6-модда. Демократизм принципи
Жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки жамоалар жиноят содир этган шахслар ахлоқини тузатиш ишига қонунда назарда тутилган ҳолларда жалб қилинишлари мумкин.
1. Ўзбекистон Республикаси суверен демократик давлат бўлиб, ўз истиқболини ижтимоий адолат ва қонунийлик асосида кўриб, у ҳозирги ва келажак авлод манфаатларига хизмат қилади. Давлат ҳокимияти халк иродасига асосланиб, бу давлат хокимиятига халк вакилларини сайлашда намоён бўлади ва демократиянинг бир элементи сифатида кўринади. Демократизм ҳар бир жабҳада мавжуд бўлгани каби Ўзбекистон Республикаси жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳам бундан холи эмас.
2. Демократизм принципининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида намоён бўлиши, жиноят - ҳуқуқи нормаларида халқимиз иродасини ифода этиб, пировардида бу нормалар Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Демократизм принципини бошқача тарзда “жамоатчилик ёрдами принципи”деб ҳам аташ мумкин. Бундай номланишига сабаб, жиноят қонуни жиноят содир этган шахсларни қайта тарбиялашда жамоатчилик ёрдамига таянганини ушбу норма орқали ифодаламоқчи бўлганлигини кўришмиз мумкин.
3. Демократизм принципи жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини амалга оширишда, жиноят содир этган шахсларни тарбиялашда жамоатчилик вакилларини жалб қилишни талаб қилади. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб келган шахсларни, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаганларни қайта тарбиялашда жамоатчиликнинг ўрни катта эканлиги қонунда алоҳида эътибор қаратилган масалалардан биридир.
7-модда. Инсонпарварлик принципи
Жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр- қимматини камситиш мақсадини кўзламайди.
Жиноят содир этган шахсга нисбатан у аҳлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши керак.
Жазолашдан кўзланган мақсадга ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддаларида назарда тутилган енгилроқ чораларни кўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкин.
1. Кодекснинг шарҳланаётган моддаси - инсонпарварлик принципи инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр - қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши мустаҳкамланган Конституциянинг 13-моддаси мазмунини акс эттиради. Айни пайтда, ушбу модда конституциявий норманинг Жиноят кодексидаги такрори ҳисобланмайди, балки жиноятни ҳуқуқий муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари ва моҳиятини очиб беради.
Жиноят кодексида мазкур принципнинг моҳияти муайян шахсларга нисбатан (жиноят содир этган) жазо тайинлаш ёки бошқа таъсир чораларини қўллашда намоён бўлиб, кодекснинг ушбу қоидаси бошқа қоидалар каби реал, ижтимоий ҳаётда асосланган ва амалий ижроси мавжуд бўлиши керак. Жиноят ҳуқуқидаги инсонпарварлик принципи жиноят содир этган шахс билан муносабатга киришилганда ўз моҳиятини намоён этиши жаҳон амалиётида тан олинган.
2. Шарҳланаётган модда инсонпарварлик принципининг жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилиши билан жамият ва давлатнинг ушбу шахсга нисбатан жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари кўришида намоён бўлади.
3. Жиноят кодекси 7-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларининг шахсга нисбатан қўлланилиши негатив ва позитив услубларда кўринади:
* жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр - қимматини камситиш мақсадини кўзламайди;
* жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилган чора унинг яна қайта жиноят содир этишининг олдини олиши зарур;
4. Жиноят кодексидаги ушбу принцип Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда умумэътироф этган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, шахсга нисбатан жазо ва бошқа таъсир чораларини қўллаш билан унга жисмоний азоб бериш ёки руҳий таъсир ўтказишни мақсад қилмайди.
Шарҳланаётган моддага кўра, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини нотўғри қўллаш натижасида шахснинг қадр-қимматига, шаънига ва шахсиятига оғир ботиши билан унинг кейинги ҳаёти издан чиқиши мумкинлигини назарда тутилади. Ўзбекистон Республикаси жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кўра, жазо жиноят содир этган шахсга нисбатан акс таъсир қилиш мақсадида эмас, балки Кодекснинг инсонпарварлик ғояларига таяниб уни тарбиялаш ва жамиятга қайтаришни кўзда тутади.
5. Жиноят содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлаш унга жисмоний изтироб ёки қадр-қимматини камситишни назарда тутмасдан уни қайта тарбияланиши ва янгитдан жиноят содир этмаслиги учун зарур ва етарли таъсир чораларини инсонпарварлик принципининг моҳиятини белгилайди.
Зарурлик ва етарлилик-бу жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси тайинлашнинг муҳим икки белгиси ҳисобланиб,бири энг кам миқдорини, бошқаси энг кўп миқдорини кўрсатади.
Жазо тайинлашнинг зарурлиги содир этилган жиноятга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо тури ва миқдорини белгилашда намоён бўлади.
Жазонинг етарлилиги жиноят содир этган шахсни тарбиялашда муҳим бўлган жазо турини ва белгиланган жазонинг энг кам миқдорини танлашда намоён бўлади. Зарурлик ва етарлилик қоидаси жазо тайинлашнинг ҳар бир ҳолатида эътиборга олиниши лозим.
Шахсни хавфли рецидивист сифатида баҳолашда унинг муқаддам бир нечта жиноят содир этганлиги қайд этилиши билан бирга иши билан бирга унга нисбатан оғир жазо чоралари қўлланилади. Аммо шахсни хавфли рецидивист деб топишда, дастлабки тергов органлари айбловига асосланади ва ҳукмнинг тавсиф қисмида ушбу мотив баён қилинади.
6. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми суд органларининг содир этилган жиноятга нисбатан муайян жазо чорасини танлаш тизимини мустаҳкамлайди. Инсонпарварлик принципининг асл моҳиятини хусусан ҳуқуқни қўллаш жараёнида жазонинг муқаррарлиги ва етарлилигини кўзда тутади.
Оғир жазо чоралари Жиноят кодекси 7-моддасининг учинчи қисмига кўра енгил жазо чоралари билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмаган тақдирдагина қўлланилади. Судлар жазо тайинлаш пайтида ушбу қоидага эътибор берган ҳолда Жиноят кодексининг Махсус қисмига мурожаат этишлари лозим.Шунингдек, жамиятдан ажратмаган ҳолода қайта тарбиялаш мумкин бўлган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашда қонунда белгиланган барча имкониятдан фойдаланишлари лозим.
Агар суд жазо сифатида ўлим жазосини лойиқ топса, албатта, барча ҳолатларни чуқур ўрганиб чиққан ҳолда жиноят содир этишнинг мотив ва сабабларини, шунингдек, нафақат судланувчининг, балки жабрланувчининг ҳам хатти- ҳаракатларини ўрганмоқ лозим.
7. Жиноят кодексидаги ушбу принцип Ўзбекистон Республикасидаги барча қоидаларга таъсир этади. Айниқса, шахсларни жазодан озод этиш институти яъни муомалага лаёқатсиз ёки бошқача қилиб айтганда, жазонинг моҳиятини англаб етмайдиган шахсларга тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳам назарда тутилган. Умумлаштириб айтадиган бўлсак, амнистия ва авф этиш институтлари ҳам инсонпарварлик принципининг бўғинларидир.
Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мазкур принцип асосида сўнгги пайтларда амалдаги Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартишларни киритди:
* ўлим жазосини жазо чораси сифатида тайинлашнинг нисбатан қисқартирилиши (бугунги кунда ушбу жазо фақат 2 ҳолатдагина тайинланиши мумкин: оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятлари). Шунингдек, қонунда ўлим жазоси аёлларга, вояга етмаганларга ва 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан қўлланилмайди;
* жиноят содир этган шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш имконияти сифатида иқтисодий жазо чораларини қўллаш кўлами кенгайтирилди;
* енгилроқ жазо чораларини тайинлаш тартиби содалаштирилди
Do'stlaringiz bilan baham: |