289-модда. Ҳалок бўлаётган ҳарбий кемани ташлаб кетиш
Ҳалок бўлаётган ҳарбий кемани ўз хизмат вазифаларини охиригача бажармаган командир томонидан, шунингдек, командирнинг тегишли фармойиши бўлмасдан кема командаси таркибидаги шахс томонидан ташлаб кетилиши -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ҳалокатлар ёхуд авария, ҳарбий кеманинг “ҳалок” бўлишидаги ҳарбий муносабатларнинг ўрнатилган тартиби жиноят объекти ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят ҳалок бўлаётган ҳарбий кемани ўз хизмат вазифаларини охиригача бажармаган командир томонидан, шунингдек, командирнинг тегишли фармойиши бўлмасдан кема командаси таркибидаги шахс томонидан ташлаб кетилишида ифода этилади.
Ҳарбий кема командирининг хизмат мажбуриятлари устав томонидан белгилаб қўйилган бўлиб, унга мувофиқ кема командири ва команда аъзолари ҳалокат, авария ҳолатларида кемани қутқариш учун барча имкониятларни қўллашлари лозим.
Командир кемадаги одамлар, мол-мулкни сақлаб қолиш учун бевосита жавобгардир. Командир ҳарбий кемани сақлаб қолиш учун барча чораларни кўриб бўлиб, сақлаб қолишнинг иложи қолмаганлиги сабабли ҳарбий кемани ташлаб кетиш ягона йўл эканлиги ҳақида қарорга келса, уни ташлаб кетиш қарорини қабул қилади. Командир кемани энг охирги бўлиб тарк этади.
3. Ўз хизмат вазифаларини охиригача бажармаслик деганда, ўз хизмат вазифаларини уставга мувофиқ тўлиқ бажармаслик ёхуд лозим даражада бажармаслик тушунилади.
Ҳарбий кемани ташлаб кетиш учун команда аъзоларининг жавобгарлиги ҳарбий кема, қимматли буюмлар, зарур ҳужжатларни қутқариш бўйича командир буйруғи ёки фармойишини бажармаслик ҳолларида вужудга келади. Команда аъзоларининг ҳеч бири кема командирининг фармойишисиз кемани ташлаб кетиши мумкин эмас.
4. Жиноят ҳалок бўлаётган кеманинг командири ўз хизмат вазифаларини охиригача бажармаган ёхуд команда аъзоси кемани командир рухсатисиз ташлаб кетган вақтдан тугалланган деб топилади.
5. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади.
Ҳарбий кеманинг команда аъзоси томонидан ташлаб кетилиши фақат қасддан содир этилади. Айбдор ҳарбий кема командирининг буйруғисиз онгли равишда кемани ташлаб кетаётганини тушунади ва шуни хоҳлайди. Айбнинг эҳтиётсизлик шакли жиноий жавобгарликни истисно этади.
6. Жиноят субъекти ҳарбий кема командири ёхуд команда аъзоси ҳисобланади.
7. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида ҳарбий кемани жанговар вазиятда ташлаб кетганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |