71-модда. Айбдорни чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги муносбати билан жазодан озод қилиш
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у жиноят содир этганидан кейин етказилган зарарни бартараф этиб, ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган бўлса, суд уни жазодан озод қилиши мумкин.
Бошқа шахслар билан биргаликда жиноят содир этишда иштирок қилган ёки уюшган гуруҳ ёҳуд жиноий уюшма аъзоси бўлган шахс, башарти, оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда бевосита иштирок этмаган бўлса, шахсан ўзи ёки унинг вакили ҳокимият органига ўз ихтиёри билан келиб қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган бўлса ва жиноятнинг олдини олиш, жиноятни очиш ёки унинг ташкилотчиларини ёҳуд бошқа иштирокчиларини фош қилишга ёрдам берган бўлса, суд уни жазодан озод қилиши мумкин.
1. (Чин кўнгилдан пушаймон бўлиш тушунчаси тўғрисида Жиноят кодекси 66, 55-моддалар шарҳини қаранг).
Айбга иқрор бўлиш ва чин кунгилдан пушаймон бўлиш айбдорнинг тузалиши ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиши жиноий жазо мақсадларига эришилганлик тўғрисида гувоҳлик беради. Ундан ташқари, айрим ҳолларда жазони қўлламаслик янада таъсирлироқдир, чунки бу биринчи маротаба унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қайсидир маънода инсонпарварликнинг бир кўринишидир.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми жазодан озод қилиш учун қуйидаги белгилар мавжуд бўлиши лозим:
* биринчи марта жиноят содир этилганлиги;
* ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этилганлиги;
* айбдорнинг айбини бўйнига олиб, арз қилганлиги;
* етказилган зарарнинг ихтиёрий тарзда қопланганлиги.
Бу элементларнинг барчаси мавжуд бўлганида, шахс ушбу асосга кўра, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
3. Шарҳланаётган модда фақат биринчи маротаба жиноят содир этган шахсларга тегишли. Шунингдек, у илгари судланган, суд ёки терговда бўлган ёки суд ва терговдан қочиб юрган шахсларга тегишли эмас. Агар илгари шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, аммо ундан озод этилган бўлса, унда у илгари жиноят содир этмаган ҳисобланади.
4. Шахс томонидан содир этилган жиноят ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши лозим. ( Жиноят кодекси 15-моддаси шарҳини қаранг)
5. Айбдорнинг ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши, унинг фаол ҳаракатларида ифодаланиб, у икки ҳолатдан айбини бўйнига олиши ва зарарни ихтиёрий равишда қоплашдан иборат бўлади. Шундай қилиб, қонун чиқарувчи ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида арзни ва келтирилган зарарни ўз ихтиёри билан қоплашни айбдорнинг чин кўнгилдан қилмишидан пушаймон бўлиши элементлари сифатида белгилайди.
Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз шундан иборатки, бу ҳолат шахс ўз хоҳиши билан ҳеч қандай мажбурловсиз тегишли суриштирув, тергов, прокуратура ёки суд органларига ўзи содир этган жинояти тўғрисида оғзаки ёки ёзма тартибда мурожаат қилишда ифодаланади. Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз қилишнинг мазмун моҳияти шундан иборатки, шахс ўзини ҳеч қандай ташқи тазйиқсиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширади. (Айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз ҳақида батафсилроқ Жиноят кодекси 55, 66-моддалари шарҳини қаранг).
6. Айбдорнинг чин кўнглидан пушаймон бўлиши жиноят содир этиш натижасида юзага келган зарарни пул кўринишида ёки бошқа шаклда қоплаши (тўлашидир). Жабрланувчининг жиноят туфайли зарар етказилган мулкини ўз кучи билан ёки меҳнати билан асл ҳолига келтириш (бузилган нарсани тузатиш, йўқ қилинган предмет ўрнига қиймати бўйича ўрнини босадиган нарса бериш ва ҳоказо), келтирилган маънавий зарарни қоплаш (қилинган ҳақорат ва шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш учун кечирим сўраш ва ҳоказо) (Зарарни қоплаш тўғрисида батафсилроқ Жиноят кодекси 55, 66-моддаси шарҳига қаранг).
7. Шарҳланаётган модданинг иккинчиқисми шахсни қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган деб топиш учун ва уни жиноий уюшма ёки уюшган гуруҳ таркибида иштирок этган тақдирда жазони ўташдан озод этиш учун етарли ва зарур бўлган шартлар кўрсатиб ўтилган.
Бундай шартлар сирасига қонун чиқарувчи қуйидагиларни киритади:
* айбини бўйнига олиш тўғрисида арз (ўзи ёки вакили орқали)
* қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши
* шахснинг оғир ёки ўта оғир жиноятни содир этишда бевосита қатнашмаганлик.
8. Қонун чиқарувчи айбини бўйнига олиш тўғрисида арз билан айбдорнинг ўзи ёки ўзининг вакили орқали арз қилишига рухсат этилади. Айбини бўйнига олиб арз қилиш шахснинг бевосита ўзи ёки бошқа шахслар воситасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, уларга тайёрланган жиноятни ёки гуруҳнинг ижтимоий хавфли фаолиятини бартараф этишга, содир этилган жиноятни очиш, жиноятнинг бошқа иштирокчиларини фош қилишга ёрдам бериш нияти ҳақида хабар бериши билан амалга оширилади.
Хабар бериш ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклларда (телефон орқали, видео ёзув, аудио кассетада овоз ёзиб олиш орқали) амалга оширилиши мумкин.
9.Пушаймон бўлишнинг элементлари бўлиб, айибига иқрор бўлиш, етказилган зарарни ўз ихтиёри билан қоплаш кабилар киради. Бунда айбдор ўз ҳулқи бузуқлигини англаб етганлигини ва уни ўзи фаҳмлаб етганлигини билдиради.
( Зарарни қоплаш ва чин кўнгилдан пушаймон бўлиш тўғрисида Жиноят кодекси 55, 65-моддалар шарҳини қаранг).
10. Шу билан бирга, қонун шуни кўзда тутадики, айбдор нафақат қилмишидан пушаймон бўлиши, шунингдек у жиноятни олдини олишга, очишга ва бошқа иштирокчиларни аниқлашга ёрдам бериши лозим. Шарҳланаётган модда таҳлилидан кўринадики, айбдорнинг ҳулқи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиши альтернатив ҳаракатларда намоён бўлади.
Фаол ёрдам бериш:
* жиноятни бартараф этишга;
* содир этилган жиноятни очишда;
* жиноят ташкилотчилари ва бошқа иштирокчиларни аниқлаш ва фош этишда намоён бўлади.
Қонун чиқарувчи томонидан бундай талқин этилиши муайян шахснинг ҳулқ-атвори билан асосланади. Масалан, агар шахс ҳали бирон-бир жиноят содир этмаган, аммо қуролли уюшган гуруҳда қатнашиш учун розилик берган ва у мазкур гуруҳнинг жиноий режаларидан бохабар бўлса, чиндан ҳам ташкилотчиларни ва қатнашчиларни топиб бериш ва фош қилишда кўмаклашган бўлса, хусусан, мазкур шахслар ушланганда гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланишининг олдини олишга ёрдам берса, бундай ҳолда ҳам жиноий жазодан озод қилиниши мумкин.
11. Жиноятни бартараф этиш маълумот бериш ёки ижтимоий хавфли қилмишни содир этишни ва жиноий оқибатларни келиб чиқишини олдини олишга қаратилган маълум ҳатти-ҳаракатларни содир этишдан иборат.
Жиноятни очиш далилларни (жиноят қуроллари ва воситаларни, жиноят изларини ва бошқа) тўплаш ва баҳолашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашишдан иборат.
Ташкилотчилар ва бошқа иштирокчиларни аниқлаш ва топиб бериш деганда жиноятни ким содир этганлиги, иштирокчиларни аниқлаш ва фош этишда ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо тўғрисида маълумот бериш тушунилади.
12. Шарҳланаетган модда шунингдек пушаймон бўлган шахснинг оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда бевосита қатнашганлик факти бўлмаслигини талаб этади. ( оғир ва ўта оғир жиноятлар тушунчаси Жиноят кодекси 15-моддаси шарҳида берилган). Бу дегани шахс оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда иштирок этган бўлса, жиноий жазодан озод қилиниши мумкин эмас, балки фақатгина Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида суд томонидан инобатга олиниши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |