У М У М И Й Қ И С М
БИРИНЧИ БЎЛИМ
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормаларига асосланган бўлиб, ушбу Кодексдан иборатдир.
1. Жиноят Кодексининг изоҳланаётган моддаси Ўзбекистоннинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ташкил этувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасини, шунингдек мазкур ҳужжатларнинг ҳуқуқий асосини қонунчилик даражасида белгилаб беради. Бунда шуни қайд этиш лозимки, изоҳланаётган модданинг қоидалари жиноят ҳуқуқи соҳасидаги мавжуд анъаналарни, жумладан, жиноий-ҳуқуқий меъёрларни қонунлаштириш ҳамда уларнинг алоҳида қонун - Жиноят Кодекси кўринишида амал қилиши лозимлигини акс эттиради.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси республикамизнинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ташкил этувчи барча жиноий-ҳуқуқий меъёрларнинг асосий ва ягона шакли ҳисобланади. Жиноий-ҳуқуқий меъёрлар билан боғлиқ янги қонун ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда улар мустақил равишда қўлланилмасдан, мажбурий тартибда Жиноят Кодексига киритилиши талаб этилади.
2. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодекси ўзининг ички узвий бирлиги ва бир-бирига ўзаро боғлиқ жиноий-ҳуқуқий меъёрларнинг мустаҳкам тизимга эга эканлиги билан ажралиб турувчи жиноят ҳуқуқи принципларини, жиноий жавобгарлик асослари ва шартларини, жиноят деб эътироф этиладиган ижтимоий хавфли қилмишларни, бундай қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг тури ва чегарасини белгилаб берувчи қонун ҳужжатидир.
Жиноят Кодексига жиноий-ҳуқуқий меъёрларни мустаҳкамлашнинг асосий ва ягона шакли мақомининг берилиши жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ягоналаштириш ҳамда мустаҳкамлашга, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралари ходимлари учун меъёрий материаллардан фойдаланишни осонлаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу жараён қонунчилик техникасини такомиллаштириш баробарида қонун чиқарувчи орган томонидан жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўзгартириш киритиш йўли билан шакллантириб Жиноят Кодексининг таркибий қисмига сингдириб юбориши ижобий таъсир кўрсатади.
3. Жиноят Кодекси жиноий-ҳуқуқий меъёрларни мустаҳкамлашнинг ягона ва мутлақ шакли сифатида эътироф этилиши баробарида изоҳланаётган моддада ушбу меъёрларнинг ҳуқуқий негизи тўғрисида қоидалар ҳам мавжуд,
Булар Ўзбекистон Конституцияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларидир. Бу билан барча ҳуқуқ соҳаларининг жумладан, жиноят ҳуқуқининг ҳам бош манбаи бўлган Конституциянинг устуворлиги ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган меъёрларининг Кодекс меъёрларидан устунлиги белгиланади.
4. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари ҳам Жиноят кодексининг ҳуқуқий негизи бўла олиши ушбу изоҳланаётган моддада мустаҳкамланган. Бундай меъёрлар сифатида халқаро ҳуқуқнинг императив-буйруқ кўринишидаги қоидалар ҳамда барча халқаро ҳуқуқ субъектлари, жумладан давлатлар томонидан эътироф этилган қоидалар тан олиниши лозим.
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари унинг тамойиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг қоидалари, шунингдек Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда мустаҳкамланган қоидалардир.
5. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари Жиноят Кодексининг ҳуқуқий асоси ҳисобланганлиги учун улар Ўзбекистоннинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қўшимча меъёрий белгиланишга муҳтож бўлмайди ва бундай ҳолдан қатъи назар қўлланаверади. Айни пайтда Ўзбекистонда қўлланиши учун умумэътироф этилмаган халқаро шартномаларнинг меъёрлари мамлакатимиз қонунчилигига, жумладан, Кодексига тегишли қўшимча ва ўзгаришлари шаклида киритилиши лозим. Бу шундан келиб чиқадики, биринчидан, кўпгина халқаро шартномалар (конвенциялар) фақат иштирокчи давлатларнинг у ёки бу турдаги жиноятлар билан курашиш ниятинигина билдиради; иккинчидан, агар халқаро шартнома у ёки бу ижтимоий хавфли қилмишнинг белгиларини аниқлаган ҳолда ҳам, у одатда, тегишли жазони белгилаб бермайди; учинчидан, мабодо жазони кўрсатган ҳолда ҳам шартнома унинг қўлланиш чегаралари ва шартларини кўрсатмайди. Ҳатто Ўзбекистон Республикасида ратификация қилинган халқаро шартномалар қоидалари ҳам амалдаги жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш киритмасдан туриб қўлланилмайди.
6. Изоҳланаётган модда Жиноят Кодекси мавжуд жиноий-ҳуқуқий меъёрлар мавжудлигининг ягона ва мутлақ шакл сифатида амал қилишини, ҳамда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асоси сифатида фақат Конституция ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини эътироф этишини, бу меъёрлар талқин этилмаслигини белгилайди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, жиноий-ҳуқуқий тусдаги қоидаларни мустаҳкамлашнинг бошқа шакллари (масалан, Олий Суднинг қарорлари, суд прецедентлари, доктринал талқин этиш ва ҳоказо) Ўзбекистон жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг манбаси сифатида тан олиниши ёки унинг асоси бўлиши мумкин эмас. Чунончи, бу ҳужжатларда янги ҳуқуқий меъёрлар яратилмайди ва мустаҳкамланмайди, балки Жиноят Кодексида мавжуд меъёрларнинг ҳақиқий мазмуни тергов ҳамда суд амалиётида уларга аниқ ва оғишмай риоя этилиши мақсадида очиб берилади.
Шунингдек,бузилиши жиноят ҳисобланадиган, ҳулқ-атвор ва ҳаракатларнинг маълум қоидалари ва меъёрлари бўлиши ҳуқуқий ҳужжатлар (масалан, махфий ҳужжатлар билан иш юритиш қоидалари, ветеринария ёки зоология қоидалари, ҳаракат хавфсизлиги ва транспортдан фойдаланиш қоидалари ва бошқалар) жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжати сифатида тан олиниши мумкин эмас. Мазкур ҳужжатларда бланкет кўринишдаги муайян жиноий-ҳуқуқий меъёрнинг (масалан, ЖК нинг 285-моддаси) тутган ўрни ва мазмуни батафсилроқ акс этади, бироқ унга хос бўлган диспозиция ва жазо фақат Жиноят Кодексида мавжуд бўлади.
7. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70-72 моддаларида суверен Қорақалпоғистон автоном республикасида Ўзбекистон таркибига кириши ва Ўзбекистоннинг қонунлари Қорақалпоғистон ҳудудида ҳам бажарилиши мажбурий эканлиги кўрсатилган. Жиноят Кодекси ҳам жиноий-ҳуқуқий меъёрларни мустаҳкамлашнинг ягона шакли ҳисобланади ва ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам амал қилади.
Мазкур Жиноят Кодекси, Ўзбекистон учун ҳам Қорақалпоғистон учун ҳам ягона ҳисобланиб, бошқа қонун ҳужжатлари- (масалан, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари, Жўқорги Кенгеснинг қарорлари ва ҳоказолар) Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жиноят тўғрисида қонун ҳужжатларининг манбаи сифатида тан олиниши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |