Жиноий жавобгарлик. Корхона раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан содир этилган меҳнат қонунлари ва техника хавфсизлиги талабларини бузиш оғир оқибатлар келтириб чиқаргани ҳолда ёки ижтимоий хавфлилиги юқори бўлганида жиноий жавобгарлик юз беради. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 148-моддасига кўра, била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш ёки ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса:
энг кам иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қалаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш;
энг кам иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Жиноят Кодексининг 257-моддасида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Унда айтилишича, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши ўртача ёки оғир тан жароҳати етказилишига сабаб бўлса;
энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда дарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса:
муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
258-моддада тоғ-кон ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун ана шундай жиноий жавобгарлик белгиланган.
Булардан ташқари, мансабдор шахслар томонидан меҳнат қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидалри бузилишига оид жиноий хатти-ҳаракатлар учун бошқа кўплаб жавобгарликлар ҳам белгилаб қўйилган. Масалан, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган (205-модда), мансаб ваколатидан четга чиқиш (206-модда), мансабга совуққонлик билан қараш (207-модда), мансаб сохтакорлиги (228-модда), радиоактив материаллардан фойдаланиш қоидаларини бузиш (253-модда) ва бошқа турдаги хизмат билан боғлиқ жиноятлар учун жазо белгиланган.
Корхона мансабдор шахслар томонидан содир этиладиган жиноятлардан яна бири – суд қарорларини бажармасликдир. Жиноят Кодексининг 232-моддасида айтилишича:
Мансабдор шахснинг суд ёки судьянинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарорини қасддан бажармаслиги ёхуд уларнинг бажарилишига тўсқинлик қилиши;
энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳозирги пайтда ғайриқонуний ишдан бўшатилган ёки бошқа ишга ўтказилган ходимларни ишга тиклаш ва унга етказилган моддий зарарни қоплаш ҳақидаги суд қарорларини мансабдор шахслар томонидан бажарилмаслиги ҳоллари учраб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |