291-модда. Қоровул хизматини ўташ қоидаларини бузиш
Қоровул (соқчилик) хизмати устав қоидаларини қоровул таркибига кирган шахс томонидан зарарли оқибатлар келтириб чиқарадиган тарзда бузиш, башарти, мазкур қоровул бундай оқибатларнинг олдини олиш учун тайинланган бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёхуд уч ойгача қамоқ ёки бир йилгача интизомий қисмга юбориш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) баданга оғир шикаст етказилишига;
б) одам ўлишига;
в) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти - умумий ҳарбий тартиботнинг таркибий қисмларидан бири қоровул (соқчилик) хизматини ўташнинг ўрнатилган тартиби ҳисобланади.
Мазкур тартибга қатъий риоя этиш ҳарбий хизматчилар ўртасида юксак интизомий барқарорлик, қўриқлаш учун ишониб топширилган объектларнинг хавфсизлиги кўз қорачиғидай сақланишини таъминлайди. Бундай тартиб учун қоровул (соқчилик) хизматини ўтайдиган шахсларнинг махсус ҳуқуқий қоидалари мавжуд. Мазкур шахсларнинг зиммасига юкланган махсус вазифалар билан улар муайян ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар. Шунингдек, мазкур таркиб учун хизматни бажариш уставлар, тегишли буйруқлар, устав қоидалари асосида чоп этилган ва уларни ривожлантирадиган буйруқлар ва кўрсатмаларга биноан тартибга солинади.
Қоровул хизматини ўташ қоидалари бузилишининг қўшимча объекти қўриқлашга топширилган муайян объектларнинг хавфсизлиги, жамоатчилик хавфсизлиги ва тартиб (масалан, гауптвахтадаги шахсларни қўриқлаганда) ҳисобланади.
2. Объектив томондан шарҳланаётган жиноят қоровул (соқчилик) хизмати устав қоидаларининг қоровул таркибига кирган шахс томонидан бузилиши зарарли оқибатлар келтириб чиқаришида ўз ифодасини топади.
Қоровул хизмати - амалдаги қонунчилик ва Қуролли Кучларнинг умумҳарбий низомларига мувофиқ ҳарбий ва давлат объектлари, шунингдек, гауптвахта ва интизомий қисмдаги шахсларни қўриқлаш бўйича махсус хизмат. Қоровул хизматини ўташ жанговар вазифани бажариш ҳисобланади ва шахсий таркибдан уставнинг барча қоидаларига риоя қилишни, юқори ҳушёрлик, собит жасоратни талаб қилади.
Ҳибсдаги ёки ахлоқ тузатиш муассасаларидаги маҳбусларни қўриқлаш ва конвоирлаш бўйича хизмат ҳам қоровул хизмати ҳисобланиб, буни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари амалга оширади.
Ҳарбий кема соқчилик хизмати ҳам қоровул хизматига тенглаштирилади. Бу кемада навбатчилик қилишнинг алоҳида тури бўлиб, вазифаси жанговар техника ва кеманинг ўзини қўриқлаш, шунингдек, уни жанговар тайёргарликда тутиб туришдир. Кема соқчилиги (умуман, кема бўйича) ва махсус (кеманинг жанговар қисмлари ва хизматлари бўйича) соқчилик фарқланади.
3. Қоровул (соқчилик) тартиби амалдаги қонунчилик, Қуролли Кучлар умумҳарбий низомлари, Ички ишлар вазирлиги норматив ҳужжатлари ва уларни бажариш учун чиқарилган турли буйруқлар, фармойишлар билан тартибга солинади, яъни шарҳланаётган модданинг диспозицияси ўз хусусиятига кўра бланкет хусусиятга эга бўлиб, жиноят таркибий белгиларининг аниқ таърифланиши мазкур ҳолатда тузилган қоровул хизмати қоидаларининг мазмуни билан боғлиқдир.
Мазкур тоифа ишлар бўйича уставнинг қайси қоидалари, ёзма фармойишлар, пост табелларида ва йўриқномаларда баён этилган талаблар бузилганлигини синчиклаб текшириш зарур бўлади.
4. Қоровул хизматини ўташнинг устав қоидаларини бузиш ҳаракат орқали ҳам, ҳаракатсизлик орқали ҳам ифодаланади: постдан ўзбошимчалик билан кетиш, постда ухлаш, эътиборсизлик, постга бегона шахсларнинг қўйилиши, қўриқлашга топширилган объектдан мулкнинг талон-торож қилиниши ва ҳоказолар. Гаупвахта ва интизомий қисмдаги, шунингдек, муҳофазадаги конвоирланган ёки ахлоқ тузатиш муассасаларида жазо ўтаётган шахсларни қоровуллаш бўйича хизмат олиб бораётган қоровул таркибидаги ҳарбий хизматчиларнинг устав қоидаларини бузиши қамоқдагиларга нисбатан зўрлик ишлатиш, уларнинг инсоний қадр-қимматини ерга уриш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг камситиш йўли билан ҳам содир этилиши мумкин.
5. Қоровул (соқчилик) хизматини ўташнинг устав қоидаларини бузиш мазкур қоровул олдини олиши лозим бўлган оғир оқибатларга олиб келган тақдирда тугалланган жиноят таркибини ҳосил қилади. Бунда қоидани бузиш билан келиб чиққан оқибатлар ўртасида сабабий боғланишни аниқлаб олиш лозим.
6. Зарарли оқибатлар - хизматдаги қоровул йўл қўймаслиги лозим бўлган оқибатлардир. Булар, масалан, қўриқланаётган объектдан ҳарбий мулкнинг талон-торож қилиниши, конвоирлаш вақтида ҳибсга олинган шахснинг қочиб кетиши, патруль нарядининг ҳаракатсизлиги боис ҳарбий хизматчиларнинг жамоат тартибини қўпол равишда бузиши ва ҳоказолардан иборат бўлиши мумкин. Қоровул томонидан қўриқланаётган объектга етказилган зарар сифатида Ҳибсга олинган шахсларга нисбатан зўрлик ёки қонунга хилоф таъсир чораларини ишлатиш, шунингдек, қонунга хилоф равишда ҳибсдан қисқа муддатга қочиш қоровул томонидан қўриқланаётган объектга етказилган зарар сифатида квалификация қилинади.
Зарарли оқибатлар келиб чиқиши сифатидаги белги қоровул таркибига кирувчи ҳар бир шахсга нисбатан кўрилиши лозим. Масалан, йўл қўймаслик қоровулнинг эмас, балки соқчи ёки қоровул бошлиғининг вазифаси ҳисобланган зарарли оқибатлар келиб чиққан пайтда, у томонидан қоровул хизматини ўташ қоидаларининг бузилиши ЖК 291-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилинади.
7. Шарҳланаётган жиноятнинг содир этилиши натижасида йўл қўймаслик қоровулнинг вазифасига кирмайдиган бошқа оғир оқибатлар етказилган бўлса, содир этилган қилмиш қоровул хизматини ўташ қоидалари таркибини бузишга кирмайди. Масалан, соқчи постга яқинлашаётган бегона шахсни кўриб қолиб, огоҳлантирмасдан ўқ узади ва ҳамла қилганни ўлдиради. Гарчи, у қоровул хизматини ўташ тартибини бузган бўлса-да, унинг қилмишларида зарар қоровул қўриқлаётган объектга етказилмаганлиги сабабли, ЖК 291-моддасида кўзда тутилган жиноят таркиби бўлмайди. Қилмиш шахсга қарши жиноят сифатида квалификация қилинади.
8. ЖК 291-моддаси 1-қисми белгиларига мувофиқ келадиган оқибатларни, муҳрни ёки пломбани бузиш, тамбани ва қулфларни олиб ташлаш, шунингдек, қўриқланаётган объектларга соқчининг ёки бошқа бегона шахснинг кириши, қўриқланаётган ашёларга амалда зарар етказилмаган ҳоллар ҳуқуқбузарлик деб топилмайди. Аммо баъзи ҳолларда бегона шахснинг қўриқланадиган объектга кириб қолиши қоровул олдини олиши лозим бўлган зарарли оқибат сифатида квалификация қилиниши керак. Масалан, қўриқланадиган махфий объектга бегона шахснинг кириб қолиши ушбу тайинланган соқчи олдини олиши лозим бўлган зарарли оқибат сифатида кўрилиши лозим.
9. Агар қоровул (соқчилик) хизматини ўташ қоидаларининг бузилиши натижасида зарарли оқибатлар келиб чиқмаган бўлса, ЖК 291-моддаси бўйича жавобгарлик истисно қилинади. Бундай ҳаракатлар учун қоровул (соқчи) таркибидаги ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом Низомига кўра интизомий жавобгарликка тортилади.
10. Субъектив томондан қоровул хизматини ўташ устав қоидаларининг бузилиши тўғри қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиши мумкин. Айрим қоидабузарликлар (постдан кетиш, қўриқланаётган объектдан буюмларни ўғирлаш ва ҳоказолар) фақат қасддан содир этилиши мумкин. Бошқа қоида- бузарликлар (постда турганда қурол билан эҳтиётсизларча муомала қилиш, хизматни ўташда етарлича сергак бўлмаслик ва бошқалар) эҳтиётсизлик туфайли содир бўлади. Бироқ шундай қоидабузарликлар ҳам мавжудки, улар ҳам қасддан, ҳам эҳтиётсизлик туфайли юз бериши мумкин (постда ухлаб қолиш, соқчининг патруллик хизматини бажариш жараёнида ўз ҳаракат йўналишини ўзгартириши ва бошқалар).
11. ЖК 291-моддасида кўзда тутилган жиноят субъекти қоровул ёки соқчи таркибига кирадиган шахслар (қоровул бошлиғи, соқчиларни жой-жойига қўювчи, соқчи, қоровул ва ҳоказолар) бўлиши мумкин. Қоровул (соқчилик) хизматининг ташкил қилиниши ва ҳолати учун жавоб берувчи, бироқ қоровул таркибига кирмайдиган мансабдор шахслар (масалан, гарнизон коменданти, гарнизон гауптвахтаси бошлиғи) шарҳланаётган жиноят субъекти бўла олмайди. Бу шахслар томонидан қоровул (соқчилик) хизмати устав қоидаларининг бузилиши, зарур белгилар мавжудлигида, ҳарбий мансабдорлик жинояти сифатида квалификация қилиниши лозим.
12. Жиноятни тўғри квалификация қилиш учун қоровул хизматини ўташнинг бошланиши ва тамом бўлиши муддатини аниқ белгилаш зарур.
Қоровул таркибидаги шахсларнинг хизмат вазифаларини бажаришининг бошланиши қоровулларни хизматга тақсимлаш (развод) пайтида қоровул (қисм) бўйича навбатчини кутиб олиш учун берилган “Ростланинг!” буйруғининг берилиши вақтидир. Ушбу вақтдан бошлаб соқчилар қоровуллар (қисм) бўйича навбатчининг тасарруфига ўтади.
Қоровул таркиби хизматини ўташнинг тамом бўлиши алмаштирилган қоровул бошлиғининг алмашгандан сўнг қисмга жўнаш учун берган буйруғи ҳисобланади. Қоровулнинг юқорида кўрсатилган шахслар ихтиёридан чиқиши ушбу вақт билан аниқланади.
Агар қоровул хизматини ўташ қоидаларининг бузилишига соқчиларни хизматга тақсимлашдан илгари ёхуд қоровул алмашганидан сўнг йўл қўйилган бўлса, ҳарбий хизматчи ЖК 291-моддаси бўйича жавобгар бўлмайди. Масалан, хизматга тақсимлашда хизматга боришдан ва қоровулга чиқишдан бош тортгани учун ҳарбий хизматчи ЖК 279-моддаси бўйича бўйсунмаслик учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
13. Амалдаги қонунчилик ва Қуролли Кучларнинг Умумҳарбий низомлари ҳарбий қасамёд қабул қилмаган шахсларнинг қоровул хизматига тайинланишини тақиқлайди. Шу боис ҳарбий қасамёднинг қабул қилиниши шахснинг шарҳланаётган жиноят субъекти деб топилиши учун зарурий шартдир.
14. Қоровул таркибига кирувчи шахслар шарҳланаётган модда томонидан қамраб олинмайдиган бошқа жиноятларни ҳам содир этишлари мумкин. Уларнинг айримлари жиноятлар мажмуи тариқасида қоровул хизматини ўташ қоидаларини бузиш билан квалификация қилинади, бошқалари эса қўшимча квалификацияни талаб қилмайди. Масалан, қоровулнинг қўриқлаш учун топширилган объект мулкининг талон-торож қилиниши, шарҳланаётган модданинг “в” бандида кўзда тутилган белгилар мавжуд бўлмаганида, жиноятлар мажмуи тариқасида ўзганинг мулкини талон-торож қилиш ва қоровул хизматини ўташ қоидаларини бузиш бўйича квалификация қилинади.
15. Соқчилик (қоровул)да турган шахснинг қўриқлаётган объект, ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши зарарли оқибатларга олиб келган бўлса, жиноятлар мажмуи тариқасида ҳарбий хизматни ўташдан бўйин товлаш (дезертирлик) ва қоровул хизматини ўташ тартибини бузиш бўйича квалификация қилиниши лозим.
16. Шарҳланаётган модданинг 2-қисми қоровул (соқчи) хизматини ўташ қоидаларининг квалификация қилинган бузилиши учун жавобгарлик белгилайди, бунда қуйидаги оқибатларнинг келиб чиқиши квалификация қилиш белгиси сифатида мустаҳкамланади:
* баданга оғир шикаст етказилиши;
* одам ўлиши;
* бошқа оғир оқибатлар.
Баданга оғир шикаст етказиш, шахснинг ўлими, шунингдек, бошқа оғир оқибатлар қоровул (соқчилик) хизматини ўташ устав қоидалари бузилиши билан сабабий боғланишда бўлиши лозим.
17. (Баданга оғир шикаст етказиш тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 104-моддаси шарҳига қаранг.)
18. (Одам ўлиши тушунчаси тўғрисида Жиноят кодексининг 97-моддаси шарҳига қаранг.)
19. Қоровул (соқчилик) хизматини ўташ устав қоидаларини бузишнинг бошқа оғир оқибатларига (ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди) бир неча шахсларнинг баданига ўртача ёки оғир шикаст етказиш, бир неча кишининг ҳалок бўлиши, қўриқланадиган объектга кўп ва жуда кўп миқдорда зарар етказилиши, объектнинг жанговар тайёргарлигига путур етказилиши ёки унга путур етган вазиятда унинг жанговарлигини таъминламаслик, белгиланган жойга қўшинларнинг ўз вақтида етиб келмаслиги, қўшинларни бошқаришда тартибсизликнинг вужудга келиши, қўриқланаётган объектдан қурол, ўқ-дорилар ва ҳарбий техниканинг талон-торож қилиниши, ҳарбий техниканинг ишдан чиқиши, ҳарбий қисм байроғининг йўқотилиши, қамоқдан қочишни киритиш мумкин.
20. Қоровул (соқчилик) хизматидаги шахс томонидан қўриқланаётган объектдан қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддаларнинг талон-торож қилиниши жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди ва 247-моддаси бўйича квалификация қилинади.
Шунингдек, ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди ва Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича қоровулнинг эҳтиётсизлик орқасида қўриқлов остида бўлган бир неча шахслар соғлиғига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиши ёхуд одам ўлдириши ҳоллари ҳам жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.
21. Жиноят кодексининг 2551-моддаси бактериологик, кимёвий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллар турларини эгаллаб олганлик учун жиноий жавобгарлик белгилайди (кўрсатилган модда шарҳига қаранг). Қоровул (соқчилик) хизматини ўташ устав қоидаларини бузиш бактериологик, кимёвий ёки бошқа оммавий қирғин қуролларини эгаллаб олиш билан биргаликда содир этилса, қилмиш жиноят мажмуи тариқасида ЖК 291-моддаси 2-қисми “в” банди ва ЖК 2551-моддаси бўйича квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |