290-модда. Ўзининг бирон аъзосини майиб қилиш йўли билан ёки бошқа усулда ҳарбий хизматдан бўйин товлаш
Ўзининг бирон аъзосини майиб қилиш, яъни ҳарбий хизматчининг ўз баданига бирон шикаст етказиш йўли билан, шунингдек, ўзини ёлғондан касалликка солиб, ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки бошқача алдаш йўли билан ҳарбий хизмат вазифаларини бажаришдан бўйин товлаши ёки бу вазифаларни бажаришдан бош тортиши -
олти ойгача қамоқ ёки бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноят объекти ҳарбий хизматни ўташ тартибини таъминлаш бўйича ижтимоий муносабатлар, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ бўйича конституциявий бурчи ҳисобланади.
Ҳарбий хизматдан бўйин товлаш жанговар вазиятда содир этилган бўлса, давлатнинг хавфсизлиги қўшимча объект бўлиши мумкин.
2. Объектив томондан жиноят ҳарбий хизматчининг ўзининг бирон аъзосини майиб қилиши, яъни ўзининг баданига бирон шикаст етказиш йўли билан, шунингдек, ўзини ёлғондан касалликка солиб, ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки алдаш йўли билан ҳарбий хизмат вазифаларини бажаришдан бўйин товлаш ёхуд бу вазифаларни бажаришдан бош тортишда ифодаланади.
3. Бўйин товлашнинг биринчи усули - ўзининг бирон аъзосини майиб қилиш - ўз аъзоларига ёки тўқималарига сунъий равишда зарар етказиш (масалан, оёқ ёки қўл бармоқларига), у ёки бу органнинг функцияси бузилиши (масалан, овқат ҳазм бўлиши, юрак фаолиятининг бузилиши), бирор-бир касалликни келтириб чиқариш ёки ўзида мавжуд бўлган касалликни сунъий равишда кучайтириш.
Соғлиққа зиён ўқотар ёки совуқ қуроллар, кесадиган ёки санчиладиган буюмлар, турли заҳарли моддалар, бошқа механик, иссиқлик ёки шунга ўхшаш воситалар билан етказилиши мумкин. Бўйин товлаш таркиби учун аъзони майиб қилиш қандай йўл билан содир этилганлиги аҳамиятсиз.
Ўзининг бирон аъзосини майиб қилишда айбдор саломатлигига зарар етказилишини таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўзининг бирон аъзосини майиб қилиш ҳарбий хизматдан бўйин товлаган шахснинг ўзи, унинг илтимосига кўра бошқа ҳарбий хизматчи ёки ҳарбий хизматчи бўлмаган шахслар томонидан содир этилиши квалификация учун аҳамият касб этмайди. Бирон аъзони майиб қилиш зиённинг хусусиятини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза ўтказишни ва ҳарбий хизматга яроқлилик тўғрисида шифокор хулосасини талаб қилади.
Соғлиққа етказилган зарар айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларда, масалан, айбдор томонидан ноқулай воситаларни қўллаш орқали содир этилса ва ўз хусусиятига кўра ҳарбий хизматнинг у ёки бу вазифаларини бажаришдан озод қилишга асос бўлмаса, айбдорнинг ҳаракати муайян жиноят содир этишга суиқасд қилиш деб топилиши мумкин.
4. Бўйин товлашнинг иккинчи усули - ўзини ёлғондан касалликка солиш - ҳақиқатда соғ бўла туриб, ҳарбий хизмат вазифаларини ўташдан озод бўлишга рухсат олиш мақсадида, гўёки ўз ҳарбий бурчларини бажаришга халал бераётган касалликлари, жисмоний ёки руҳий камчиликлари борлигини рўкач қилиб кўрсатишдан иборат.
Ёлғон касалликни рўкач қилиш сифатида мавжуд касалликнинг (карлик, кўрлик, соқовлик ва ҳоказоларнинг) белгиларини ҳаддан ошириб кўрсатиш - аггравацияда ифодаланиши мумкин.
5. Бўйин товлашнинг учинчи усули - ҳужжатларни қалбакилаштириш - ҳарбий хизмат вазифаларини ўташдан озод бўлиш мақсадида ҳарбий хизматчининг командирга сохта (масалан, ёши, оилавий ҳолати, яқин қариндошлари ўлими ёки касаллиги тўғрисидаги) ҳужжатни тақдим этишида ифодаланади. Барча ҳолларда қалбакилаштиришнинг моҳияти шундаки, ҳужжатда кўрсатилган воқеа ва ҳодисалар амалда мавжуд бўлмасдан, уларга таянган ҳолда ҳарбий хизматчи ўзини вақтинча ёки доимий равишда ҳарбий хизмат вазифаларини ўташдан озод қилишни илтимос қилади.
6. Қалбаки ҳужжат айбдорнинг ўзи ёки унинг илтимосига кўра бошқа шахс томонидан тайёрланиши мумкин. Бунда бу шахснинг ҳаракатлари зарур белгилар мавжудлигида ЖК 228-моддаси, шунингдек, жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 290-моддаси бўйича 28-моддасига ҳавола қилган ҳолда квалификация қилинади.
Худди шундай ҳолатда қалбаки ҳужжат ҳарбий хизматчининг ўзи томонидан тайёрланган бўлса, у ҳолда унинг ҳаракатлари бўйин товлашнинг ушбу тури билан қамраб олинганлиги туфайли ЖК 228-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
7. Бўйин товлаш усули сифатида бошқача алдов - ҳарбий хизматни ўташдан озод бўлиш мақсадида воқеалар ёки ҳодисалар тўғрисида, била туриб, ёлғон маълумот етказиш (масалан, муддатидан олдин захирага кетиш учун олий маълумот тўғрисида ёлғон хабар бериш, худди шу мақсадда тиббий кўрикка бошқа шахсни юбориш) ёки мазкур ҳолатлар ҳақида хабар беришга бурчли бўла туриб, ўша мақсадда онгли равишда хабар бермасликдан иборат.
Бошқа ёлғон сифатида ҳарбий хизматни ўташдан озод бўлиш мақсадида мансабдор шахсга пора бериш ҳолатлари бўлиши мумкин. Агар бунда пора бериш (олиш) содир бўлса, у ҳолда содир этилган қилмиш жиноятлар мажмуи тариқасида жавобгарликни келтириб чиқаради.
8. Ҳарбий хизматдан бўйин товлаш - ҳарбий хизмат вазифаларини бажаришдан бош тортиш орқали содир этилиши мумкин. Ҳарбий хизмат вазифаларини ўташдан бош тортиш ҳарбий хизматчи томонидан очиқдан-очиқ, ёлғон ишлатмай, оғзаки, ёзма ёки бошқа йўл билан ҳарбий хизматни ўташ ёки унинг баъзи мажбуриятларини бажаришни истамасликда ва амалда уларни бажармай қўйишда намоён бўлади.
Бош тортиш икки шаклда намоён бўлиши мумкин: биринчидан, ҳарбий хизматни ўташдан очиқдан-очиқ бош тортиш ёки уларни бажаришни тўхтатиб қўйиш. Ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришни истамаслик тўғрисидаги арз очиқдан-очиқ эълон қилиниб, уларни бажаришни тўхтатиб қўйиш билан биргаликда келмаса, бундай ҳаракатлар жиноят таркибини ҳосил қилмайди; иккинчидан, ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришни истамаслик буни очиқдан-очиқ эълон қилиб, ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришни тўхтатиб қўйиш билан биргаликда келган ҳолларда рўй беради.
9. Командир буйруқларини бажаришни истамаслик ёки аниқ буйруқларини амалда бажармаслик (масалан, хизмат сафарига жўнаш, суткалик нарядга киришиш ва ҳоказолар) ҳарбий хизматдан умуман бош тортиш ҳисобланмайди. Бундай ҳаракатлар бўйсунмаслик жинояти таркибини ҳосил қилади, чунки мазкур ҳолатда командирнинг талаби буйруқ хусусиятига эга бўлиб, ҳаракат эса, ҳарбий хизматни ўташдан бош тортишга эмас, балки буйруқни очиқдан-очиқ бажармасликка қаратилган.
10. Ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш айбдорга амалдаги қонунчилик ва Қуролли Кучларнинг умумҳарбий уставларига мувофиқ махсус мажбуриятлар юклатилган пайтда содир этилган бўлса (жанговар навбатчилик, суткалик ёки гарнизон нарядида бўлиш ва ҳоказолар), тегишли белгилар мавжуд бўлганида, жавобгарлик жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 291-294-моддалари бўйича ҳам келиб чиқиши лозим.
11. Жиноятни ҳарбий хизматчининг ўзига зарар етказиши, касаллигини ҳаддан ошириб кўрсатиши, қалбаки ҳужжат ёки бошқа алдов ҳаракати келтириб чиқармайди, балки шу йўл билан ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаш, яъни у ёки бу ҳарбий вазифалар бажарилишини тўхтатиб қўйиш келтириб чиқаради.
12. Ҳарбий хизматни ўташдан бош тортиш - формал таркибли жиноят - ҳарбий хизмат ўташдан бош тортиш мақсадида ўз баданига бирон шикаст етказиш, ўзини ёлғон касалликка солиб, ҳужжатларни қалбакилаштириб кўрсатиш пайтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
13. Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан, ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаш мақсадида содир этилади.
14. Ҳарбий унвони ва қўшин туридан қатъи назар, оддий аскар ва сержант (старшина)лар таркибидан бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни контракт (шартнома) бўйича ўтаётган шахслар жиноят субъекти ҳисобланади. Ҳарбий йиғинларга захирадан чақирилган фуқаролар, ҳарбий йиғинларга чақирилган ёхуд сафарбарлик чақирув захирасига йиғин муддатига чақирилганлар ҳам мазкур жиноят субъекти бўлишлари мумкин.
15. ЖК 290-моддасида кўзда тутилган жиноят ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматчи бўлмаганлар иштирокида ҳам содир этилиши мумкин, бунда улар мазкур жиноятнинг иштирокчилари деб топилади (ЖК 28-моддаси шарҳига қаранг).
Бунда ҳарбий хизматчининг илтимосига кўра унинг баданига шикаст етказилса ёки ҳужжат қалбакилаштирилса, ёхуд шарҳланаётган жиноятда кўзда тутилган бошқа ёрдам кўрсатилса, у Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жавобгарликка тортилади.
16. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида шарҳланаётган жиноятни жанговар вазиятда содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган (Жанговар вазият тушунчаси тўғрисида ЖК 279-моддаси шарҳига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |