90-модда. Жазони енгилроғи билан алмаштириш
Ўн саккиз ёшга тўлгунча содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилинган шахсга нисбатан жазонинг ўталмаган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкин.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун белгиланган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнат ёки ўқишга ҳалол муносабатда бўлиб келаётган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида бешдан бир қисми;
б) оғир жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисми;
в) ўта оғир жиноят учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаб бўлинганидан кейин қўлланилиши мумкин.
Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади.
Жазо енгилроғи билан алмаштирилган шахсларга нисбатан енгилроқ жазонинг тегишли қисми ўтаб бўлинганидан кейин ушбу Кодекснинг 89-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш қўлланилиши мумкин.
Жазо енгилроғи билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга нисбатан ушбу Кодекснинг 60 ва 86-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддасида ҳукм қилинган вояга етмаган шахсга нисбатан белгиланган жазони енгилроғи билан алмаштириш кўзда тутилади. Жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳукм бўйича тайинланган жазо турининг қолган қисмини енгилроқ турдаги жазо билан алмаштириб, жазодан озод қилишдан иборат. Шуни айтиш керакки, шарҳланаётган модда ЖК 74-моддаси қоидаларини тўлдиради ва шарҳланаётган моддада ҳал этилмаган саволларга жавобни ЖК 74-моддасидан топиш мумкин.
2. Енгилроқ жазо билан алмаштириш деганда, ҳукм бўйича тайинланган бир турдаги жазонинг қолган қисмини, ўша жазога нисбатан бошқа енгилроқ турдаги жазо билан алмаштириш тушунилади. Вояга етмаган шахсларга нисбатан тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштириш институтини қўллаш учун қонун бир мунча қисқартирилган муддатларни маҳкум ўтаб бўлиши талаб этилади.
Ушбу моддани қўллаш мобайнида, суд, ЖКнинг 81-моддасида белгиланган вояга етмаганларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган жазо тизимини инобатга олиши керак. Фақат ушбу моддада белгиланган жазо билан жазоланган шахсга ЖК 90-моддаси қўлланилиши мумкин. Фақат шу модда билан жазонинг бир-бирига нисбатан оғирлик даражаси аниқланади ва суд буни инобатга олмоғи лозим. Жазо енгилроғи билан алмаштириш масаласи шахс жазони ўтаётган жойдаги суд томонидан жазони ижро этиш органи ва вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиянинг биргаликда берган тақдимномасига биноан ҳал қилинади.
3. Шарҳланаётган модданинг бошқа қоидалари ЖК 74 ва 89-моддалари қоидаларига ўхшаш. (Тўлиқроқ кўрсатилган моддаларнинг шарҳига қаранг)
Е т т и н ч и б ў л и м
Do'stlaringiz bilan baham: |