4-модда. Қонунийлик принципи
Содир этилган қилмишнинг жиноийлиги, жазога сазоворлиги ва бошқа хууқий оқибатлари фақат Жиноят кодекси билан белгиланади.
Ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас. Жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахс қонунда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажаради.
1. Қонунийлик деганда барча давлат ва нодавлат органлар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлар ва уларга мувофиқ келадиган бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига оғишмай амал қилиши ва ижро этиши тушунилади. Қонунийликка риоя қилиш мажбурийлиги, Ўзбекистон Республикасининг асосий қонунида қайд эттилганидек, "Конституция ва қонунларнинг устунлигини сўзсиз тан олинади" (Конституциянинг 15-моддаси, биринчи қисми). Конституциянинг 14-моддасига асосан, қонунийлик принципи давлат фаолиятининг энг асосий принципи ҳисобланиб, ушбу конституциявий қоидалар Жиноят кодексининг бошланғич асоси сифатида қонунийлик принципида ўрнатилган ҳамда у Конституциянинг 16-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари ва принципларига зид келмаслиги лозим.
2. Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қонунийлик принципи тор йўналишда ифодаланган бўлиб, асосан Жиноят кодекси вазифаларига нисбатан қўллашга мос ҳолда талқин қилинган. Умумҳуқуқий соханинг асоси бўлган қонунийлик принципидан фарқли равишда Кодексдаги ушбу принцип, авваламбор, жиноят, унга жазо ва бошқа ҳуқуқий чораларнинг қўлланиши фақат Жиноят кодекси асосидагина тартибга солинишини англатади. Қонунийлик принципига жиноий-ҳуқуқий ёндашувнинг кўриниши сифатида айбсизлик презумпцияси ва айбдор шахснинг ҳуқуқий мақомини кўрсатиш мумкин.
Жиноят ҳуқуқида қонунийлик принципи қуйидаги маъноларни англатади:
* фақат Жиноят кодексигина қандай қилмиш жиноят сифатида тан олинишини, айбдорга қандай жазо қўллаш (унинг тури, чегараси ва тайинлаш тартиби) ва унинг бу жазодан ташқари қандай ҳуқуқий оқибатларга жалб қилиниши мумкинлигини белгилайди.
* фақат қонун ва суднинг ҳукмига асосан шахс жиноят содир этган деб топилиши ва жазоланиши мумкин;
* айбланувчининг ҳуқуқий ҳолати фақатгина қонун билан тартибга солинади.
3. Nullum crҳmen sҳne lege принципи - жиноят ҳуқуқи қонунийлик принципи учун асосий ва анъанавий принцип ҳисобланиб, у қонун билан таъқиқланган хатти-ҳаракат жиноят эканлигини эътироф этади. Бироқ nullum crҳmen sҳne lege принципи маъно жиҳатдан янада кенгроқ бўлиб, қуйидаги бир нечта асослар билан таърифланади:
* шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқий асос бўладиган ва унинг ҳуқуқий оқибатларини белгилаб берадиган қонунчилик манбалари
* шахсни жиноий жавобгарликка тортиш шартлари ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар.
4. Қонунийлик принципи шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ва унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқлашда қонунчилик ҳужжатлари турларининг тартибга солинишини кўзда тутади. Демак, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш, унга жазо тайинлаш ва ҳуқуқий таъсир чораларни қўллаш, фақат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси билангина белгиланади. Бу ҳар қандай бошқа қонун ҳужжати қўлланиши истисно этилади демакдир. Бу талаб жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари фақат Жиноят кодексидан иборатдир деб кўрсатилган. Бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1-моддаси талабларга тўла мос келади.
Шундай қилиб, қонунийлик принципи шахсни жиноий жавобгарликка тортишда жиноят қонунининг аниқ ва ягона шаклини ўрнатиб, унинг юридик ҳамда бошқа ҳуқуқий оқибатларини тартибга солади. Жиноят қонунида кўрсатилмаган ҳар қандай бошқа қилмиш жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмайди. Жиноят ҳуқуқида аналогия институтининг йўқлиги сабабли амалиётда пайдо бўлган ҳар қандай янги ижтимоий хавфли қилмиш Жиноят кодексига киритилмагунга қадар жиноят деб топилмайди.
5. Қонунийлик принципи жиноий жавобгарликка тортишда асос қилиб олинадиган ҳуқуқ нормасида кўринади. Амалдаги қонунчиликка кўра, жиноий жавобгарликка шахс содир этган муайян (хатти - ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) учунгина тортилиб, унинг фикри ва қарашлари жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўла бўлмайди. Жиноят кодекси 4-моддасининг биринчи қисмида қонунийлик принципи ҳақида тўхталиб, жиноят ва жазо фақат ҳаракат ёки ҳаракатсизлик орқали содир этилиши кўзда тутилган. Қонунийлик принципининг ушбу қоидаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (29-модда), халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принциплари, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси (19-модда), Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактда (19 -модда) кўрсатиб ўтилган қоидаларга тўла мос келади.
6. Шунингдек, қонунийлик принципи у ёки бу хатти-ҳаракатни жиноят сифатида қабул қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш таҳдиди билан жиноят қонунида мустаҳкамлайди. Жиноий қилмиш шахснинг ҳаракат ва ҳаракатсизлиги билан тавсифланади. Жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги оқибатида Жиноят кодекси билан ҳимояланадиган ижтимоий муносабатларга етган ёки етиши мумкин бўлган зарар даражасида ифодаланади.
Қилмишда жиноят таркибининг йўқлиги, шахсни жиноий жавобгарликка тортмасликка асос бўлади. Масалан, шахснинг қандайдир шартнома шарти мажбуриятини бажармаганлигини асос қилиб озодликдан маҳрум этилишига йўл қўйилмайди. Ушбу аналогик қоида МДҲ мамлакатларининг "Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисида"ги Конвенциясида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи жиноят қонунининг ижтимоий шарти шундай бўлиши лозим: агар ҳаракат ўз ижтимоий хавфлилик характерини йўқотса, у жиноят сифатида тан олинмасдан, Жиноят кодексидан чиқарилиши шарт.
7. Қилмишга яраша жазо ва бошқа ҳуқуқий оқибатлар ҳам жиноят қонунида белгиланиши қонунийлик принципининг махсус кўринишини ташкил этади. Шунингдек, ушбу принципда қилмиш учун жавобгарлик катта аҳамиятга эга.
Жиноят содир этган шахсга нисбатан қатъий жазо чораларини қўллаш Жиноят кодексига асосан амалга оширилади. Ушбу жазо чоралари жиноят қонунчилигига кўра шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаши ва фақат қонунга асосан қўлланилиши, жиноят ҳуқуқидаги қонунийлик принципини кўрсатади.
Жазо чоралари жиноят содир этган шахснинг содир этган жинояти оғир енгиллигига қараб белгиланади. Ушбу чоралар фақат инсон ҳуқуқларини маълум муддатга чеклашни назарда тутиб, Жиноят кодекси билан тартибга солинади ва ўзида бу принципнинг аҳамиятини яна бир бор ифода этади.
8. Бошқа ҳуқуқий оқибатларга келиб чиқиши жиноят содир этилиши билан боғлиқ бўлиб, аммо жиноий жазога тортилмайдиган ҳолатлар киради. Жумладан, жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг барча кўриниши, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари, судланганлик ва ҳоказо бошқа ҳуқуқий оқибатлар киради.
Қонунийлик принципига кўра, барча ҳуқуқий оқибатлар фақат жиноят қонунига асосланмоғи лозим. Жиноий хатти-ҳаракат жиноят қонунчилиги билан тартибга солингунча жиноят ҳисобланмайди.
9. Қонунийлик принципи - жиноят қонунини қўллаш жараёнида унинг мазмуни қонун матнига тўла мос келишини таъминлайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиноят кодекси нормаларини ўз хоҳишларига кўра талқин қилмасдан Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг тушунтиришлари билан ҳамоҳанг олиб боришлари лозим. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Пленум қарорлари амалдаги Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартириш кирита олмайди. Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ташаббус ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан таклиф киритилгандан кейин қонун чиқарувчи орган томонидан тегишли тартибда ҳал қилинади.
Қонун тўлиқ қўлланилиши лозим диспозиция ёки санкциясининг маълум бир қисмини қўллаш қонунийлик принципини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бунинг оқибатида айбдор шахс жазосиз қолиши ёки айбсиз шахс жиноий жавобгарликка тортилиб кетиши мумкин. Шу билан бирга, қонунийлик принципи жиноятни квалификация қилиш жараёнида барча аломатларга эътибор қаратишни кўзда тутади.
10. Қонунийлик принципининг мазмуни қонунга асосланган ҳолда суд ҳукми билан шахсни айбдор деб топишда ва жазо тайинлашда намоён бўлади. Ушбу қоида Конституциянинг 26-моддасида ўрнатилган айбсизлик презумпциясидан келиб чиққан бўлиб, айни пайтда у жиноят ҳуқуқидаги қонунийлик принципининг таркибий элементи сифатида қуйидаги хусусиятларга эга:
* шахс фақат суд ҳукми билангина жиноят содир этган деб топилади;
* айби исботланган шахсга нисбатан жазо тайинлаш фақат суд ҳукми билан амалга оширилади;
* шахсни жиноят содир этганликда айбдор деб топиш тартиби ва суд ҳукми фақат қонунга асосланади.
11. Айбсизлик презумпцияси принципи инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли халқаро ҳужжатлар: Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари Декларацияси (11-модда), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрсидаги Халқаро пакт (14-модда), Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрсидаги Европа Конвенцияси (6-моддасининг иккинчи қисми) қоидаларига мувофиқ келади. Айбсизлик презумпцияси умумий, кенг эътироф этилган ахлоқ нормасига асосланган бўлиб, унга кўра то бошқача ҳолат исботланмагунча ҳеч ким айбдор деб деб фараз қилиниши мумкин эмас. Айбсизлик презумпцияси судья, терговчи, прокурорнинг шахсий фикрини ифодаламайди, балки объектив ҳуқуқий қоида ҳисобланади. Айбсизлик презумпцияси Жиноят кодексида "nullum crimen sҳne lege" принципини қўллашда ифода этилиб, ушбу принцип қоидаси шахс томонидан содир этилган хатти-ҳаракатларда акс этади. Айни пайтда, қонунийлик принципини-принцип сифатида барча шахсларга индивидуал ёндашувни талаб қилади. Индивидуал ёндошув - жиноят содир этган муайян шахсга нисбатан чиқарилган суд ҳукмида ўз ифодасини топади.
Суд ҳукми - жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳамда судланувчини айбдор ёки айбсиз деб топадиган, жазо чорасини белгилайдиган, шунингдек бошқа ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарадиган суд ҳокимиятининг ҳуқуқий актидир.
Бир нечта судланувчига нисбатан чиқарилган суд ҳукми жиноят қонунини индивидуаллаштирилган ҳолда қўлланилиши билан фарқланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига асосан судланувчиларнинг ҳар бирига нисбатан суд ҳукмини чиқаришда қуйидаги масалаларни ҳал этиши лозим:
* судланувчи айбли деб топилаётган қилмиш \ҳақиқатан ҳам содир этилганми;
* бу қилмиш жиноят ҳисобланадими ва у Жиноят кодексининг қайси моддасида назарда тутилган;
* бу қилмишни судланувчи содир этганми;
* судланувчи жиноят содир этилишида айблими, башарти айбли бўлса, унинг айби қандай шаклда;
* судланувчининг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатлар мавжудми;
* судланувчи содир этган жинояти учун жазоланиши керакми;
* судланувчига нисбатан қандай жазо тайинланиши лозим ва у шу жазони ўташи керакми;
* судланувчини Жиноят кодексининг 34-моддасига мувофиқ ўта хавфли рецидивист деб топиш лозимми;
* озодликдан маҳрум қилинган маҳкум жазони қандай тартибли колонияда ўташи лозим ва у жазо муддатининг бир қисмини турмада ўташи керакми;
* фуқаровий даъво қаноатлантирилиши керакми, бу даъво кимнинг фойдасига ва қанча миқдорда қаноатлантирилиши лозим, шунингдек, фуқаровий даъво қўзғатилмаган бўлса, жиноят туфайли келтирилган мулкий зарар ундирилиши керакми, судланувчилар солидар ёки ҳиссали жавобгарликка тортилишлари керакми ;
* фуқаровий даъвони таъминлаш учун хатланган мол-мулкни нима қилиш керак;
* ашёвий далилларни нима қилиш керак;
* процесс чиқимларини кимнинг зиммасига ва қанча миқдорда юклаш керак;
* судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш, илгаригисини қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш керакми;
* судланувчига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини кўллаш ёҳуд унинг устидан ҳомийлик белгилаш зарурми.
Суд ҳукми - бу суд ҳокимиятининг Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарадиган ягона ҳужжати бўлиб, у шахс томонидан содир этилган қилмишга ҳуқуқий баҳо беришдир.
12. Шахсни жиноят содир этганликда айбдор деб топиш ва ҳукм чиқариш фақат қонунга асосланган бўлиб у қонунийлик принципининг ажралмас бўлагидир. Шахснинг айбдор ёки айбсиз эканлиги конун билан белгиланса, демак, умумий қоидаларнинг ҳам қўлланилиши қонунга асосланмоғи лозим. Шахсни жиноят содир этган деб топиш ва унга нисбатан ҳукм чиқаришда Ўзбекистон Республикаси ЖПК асосий қонун сифатида қўлланилади.
13. Қонунийлик принципининг бир қирраси бўлмиш айбсизлик презумпциясига кўра, айбдорлиги исботланган жиноятчига нисбатан қўлланилган ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш чоралари ҳали жиноят содир этганликда айбланаётган шахсга нисбатан қўлланилишига йўл қўйилмайди. Айбланувчи сайловларда қатнашиш, иш жойидан бўшатилмаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва ҳоказо ҳуқуқлари маҳкумнинг мақомидан фарқланади. Айбланувчининг барча конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш фақат зарур ҳоллардагина қонун асосида қўлланилилиши мумкин.
14. Жиноят содир этганликда айбдор деб топилган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат қонун билан тартибга солиниб, бу жиноят ҳуқуқидаги қонунийлик принципининг якунловчи босқичидир.
Айбдор шахс баъзи - бир ҳуқуқлардан маҳрум қилиниши билан бирга унга айрим қўшимча мажбуриятлар ҳам юклатилади. Бу мажбуриятлар маҳкумга жазо тайинлашда ва айбланувчига таъсир чораларини қўллашда (тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари) намоён бўлади. Шундай қилиб, айбланувчининг ҳуқуқий мақомини чекловчи у ёки бу чоралар фақат қонунга (ЖК, ЖПК) асосланади. Бунда бошқа қонуности актлар инобатга олинмайди.
Ушбу талаблар Жиноят кодексининг 4-моддасида ўрнатилган nullum crimen sine lege қоидасига мувофиқ равишда қонун доирасида бўлиши лозим. Унга кўра айбдор деб топилган шахсга нисбатан тайинланадиган жазо моҳияти ва миқдори қонун билан белгиланган бўлади.
15. Қонунийлик принципи нафақат қонун қўллаш жараёнида, балки қонун ижодкорлигида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу принцип хатти-ҳаракатнинг жиноят ёки жиноят эмаслигини аниқлаш билан бирга қонунни тўғри ва бир хилда қўлланилишини ҳам таъминлайди.
Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари жиноятларни аниқ ва тўлиқ намоён этиш билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учраши мумкин бўлган муаммоларни ҳам ҳал қилиши лозим.
Қонунчиликда ушбу принципнинг роли хатти ҳаракатларнинг жиноят ёки жиноят эмаслигини аниқ кўрсатган ҳолда қонуннинг аниқ ва бир хилда амал қилишини таъминлашда кўринади. Ушбу қоидалар жазо санкциялари миқдорининг минимуми ва максимумини ва бошқа ҳолатларни белгилаши билан ҳам узвий боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |