ОЛТИНЧИ БЎЛИМ
Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари
ХV боб. Жазо ва уни тайинлаш
81-модда. Жазо тизими
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима;
á) ахлоқ тузатиш ишлари;
в) қамоқ;
г) озодликдан маҳрум қилиш.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси вояга етмаган шахсларни жавобгарликка тортишнинг хусусиятлари Жиноят кодексида алоҳида бўлими сифатида белгиланганлигини кўрсатади. Шарҳланаётган модда қуйидагиларни тартибга солади:
* вояга етмаган шахс тушунчаси;
* содир этилган жиноятда вояга етмаган шахс айбдор деб топилган тақдирда, унга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо тизими.
2. Шахсни вояга етмаган деб топишда, жиноят қонуни (ЖКнинг 81-м.) ўн саккиз ёшга тўлмай жиноят содир этган шахсларни тушиниш лозимлигини уқтиради.
Шуни эсда тутиш лозимки, содир этилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортишнинг белгиланган энг кичик ёши ўн уч ёш ҳисобланади (ЖКнинг 17-моддаси шарҳига қаранг).
Жиноий жавобгарликка тортиш учун шахсни вояга етмаган шахс деб топиш Жиноят кодекси қоидаларига мувофиқ, жиноят содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган шахс, лекин ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахс тушинилади. Шахснинг муайян бир ёшга (13, 14, 15, 16, 17 дан 18 ёшгача) тўлганлиги аҳамиятга эга эмас, лекин судлар томонидан жазони индивидуаллаштиришда ҳисобга олиниши керак, ёши кичик айбланувчиларга енгилроқ, ёши катталарга эса оғирроқ жазо қўлланилиши лозим. Ҳар қандай ҳолда ҳам суд вояга етмаган шахсга жазо тайинлашда шарҳланаётган моддада белгиланган жазо туридан бирини танлаши керак.Вояга етмаган шахс деганда, жиноят содир этгунга қадар ўн олти ёшга тўлган, аммо ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс тушунилади.
3. Судлар Жиноят-процессуал кодексининг 548-моддасига кўра вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар қаторига ёшини ва шахсини аниқлаш ҳам киришини назарда тутишлари зарур. Айни вақтда, шу нарсани эътиборда тутиш керакки, шахс туғилган кунидан бошлаб эмас, балки туғилган куни ўтганидан сўнг, яъни эртаси куннинг ноль соатидан бошлаб жиноят учун жавобгарлик бошланадиган ёшга тўлган, деб ҳисобланади.
Судлар ишда албатта вояга етмаганларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ёки паспортидан нусха (ксеро, фото) мавжудлигига аҳамият беришлари керак. Ишда бундай ҳужжатлар йўқлиги аниқланган тақдирда суднинг ўзи бундай камчиликни бартараф этиши зарур.
Судланувчининг ёши суд-тиббиёт экспертизаси томонидан аниқланаётганда, унинг туғилган куни деб, экспертлар аниқланган йилнинг охирги куни ҳисобланади. Ёш энг кам ва энг кўп йиллар миқдори билан аниқланганда, суд экспертлар томонидан белгиланган энг кам ёшдан келиб чиқиши лозим.
4. Шарҳланаётган модданинг кейинги белгиси бўлиб, судлар томонидан вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этган жинояти учун тўғридан-тўғри тайинланадиган жазо тизими ҳисобланади. Вояга етмаганларга нисбатан қўлланадиган жазо тизими, жиноят қонуни билан белгиланган ва суд учун мажбурий ҳисобланган жазо чораларининг рўйхати бўлиб, улар ўз навбатида муайян тартибда жойлаштирилган ва қўлланиш тартиби ва чегаралари белгиланган рўйхатдир. ЖКнинг 81-моддаси вояга етмаган шахсларга нисбатан жазонинг махсус турини ўрнатмайди, балки ЖКнинг 43-моддасида белгиланган жазо турини чеклайди.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 81-моддасида кўрсатилган жазолар вояга етмаганларга нисбатан тайинланиши мумкин бўлган жазо турларининг қатъий рўйхатидир. Ушбу моддада жазо тизими энг енгилидан оғирига қараб жойлаштирилган, яъни :
* жарима;
* аҳлоқ тузатиш ишлари;
* қамоқ;
* озодликдан маҳрум қилиш.
(Асосий ва қўшимча жазолар тўғрисида ЖКнинг 43-моддаси шарҳига қаранг.)
5. Вояга етмаган шахслар учун тайинланадиган жазо тизими ЖКнинг 43-моддасида кўрсатилган жазо тизимининг ўзига хос хусусиятларига эга:
* давлат мажбурлов чорасининг алоҳида турларидан ташкил топган;
* жазо тизими элементлари ўзаро боғлиқ бўлиб, бири иккинчисига боғланиб ва тўлдириб келади;
* давлатнинг мажбурлов чоралари рўйхати қатъий бўлиб, кенгайтириб талқин қилиниши мумкин эмас. Шунинг учун вояга етмаганларга нисбатан Жиноят кодексининг “Махсус” қисми тегишли моддаси санкциясида кўрсатилган бўлсада, лекин 84-моддада кўрсатилмаган жазо чоралари қўлланилмайди;
* белгиланган жазо чоралари енгилидан оғирига қараб жойлаштирилган.
(Жазо тизимининг хусусиятлари тўғрисида тўлароқ ЖКнинг 43-моддаси шарҳига қаранг.)
6. Қонунга мувофиқ, вояга етмаган шахсга нисбатан қўшимча жазо чоралари қўлланилмайди. Вояга етмаган судланувчига нисбатан бундай турдаги давлат мажбурлов чораларини қўллаш қонунни қўпол равишда бузиш деб топилади ва ҳукмнинг бекор бўлишига олиб келади.
7. Айтиш жоизки, Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси қонуннинг кўриб чиқилаётган ва бошқа бўлимларининг қоидалари каби вояга етмаган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишнинг махсус тартибини ўрнатади. Таҳлил қилинаётган бўлимнинг қоидаларида ҳал этилмаган масалалар жазо ва уни тайинлаш, жавобгарлик ва жазодан озод этиш каби ЖКнинг Умумий қисми қоидалари билан тартибга солинади. Хусусан, вояга етмаган шахслар учун тайинланадиган жазо тушунчаси ва унинг мақсади ЖКнинг 42-моддасида кўрсатилган (Бу ҳақда тўлиқроқ ушбу шарҳда берилган ЖКнинг 42-моддасига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |