297-модда. Атрофдагилар учун катта хавф манбаи бўлган қурол-яроғ, шунингдек, модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш
Атрофдагилар учун катта хавф манбаи бўлган қурол-яроғ, шунингдек, ўқ-дори, портловчи, радиоактив ёки бошқа модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) икки ёки ундан ортиқ шахснинг баданига ўртача оғир шикаст етказилишига;
б) оғир шикаст етказилишига;
в) одам ўлишига сабаб бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган модданинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, қурол-яроғ, ўқ-дорилар, бошқа моддалар ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш, “одамларнинг ўлими ва уларга шикаст етказилишига, ҳарбий мулкнинг йўқ бўлишига, ҳарбий тадбирларнинг барбод бўлиши ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин”.
2. Қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи, радиоактив ва бошқа моддалар билан муомала қилишнинг белгиланган тартибини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар жиноят объекти бўлиши мумкин.
Атрофдагилар учун катта хавф туғдирадиган бундай моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш тартиби ҳарбий уставларда ва бошқа норматив ҳужжатлар (фармойишлар, йўриқномалар, турли хил қуроллардан отиш курслари, қўлланмалари ва ҳоказолар) воситасида тартибга солинади. Муомала қилиш қоидалари қурол-яроғ, белгиланган буюмлар ва моддалардан фойдаланишнинг хавфсиз шартларини таъминловчи ҳарбий бошқарув органлари томонидан чиқариладиган норматив ҳужжатларда қайд этилиши мумкин.
3. Шарҳланаётган моддада кўрсатилган буюмлар билан муомала қилиш тартиби бузилганида, ЖК 297-моддасида назарда тутилган қилмиш жиноятни ташкил қилади. Улардан айримлари аниқлаштирилган: қурол-яроғ, ўқ-дори, радиоактив материаллар, портловчи моддалар. Бошқалари умумлаштирилган: атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи бошқа модда ва буюмлар.
Қурол - жонли кучни йўқ қилиш учун махсус яратилган техник восита.
ЖК 297-моддаси диспозицияси фақат ўқотар қуролни (пистолет, автомат, гранатомёт, артиллерия ва ракета қуроллари ва ҳоказоларни) ўз ичига олиб, совуқ қуролларни бу гуруҳдан истисно қилади. Қурол-яроғ заводда тайёрланган ва ҳарбий қисм у билан қуролланган бўлиши лозим. Қўлда ясалган ўқотар қуроллар ЖК 297-моддасида назарда тутилган қуролга кирмайди.
Шуни таъкидлаш жоизки, қурол-яроғ жанговар вазиятлар учун мўлжалланган бўлиши лозим. Жанг олиб бориш учун мўлжалланмаган силлиқ стволли ов милтиқлари, қурилиш, сигнал, старт берадиган пистолетлар шарҳланаётган модда буюмларига киритилмайди. Айрим спорт милтиқлари ва пистолетлари жароҳатловчи хусусиятларига кўра қуролга тенглаштирилиши мумкин.
Ўқ-дорилар - нишонни уриш учун мўлжалланган ва ёрувчи, отилувчи, пиротехник ёки уриб тушурувчи зарядга ёки уларнинг аралашмасига эга бўлган, техник мослама, қурол-яроғ буюмлари ва отилувчи аслаҳа. Уларга қуйидагилар киритилади: жанговар патронлар, снарядлар, гаранаталар, ракеталар ва бошқалар. Ёрдамчи ўқ-дорилар (масалан, ўқсиз ёки ўқув патронлари, кўргазма снарядлари ёки гранаталар ва ҳоказолар) жиноят предмети бўла олмайди.
Ўқ-дорилар жанговар вазиятда қўллаш учун яроқли бўлиши шарт эмас, чунки ишдан чиққанлиги сабабли яроқсиз бўлиб қолган ўқ-дорилар кўпроқ хавф туғдиради.
Портловчи моддалар - ташқи таъсир остида (уриш, ёқиш, зарба, ўзидан ўзи ёниш) оқибатида тез химик ўзгаришларга кирувчи модда ва буюмлар бўлиб, бу химик ўзгаришлар натижасида улоқтириш ёки вайрон қилиш кучига эга бўлган кўп миқдорда иссиқлик ва қизиган газ пайдо бўлади ва ажралиб чиқади. Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин: муомала қилишда хавф туғдирувчи асосий портловчи модда - симобли модда, қўрғошин, тетразен ва ҳоказоларни ҳаракатга тушириш учун хизмат қилувчи моддалар; парчаловчи моддалар - вайрон қилувчи асосий портловчи модда, одатда, тротил ва унинг эритмалари; отувчи моддалар - турли порохлар. Портловчи моддаларга кирувчи, бироқ жанговар вазиятлар учун мўлжалланмаган айрим пиротехник таркиблар атрофдагилар учун катта хавф туғдирмайди, шунинг учун шарҳланаётган модданинг предметлари таркибига киритилмайди. Булар ёритиш, расмга тушириш, сигнализация, имитация учун қўлланиладиган порох таркибларидир.
Радиоактив моддалар - ўз-ўзидан парчаланиш ва корпускуляр ёки электромагнит нурланиши орқали тирик мавжудотларга зарар келтириш хусусиятига эга бўлган моддалардир.
Атрофдагилар учун хавф туғдирувчи бошқа моддалар деганда, ўзида мужассам объектив хусусиятларга кўра атрофдагиларга зарар етказиши мумкин бўлган барча бошқа моддалар тушунилади. Бундай моддаларга заҳарловчи, ачиштирадиган, айрим юқори заҳарли доривор препаратларни киритиш мумкин ва ҳоказо.
Атрофдагилар учун хавф туғдирувчи бошқа моддалар - ўқ-дори ва радиоактив материалларга ўхшаш ишдан чиқариш қобилиятига эга турли буюмлар: заҳарловчи ёки радиоактив материллар солинган идишлар, юқори кучланишли электр энергияси манбалари ва бошқалар.
4. Объектив томондан жиноят мазкур нормада санаб ўтилган буюмлар ва моддалар билан атрофдагилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида белгиланган муомаланинг у ёки бу муайян қоидаларини бузишда ифодаланади.
Қурол-яроғдан фойдаланиш қоидалари - қуролдан фойдаланиш жараёнида атрофдагиларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, қурол билан муомалада бўлиш усуллари ва изчиллиги мажмуидир.
Атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш қоидалари улардан фойдаланиш тартибини ҳам ўз ичига олади. Масалан, миналарни жойлаштириш, портлаш ишларини амалга ошириш, электр мосламалари ва ҳоказолар билан ишлаш хавфсизлиги қоидалари мавжуд. Шу билан бирга атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш тартиби улардан фойдаланиш қоидаларига кирмайди, бироқ уларни сақлаш ва ташиш қоидаларини ўз ичига олади.
5. Қоида бузилиши деганда, қурол-яроғ, шунингдек, моддалар ва буюмлар билан ишлаш чоғида белгиланган усулларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ёхуд улар билан муомалада бўлишда ҳаракат кетма-кетлигига риоя қилмаслик, шунингдек, ушбу модда ва буюмларни сақлаш хавфсизлигини таъминловчи қоидаларни бузиш тушунилади.
Қуйидагилар муомала қилиш қоидаларини бузиш деб ҳисоб-ланиши мумкин: портловчи моддалар сақланаётган омборда иссиқлик ҳароратига риоя қилмаслик, газ ёки ёқилғи-мойлаш материаллари жойлашган идишлар ёнида олов ёқиш, радиоактив ва заҳарловчи моддалар билан ишлашда ҳимоя воситаларининг бўлмаслиги.
6. Атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш қоидалари бузилиши ва ушбу буюмларни мақсадга мувофиқ қўлламасликни фарқлаш жоиз. Охиргиси шарҳланаётган моддадаги жиноят таркибини ҳосил қилмайди. Кўрсатилган буюмларнинг мақсадга мувофиқ қўлланилмаслиги қурол-яроғ ёки атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи моддалар ва буюмларнинг жонли кучга зарба бериш учун эмас, балки остидан қазиш ва шунга ўхшаш ишларда қўлланилишини келтириб чиқаради. Зарур белгилар мавжуд бўлган ҳолларда, мазкур ҳаракатлар Жиноят кодексининг қуролни эътиборсизлик билан сақлаш ёки шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарлик белгиловчи тегишли моддалари бўйича квалификация қилинади.
7. Агар вазифаси огоҳлантириш бўлган соқчи оғир оқибатлар келтириб чиқарган қурол-яроғ билан муомала қилиш қоидаларини қоровул хизматидан чалғиб бузса, у ҳолда қилмиш жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 297, 291-моддалари бўйича квалификация қилинади.
8. Атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи қурол-яроғ ва моддалар билан муомала қилиш қоидалари шарҳланаётган модда бўйича жавобгарлик ўрнатилган жиноятни баданга ўртача оғирликда шикаст етказилгандагина ҳосил қилади (баданга ўрта шикаст етказиш тушунчаси тўғрисида ЖК 105-моддаси шарҳига қаранг). Шарҳланаётган модда бўйича қилмишни квалификация қилиш учун тергов органлари ва судлар ҳар бир ҳолатда содир этилган қоидабузарлик ва келиб чиққан оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаши лозим.
Баданга ўртача оғир шикаст етказиш ушбу жиноят таркиби билан қамраб олинади ва шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни кўзда тутувчи моддалар билан қўшимча квалификация қилишни талаб қилмайди.
9. Жиноят шахсга ўртача оғир шикаст етказилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Бундай шикастнинг икки ёки ундан ортиқ шахсга етказилиши шарҳланаётган модданинг 2-қисми бўйича квалификация қилинади.
10. Субъектив томондан қурол-яроғ ёки бошқа моддалар, предметлар билан муомала қилиш қоидасини бузиш жинояти қасддан ва айбнинг эҳтиётсизлик шакли билан содир этилади. Келиб чиққан оқибатлар барча ҳолатларда айбдорнинг эҳтиётсизлигидандир. Агар ҳарбий хизматчи мазкур қилмишни содир этишда зарарли оқибатларга қасддан муносабатда бўлса, у ҳолда қилмишни оқибатларга кўра шахсга ёки мулкка қарши жиноятларни назарда тутувчи моддалар билан квалификация қилиш лозим (мулкка зарар етказиш 3-қисмнинг “бошқа оғир оқибатлар” белгиси билан қамраб олинади - шарҳга қаранг).
11. ЖК 297-моддасида кўзда тутилган жиноят субъекти ўз хизмат фаолияти турига кўра қурол, атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи моддалар ёки предметлардан фойдаланувчи ёки уларнинг сақланишини, ташилишини ёки олиб келинишини таъминловчи, фойдаланишда қоидани бузувчи ҳарбий хизматчи бўлиши мумкин. Булар оддий аскар, сержант, старшина, офицер, прапоршчик, мичман таркибидан бўлган шахслар, контракт бўйича хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бўлиши мумкин.
Агар шарҳланаётган жиноят атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи буюмлар ва моддаларга қонуний эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этилса, улар Жиноят кодексининг бошқа моддаларига кўра жавобгарликка тортиладилар.
12. Агар мансабдор шахслар - бошлиқлар таркибидан бўлган ҳарбий хизматчилар атрофдагилар учун мазкур буюмлар ва моддалар билан тегишли хавфсиз муомала қоидаларини таъминламаган бўлсалар, ёхуд улар билан муомала қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш устидан назоратни уюштириш бўйича ўз мажбуриятларини етарли даражада бажармаган бўлсалар, улар хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлганликлари учун жавобгарликка тортилишлари шарт (ЖК 302-моддаси).
13. ЖК 297-моддаси бўйича квалификация қилинадиган қилмишдан қоровул, чегара ва бошқа махсус хизматдаги шахсларнинг тегишли уставлар талабларини бузиб ўқотар қуролни ишлатганини фарқ қилиш лозим, зеро, бундай ҳаракатлар ҳам одамларнинг ўлимига ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Мазкур ҳолатлар қоровул ёки бошқа махсус хизматларни ўташ чоғида қурол ишлатишга доир устав қоидаларини бузишдан иборат бўлиб, Махсус қисмнинг тегишли моддалари билан квалификация қилиниши лозим.
14. Шарҳланаётган модданинг 2-қисми атрофдагилар учун катта хавф манбаи бўлган қурол-яроғ, шунингдек, моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш:
* икки ёки ундан ортиқ шахснинг баданига ўртача оғир шикаст етказилиши;
* оғир шикаст етказилиши;
* одам ўлишига сабаб бўлгани учун жавобгарлик белгилайди.
(Баданга ўртача оғир ва оғир шикаст етказиш тушунчалари тўғрисида ЖК 104 ва 105-моддалари шарҳига қаранг; одам ўлиши тушунчаси тўғрисида ЖК 97-моддаси шарҳига қаранг.)
15. ЖК 297-моддаси “б” ва “в” бандида кўрсатилган квалификация қилиш белгилари баданга оғир шикаст етказиш ёки фақат бир одамнинг ўлишини қамраб олади. Агар икки ёки ундан ортиқ шахснинг баданига оғир шикаст етказилган ёки ўлими келиб чиққан бўлса, жавобгарлик ЖК 297-моддаси 3-қисмининг тегишли қисми бўйича келиб чиқиши лозим.
16. ЖК 297-моддаси 3-қисмида алоҳида квалификация қилинган белгилар назарда тутилган ва қуйидаги зарарли оқибатларнинг келиб чиқиши билан қамраб олинади:
* одамлар ўлими;
* бошқа оғир оқибатлар.
17. “Одамлар ўлими” белгиси атрофдагилар учун катта хавф туғдирувчи қурол-яроғ ва моддалар билан муомала қилиш қоидалари бузилиши натижасида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимини қамраб олади.
18. Бошқа оқибатларга бир неча шахслар баданига оғир шикаст етказиш, анча миқдордаги моддий ва моддий бўлмаган зарарнинг турли шаклларини киритиш мумкин. Моддий зарар ҳарбий мулк, муҳандислик қурилмаларини, фуқаролик қурилишларини ва ҳоказоларни нобуд қилиш ёки унга шикаст етказишда ифодаланади. Моддий бўлмаган зарар муҳим ҳарбий топшириқлар, жанговар, ҳарбий-ўқув вазифалари ёки бошқа тадбирларнинг барбод этилишида намоён бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |