. Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллашга асос бўлиб, шахснинг тузалиши учун суд томонидан тайинланган жазонинг тўла ўташ зарур эмас деб топилган ҳолатларнинг тан олинганлиги ҳисобланади. Суд томонидан бундай хулоса содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характерини тавсифловчи, айбланувчи шахсини, жиноят содир этилгунга қадар ва жиноят содир этилгандан кейин унинг хатти-ҳаракатларини характерловчи ва иш бўйича бошқа ҳолатларни ҳисобга олувчи ҳолатлар йиғиндиси асосида чиқарилади.
8. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми маҳкумга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ўрнатилган тартиб қоидалар (режим) талабларини бажарган тақдирдагина қўлланилишини белгилайди. Ўрнатилган тартиб қоидалар (режим) деганда, белгиланган жазони ижро этиш ва ўташ интизоми тушунилади. Тартиб қоидалар маҳкумни тарбиялашнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади. Маҳкумни ахлоқан тузатишнинг асосий воситаларига жазони ижро этиш ва ўташнинг белгиланган тартиби (режими) ижтимоий-фойдали меҳнат, тарбиявий иш, умумий ва ҳунар таълими, касб тайёргарлиги ва жамоат таъсири киради. Жазони ижро этиш ва ўташнинг белгиланган тартиби Жиноят ижроия кодекси билан белгиланади. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазоларнинг ҳар бирини ижро этиш ва ўташ тартиби Жиноят ижроия кодекси билан белгиланади. Жазони ўташда интизом бузилишларининг мавжуд эмаслиги, жазони ижро этиш бўйича маъмуриятининг қонуний талабларига риоя этиш, маҳкумлар учун рухсат этилган жамоат ташкилотларининг ишларида қатнашиш, ташаббускорлик кўрсатиш, тартибни сақлашда маъмуриятга ёрдам бериш, мактабларда ўқув машғулотларига доимий равишда қатнашиш унинг тузалиш йўлидан бораётганлигини ифодаловчи ҳолатлар йиғиндиси сифатида эътироф этилади.
9. Шу билан бирга, маҳкумлар меҳнатга жалб қилиниб, ўзига юклатилган меҳнат вазифасини ва белгиланган нормани муттасил, сидқидилдан ҳалол бажариб келаётганлиги унинг ҳалол меҳнат йўлига ўтиб олганлигини кўрсатувчи мезон ҳисобланиб, уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш учун тақдим қилишга асос бўлади. Бу асосни маҳкумнинг жазони ижро этиш ва ўташ тартибига риоя этиш мажмуи сифатида қараш керак. Бир қанча ҳолатларда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш (масалан, озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо тайинланганда) алоҳида аҳамият касб этиши мумкин.
Меҳнатга ҳалол муносабат ҳаммадан илгари маҳкумнинг жазони ўташ муассасаларида ташкил этилган меҳнат фаолиятида ўз хоҳиши билан фаол иштирок этиши билан белгиланади. Бундай муносабат маҳкумнинг ишлаб чиқаришда, қишлоқ хўжалигида, хўжалик ишида, колония ҳудудидаги ободончилик ишида ва бошқа турли ижтимоий фойдали ишларни ҳалол бажаришида ифодаланади. Меҳнатга ҳалол муносабати, шунингдек, маҳкумнинг муайян бир ҳунар ўрганиши, ўз малакасини оширишга, иш тажрибаларини бошқаларга ўргатиши билан тавсифланади.
10. Маҳкумнинг тузалганлик даражасини аниқлашда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш, жазони ижро этиш ва ўташ тартиб қоидаларига риоя этиш каби ҳолатлардан ташқари, маҳкумнинг шахсини характерловчи бошқа ҳолатларга ҳам масалан, жиноят натижасида жабрланувчига етказилган зарарни тезроқ қоплаш учун ҳаракат қилиши, ўзининг айбини тан олганлиги, жазони ўтаб бўлганидан кейин тўғри ҳаёт бошлашга ва жиноий ўтмишдан қутилишга ҳаракат қилганлигига ҳам эътибор қаратиш лозим. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласини ҳал этишда судга маҳкумнинг шахсини аниқлашга имкон берувчи, яшаш жойи, оиласи ёки бошқа қариндошларининг мавжудлиги, меҳнат жамоасининг розилиги билан аниқ бир корхонага ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар, унинг озодликдаги ҳулқ-атворини олдиндан айтиб бериш, жазони ўташдан озод қилинган шахсга нисбатан тегишли ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, меҳнат жамоалари ва жамоат бирлашмалари томонидан кузатувни ўрнатиш ва тарбиявий ишларни олиб бориш масалаларини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Маҳкумни тузалганлиги тўғрисида исботловчи ҳолатлар бўлганда, уни асоссиз равишда жазони ўташдан озод қилиш масаласини ҳал қилишни рад этиш мумкин эмас. Хусусан, судлар қонунда кўрсатилмаган сабабларга кўра, масалан, тайинланган жазонинг енгиллиги, жазони ижро этиш юзасидан муассасада кам вақт бўлганлиги ва бошқалар, жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилишни рад қилишга ҳақли эмас.
11. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни қўллашнинг асослари кўриб чиқилади. Модомики, маҳкумнинг тузалиш жараёни секин давом этаётган бўлиб, маълум бир вақт - фурсат талаб қилар экан, қонун суд томонидан тайинланган жазонинг маълум бир қисмини ҳақиқатдан ўталишини кўрилаётган институтни қўллашнинг мажбурий шарти деб ҳисоблайди. Муддатнинг катталиги (узоқлиги) турли хил белгиларга боғлиқ. Шуни айтиб ўтиш лозимки, жазодан озод қилишнинг объектив шартларидан яна бири маҳкумни белгиланган жазо муддатининг муайян қисмини ўтаганлиги ҳисобланади. Бу маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига боғлиқ. Жазодан шартли озод қилиш маҳкум томонидан фактик жиҳатдан жазонинг:
* а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
* б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини;
* в) ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
12.Санаб ўтилган ҳақиқатда ўталган муддатлар амнистия ва авф этишга ҳам боғлиқ. Агар жазони ўташ даврида жазо муддатини камайтирувчи амнистия акти чиқарилса, унда маҳкумнинг шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳақиқатда ўтаган муддатлари тўғрисидаги масалани ҳал қилишда суд томонидан тайинланган муддатга қараб эмас балки, амнистия актига мувофиқ ҳолда камайтирилган муддатларга риоя қилиш керак.
13.Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми "а" бандида, маҳкум жазони ўташдан, агар ижтимоий ҳавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун тайинланган, шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазоларнинг учдан бир қисмини ўтаган бўлса, озод қилиниши белгиланган (Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 15-моддаси шарҳига қаранг). Жиноят кодексининг 15-моддаси ва шарҳланаётган модданинг учинчи қисми ушбу бандининг таҳлили шундан далолат берадики, эҳтиётсизлик орқасида содир этилган ҳар қандай жиноят учун судланган шахсларга, шунингдек қасддан содир этилиб 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилиши мумкин. Ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазолар тайинланган маҳкумлар асослар мавжуд бўлганда Жиноят кодекси 73-моддаси учинчи қисмининг "а" бандига биноан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин.
14. ЖК 73 - моддаси учинчи қисми "б" банди жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш маҳкумнинг содир этган оғир жинояти учун, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ҳақиқатда ўтаб бўлгандан кейин тайинланиши мумкинлигини белгилайди. Бу гуруҳ шартларнинг асосий тавсифи: айбнинг қасд шакли, содир этилган жиноятнинг оғирлик даражаси, қасддан содир этилган жинояти учун озодликдан маҳрум этилганлиги ҳисобланади. Бу банд қасддан оғир жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилади. Агар маҳкум ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган ҳолларда шарҳланаётган модданинг учинчи қисми "а" бандида кўрсатилган шартлар қўлланилади.
15. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми "в" банди жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан анча оғир шартларни белгилайди. Ўта оғир жиноят содир этиш, шунингдек, жазони ўташдан озод қилингандан кейин жиноят содир этиш жиноий мақсадларнинг барқарорлигидан далолат беради. Бошқа ўхшаш ҳолатларда маҳкумнинг тузалганлиги тўғрисида далиллар йўқлиги сабабли озод қилиш учун асослар мавжуд бўлмайди (Ўта оғир жиноят тушунчаси тўғрисида Жиноят кодекси 15-модда шарҳига қаранг).
Ўта оғир жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш, алоҳида ҳолатларда эса ўлим жазоси тариқасидаги жазолар тайинланиши мумкин. Фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган жиноятларга мувофиқ ҳолда ва шарҳланаётган модданнинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаганда маҳкум жазони камида учдан икки қисмини ўтаганда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши мумкин. Жазони муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга ушбу асос бўйича олдин озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган шахснинг жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ўтаганлиги асос бўлиб ҳисобланади. Қонун чиқарувчи бу каби ҳолатларда маҳкумнинг тузалишини инкор қилмасдан, жазони ҳақиқатда ўтаганлик чегараларини ошириб, ушбу асосларни қўллаш бўйича бирмунча қаттиқроқ чоралар белгилайди.
16. Қонун чиқарувчи шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни қўллаш бўйича истисноларни белгилайди. Муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш айрим тоифадаги шахсларга ва айрим жиноятларга нисбатан қўлланилмайди. Шарҳланаётган модданинг дастлабки уч бандида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш мумкин бўлмаган шахслар аниқланади:
* ўлим жазоси афв этиш тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган шахсга;
* ўта хавфли рецидивистга;
* уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига; (Ўлим жазосини авф этиш тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 51-моддаси учинчи қисмига қаранг, ўта хавфли рецидивист тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 34-моддасига қаранг; жиноий гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчилари, иштирокчилари тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 28, 29, 30-моддаларига қаранг).
17. Жиноят кодекси 73-моддаси тўртинчи қисми "г" бандида маҳкумни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўллаш мумкин бўлмаган жиноятлар таркиби санаб ўтилган. Булар қуйидагилардир:
* жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-моддаси 2-қисми);
* ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган жабрланувчининг номусига тегиш (118-модда тўртинчи қисми);
* ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган жабрланувчига нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модда тўртинчи қисми);
* тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этиш (VIII боб);
* Ўзбекистон Республикасига қарши жиноят содир этиш (IX боб);
* жиноий уюшма ташкил этиш (242-модда);
* ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа хилдаги оммавий қирғин қуролларини, шундай қуролларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкинлиги аён бўлган материал ва ускуналарни, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни контрабанда қилиш, шунингдек гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш (246-модда 2-қисми ва 273-модданинг 5-қисми).
18. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисми жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ЖКнинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинланади. Муддатидан илгари шартли озод қилишнинг ўталмаган муддати, деганда суд томонидан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини тушуниш керак. Амалиётда янги жиноят асосий жазонинг ўталмай қолган қисми ўтиб бўлгандан кейин, лекин қўшимча жазони ижро этиш вақтида, содир этиш ҳоллари ҳам учрайди. Қўшимча жазони ўталмай қолган қисми мобайнида жиноят содир этиш, муддатидан илгари шартли равишда озод қилишнинг ўталмай қолган қисми мобайнида жиноят содир этилганлиги тўғрисида далолат берувчи ҳолат ҳисобланмайди, демак, ҳукмлар мажмуи тўғрисидаги қоидани қўллаш мумкин эмас.
19. Муддатидан илгари шартли озод қилиш жазони ижро этувчи органлар ва муассасалар тақдимномасига биноан амалга оширилади (ИИВ инспекцияси, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаси ёки интизомий қисмга жўнатиш тайинланганда ҳарбий қисм қўмондонлиги). Озодликдан маҳрум қилишга мувофиқ ҳолда, муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласига маҳкум томонидан Жиноят кодекси 73-моддаси учинчи қисмига риоя қилган ҳолда жазонинг камида 6 ойини ўтагандан кейингина рухсат этилишини эътироф этиш зарур. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома рад этилганда, янги тақдимнома биринчи тақдимнома тақдим этилгандан кейин 6 ой ўтгандан сўнг тақдим этилиши мумкин. Муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш жазони ўташ жойидаги суд томонидан жазони ижро этиш юклатилган ваколатли махсус органнинг тақдимномасига биноан қўлланилади. Жазони ўтовчи шахс, суд тайинлаган муддатнинг қонун талаб қилган қисмини ўтаса, судъя унинг мажбуриятларини ижро этиш ва ҳулқ-атворига кўра унинг тузалиши учун жазони тўла равишда ўташи зарур эмас деб топса, суд тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисида ажрим чиқаради. Бундай ҳолатда унинг ўталмай қолган қисми синов муддати вазифасини бажарганлиги сабабли, озод қилинган шахсга нисбатан синов муддати тайинланмайди. Ушбу таъриф орқали суд маҳкумни қўшимча жазоларни ўташдан тўлиқ ёки қисман озод қилиши мумкин.
Юқоридагиларга кўра, муддатидан илгари шартли озод қилишнинг қуйидаги хусусиятлари мавжуд:
* шахсга унинг эркинликдаги турмуш тарзига мослашишига ва тикланиб олишга имкон беради;
* унинг устидан назоратни амалга оширишни таъминлайди ва қайта жиноят содир этиш эҳтимолини камайтиради;
* шахснинг ижтимоий хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда унга имкониятлар ва имтиёзлар беради;
* озодликдан маҳрум қилиш жойидаги босим даражасини камайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |