ХХIII боб. ҲАРБИЙ МУЛКНИ САҚЛАШ
ЁКИ УНДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
295-модда. Ҳарбий мулкни беҳуда сарфлаш,йўқотиш ёки ишдан чиқариш
Ҳарбий мулкни беҳуда сарфлаш, яъни муддатли хизмат ҳарбий хизматчисининг шахсан ўзи фойдаланиши учун берилган ҳарбий аслаҳа-анжомларни сотиши, фойдаланиш учун бировга бериши ёки гаровга қўйиши -
олти ойгача қамоқ ёки бир йилгача интизомий қисмга юбориш билан жазоланади.
Хизматда фойдаланиш учун ишониб топширилган қурол, ўқ-дори, ҳаракат қилиш воситалари, техника таъминоти буюмларини сақлаш қоидаларини бузиш натижасида уларни йўқотиш ёки ишдан чиқариш, -
икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки бир йилгача интизомий қисмга юбориш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар жанговар вазиятда содир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ҳарбий уставлар, фармойишлар, кўрсатмалар, буйруқларда қайд этилган ҳарбий мулкдан фойдаланиш ва сақлаш тартиби ҳарбий мулкни беҳуда сарфлаш, йўқотиш ёки ишдан чиқаришнинг объекти ҳисобланади. Ушбу тартибга риоя қилиш қурол-яроғлар, жанговар ва бошқа техника, аслаҳа-анжомлар ва бошқа мулкдан тўғри фойдаланиш ҳамда асраб-авайлашни таъминлайди.
Ҳарбий мулк ҳарбий хизматчиларга шахсий ёки хизматда фойдаланиш учун берилади. Шахсий фойдаланишга фақат ҳарбий кийим ва аслаҳа-анжомлар, хизматда фойдаланишга қурол, ўқ-дорилар, ҳаракатланиш воситаси ва ҳоказолар берилади.
Шарҳланаётган жиноятнинг предмети шахсий фойдаланиш учун берилган ҳарбий аслаҳа-анжомлар ҳисобланади.
2. Объектив томондан мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноят:
* шахсий фойдаланиш учун берилган аслаҳа-анжомни сотиш;
* фойдаланиш учун бировга бериш;
* гаровга қўйишда ифодаланади.
ЖК 295-моддаси 1-қисми шахсан ўзи фойдаланиши учун берилган ҳарбий аслаҳа-анжомларни беҳуда сарф қилганлик учун жавобгарлик белгилайди.
Офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичманлар ва ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган шахсларга ҳарбий кийим, аслаҳа-анжомлар шахсий мулк қилиб берилади. Бу эса бундай предметларни кимгадир берганлик, йўқотганлик, ишдан чиқарганлик учун жавобгарликни истисно қилади.
Муддатли хизмат ҳарбий хизматчилари, шунингдек, офицерлар таркибидан бўлган шахслар, прапоршчиклар, мичман ва ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм мулки бўлган инвентар буюмлар берилиши мумкин. Уларни бировнинг ихтиёрига ўтказиш беҳуда сарфлаш деб квалификация қилинмайди, балки ўзганинг мулкини талон-торож қилиш таркибини ҳосил қилади.
ЖК 295-моддасидан фарқли равишда, 296-моддасида шахсий ёки хизматда фойдаланиш учун белгиланган предметларнигина эмас, ҳарбий мулкнинг барча турини сақлаш тартиби кўзда тутилган. Қурол, ўқ-дори, ҳаракат қилиш воситалари ва бошқа ҳарбий мулк давлат мулки ҳисобланади. Шунинг учун уларни қасддан нобуд қилиш ёки шикаст етказиш айбдорнинг давлат мулкига дахл қилиши ҳисобланади.
Беҳуда сарфлаш ҳарбий кийим ёки аслаҳа-анжом предметларини сотиш, гаровга қўйиш ёхуд фойдаланиш учун бировга беришда ифодаланади.
Беҳуда сарфлашнинг зарурий белгиси - ҳарбий кийим ёки аслаҳа-анжомларнинг ҳарбий хизматчига унинг шахсий фойдаланиши учун берилганлигига қарамай, қонунга хилоф тарзда унинг ихтиёридан чиқиб, бошқа бировнинг тасарруфига ўтишидир.
Беҳуда сарфлашда ҳарбий мулк ҳамиша давлат мулки бўлиб қолаверади, шу боис ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунга хилоф эгалик қилганлардан тортиб олинади. Агар бировга берилган анжомларни қайтаришнинг имкони бўлмаса, айбдордан уларнинг қиймати тўла ундириб олинади.
Ҳарбий аслаҳа-анжомларни сотиш уни бошқа бировга моддий рағбатлантириш эвазига бериш ёки бошқа предметларга алмаштиришда ифодаланади.
Ҳарбий аслаҳа-анжомни сотиш ҳарбий аслаҳа-анжом ихтиёрдан чиқарилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Ҳарбий аслаҳа анжомларни фойдаланиш учун бировга бериш ҳадя этиш, вақтинча бериб туришда ифодаланади. Бунда бериш муддати (доимий ёки вақтинча) аҳамият касб этмайди. Бу шаклдаги жиноят ҳарбий мулкни берган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Ҳарбий аслаҳа-анжом гарови - бу пул ёки бошқа моддий маблағлар қарзини таъминлаш учун вақтинча сақлаш учун топширишдир. Ҳарбий мулкни беҳуда сарфлашнинг мазкур воситаси гаров расмийлаштирган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
3. Субъектив томондан ҳарбий мулкни беҳуда сарфлаш қасддан содир этилади. Мотив ва мақсад жиноятни квалификация қилиш учун аҳамиятга эга эмас.
“Беҳуда сарфлаш айбнинг тўғри қасд шаклида содир этилади. Айбдор ўзига шахсий фойдаланиш учун берилган буюмни сотаётгани, бировга фойдаланиш ёки гаровга бераётганини англайди ва буни хоҳлайди.
Кийим-кечак ёки анжомларни йўқотиш ёки уларни ишдан чиқариш, шунингдек, айбнинг эҳтиётсизлик шаклида - жиноий ўз-ўзига ишониш ёки жиноий бепарволик билан содир этилади”.
4. Жиноят субъекти муддатли хизматнинг ҳарбий хизматчилари ҳисобланади.
5. Шарҳланаётган модда 2-қисмининг объектив томони хизматда фойдаланиш учун ишониб топширилган қурол, ўқ-дори, ҳаракат қилиш воситалари, техника таъминоти буюмларини сақлаш қоидаларини бузиш натижасида йўқотиш ёки ишдан чиқаришда ифодаланади.
ЖК 295-моддаси 2-қисмининг предмети хизматда фойдаланиш учун ишониб топширилган қурол, ўқ-дори, ҳаракат қилиш воситалари, техника таъминоти буюмлари ҳисобланади.
Ишониб топширилган деб, белгиланган тартибда ҳарбий хизматчига фойдаланиш учун топширилган ҳарбий мулк ҳисобланади.
Хизматда фойдаланиш учун топширилган қурол, ўқ-дорилар, ҳаракат қилиш воситалари, техника таъминоти буюмларини йўқотиш деб, ҳарбий сақлаш қоидалари бузилиши натижасида улар хизматчининг тасарруфидан чиқишига айтилади. Ҳарбий хизматчини мазкур буюмларни йўқотгани учун жавобгарликка тортишда сақлашнинг қандай қоидалари бузилганлигини аниқлаш лозим - бу мазкур жиноят таркибининг зарурий белгиси ҳисобланади.
Сақлаш қоидаларини бузиш ва мазкур предметларни йўқотиш ўртасидаги сабабий боғланиш ҳам зарурий белгилардан бири ҳисобланади.
Йўқотиш ҳарбий хизматчининг хоҳиш-истагига қарши бўлиши - буюм йўқолиши, эсдан чиқарилиши, ўғирланиши мумкин.
Йўқотиш кўрсатилган буюмлар ҳарбий хизматчининг эгалигидан чиққан вақтдан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланади.
Ишдан чиқариш деб, буюмларни бутунлай ёки қисман яроқсиз ҳолга келтиришга айтилади.
Жиноят кўрсатилган буюмларнинг бутунлай ёки яроқсиз ҳолга келтирилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
6. Субъектив томондан йўқотиш ёки ишдан чиқариш эҳтиётсизликдан содир этилади.
7. ЖК 295-моддаси 2-қисми бўйича жиноят субъекти қурол, ўқ-дори, ҳаракат қилиш воситалари, техника таъминоти буюмлари хизматда фойдаланиш учун ишониб топширилган ҳарбий хизматчи ҳисобланади.
8. Шарҳаланаётган модданинг 3-қисмида ҳарбий мулкни беҳуда сарфлаш, йўқотиш, шунингдек, хизматда фойдаланиш учун ишониб топширилган қурол, ўқ-дори, ҳаракат қилиш воситалари, техника таъминоти буюмларини сақлаш қоидаларини бузиш натижасида уларни йўқотиш ёки ишдан чиқариш жанговар вазиятда содир этилгани учун жавобгарлик белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |