89-модда. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилишга ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тартиби қўлланилиши мумкин.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун белгиланган тартиб-қоида талабларини бажарган меҳнат ва ўқишга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисми
б)оғир жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисми
в) ўта оғир жиноят учун, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган этилган жиноят учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилиниб, тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисми ҳақиқатда ўтаб бўлингандан кейин қўлланилади.
Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан ушбу Жиноят кодексининг 60 ва 86-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддасида, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш хусусида гап боради. Шуни таъкидлаш керакки, вояга етмаганларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, ЖКнинг 73-моддасининг давоми бўлиб, унда жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишнинг умумий қоидалари белгиланган. Шунинг учун шарҳланаётган моддада кўрсатилмаган ҳолатлар ЖКнинг 73-моддасида назарда тутилган.
2. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Жиниоят кодексининг 89-моддаси қоидалари содир этилган қилмиши учун жазони ўтаётган ўн саккиз ёшга етмаган шахсларга нисбатан қўлланилади. Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишда вояга етганлик факти аҳамиятга эга эмас. Қонун мазмунига кўра жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, бир неча марта судланган вояга етмаганларга нисбатан ҳам содир этилган жиноятнинг оғирлигидан қатъи назар қўлланилиши мумкин.
3. Шарҳланаётган моддага мувофиқ, қуйидагилар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишнинг шарти ҳисобланади:
* содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган бўлиши;
* жазони ўташ тартиб қоидаларига риоя қилган бўлса, шунингдек, меҳнат ёки ўқишга ҳалол муносабатда бўлганлиги;
* содир этилган жиноятнинг оғирлигига қараб, белгиланган жазо муддатнинг минимал қисмини ўтаган бўлиши.
4. Меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати деганда, вояга етмаганнинг ҳалол меҳнат қилиши ва ўқишга ҳалоллик билан муносабатда бўлганлиги, фақатгина маълумот олиш учун ўқишга бўлган муносабатигина эмас, балки ҳунар-техника билим юртида ўқиши ва ўз малакасини ошириши ҳам назарда тутилади. Вояга етмаганнинг ўқишга ва меҳнатга ҳалол муносабати уни муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Ҳукм қилинган шахснинг виждонан муносабатда бўлиши фақат жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласи кўриб чиқилаётган вақтда эмас, балки белгиланган жазони ўташ муддати мобайнида ўзгарганидан гувоҳлик бериши керак.
5. Шарҳланаётган моддада жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш учун ўталаётган жазо муддатининг минимал миқдори сезиларли даражада камайтирилган. Бу муддат жиноятнинг оғирлигига қараб қилмишда рецидивнинг мавжудлигидан қатъи назар фарқланади. Вояга етмаганларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш учун жазонинг ўтаб бўлинган қисми анча қисқартирилган бўлиб, бу ҳам жиноят қонунининг инсонпарварлик принципи инъикосидир.
6. Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш ўн саккиз ёшга тўлмай жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи комиссиянинг биргаликдаги тақдимномасига биноан ёхуд маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг илтимосномасига асосан судья томонидан қўлланилади.
7. Жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан Жиноят кодексининг 60-моддаси ва 86-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди. Шу давр мобайнида эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят шартли равишда озод қилиш учун аҳамиятга эга эмас.
Жазони шартли равишда озод қилиш қуйидаги хусусиятга эга:
биринчидан, шахсни ижтимоий ҳаётга мослашишига имкон беради;
иккинчидан, қайта жиноят содир қилмаслиги учун назорат қилинишини таъминлайди;
учинчидан, жазони ўташ муассасасидаги салбий таъсирни йўқотади.
8. Шуни айтиш керакки, Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси Жиноят кодексининг 73-моддасига қўшимча ҳисобланади ва ушбу моддада назарда тутилмаган ҳолатларга жавобни ЖКнинг 73-моддасидан топиш мумкин.
( Тўлиқроқ жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақида Жиноят кодекси 73-моддаси шарҳига қаранг.)
Do'stlaringiz bilan baham: |