V боб. Айб
20-модда . Айб шакллари
Ушбу Кодексда назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этган шахс жиноят содир этишда айбдор деб топилиши мумкин.
1.Ўзбекистон Республикаси жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий принципларидан бири, бу ижтимоий хавфли қилмиш содир этганлик учун жавобгарлик бўлиб, яъни шахс унинг айби ижтимоий хавфли қилмишни содир этишда белгиланган қонунчиликка мувофиқ исботлаб берилган тақдирдагина жавобгар бўлиши мумкин.
“Жиноят содир этишда айбланаётган ҳар қандай шахс айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунга қадар айбдор ҳисобланмайди” Айбга нисбатан ҳам жиноят таркибининг алоҳида элементлари сифатида қаралиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тушунтиришларида мустаҳкамланиб ўтилган. Унга кўра, ҳукм шахснинг айбдор (ёки айбсизлигини), унинг ҳаракатига (ёки ҳаракатсизлигига) нисбатан бериладиган ҳуқуқий баҳо, жазонинг тури ва миқдорини белгиловчи суд акти ҳисобланади.
2. Жиноятнинг субъектив томони бу жиноят таркибининг зарурий белгиларидан бири ҳисобланиб, у шахснинг содир этган қилмишига нисбатан ички туйғулари ва руҳий муносабатини ифодалайди. (ЖКнинг 16-моддаси шарҳларига қаралсин). Ҳар қандай жиноятнинг субъектив томонини айб, қилмишнинг мотив ва мақсадини ташкил қилади. Айб деганда шахснинг содир этган ижтимоий хавфли қилмиши ва унинг оқибатларига бўлган руҳий муносабати тушунилади.
Айб шахснинг содир этган ижтимоий хавфли қилмишга нисбатан руҳий муносабатини ифодалаш билан бирга, жиноят таркиби субъектив томонининг ядросини ташкил қилади, бироқ тўлалигича уни қамраб олмайди. Айбсиз ҳолда зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш ва жазо тайинланиши мумкин эмас.Шу билан бирга айнан айб, субъектив томоннинг зарурий белгисини ифодалаб беради ва агар айб мавжуд бўлмаган тақдирда, жиноят таркиби тўлиқ мавжуд бўлмайди ва бу жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришга асос бўлмайди.
Лекин жиноят таркиби субъектив томоннинг зарурий белгиси айбдан ташқари бошқа элементлар орқали хам ифодаланиши мумкин бўлиб, бу айрим турдаги жиноят таркибининг хусусиятига боғлиқ бўлади. Бундай белгиларга жиноят содир қилиш мотив ва мақсади ташкил этади. Улар айб билан биргаликда шахснинг ижтимоий хавфли қилмиш содир этишга ва келиб чиқадиган оқибатга нисбатан бўлган руҳий муносабати даражаси, моҳияти, шаклини билдиради.
3. Айбли хатти-ҳаракат субъекти фақат ўз қилмишлари хусусиятини англай оладиган ва ҳаракатларини бошқара оладиган шахс була олиши мумкин.
Ўз навбатида руҳий муносабат бошқа муносабатлар сингари боғлиқликда бўлади. Бу боғлиқлик субъект (шахс) ва объект, субъектни ўраб турган муҳит ва алоҳида томонлар: табиат, атрофдаги кишилар, ижтимоий аҳвол ва бошқалар билан юзага келади. Инсон ўз муносабатларини англаш, яъни ўз олдига онгли мақсадлар қўйишга ва уларга эришишга интилишида ифодаланади. Бу турдаги руҳий активлик шахснинг танлаш характеридан келиб чиқиб, у муносабатларнинг аҳамиятига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам хар қандай ҳолат ўзида руҳий жараёнларни ифода этиш чоғида бир неча жиҳатга эга бўлади. Айбнинг (рухий муносабатнинг) бундай жиҳатига унинг асосини ташкил этувчи англаш ва ирода киради.
Ўз навбатида айб икки элемент асосида юзага келади: интелектуал ва иродавий. Уларнинг аҳамияти айнан шахснинг руҳий соғлик ҳолатида ўзи амалга ошираётган обьектив ҳаракатларини, хусусан, ўз ҳаракат ёки ҳаракатсизлигининг ижтимоий аҳамиятини, уларнинг оқибатларини (қилмиш натижасида юзага келган оқибат билан ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ўртасидаги сабабий боғланишни), эҳтиёткорликка эга бўлиш, яъни оқибат юзага келишидан олдин улар ҳақида маълум бир даражада тахмин қила олиш, шунингдек, айрим холатларда ўта юқори диққат эътибор ва руҳий куч талаб қилинаётган тажриба, билим даражага эга бўлиш (интеллектуал ҳолат), мақсадга эришиш, оқибат келиб чиқиши учун ҳаракат қилиш ёки унга нисбатан бефарқ муносабатда бўлиш, у ёки бу оқибат келиб чиқишини истамаслик (иродавий холат), ўз ҳиссиётларини ифода этиш, эмоционал ҳолатларни баҳолай олиш ва уни англашда ифодаланади.
Айбнинг интеллектуал элементи ўзида содир этилаётган қилмишнинг барча юридик аҳамиятларини тажовуз қилинаётган обьект ва предметнинг хусусиятларини, ҳаракат ёки ҳаракатсизликнинг характерини, зарарли оқибат даражаси ва хусусиятини англайди ёки бундай имкониятга эга бўлади.
Айбнинг иродавий элементи дейилганда бу жиноят субьектининг иродасига боғлиқ бўлган ҳолда ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши билан реал фаолиятни ўзгартириш мумкинлиги назарда тутилади. Тафаккурий ҳолатнинг зарурий белгиларидан яна бири - бу ҳаракат ёки ҳаракатсизликни содир этаётган субъект ўз қилмиши оқибатида зарарли оқибатлар келиб чиқишини олдин кўра билган бўлиши керак. Ижтимоий хавфли оқибатларни олдиндан кўра билиш деганда, субъектнинг жиноят қонуни билан қўриқланадиган муносабатларга ўз қилмиши туфайли етказиладиган зарарни олдиндан хаёлан кўз олдига келтириши тушунилади. Иродавий элементнинг айбнинг қасддан жиноят содир этилиш шаклидаги ўрни олдиндан кўзлаб қуйилган мақсадга ёки натижага эришиш учун йўналтиришда ифодаланади, эҳтиётсизлик шаклида эса - шахснинг ижтимоий хавфли оқибат юзага келтиришига унинг лоқайдлиги, эътиборсизлиги сабаб бўлади. Эҳтиётсизликдаги иродавий элементнинг асосий хусусияти шундан иборатки, бунда шахс юзага келаётган ижтимоий хавфли оқибатни бартараф этиш учун руҳий куч сарфлаб уни олдини олиш имкониятига эга бўлса-да, бундай қилмайди.Қасднинг моҳияти ва йўналишини тафаккурий, иродавий ҳолатини тўғри белгилаш, шубҳасиз, жиноятни тўғри вкалификация қилишга ёрдам беради.
Айрим вақтларда айбда эмоционал ҳолат руҳий жиҳатдан ўзини намоён қилиш саналади. Бироқ судлар томонидан шахсга нисбатан жазо тайинланаётганда унинг шахс сифатидаги хусусиятлари, ҳулқ-атвори ҳамда қилмишига нисбатан муносабати ҳисобга олинади .
Жиноят қонунчилиги айб шакл ва турларини мазкур элемент кўринишлари ҳамда уларнинг уйғунлигидан келиб чиқиб белгилайди.
Тўғри қасднинг тафаккурий ҳолати шахснинг ижтимоий хавфли характердаги қилмишини англаши ва унинг ижтимоий хавфли оқибатларини кўра билишидир. Унинг иродавий ҳолати эса, жиноят содир этган шахснинг ўзи содир этган қилмишидан келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатни истганидир.Жиноий хатти-ҳаракатнинг интеллектуал элементи шахснинг содир этаётган қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятларини англаган холда ва маълум бир асос ва ҳисобларсиз олдини олишда ифодаланса, иродавий элементи - уларнинг келиб чиқишини истамай, бартараф этишдир.
Жиноий эҳтиётсизликда интеллектуал ва иродавий элементлар инкор қилувчи хусусиятга эга, яъни ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини олдини олиш учун шахс эътиборли ва эҳтиёткор бўлиши, оқибат келиб чиқишини олдиндан билган ёки билиши лозим бўлган бўлиши кузатилади, аниқ бир оқибатга нисбатан унда интеллектуал муносабат мавжуд бўлмайди.
4. Қонун чиқарувчи шарҳланаётган моддада айбни намоён бўлишига қараб уни шаклларга бўлиш орқали моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилади.
Айб шакли - бу жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан жиноят содир этган шахснинг содир этган қилмишига нисбатан идрок этиши ва мазкур харакатларни англай олиши мажмуи тушунилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 20-моддасига кўра ижтимоий хавфли қилмиш қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этган шахс жиноят содир этилишида айбдор, деб топилиши мумкинлиги кўрсатилиб ўтилган.
Айбнинг қасд шаклида жиноят тўғри ёки эгри қасд билан содир этилиши мумкин. Айбнинг эҳтиётсизлик шакли эса ўз навбатида - ўз-ўзига ишониш ва бепарволик каби турларга бўлиниши мумкин ( ЖК 22-моддаси). Айб юридик маънода фақат қонун чиқарувчи томонидан ўрнатилган шакл ва турларда мавжуд бўлиши мумкин. Жиноят кодексида шундай нормалар ҳам мавжудки, ижтимоий хавфли ҳаракат айбнинг қасд шаклида содир этилган бўлиши мумкин, келиб чиққан оқибатлар эса эҳтиётсизлик орқасида юз бериши мумкин. Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, Жиноят кодекси айбнинг фақат икки шаклини, яъни қасд ва эҳтиётсизликни назарда тутади. Шу муносабат билан мураккаб айбли жиноятлар айбнинг “учинчи” шакли эмас, балки шахснинг жиноий қилмишида қасд ва эҳтиётсизликнинг уйғунлашувидир холос.
Қонун қасддан содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш учун фақат жиноий жавобгарлик белгиласа, айб шакли бу жиноий қилмишни жиноий бўлмаган харкатлардан ажратиб туради.
Айб шакли айрим ҳолларда жиноий жавобгарликни дефферинциялашга, яъни жазо миқдорини белгилашга хизмат қилади. Чунончи, қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш, мол-мулкни қасддан йўқ қилиш ёки унга зарар етказиш каби жиноий хатти - ҳаракатлар эҳтиётсизлик орқасида содир этилган қилмишларга нисбатан оғирроқ жазоланади.
Қасд ёки эҳтиётсизликнинг турлари жиноятни квалификация қилишда аҳамиятсиз бўлсада, аммо улар жиноий жавобгарлик ва жазони индивидуаллаштиришда асосий мезон сифатида қаралади. Бошқача қилиб айтганда, тўғри қасд билан содир этилаётган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси эгри қасдга нисбатан юқорироқ бўлса, ўз - ўзига ишониш натижасида содир этилаётган жиноятлар бепарволикка нисбатан ижтимоий хавфлилик даражаси юқори туради. Шунингдек. айб шакллари жазони ўташ тартибини белгилашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, хавфли рецедивист мақоми фақат қасддан жиноят содир этиб судланган шахсларга берилиши мумкин (ЖКнинг 34-моддаси).
Жиноий фаолият юритишга тил бириктириш ва жиноий иштирокчилик фақат айбнинг қасд шаклида бўлиши мумкин ҳамда. жиноятлар таснифида ижтимоий хавфлилик даражаси бўйича юқори туриши билан тавсифланади.
5.Қонунчилик томонидан Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларнинг махсус қисми моддаларини тузиш ва уларни таърифлашда айб шакллари махсус қисм диспозициясида тўғридан тўғри кўрсатилиши (масалан, “Қасддан одам ўлдириш” 97-модда) ёки мазмунан ифода этилиши мумкин. Кўпчилик ҳолларда айбнинг қасд шакли ёки жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида таърифланган ҳаракатлар моҳиятидан (ўғирлик, талончилик, номусга тегиш, туҳмат қилиш, пора олиш ёки бериш ва бошқалар). Шунингдек, жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қилмишнинг аниқ мақсади баён этилган бўлади ёки ҳаракатнинг ўзбошимчалик ёҳуд қонунга зидлиги ёки қилмиш мотивини жиноят таркибига киритилиши билан ифодаланиши мумкин. Эҳтиётсизлик билан содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик фақатгина жиноят қонунида тўғридан - тўғри кўрсатилган ҳолдагина келиб чиқади. Айбнинг эҳтиётсизлик шакли асосан жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг диспозициясида зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик, ҳаракатсизлик (агар мазкур ҳолат маълум бир мақсад ва мотивга эришиш мақсадида амалга оширилмаса) ва бошқа ишораларда ифодаланади.
Шундай қилиб, айб шакл ва унинг элементлари унинг ички унсурлари (бу холатда интеллектуал ва иродавий элементлар) билан узвий боғлиқ бўлиб, объектив томондан инсоннинг ўраб турган борлиққа нисбатан бўлган руҳий ҳолатидан келиб чиқувчи тузилмадан иборат. Бошқача қилиб айтганда, айбнинг ижтимоий - ҳуқуқий моҳияти жиноят қонуни билан таъқиқланган содир этилган ижтимоий хавфли қилмишни айбли содир этишда ифодаланади. Буни шахснинг содир этган хар қандай ҳаракати ёки унга нисбатан содир этиладиган ҳаракатни эмас (шахсни жазоланиши), унинг айнан Жиноят Кодексида назарда тутилган давлат томонидан қўриқланадиган ва жазоланадиган, ижтимоий хавфли жиноий жазо қўллаш таҳдиди билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга муносабатини тушуниш лозим. Жиноятни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этган шахс давлат томонидан қўриқланадиган жамиятнинг ижтимоий қадриятларига нисбатан ўзининг қарши муносабатини ифода этади.
6. Айб ҳозирги вақтда суд ва тергов амалиётда эътибор берилиши қийин ва кам бўлган категория ҳисобланиб, шахснинг руҳий муносабати конкрет ва аниқ бўлмаган жараён ҳисобланади. Ўз навбатида айб тажовуз билан ўзаро муносабатга киришганда ижтимоий хавфли, зарарли ва ҳуқуққа хилофлиги билан маълум бир даражадаги ўлчовига эга. Демак, айбнинг асосий кўрсаткичларидан бири бу унинг даражаси ҳисобланади. Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида айб даражаси деган тушунчанинг мавжуд бўлмаганлиги туфайли у назарий хусусиятга эга. Шунга қарамай, айб даражасини аниқлаш суд ва дастлабки тергов амалиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Айб даражаси - бу жиноят субьектининг ўрнатилган ижтимоий меъёрларни деформациялашганлигини (қай даражада руҳий муносабат билдирилгани) белгиловчи миқдорий кўрсаткичи саналади. Буни аниқлашда нафақат айб шакли балки шахс руҳий фаолиятининг хусусиятлари, унинг жиноят содир этишдаги ҳулқ - атворининг мотив ва мақсади, шахсий хусусиятлари хам инобатга олинади. Масалан, қасддан содир этилган жиноятларда айбдор қўриқланаётган объектга нисбатан тажовуз қилганда, ўзининг салбий муносабатини акс эттиради, лекин эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларда бундай ҳолат кўринмайди. Қасд ва эҳтиётсизлик орқасида содир этиладиган жиноятларнинг айб даражасини белгилаш қийин масала ҳисобланади. Агар бир хил шароитларда тўғри ва эгри қасд билан содир этилган жиноятлар олиб қаралса, тўғри қасд билан содир этилган жиноят эгри қасдга нисбатан хавфлилиги жиҳатдан юқорироқ туради. Демак, бир неча кишиларнинг ўлимини истовчи шахс бир шахс ўлимини хоҳловчи шахсдан хавфлироқ, ёнғин бўлган уйдаги беморни ўлимига йўл қўйган шахснинг олов ёқиб шу тақлидда шахсга зарар етказмоқчи бўлган шахсдан кўра хавфлилик даражаси пастроқ ҳисобланади. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, қасддан жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда айбдорнинг ижобий ва салбий томонларини акс эттирувчи маълумотларни аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. “Айни пайтда жабрланувчининг шахсига оид маълумотлар, унинг судланувчи билан ўзаро муносабатлари, шунингдек, қотиллик содир этилмасдан олдинги хулқ-атвори ўрганилиши лозим”. Жиноят содир этилганда юзага келган оғир оқибатларни, айбдорнинг шахсини, иш холатлари бўйича жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи барча ҳолатлар йиғиндисини инобатга олиш зарур.
“Қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганда жиноятлар бир неча шахсларнинг жавобгарлигини келтириб чиқарувчи ҳолатлар бўйича судлар, ҳар қайси иштирокчининг жиноятда иштирок этганлик даражаси ва хусусиятини аниқлаш, олдиндан тил бириктирув бўлган-бўлмаганлигини ва улар ўртасида вазифалар ўзаро тақсимланган-тақсимланмаганлигини синчиклаб текшириш лозим”. Бу ерда ҳар бир шахснинг иштирокчилик даражаси унинг айб даражаси билан узвий боғлиқ. Қасддан содир этиладиган жиноятларнинг субьектив белгилари орасида қасд тури жиноятнинг хавфлилик даражасига таъсир қилувчи омил сифатида киритиб қўйилганлиги тасодиф эмас. Ўз-ўзига ишониш вақтида айбдорнинг ғайриқонуний ҳаракатлардан тийиб турувчи таъқиқни енгиб ўтади ва нафақат оқибат келиб чиқиши мумкин бўлган қилмиш ҳақида, балки мазкур қилмиш натижасида юз бериши мумкин бўлган оқибат ҳақида тўлиқ ўйлаб кўрмайди. Бу тақлиддаги муносабат айбдор томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатни олдиндан кўра билмаган бепарволикдан кўра хавфлироқ хисобланади.
Айбнинг шакли ва туридан ташқари таъсир қиладиган хусусиятлар сифатида айбдорнинг руҳий ҳолатида юз берадиган интеллектуал ва иродавий жараёнлардан ўзини тия олишни айтиш мумкин. Қасднинг даражасига таъсир қилувчи омиллар айбдорнинг англаш қобилятининг аниқлиги ва ҳажми, олдиндан кўра билиш қобилияти, ўйлаб қўйилганлиги, мақсадга эришиш йўлидаги қатъиятлилиги каби омиллар таъсир қилиши мумкин. Эҳтиётсизлик шаклида эса айб даражасига ўз-ўзига ишониш даражаси, вазиятни баҳолай олиш мажбурияти ва олдиндан оқибат келиб чиқиш сабабларини англамаганлик сабаблари каби омиллар таъсир қилади.
Мақсад ва мотив жиноят содир этиш усул ва услублари, аниқ вазифалар орқали бажарилиши керак бўлган ҳаракатларни белгилашда қарор қабул қилишни аниқлаштиради. Мана шу идеал англаш натижасида шахсда ижтимоий хавфли қилмишга нисбатан реал руҳий муносабатни, яъни айбни пайдо бўлишига олиб келадиган пойдевор вазифасини бажаради. Жиноятнинг мотиви ва мақсади фақат қасддан содир этилган жиноятларга хосдир. Агар жиноят эҳтиётсизлик орқасида содир этилса, унинг натижаси мотив ва мақсадга боғланмайди.
7. Суд тергов амалиётида айб ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилишда қилмишнинг шахс руҳий ҳолати онгида қай даражада мужассамлаштириши ва унга таъсир этувчи психологик жараёнларни тўғри акс эттира олиши ҳисобга олинади. Демак, тажовуз туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида ҳимояланувчи ҳамма вақт ҳам юз берган хавфнинг характерини аниқ англаб олмаслиги ва ҳимоянинг тажовузга нисбатан мувофиқ усулини танлай олмаслигини судлар эътиборда тутишлари керак. Агар тажовуз қилувчига ҳимояланувчи томонидан етказилган зарар, тажовуз қилувчининг етказган зараридан кўп бўлса ва тажовуз оқибатида етказилган зарарни тўла қопласа ҳамда ҳимояланиш тажовузнинг характери ва хавфлилик даражасига нисбатан бутунлай номувофиқ бўлишига йўл қўйилмаган бўлса, бундай ҳолда ҳимояланувчининг ҳаракатларини зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб содир этилган деб ҳисоблаш мумкин эмас.
8. Хато - бу шахс томонидан ижтимоий хавфли қилмишни жиноят сифатида кўрсатувчи обьектив хусусиятларига нисбатан янглишиш ёки нотўғри тасаввур қилиш, нотўғри баҳолаш ҳисобланади. Бошқача қилиб тушунтирганда, хато бу шахснинг содир қилган жинояти ҳолатларига бўлган нотўғри муносабатидир. Шунинг учун ҳам ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланиши лозим бўлган муҳим масалалардан бири бу субьектив хато бўлиб, содир этилаётган ижтимоий хавфли қилмишнинг характер ва даражасини аниқлаштиради ёхуд янглишишнинг юридик тавсифини ўзида намоён қилади. Шахснинг хатоли тасаввурларидан келиб чиққан ҳолда хатоларни юридик ва фактик хатоларга бўлиш мумкин.
9. Юридик хато - бу содир этилаётган қилмишнинг юридик моҳияти ёки унинг юридик оқибатларини нотўғри баҳолаш тусаввури тушунилади. Юридик хатонинг қуйидаги турлари мавжуддир.
* жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳолатларига кўра хато қилиш, яъни шахс ўз содир этган қилмишини жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган деб ўйлайди, аслида эса унинг ҳаракатлари қонун бўйича жиноят сифатида тан олинади. “Қонунни билмаслик жиноий жавобгарликдан озод қилмайди” деган қоидадан келиб чиилиб, мазкур тарздаги хато айбнинг қасд шаклини ҳам, жиноий жавобгарлик масаласини ҳам рад этмайди;
* шахснинг содир этган қилмиши қонун бўйича жиноят ҳисобланмасада, у ўзи содир этган қилмишини жиноят сифатида хато баҳолайди. Бундай қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусияти ва ҳуқуққа хилофлик белгилари мавжуд бўлмаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилмайди, шунинг учун ҳуқуқий аҳамиятига кўра айб инкор этилади.
* субьектнинг содир этган жинояти оқибатига нисбатан хато унинг квалификациясига, мазкур қилмиш учун белгиланадиган жазо миқдорига ва турига нисбатан бўлади. Ҳолатларнинг номланиши айбнинг моҳиятига таъсир қилмайди ва у айбдор онгини тўлиқ қамраб олмаган бўлади, шунинг учун хато баҳо бериш қасдни ҳам жиноий жавобгарликни ҳам инкор этмайди.
Юридик хатонинг аҳамияти шундаки, у на айбга, на жиноятнинг квалификациясига ва на жазо тайинлашга таъсир қилади.
10.Фактик хато-бу жиноят таркибининг обьектив белгилари ҳуқуққа хилоф ижтимоий хавфли қилмиш даражаси ва характерини ифодаловчи фактик ҳолатлар ҳақида шахснинг нотўғри тасаввури ёки янглишиши тушунилади. Ўз навбатида қилмишнинг хавфлилиги кўплаб ҳолатлар билан аниқланар экан, ўз навбатида шахс фактик хатоси ҳам ижтимоий хавфлилиги ва содир этилганлик даражаси ҳамда оқибатларига нисбатан ҳам турли хил бўлиши мумкин.
Предметдан нотўғри тушуниш ва баҳолаш орқали пайдо бўлган тасаввурлардан келиб чиқиб, фактик хатоларни қуйидаги турларга бўлиш мумкин:
* Содир этилаётган ижтимоий хавфли қилмишга нисбатан;
* Тажовуз обьектига нисбатан;
* Етказиладиган оқибатга нисбатан;
* Сабабий боғланишга нисбатан;
* Жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларга нисбатан.
Содир этилаётган ижтимоий хавфли қилмишга нисбатан хато, биринчидан, шахс ўзининг қилмишини нотўғри ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳолайди, бунда эса унга маълум бўлмаган қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини йўқотувчи фактик ҳолатлар кучда бўлади. Бошқачароқ қилиб айтганда, шахс жиноий-ҳуқуқий муносабатнинг бошқа объектига зарар келтиради.Масалан, шахс омбор ҳудудига кириб, ҳисобдан чиқарилган ва йўқ қилишга мўлжалланган, қимматга эга бўлмаган мулкни “ўғирлайди”. Мазкур хато айбнинг шаклига таъсир қилмайди ва ўз- ўзидан қасддан содир этилган деб топилади, аммо бу холат бўйича жиноий жавобгарлик масаласи тугалланган жиноятга нисбатан вужудга келмайди, чунки жиноий мақсад амалга ошмаган ва фактик жиҳатдан танланган (ўғирланмоқчи бўлган) тажовуз обьектига ҳеч қандай зарар етказилмаганлиги учун жиноятга суиқасд сифатида баҳоланади; Яъни жиноят содир қилган шахснинг ҳаракати айбдор фикрининг йўналиши бўйича квалификация қилиниши керак. иккинчидан, шахс ўз хатти-ҳаракатларини ҳуқуқий ҳисоблаб, уларнинг ижтимоий хавфлилиги хусусиятини англамайди. Одатда бундай ҳолатлар жиноятнинг объектив томони ва қилмишга ижтимоий хавфли характер касб этувчи қандайдир муҳим фактик ҳолатни билмаслик билан изоҳланади. Бундай хато айбнинг қасд шаклини инкор этади, шунинг учун фақат қасддан содир этилган қилмиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд нормаларда улар жиноий жавобгарликни истисно этади. Агар қонунчилик жиноий қилмишни айбнинг ҳар қандай формасида жазога сазовор деб ҳисобласа, шахс ижтимоий хавфли оқибатни англаши мумкин ёки англаши керак бўлган ҳолатларда унинг ҳаракатлари эҳтиётсизлик орқасида содир этилган қилмиш учун жиноий жавобгарликни юзага келтиради. Бундай турдаги хатога жуда кўп ҳолларда йўл қўйиладиган ҳолат сифатида зарурий мудофаа мисол бўла олади. Бундай ҳолатларга кўра, агар мудофаа чораларини қўллаган шахс ўзининг янглишганини билмаган ва билиши ҳам мумкин бўлмаган бўлса, унинг ҳаракатлари зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган деб ҳисобланиши керак.
Агар шахс тажовузнинг аслида йўқ ва хаёлийлигини била туриб, иш ҳолатларига кўра ҳам уни албатта билиши мумкин бўлгани ҳолда зарар етказса, унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг эҳтиётсизлик орқасида зарар етказганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи тегшли моддаси билан квалификация қилиниши лозим.
11. Шахснинг жиноят обьектига нисбатан хато қилиши суд - тергов амалиётида кўп кузатиладиган ҳолат ҳисобланади. Қоида тариқасида бундай хатога йўл қўйиш айб шаклини ўзгартирмайди фақат мазмун-моҳиятини, унинг томонларини аниқлаштиради.
Тажовуз обьектига нисбатан хато - бу шахснинг жиноят обьектининг ижтимоий ва юридик моҳияти ҳақида нотўғри тасаввурга эга бўлишидир. Унинг моҳияти жиноят субьектининг бир вақтда маълум бир обьектга тажовуз қиляпман деб ҳисоблайди, аслида эса у бошқа кўзда тутилмаган обьектга нисбатан тажовузни амалга ошираётган бўлади. Мазкур хато гуруҳига жиноят предметига ва жабрланувчига нисбатан йўл қўйиладиган хатоларни ҳам киритиш мумкин, ўз навбатида улар бир хил турга кирмайди. Бу кўринишда хатоларни бир гуруҳга бирлаштириш зарурати шундаки, бу туркум хатоларнинг барчаси асосан обьект белгиларига нисбатан йўл қўйилади. Бундай хатоларнинг барчаси айбдор ўйлаган ва ҳисоблаган обьектга (ўз навбатида хато қилинган “яроқсиз” предмет ва жабрланувчини ҳам киритилади) нисбатан суиқасд сифатида баҳоланади. Масалан, дорихонадан шахс таркибида наркотик модда сақловчи дорини ўғирлашга ҳаракат қилади, лекин у бошқа бир дорини уғирлайди. Бундай хато жиноятни квалификация қилишда қасднинг йўналтирилганлигидан келиб чиқади. Бу ҳолатда шунга ҳам эътибор қаратиш керакки, фактик жиҳатдан олиб қараганда айбдорнинг қасди қаратилган обьект зарар кўрмайди, шунинг учун қилмиш тугалланмаган жиноят сифатида кўрилиб жиноятга суиқасд сифатида қаралади ( юқоридаги мисол ЖК нинг 25 моддаси иккинчи қисми ва 271-моддаси 1-қ). Мазкур ҳолатда ғайриқонуний қилмиш айбнинг шаклига таъсир қилмайди, лекин жавобгарлик охирига етказилган жиноят учун эмас, балки жиноят қилишга суиқасд қилиш билан квалификация қилиниши керак, яъни бу вазиятда айбдор ўз ниятини охирига етказа олмайди, ўз иродасидан ташқари ҳолатда мақсадига эриша олмайди.
Ўз навбатида объектга нисбатан бўлган хатодан предмет ва жабрланувчи шахсига нисбатан бўлган хатоларни ҳам фарқлаш лозим. Бундай хато (бир уйдаги мол-мулк ўрнига иккинчи уйдаги мол-мулкни ўғирлаш, бир одамнинг ўрнига бошқасини ўлдириш) айб шаклига ҳам, жиноятни квалификация қилишга ҳам, жиноий жавобгарлик белгилашга ҳам таьсир этмайди.
Айбдорнинг қилмиш ва оқибатга нисбатан руҳий муносабати қонунчилик бўйича у ёки бу айб шаклини белгилайди. Бу оқибатлар борлиқда юзага келишидан олдин аввало шахснинг тасаввури орқали унинг руҳиятида акс этади. Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бунда интеллектнинг олдиндан кўра билиш шаклида намоён бўлиши кузатилмоқда. Ижтимоий хавфли қилмишни содир этишда шахс онгидаги олдиндан тасаввур қилган натижалар юз берган натижа билан мос келмаслиги мумкин.
Оқибатга нисбатан хатолар турли хил бўлиши мумкин. Масалан, шахс қандайдир оқибат пайдо бўлиши ёки юзага келмаслигига нисбатан янглишиш йўл қўйиши мумкин. Ўз навбатида ҳар қайси хатолардаги бундай янглишишлар оқибатнинг сифат ёхуд ҳажм тавсифига нисбатан бўлиши мумкин. Оқибатга нисбатан хато қилиш икки хил бўлади. Биринчидан, шахс содир этган қилмишнинг оқибатини билмайди. Бундай ҳолда шахснинг ҳаракати туфайли келиб чиққан оқибат эҳтиётсизлик натижасида келиб чиққан деб ҳисобланади. Иккинчидан, айбдор бир оқибатнинг келиб чиқишини хоҳлаган, аммо бошқача оқибат келиб чиққан бўлса, айбдор қандай оқибатнинг келиб чиқишини хоҳлаган бўлса, ўша жиноятга суиқасд қилиш деб ҳисобланади. Шу сабабга кўра, етказилган зарарга нисбатан хато унинг ҳажми ёхуд сифат тавсифига нисбатан бўлиши мумкин.
Сифатга нисбатан бўлган хато, асосан, айбдор олдиндан келиб чиқишини кўра билган ижтимоий хавфи катта оқибат фактик жиҳатдан юзага келмаслиги ёки олдиндан кўра билмаган оқибат юзага келишида ифодаланади. Бундай хато олдиндан кўра билмаган фактик оқибат учун қасддан зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликни истисно этса-да, эҳтиётсизлик орқасида зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликни юзага келтириши мумкин. Қасд қаратилган қилмиш кутилган оқибатни юзага келтирмаса, у оқибатга нисбатан суиқасд сифатида баҳоланиши керак, бундан ташқари фактик юзага келган зарар эҳтиётсизлик орқасида етказилган зарар деб баҳоланади. Масалан, ўзганинг уй-жойини ўт қўйиш орқали йўқ қилишга қаратилган жиноят субьектининг уриниши амалга ошмаса ва бунинг натижасида ходиса жойида тасодифан мавжуд бўлган шахс соғлигига ўртача оғирликдаги тан жарохати етказилса, айбдорнинг қилмиши оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан мол-мулкка зарар етказишга суиқасд қилиш (ЖКнинг 25-моддаси173-модда 2-қисми “б” банди) ва эҳтиётсизлик оқибатида баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказиш сифатида (ЖКнинг 111-модда 1 қисми) квалификация қилиниши лозим. Агар айбдорнинг қасди билан қамраб олинмаган оқибат юзага келса ва бу оқибат қонунчиликка кўра квалификация қилинувчи белги сифатида белгиланган бўлса, бу ҳолатда жиноятлар жами юзага келмайди ва қилмиш асосий жиноят билан бирга келиб чиққан оқибатга квалификация қилинади.
Масалан, шахс жабрланувчининг баданига оғир шикаст етказса, ва бу жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса. қандай квалификация қилиниши керак деган табиий савол туғилади. Бундай ҳолда шахс қасддан одам ўлдиришда эмас, балки унинг ҳаракатини қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган деб квалификация қилинади. Бунда баданга шикаст етказиш қасддан, ўлим эса эҳтиётсизликдан юз беради.
Айбдорнинг ижтимоий хавфли қилмишининг миқдорига нисбатан хатога йўл қўйиши бу унинг жиноят оғирлик даражасида янглишишини англатади. Бу ҳолатда ижтимоий хавфли қилмиш натижасида етказилган зарар даражаси олдиндан кутилган зарар даражасидан ортиқ ёки кам бўлиши мумкин. Бу турдаги хатолар жиноий йўл билан етказилган зарар миқдорига кўра жавобгарликни вужудга келитирувчи жиноятлардан бошқа (масалан, ЖКнинг 161-қўпорувчилик натижасида етказилган мулкий зарарнинг миқдори) барча жиноятларда айб шаклига ҳам, жиноятни квалификация қилишга ҳам умуман таъсир қилмайди. Бу тартибда айб шаклига, жиноятни квалификация қилишга ҳам таъсир қилмаслигининг қонунчилик томонидан ўрнатилган чегарадан четга чиқмаган ҳолда бўлиши мумкин. Демак, агар қасддан баданга оғир шикаст натижасида меҳнат қобилиятининг 33%да ҳам, 70 ва 80%да ҳам айнан квалификация қилинади. Қонун билан иш кўрувчи томонидан келиб чиққан оқибатнинг оғирлик даражасига қараб жиноятни квалификация қилиш лозим бўлса, бу ҳолатда айбдор қасдининг йўналтирилганлиги асосида квалификация қилинади. Агар юзага келган оқибат субьект ўйлаган оқибатдан юқори бўлиб кетса (масалан, шахс тан жароҳати етказмоқчи бўлиб ҳаракат қилиши натижасида ўлимни юзага келиши) бу ҳолда мазкур оқибат учун қасддан етказганлик хусусияти йўқолади, бунда келиб чиққан оғирроқ зарар эҳтиётсизлик орқасида айб билан етказилган бўлса, қасддан зарар етказиш билан бирга (етказилмоқчи бўлган зарар) оғирроқ зарар учун эҳтиётсизлик орқасида зарар етказилганликда жиноий жавобгарлик белгиланади.
Сабабий боғланишга нисбатан хато - содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш билан келиб чиққан оқибат ўртасидаги сабабий боғланишни воқеаларнинг ривожланиши туфайли нотўғри тасаввур қилишдир. Агар айбдорнинг қасди билан қамраб олинган оқибат келиб чиққан бўлса, бундай ҳолдаги хато субъектнинг айб шаклига таъсир қилмайди. Бу турдаги хатонинг жиноий жавобгарлик масаласига таъсир қилиши оқибат айбдор қасди билан қамраб олиниб, келиб чиққан оқибат унинг содир этмоқчи бўлган ҳаракатлари натижасида эмас, балки бошқа бир ҳаракат натижасида юзага келади. Бошқача сўз билан айтганда, қасд ҳамма деталларни эмас, балки умумий ривожланиш қоидалари асосидаги деталларни англай олади. Сабабий боғланишнинг умумий ривожланишига нисбатан хато назарда тутилган жиноий оқибат келиб чиқса, айб шакли ва жиноятни квалификациясига таъсир қилмайди. Айрим ҳолларда сабабий боғлиқлик ривожланишининг қоидаларига нисбатан хато қасдни инкор қилади, аммо субьект келиб чиққан оқибатни олдиндан кўра билиши шарт ёки мумкин бўлган ҳолларда эҳтиётсизлик орқасида жиноий жавобгарликка сабаб бўлишига асос бўлади. Масалан, автомобилни бошқараётган ҳайдовчи бурилишда тўсатдан қаттиқ тормоз бериб, йўл четидаги шағалга сирғанган машина бирдан бурилиши натижасида автомашина ичидаги йўловчилар турли даражада тан жароҳатлари олишди. Мазкур ҳолатда ҳайдовчининг зарур малакага эга эмаслиги, сабабий боғланиш ривожланиши билан тўлиқ қамраб олинмаганлик учун шахс юз бериши мумкин бўлган ижтимоий хавфли оқибатни олдиндан кўра билмаган, ўз навбатида ҳайдовчи мазкур ҳолатни олдиндан кўра билиши мумкин ёки лозим эди. Бошқа холларда сабабий боғланишнинг ривожланиши жиноятни квалификация қилишда таъсир этиши мумкин. Бу ижтимоий хавфли оқибат қасд билан қамраб олинади, лекин у содир этмоқчи бўлган ҳаракат билан эмас, балки бошқа бир харакат натижасида юзага келиши мумкин.
Жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатларга нисбатан хато - бор ҳолатларни йўқ деб, йўқ ҳолатни бор деб тасаввур қилиши натижасида юзага келади. Шунинг учун, мазкур хато тасаввур икки турда бўлиши мумкин. Биринчидан, Жиноят субъекти жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд бўлмаганда, шундай ҳолат мавжудлиги ҳақида хато тасаввурга эга бўлади; иккинчидан, шахс содир этаётган қилмишини квалификация қилинувчи белгиларини содир этаётган деб ҳисоблайди, фактик жиҳатдан эса шахс онги билан англамаган ҳолда жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлади.
Биринчи ҳолатда хатони белгиловчи хусусият бу шахс онгида оғирлаштирувчи ҳолат содир этаётганини тасаввур қилиши аҳамиятга эга,. Шунинг учун, қилмиш қасд йўналтирилган ва қамраб олган доирасида квалификация қилиниши лозим. Бироқ, бу тугалланган жиноят сифатида квалификация қилиниши мумкин эмас, чунки қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини оширувчи квалификацияга таъсир қилувчи жиноят белгилари фактик жиҳатдан содир этилмаган. Жиноятни квалификация қилишда квалификацияга таъсир қилувчи белгиларга нисбатан шахс хато тасаввур қилса, фактик жиҳатдан тамом бўлган жиноят суиқасд сифатида квалификация қилиниши керак, чунки ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқди, лекин айбдорнинг онги ва қасди билан қамраб олинган жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар амалда тўлиқ юз бермади.
Келтирилган иккинчи ҳолатга кўра жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларга нисбатан хатонинг турида шахс содир этаётган қилмишининг ижтимоий хавфлигини оширувчи квалификацияга таъсир қилувчи белгиларсиз амалга ошираётгандай тасаввур этиб, унинг онги билан юридик жиҳатдан мавжуд оғирлаштирувчи ҳолат тўлиқ қамраб олинмайди. Ўз навбатида содир этаётган қилмиш субьектив белгилари мавжуд бўлмаганлиги учун жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларсиз квалификация қилиниши лозим.
Кўриб чиқилаётган фактик хато тури нафақат қилмишнинг квалификацияга таъсир қилувчи оғирлаштирувчи ҳолатларни кўзда тутади, балки жиноят таркибининг мустақил белгилари сифатида ҳам қаралиши мумкин. Масалан, босқинчилик билан ўғрилик содир қилиниши усули билан фарқлананади. Ўғирлик жиноятининг квалификация қилувчи асосий мезони бу айбдорнинг содир этаётган қилмиш ҳақидаги субьектив тасаввури бўлса, бу айбдор қасдининг йўналтирилганлигига асосан квалификация қилиниши лозим.
12. Жиноят таркибининг обьектив томони белгиларига, юз берган оқибатга, сабабий боғланишнинг ривожланишига, жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларга нисбатан хатодан ташқари жиноятни содир этиш воситасига нисбатан хато турини ҳам киритиш мумкин. Буни тўрт турга бўлиш мумкин.
Биринчи турдаги хатога айбдор томонидан ўзи мўлжаллаган воситадан бошқа, лекин унинг ўрнини босадиган воситадан фойдаланиш тушунилади. Мазкур турдаги воситага нисбатан хато қилмишни квалификация қилишга таъсир қилмайди. Содир қилинган қилмишнинг объектив томони охирига етган бўлса, тугалланган жиноят деб топилади. Шахс қасди қаратилган жиноят таркибининг обьектив томони тугалланиши билан жиноят тугалланган деб квалификация қилинади.
Иккинчи турдаги воситага нисбатан хато бу ишлатиладиган воситани айбдор паст даражали деб ҳисоблайди ёки ўйлайди. Агар жиноят содир этилиши натижасида келиб чиққан оқибат айбдор кутгандан кўра оғирроқ бўлиб чиқса, бунда мазкур ҳаракатлар эҳтиётсизлик орқасида содир этилган деб квалификация қилиниши лозим, зеро шахс келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатни олдиндан кўра билмаган бўлсада, мазкур ҳолатни олдиндан кўра билиши мумкин ва лозим эди.
Учинчи турдаги хатонинг моҳияти шундан иборатки, айбдор ўзи яроқли деб ишлатаётган восита аслида яроқсиз бўлиб чиқишига нисбатан бўлган хато. Масалан, икки қўшни А. ва В. лар ўзаро жанжаллашиб қолишади, А. Деворда осиғлиқ турган ов милтиғини олиб, В.ни ўлдириш мақсадида отади, аммо милтиқ занглаб қолганлиги туфайли отилмайди.
Тўртинчи турдаги воситага нисбатан хато ишлатиладиган восита ҳар қандай ҳолатда ҳам яроқсиз бўлиб, буни субьект ўзига далда беришда, ўзини устунлигини қўполликда ва ўз-ўзига ишонишда ишлатишда ифодаланади (фитнада, бузишда). Бунда жиноий жавобгарлик истисно этилади.
Суд тергов амалиётида ҳозирги қадар ҳақиқатан ҳам шахс ўзи содир этган қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини тушунганми, уни жиноий жавобгарликка тортмаслик асосли бўладими деган масала баҳсли бўлиб қолмоқда. Агар мазкур турдаги хатоларни мавжуд бўлганлиги аниқланса, суд ишни ўрганиб чиқиш учун қўшимча терговга қайтариши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |