275-модда. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш
Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёки жўнатишнинг белгиланган қоидаларини бузиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Мазкур жиноятнинг объекти гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан муомалада бўлишнинг белгиланган қоидалари, аҳолининг соғлиғи, хавфсизлиги ҳисобланади.
2. Жиноятнинг предмети гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалардир.
3. Шарҳланаётган модданинг объектив томони гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёки жўнатишнинг белгиланган қоидаларини бузиш билан тавсифланади.
4. Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги масалани ҳал этишда норматив ҳужжатлардаги ишлаб чиқариш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш, ёки жўнатишнинг қайси муайян қоидалари бузилганлиги содир этилганлиги, айбдор қайси аниқ ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги билан мазкур қоидабузарликка йўл қўйганлигини белгилаш зарурлиги билан боғлиқ.
5. “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқиш фақат давлат эҳтиёжлари учун буюртмага мувофиқ амалга оширилади ва бу иш давлат илмий-тадқиқот муассасаларига мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда топширилади. Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур Қонуннинг 19-моддасига кўра, II рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситаларини қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари доирасида давлат корхоналари ва муассасалари томонидан, муайян гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда, амалга оширилади.
III рўйхатга киритилган психотроп моддаларни қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш махсус ваколатли орган қарорига мувофиқ юридик шахслар томонидан, муайян психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда, амалга оширилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлашни амалга оширувчи юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.
6. Юқоридаги Қонуннинг 13-моддасига кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда, махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, муайян фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда, амалга оширилади.
7. “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни бериш, реализация қилиш ва тақсимлаш махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, муайян фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда, амалга оширилади.
8. Қонуннинг 12-моддасига кўра, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб киришга (олиб чиқишга) лицензия, шунингдек, олиб кириш (олиб чиқиш) ҳуқуқи тўғрисида махсус ваколатли орган томонидан бериладиган сертификат бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни махсус ваколатли орган рухсатисиз Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказиш тақиқланади.
9. Қонуннинг 16, 17-моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, муайян фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда, амалга оширилади. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
10. Белгиланган қоидаларнинг бузилиши юқорида келтирилган норма ва қоидаларнинг амал қилмаслигида, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалардан фойдаланиш ва уларни реализация қилиш устидан назорат амалга оширилмаганлигида ифодаланади.
11. Жиноятнинг субъектив томони айбнинг қасд ёки эҳтиётсизлик шакли билан тавсифланади. Мотив ва мақсад жиноятни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
12. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган, уларга топширилган иш юзасидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ишлаб чиқарилиши, сақланиши, чиқарилиши, ҳисоби, олиб ўтилиши, ташилиши, жўнатилиши қоидаларига амал қилиши шарт бўлган шахслар ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |