75-модда. Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиши оқибатида жазодан озод қилиш
Шахс ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка, шунингдек жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқача оғир касалликка чалиниб қолса, жазони ўташдан озод қилиниши лозим.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллаши мумкин.
Бундай шахслар тузалганидан кейин, ушбу Кодекснинг 69-моддасида назарда тутилган ва суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган кундан бошлаб ҳисобланадиган муддатлар ўтиб кетмаган бўлса, жазо ижро этилади.
Интизомий қисмга жўнатиш ёҳуд хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар, уларнинг соғлиғи ҳарбий хизмат учун яроқсиз деб топилган бўлса, жазони ўташдан озод қилинадилар. Хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчи аёллар уларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиши муносабати билан ҳам жазони ўташдан озод қилинадилар.
Ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар жазони ўташ вақтида меҳнатга яроқсиз бўлиб қолсалар ёҳуд пенсия ёшига етган бўлсалар, шунингдек аёллар бу турдаги жазони ўтаётган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқсалар, жазони ўташдан озод қилинадилар.
1. Жиноят содир этган шахсни жазодан озод қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар орасида шахснинг касаллиги туфайли жазодан озод қилиш алоҳида ўрин эгаллайди. Шарҳланаётган модда касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиши оқибатида жазодан озод қилиш асосларини назарда тутади. Жиноят кодексининг 17-моддасига мувофиқ равишда, ақли расо шахсгина жиноий жавобгарликка тортилади. (ақли расолиқ тўғрисида Жиноят кодексининг 18-модда шарҳига қаранг) Жиноят қонуни руҳий касалликка чалинган шахсни Жиноят кодексининг 67-моддасига кўра, жавобгарликдан озод этади. Ушбу нормага мувофиқ, агар шахс ҳукм чиқарилгунга қадар қандайдир руҳий касалликка чалинса, у жавобгарликдан озод этилади. (руҳий касаллик тўғрисида Жиноят кодексининг 18 ва 91-моддаларига қаранг)/ Бироқ амалиётда, шахс ҳукм чиқарилгандан сўнг ўз қилмишининг аҳамиятини англай олмайдиган даражада руҳий касалликка чалиниб қолса, жазодан озод қилинади. Жисмоний, руҳий ҳолатларнинг бузилганлиги ҳолатларнинг мавжудлиги руҳий касалликка чалинган шахснинг ақлий фаолиятига таъсир этади.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми жазони ўтовчи шахсни ҳукм чиқарилгандан кейин, лекин тўлиқ ижрога қаратилгунга қадар руҳий ёки бошқа оғир касалликка чалинганлиги учун жазодан озод қилишни мустақил институт сифатида назарда тутади. Шарҳланаётган модданинг таҳлилидан озод қилиш қуйидаги шахсларга қўллаш мумкинлигини тасдиқлаш мумкин:
* ўз ҳаракатининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка чалинганларга;
* жазони ўташга тўсқинлик қилувчи бошқа оғир касалликка чалинганларга.
3. (Руҳий касалликка чалинган шахс тўғрисида Жиноят кодексининг 18 ва 91-моддалри шарҳига қаранг)/ Қонун чиқарувчи руҳий касалликка чалинган шахсни жазони ўташдан озод қилишда ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини англай олиш ва уларни бошқара олиш имконияти тўғрисидаги ҳолатга таянган ҳолда инсонпарварлик ва одиллик принципларига риоя этади. Айнан жиноят содир этганда, шахс, ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олиши ва бу учун унга нисбатан тайинланган жазо тузалишнинг ҳамма жараёнларига мувофиқ, келиши лозим. Руҳий касаллик маҳкумнинг тузалиш йўлидаги табиий тўсиқ бўлиб ҳисобланади (Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олиш тушунчаси тўғрисида батафсил Жиноят кодекси 18-модда шарҳига қаранг).
4. Ўзининг ҳаракатларини бошқариш, бу аниқ бир эркни намоён қилиш, мажбурловсиз ўз эрки бўйича ҳаракат қилмоқдир. Шунинг учун шахсни айблаш - унинг ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф ҳаракатлари натижасидир. Бу билан боғлиқ равишда ўзининг ҳаракатларини ва унинг оқибатларини бошқара олмайдиган шахсни жавобгарликка тортиш ва жазолаш мумкин эмас. Ўзининг ҳаракатларини бошқара олмайдиган маҳкумнинг жазони ўташи, у учун қийноққа айланади ва бу унинг ҳақиқий тузалишига ижобий таъсир кўрсатмайди.
5. Юқорида айтиб ўтганимиздек, жиноят содир этган шахс ҳукм чиқарилганидан сўнг ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка чалиниб қолган бўлса, жазодан озод қилинади. Бундай касалликларга: узоқ давом этадиган, кучайиб ва оғирлашиб борадиган ва даволаш қийин бўладиган сурункали касалликлар киради. Бундай шахсларнинг жазони ўташни давом эттиришлари мақсадга мувофиқ эмаслиги, руҳий касалликка чалинган шахсларнинг суд томонидан белгиланган жазо чораларини касаллиги туфайли тўғри идрок этиш имконига эга эмаслигида ифодаланади. Барқарор бўлмаган, вақтинчалик ўткинчи хусусиятга эга бўлган руҳий касалликлар жазодан муддатидан илгари озод қилиш масаласини ҳал қилиш учун асос бўла олмайди. Бундай шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин (Жиноят кодекси умумий қисми VII бўлим шарҳига қаранг).
6. Қонун чиқарувчи, бошқа оғир касалликлар деганда шахснинг ўз ҳаракатларини англай олиши билан боғлиқ бўлмаган касалликни тушунтиради. Агар шахс бошқа оғир касалликка чалиниб қолса, бундай ҳолда жазодан озод қилиш унинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Масалан, сил касаллигига ва нафас органлари системаси касалликларининг II-III даражаси, қандли диабет ( инсульт миқдори кунига 60 бирликдан ортиқ), бош мия шиши, орттирилган ёки туғма юрак нуқсони (юрак ишемия, кардиомипатия касаллиги), гипертоник касаллигининг III босқичи, жазони охири муддатини ўташ давридаги касалликлар ёки жароҳатлар оқибатидаги анотомик нуқсонлар, қўл-оёқларнинг юқори ёки пастки қисмини кесиб ташлаш, шунингдек битта юқори ва битта қуйи қўл - оёқларни кесиш ва ҳк. Бу касалликлар (жароҳатлар) инсон соғлигининг бузилишининг шундай босқичики, бунда касалга организмнинг ҳаёт фаолиятини нормал ушлаб туриш учун алоҳида парвариш ва даволаш зарур бўлади. Касалликнинг бошқача оғирлиги оқибатида жазодан озод қилиш масаласини ҳамма жазолар ҳолатидан эмас, балки ижро этиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган касалликлар ҳолатидан келиб чиқиб кўриш керак. Масалан, бошқа оғир касаллик билан оғриган маҳкумни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосидан озод қилиш, жазонинг мақсадига доим ҳам мувофиқ келавермайди. Бундай шахсларни даволашни жазони ўташ ( ижро этиш) шароитида ташкил қилиш зарур.
7. Шарҳланаётган жазони ўташдан озод қилишни қўллашнинг асоси бўлиб, маҳкумда руҳий ёки бошқа оғир касалликларнинг мавжудлиги билан жазонинг мақсадларига эришиш мумкин эмаслигида ифодаланади. Руҳий касалликка чалинган шахсдан ташқари, бошқа оғир касалликка чалинган шахсни жазони ўташдан озод қилиш тўғрисида гап кетганда, қўшимча асос сифатида маҳкумга нисбатан жиноий-ҳуқуқий таъсир чорасини тўлиқ амалга оширишга имкон бермайдиган оғир касаллик туфайли маҳкум шахсининг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги ёки ижтимоий хавфлилиги камайганлиги, шунингдек шахснинг ўзи бу хавфни йўқотганлиги қараб чиқилади. Ўзининг ҳаракатларига жавоб бера олмайдиган ва уларни бошқара олмайдиган шахсга нисбатан жазонинг мақсадларига эришиш мумкин бўлмаганлиги сабабли, ҳамма ҳолларда содир этилган жиноятнинг оғирлигидан, судланганликнинг мавжудлигидан, жазо ҳажми, жазонинг ўталмай қолган қисмининг катталигидан ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар шахс жазодан озод қилиниши керак.
8. Шахснинг руҳий бузилиш ёки бошқа оғир касалликка чалиниши билан боғлиқ тарзда жазодан озод қилиш бу суднинг ҳуқуқи эмас, балки мажбуриятидир. Шахснинг руҳий касалликка ёки жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқача оғир касаликка чалинганлигини тиббий комиссия аниқлайди ва бу комиссиянинг хулосаси шахсни жазодан озод қилишга асос бўлади. Шахсни руҳий касалликка ёки жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқача оғир касалликка чалинганлиги туфайли жазони ўташдан озод қилиш билан боғлиқ масалани жазони ижро қилувчи махсус орган киритган тақдимномага кўра
ҳал қилади.
9.Қонунда белгиланишига кўра, руҳий ёки жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахсларга нисбатан суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларни қўллаши мумкинлиги кўсатилган, шунингдек мажбурлов чораларини қўллаш имконияти бўлмаганда, касалликка чалинган шахсни соғлиқни сақлаш органларига топширади (масалан, шахснинг ОИТС ёки тери-таносил касаллик билан касалланиши).
Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми мажбурлов чораларини қўллашни назарда тутади. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари Жиноят кодекси 92-моддаси мазмунига кўра руҳий касалларга ёки алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин (Жиноят кодекси 92-моддаси шарҳига қаранг.) Бироқ, Жиноят кодекси 92-моддасидаги ҳолат тиббий йўсиндаги мажбурлов чорларини тайинлаш мумкин бўлмаган бошқа оғир касалликка чалинган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Тери-таносил касаллигига йўлиққан ёки ОИТС инфекциясини ташувчиси шахслар бундан истисно. Барча ҳолларда руҳий касалликка чалинган ва бунинг асосида жавобгарликдан ва жазони ўташдан озод қилинган шахсга нисбатан Жиноят кодекси 92-моддасига мувофиқ, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.
10. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми касаллик бўйича жазони ўташдан озод қилиш бекор қилиниб, ҳуқуқий таъсир чораси тикланиши мумкинлигини белгилайди. Шундай экан, касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазони ўташдан озод қилиш институти шартли ҳисобланади. Шарҳланаётган Жиноят кодекси 75-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, бундай шахслар тузалгандан кейин Жиноят кодексининг 69-моддасида назарда тутилган жазони ижро этиш муддатлари ўтиб кетмаган бўлса, жазо ижро этилади. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинлаш билан касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида шахсни жазони ўташдан озод қилишда, жазони ижро этиш муддатини ҳисоблаш мажбурлов чоралари қўлланилган пайтдан бошланади. (Жиноят кодекси 69-моддаси шарҳига қаранг)
11. Шарҳланаётган модданинг 4-қисми ҳарбий хизматчиларни касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилишни назарда тутади. Шарҳланаётган моддага мувофиқ, ҳарбий хизматчилар уларни ҳарбий хизматга яроқсиз, деб топишга асос бўлувчи касалликка чалинган тақдирда жазодан озод қилиниши мумкин. Бу ҳолат фақат хизмат бўйича чеклаш ва интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазони ўтовчи ҳарбий хизматчиларгагина тааллуқлидир. Уларни жазони ўташдан озод қилишнинг асоси бўлиб интизомий қисмнинг ихтисослаштирилган шароитларда ҳарбий мажбуриятни бажариши ёки жамиятдан ажратилган ҳолатда қаттиқ жазони ижро этишнинг имкони бўлмаганлиги ҳисобланади. Уларни ижро этиш мумкин эмаслиги ҳарбий хизматчининг бутунлай ҳарбий хизматга яроқсиз деб тан олинишига сабаб бўлувчи жиддий касаллик билан характерланади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳарбий хизматчини тегишли ҳарбий тиббий комиссиянинг хулосаси ҳарбий хизматга яроқсиз, деб топиш учун асос бўлади.
12. Руҳий касалликка ёки бошқа оғир касалликка чалинган шахсни жазони ўташдан озод қилишда ушбу ҳолатларни ҳисобга олиш лозим. Агар жазонинг ўталмай қолган қисмини ўташга тўсқинлик қилмайдиган енгилроқ жазо билан алмаштириш касалликнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда мумкин бўлса, унда жазонинг ўталмай қолган қисми енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин.
13.Жиноят кодекси 75-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, аёл жинсидаги ҳарбий хизматчилар учун хизмат бўйича чеклаш туридаги жазодан муддатидан илгари жазодан озод қилишнинг қўшимча асоси деб унинг ҳомиладорлик туфайли мехнатга лаёқатсизлигини қайд этади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, қонун мазкур озод қилиш тури учун аёлнинг ҳомиладорлигини эмас, балки унга ҳомиладорлик ва туғиш учун таътил беришни асос деб топади. Яъни ушбу асосга кўра, озод қилиш уларга ҳомиладорлик ва туғиш учун таътил берилган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Ҳомиладорлик ва туғиш учун таътил бериш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь куни ва туққандан кейин эллик олти календарь куни миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда туғишга қадар, амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланганлигидан қатъи назар тўлиқ берилади. Бундай ҳоларда жазодан озод қилиш ҳақидаги тақдимнома тиббий ҳужжат асосида берилади.
14. Ҳарбий хизматчиларни келажакдаги жазони ўташдан озод қилишнинг бу кўриниши мажбурий ҳисобланади, шунингдек бу суднинг мажбуриятини ташкил этади ва унинг қарашларига боғлиқ бўлмаган ҳолда аниқ, қатъий бўлганлиги сабабли бирон-бир асосга кўра бекор қилиниши мумкин эмас.
15. Шарҳланаётган модданинг бешинчи қисмига мувофиқ, жазони ўташдан қуйидаги шахслар озод этилади:
* меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар;
* пенсия ёшига етган шахслар;
* ҳомиладорлик ёки туғиш таътили берилган аёллар.
Ушбу модданинг шарҳланаётган қисми санаб ўтилган шахсларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан озод қилишни ҳам назарда тутади. Ушбу асослар Жиноят кодекси 46-моддаси 3-қисмининг ҳолатидан ҳам келиб чиқади (Меҳнатга қобилиятсизлик, пенсия ёши ва ҳомиладорлик ва туғиш таътиллар тушунчалари тўғрисида Жиноят кодекси 46 моддаси шарҳига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |