МЕҲНАТ ҚОНУНЛАРИ ИЖРОСИ УСТИДАН НАЗОРАТ ОЛИБ БОРИШ. меҳнат қонунларини бузганлиги учун жавобгарлик
режа:
1. Меҳнат муносабатларида қонунчиликни таъминлаш устидан назорат ва унинг турлари
2. Меҳнат қонунлари бажарилиши устидан назорат олиб борувчи органлар ва уларнинг ваколатлари
3. Меҳнат қонунлари ва меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлик
Қонун устуворлиги – амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг бош тамойилларидан бири саналади. Келажаги буюк давлат барпо этиш мақсадини ўз олдимизга қўяр эканмиз, ушбу буюк давлатни қонун салтанати сифатида, инсоният ўз тараққиётида қўлга киритган демократик ва умуминсоний қадриятлар олий неъмат деб қараладиган фуқаролик жамияти сифатида кўз олдимизда тасаввур этамиз. Табиийки, бундай давлатда ва жамиятда фуқаролар ҳуқуқлари поймол этилиши, инсоний манфаатлар оёқ ости қилинишига асло йўл қўйилмайди. Қонун салтанатини барпо этиш, энг аввало, қонунларга барчанинг сўзсиз ва оғишмай амал қилишини таъминлаш орқали амалга оширилиши мумкин.
Афсуски, бугунги кунда корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунларини бузиш, ходимлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига беписандлик билан қараш ҳоллари тез-тез учраб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Оила ва аёллар муаммолари комиссияси мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида жойлашган енгил саноат корхоналарида Меҳнат кодексининг хотин-қизлар, вояга етмаганлар ва ногиронлар учун белгиланган имтиёзларга доир қисмини ижро этилиши аҳволи қониқарсиз эканлиги, имтиёз ва кафолатлар бу шахсларга тўла ҳажмда берилмаётганлиги, бошқа қонунбузарликларга йўл қўйилаётганлиги қайд этилади1. Айрим ҳолларда қонунчиликни таъминлаш учун масъул шахсларнинг ўзлари томонидан меҳнат қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари қўпол бузилаётганини кузатишнинг ўзи ачинарли2. Бундай салбий ҳолатлар қонунчиликни таъминлаш устидан кузатув ва назоратни кучайтириш долзарб вазифалардан бири эканлигини кўрсатади.
Меҳнат қонунлари бажарилиши устидан назорат деганда ваколатли давлат ва жамоат органлари томонидан ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида амалга ошириладиган махсус фаолият тушунилади. Назорат фаолияти давомида ушбу ваколатли органлар иш берувчи ва у вакил қилган шахслар томонидан меҳнат қонунлари бузилишининг олдини оладилар, бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклайдилар, қонун бузилишида айбдор бўлган мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий жавобгарликка тортадилар.
Меҳнат қонунларига амал қилишни назорат қилиш ваколатли орган томонидан амалга ошириладиган текшириш ишларидан иборат ва бунда иш берувчи, унинг вакили қарорлари, фармойишларининг қонунийлиги текшириб чиқилади. Меҳнат қонунларига риоя этиш масалаларига Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуни3, Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари бағишланган.
Меҳнат муносабатларида қонунчиликни таъминлаш борасида назоратнинг қуйидаги турлари амалга ошрилиди:
а) давлат назорати;
б) идоравий назорат;
в) суд назорати;
г) прокурорлик назорати;
д) жамоат назорати.
Меҳнат қонунчилигини бажаришда амалга ошириладиган назорат фаолиятлари меҳнат шартларини белгиланиши ва бу шартларни қўлланилиши устидан амалга оширилади.
Дастлабки назорат, кундалик назорат ва якуний назорат ўзаро фарқ қилинмоғи лозим.
Меҳнат соҳасидаги давлат бошқаруви ва қонунлар бажарилиши устидан назорат ва текшириш олиб бориш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 9-моддасида айтилган бўлиб, бу вазифаларни бажариш:
1) шунга махсус вакил қилинган давлат органлари ва уларнинг инспекциялари;
2) касаба уюшмалари ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда техника инспекциялар.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текширишни қонунда белгиланган тартибда амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назорат олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ва унга бўйсунувчи прокурорларга юклатилган4.
Меҳнат кодексининг 8-моддасида айтилишича: «Ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади».
2-. Меҳнат қонунлари бажарилиши устидан назорат олиб
борувчи органлар ва уларнинг ваколатлари
Махсус ваколат берилган давлат органлари ва инспекциялари иш берувчи ёки унинг юқори турувчи органлардан мустақил равишда турли шаклдаги мулкчиликка асосланувчи корхона, муассаса ташкилотларда меҳнат қонунчилигига амал қилиниши аҳволини назорат қилади. Бу органлар турли давлат идоралари қарамоғида бўлиб, ваколатлари ва вазифалари ҳам турличадир.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси у ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1993 йил 29 июлдаги 378-сонли қарори билан тасдиқланган Низом асосида фаолият юритади5.
Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади. Низомнинг 2-бандида айтилишича, инспекция барча мулкчилик шаклидаги корхоналар фаолиятини улар томонидан меҳнат қонунлари, жамоа шартномаларига амал қилишини назорат қилиши, ана шу мақсадда корхоналарга тўсқинсиз кириши, зарур ҳужжатларни талаб қилиб олишлари, қонун бузилиши фактлари аниқланганида уларни бартараф этилишини талаб қилиши мумкинлиги кўрсатиб қўйилган.
Давлат меҳнат инспекцияси кўрсатмаси белгиланган муддатда бажарилиши, ундан норози бўлинган тақдирда 10 кунлик муддат ичида судга мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилган. Давлат меҳнат ҳуқуқий инспекциясининг қонунлар ижросини таъминлаш, қонунбузарликларни таҳлил қилиш, таъсир чоралари қўллаш юзасидан бошқа ваколатлари юқоридаги низомда белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлат техникавий меҳнат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 12 апрелда №134 рақам билан рўйхатга олинган низомга кўра иш олиб боради.
Низомнинг 1-бандида унинг вазифалари белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлат техникавий меҳнат инспекцияси ва унинг жойлардаги бўлинмалари:
Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлаттехникавий меҳнат инспекцияси, меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бошқармалари Ўзбекистон Республикасида меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларга вазирликларда, корпорациялар, уюшмалар, концернлар, ишлаб чиқариш бирлашмаларида, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, акциядорлик жамиятларида, давлат ҳайъатларида, фермер хўжаликлари, кичик ва қўшма корхоналарда (бундан буён корхоналар деб аталади) ишлаб чиқариш усули, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклидан қатъи назар риоя этилиши устидан назорат ва кузатув ягона тизимини ташкил этади.
Давлат техникавий меҳнат инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
Гувоҳномани тақдим этиб, исталган вақтда ҳеч бир тўсиқсиз корхоналарга борадилар ва текширадилар;
Иш берувчиларга, корхоналарнинг раҳбарлари ва мансабдор шахсларга меҳнат муҳофазасига доир Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги мажбурий ижро этилиши лозим бўлган кўрсатмалар беради;
Меҳнат муҳофазасига доир қонунлар, меъёрлар, андоза (стандарт)ларни бузишда айбдор бўлган корхоналарнинг раҳбарлари, мансабдор шахслари ва бошқа масъул ходимларига белгиланган тартибда жарима солади;
Кузатиш ва назорат қилиш вазифаларини амалга оширишда зарур бўлган тушунтиришлар ва бошқа ахборотларни ижро этувчи ҳокимият идораларидан, корхоналардан оладилар;
Меҳнат муҳофазасига доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар бузилиши аниқланган чоғда ишлаб чиқариш, цехлар, жиҳозларнинг ишини тўхтатиб қўяди;
Белгиланган тартибда меҳнат муҳофазаси ўқув курсларини тугатмаган ва қоидалар, меъёрлар, йўл-йўриқлар хусусидаги билимларини текширувдан ўтказмаган шахсларни ишдан четлаштиради;
Меҳнат муҳофазасига доир қонунларни, қоидалар, меъёрлар, андоза (стандарт)ларни мунтазам равишда бузиб, тўхтатиб қўйилган ишлаб чиқариш, цехлар, жиҳозлар ишини ўзбошимчалик билан тиклаган шахсларнинг эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши тўғрисидаги тақдимномаларни корхона раҳбарларига ва улар бўйсунувчи идораларга беради;
Меҳнат муҳофазасига доир қонунларнинг бузилиши, (бош) давлат техникавий меҳнат нозир (инспектор)ининг кўрсатмалари бажарилмагани хусусидаги даъво талаблари ва бошқа материалларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборади;
Сертификатларга эга бўлмаган ёки давлат андоза (стандарт)лари талабларига ва техникавий шартларга мувофиқ бўлган ишлаб чиқаришни ҳамда якка тартибда ва жамоа бўлиб ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланишни тақиқлайди;
Зарур бўлган ҳолларда бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш ва бошқа машина жиҳозларидан бундан буён ҳам фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш учун корхона раҳбарларидан уларнинг ҳолатини техникавий экспертизадан ўтказишни талаб қилади.
Давлат техникавий меҳнат инспекциясининг кўрсатмалари мажбурий кучга эга бўлиб, ундан норози бўлган шахслар судга шикоят беришлари мумкин.
Саноатда ишларни хавфсиз олиб бориш ва назорат бўйича Агентлик. Бу орган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 7 февралдаги 2535-УП сонли «Ўзбекистон Республикаси саноатда ишларни хавфсиз олиб бориши ва тоғ-кон назорати Давлат қўмитасини саноатда ишларни хавфсиз юритиш ва тоғ-кон назорати бўйича Агентликка айлантириш тўғрисида»ги Фармони асосида ташкил этилган. Унинг тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 7 апрелдаги қарори билан тасдиқланган.
Унинг асосий вазифаси саноатда ва тоғ-кон саноатида ишларни хавфсиз олиб борилиши, техника хавфсизлиги талабларига риоя этилиши, меҳнат шароитларини тегишли стандартларга мувофиқ бўлишини назорат қилишдан иборат. Уларга ушбу вазифаларни амалга ошириш учун зарур ваколатлар берилган. Жумладан, ушбу агентлик ва унинг жойларда органлари корхоналар ишини текширишга, тегишли қарорлар қабул қилишга, уларни мажбурий ижро этилишини таъминловчи чоралар кўришга ҳақли саналадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |