5-модда. Фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи
Жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган мазкур моддаси, яъни қонун олдида тенглик принципи - барча демократик давлатларнинг умумҳуқуқий принципи сифатида қаралади. Конституциянинг 18-моддасида мустаҳкамланган ушбу принципнинг, Жиноят кодекси вазифаси сифатида ўрнатилиши унинг конституциявий қоида бўлмиш қонун олдида тенглик принципини амалда бўлишини таъминлайди.
2. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини шахс, жамият ва давлат олдида бошқа шахслар билан тенглаштирилганлигини таъкидлайди.. Жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун олдида бир хил бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар камситилишига йўл қўйилмайди.
3. Қонун олдида тенглик қоидаси ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бир хиллигида намоён бўлиб, жиноят ҳуқуқида ҳуқуқ ва мажбуриятлар Кодекснинг 1-моддаси билан уйғунлаштирилган. Бу принципга кўра, жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига чекловлар ҳамда имтиёзлар фақат ушбу Кодексга асосан амалга оширилади.
4. Жиноят кодексида мустаҳкамланган қонун олдида тенглик принципи фақат жиноят сидир этган шахсларга нисбатан қўлланилади ва Кодекс билан тартибга солинади. Шундай қилиб, жиноят ҳуқуқидаги тенглик принципи жиноят содир этган шахсларгагина қўлланилиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бир хиллигини таъминлайди.
5. Қонун олдида тенглик принципи умумий жиноий ва хусусий жиноий кўринишларга эга.
Умумий жиноий кўриниш сифатида ушбу принцип жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқий мақомини фундаментал асосларини Кодексда мустаҳкамлашда намоён бўлади. Бу кўриниш содир этилган жиноят учун жавобгарлик ва жазонинг муқаррарлиги, оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларнинг мавжудлиги билан ифодаланади.
Шундай қилиб, тенглик принципининг умум жиноий кўриниши жиноят таркибига алоқадор бўлмаган асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг қонун олдида тенглигини ўзида намоён этади.
Хусусий жиноий кўриниш тенглик принципида бир хил жиноят содир этган шахслар бир бировидан устун қўйилишига йўл қўйилмайди. Тенглик принципининг ушбу кўриниши содир этилган жиноят таркибидаги бир хиллик ҳамда жиноят содир этган шахснинг ҳуқуқий мақомидаги тенгликда намоён бўлади. Хусусан, безориликда айбланган бир неча шахснинг бир-биридан фарқли қараш бекор бўлмайди, бироқ айни пайтда одам ўлдириш жиноятини содир этган шахс билан ўғрилик содир қилган шахснинг ҳуқуқий ҳолати ёки бошқа ҳолатида фарқ, масалан, уларнинг вояга етган, етмаганлиги тайинланадиган жазо, жазони ўташ ва бошқа ҳолатларида бўлиши мумкин.
6. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси жиноят содир этган махсус субъектларга (мансабдор шахслар, ҳарбийлар) нисбатан ушбу принципнинг зид келмаслигини кўрсатади. Ушбу субъектларга нисбатан жавобгарлик уларнинг мажбурият ва ваколат доирасидаги ҳуқуқбузарлигида қўлланилади.
7. Тенглик принципига зид келмаган ҳолда айрим фуқаролар (депутатлар, судьялар) жиноий жавобгарликка ёки жазодан озод қилинмай, содир этган жинояти учун алоҳида тартибда жавобгарликка тортилади. Масалан, судья тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши ва ҳибсга олиниши мумкин эмас. Бизнинг назаримизда, бундай алоҳида тартиб фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенг ҳуқуқлилиги принципига зид келмайди, чунки у кўрсатилган шахслар учун қонунда белгиланган жавобгарликни бутунлай истисно қилмайди, балки фақат жавобгарликка тортиш қоидасининг ўзини тартибга солади. Кўрсатиб ўтилган тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан алоҳида қоидаларнинг мавжудлиги, уларнинг алоҳида турдаги давлат хизматини бажаришини ҳисобга олганда, тўла асослидир. Шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган шахслар аҳолининг нормал ва мустақил ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида ўз функцияларини амалга оширади, лекин уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилашда имтиёз ва устунликлар кўзда тутилмайди.
8. Содир этилган қилмишда жиноят таркибининг мавжудлиги (ЖК 16-моддаси) - жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб, у ҳар қандай шахслар учун бир хил амал қилиб. тенглик принципига риоя қилади.
Жиноий жавобгарликка тортишда жиноят таркиби ягона асос сифатида қаралиши фуқароларнинг қонун олдида тенглигида намоён бўлади ва қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига жиноятнинг барча белгиларини аниқ кўрсатиб, кейин уни исботлаш мажбуриятини қўяди.
Фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи халқаро-ҳуқуқий ва конституциявий принцип бўлганлиги сабабли барча қонунларда қатъий ўрнатилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |