21-модда. Қасддан содир этилган жиноят
Ушбу Кодекс моддасида жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли қилмиш бажарилган вақт деб ҳисобланган бўлиб, уни содир этган шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаган ва шундай қилмишни содир этишни истаган бўлса, бундай жиноят қасддан содир этилган деб топилади.
Ушбу Кодекс моддасида жиноят тамом бўлган пайт ижтимоий хавфли оқибат юз берган вақт деб топилган қилмишлар тўғри ёки эгри қасддан содир этилган бўлиши мумкин.
Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришини истаган бўлса, бундай жиноят тўғри қасддан содир этилган деб топилади.
Агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай жиноят эгри қасддан содир этилган деб топилади.
1. Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятларнинг кўпчилиги қасддан содир этилади. Шубҳасиз, қасддан содир этилган жиноятлар эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларга нисбатан юқори ижтиомий хавфга эга. Фақат қасддан содир этилган жиноятлар оғир ва ўта оғир жиноятлар сирасига киритилади. ( ЖК 15-м. тўртинчи ва бешинчи қ.).
Шарҳланаётган моддага қонун чиқарувчи жиноятнинг моддий ва формал таркиби жиҳатидан ёндашади. Хусусан, формал таркибли жиноятларни квалификация қилиш учун қасд билан қамраб олинган ижтимоий хавфли қилмиш содир этилишининг ўзи етарли ҳисобланади. Моддий таркибли жиноят деб квалификация қилиш учун эса содир этилган қилмиш билан бирга айбдор англаган ва келиб чиқишини хоҳлаган маълум бир жиноий оқибат вужудга келиши лозим.
Қасдни тўғри белгилаш жиноятни квалификация қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айб шаклини тўғри белгилаш, адолатли жазо тайинланиши, жавобгарликни поғоналаштириш имконини беради.
Қасднинг белгилари тафаккурий (интеллектуал) ва иродавий ҳолатлар ҳисобланади. Интеллектуал ҳолат қасднинг мазмунини, иродавий ҳолат эса унинг йўналишини белгилайди. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, мазкур ҳолатларни тўғри белгилаш, шубҳасиз, жиноятни тўғри квалификация қилишга ёрдам беради. Агар жиноят моҳиятида шахс ўзининг ҳаракат (ҳаркатсизлиги)ни ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаган моддий таркибли жиноятларда ижтимоий хавфли оқибатни олдиндан кўра билганликда ифодаланса, йўналтирилганлик аниқ бир оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлиб (икки турдаги таркиб учун ҳам характерли), қилмишни содир этишга иродавий кучга (формал таркибли) ва тажовуз қилинаётган муайян объектга нисбатан зарар етказишга таянади. Масалан, ўзаро жанжаллашиш пайтида пичоқ орқали тан жароҳати етказилган ҳолатларда кўпинча қилмиш қасддан содир этилган ҳисобланади. Аммо фақат жиноят қасдининг умумий маъносидан келиб чиқиб, қилмишни квалификация қилиб бўлмайди: бу қилмиш моҳият ва йўналтирилганлигига кўра безорилик, баданга тан жароҳати етказиш, қасддан одам ўлдиришга суиқасд, зарурий мудофаа ҳолатида содир этганлик деб ҳам баҳоланиши мумкин.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида қасднинг моҳияти ижтимоий хавфли қилмиш бажарилиб, жиноят тугалланганлик белгилари мавжуд бўлган вақтга нисбатан олинади. Бунда шахс оқибат келиб чиққан чиқмаганлигидан қатъи назар жиноий жавобгарликка тортилади.. Формал таркибдаги жиноятларни квалификация қилишда шахс ўзининг содир этаётган қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини (интеллектуал ҳолат) ва шу қилмишни содир этишга бўлган хоҳиши мавжудлиги муҳим фактлардан бири саналади. Формал таркибли жиноятларда айбдорнинг юз бериши мумкин бўлган оқибатларга бўлган муосабати ижтимоий хавфли қилмишни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас, чунки формал таркибли жиноятларда оқибатлар жиноят таркибидан ташқарига чиқарилган.
Формал таркибли жиноятларда эгри қасд истисно этилади, чунки эгри қасдда айбдор содир этаётган қилмишини истамасада, онгли равишда йўл қўяди.Формал таркибли жиноятлар фақат тўғри қасд билан содир этилиши характерли бўлган жиҳатлардандир.
Ўз навбатида формал таркибли жиноятлардаги айбнинг қасд шакли қилмишнинг ижтимоий хавфлигини тавсифловчи интеллектуал ва иродавий ҳолатларга эгадир. Фақат қилмишгина формал таркибли жиноятларни квалификация қилишда муҳим аҳамиятга эга
Қасднинг интеллектуал ҳолати шахснинг ижтимоий хавфли харакатердаги қилмишини англаши ва унинг ижтимоий хавфли оқибатларини кўра билишидир.
Шахс томонидан содир этаётган қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаши, биринчидан, қилмишнинг фактик моҳиятини, иккинчидан унинг ижтимоий аҳамиятини тушуниши муҳим ҳисобланади. Жиноятнинг фактик томонининг англаниши жиноят содир этиш вақти, жойи, усули, шароитларини (тафаккурий) ҳолат таркибига киритиш имконини беради.
Ижтимоий хавфлилик - бу қилмишнинг фактик белгилари сифатида қаралувчи мустақил элементи эмас, балки қилмишни бутунлигича обьектив белгилари билан ташкил этувчи хусусияти саналади. Ўзининг ижтимоий хавфли характердаги ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини англаш - бу шахс томонидан у жиноят содир этаётганида, барча ҳолатларни англаган деганидир.
Суд-тергов ходимларининг дастлабки вазифаларидан бири бу айбдор руҳиятида қилмишнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини ифодасини аниқлашдан иборатдир. Бу позициядан ижтимоий хавфли қилмишни англаш ҳолати қасдни аниқлаш учун етарли ҳисобланади ва бунда содир этилган қилмишнинг жиноий оқибатлари ҳақидаги айбдор қасди формал таркибли жиноятлар квалификациясига таъсир қилмайди.
Формал таркибли жиноятларнинг интеллектуал томони бу қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ва аҳамиятини англаш ҳисобланади. Ўз навбатида қасд субьектнинг махсус хусусиятларини (мансабдорлик жиноятларида) ўзида акс эттириши жиноятни квалификация қилишдаги мажбурий белгилардан саналади. Бундай ҳолатда субъектнинг махсус белгиларини англаш - содир этилаётган қилмишнинг жиноий ҳуқуқий хилофлигини, яъни айбдорга юклатилган махсус мажбуриятларни бузилаётганлигини англашни билдирувчи зарурий белги сифатида қаралади. Формал таркибли жиноятларда айбдорнинг юз бериши мумкин бўлган оқибатларга бўлган муносабати (иродавий белгиси) ижтимоий хафли қилмишни квалификация қилишда аҳамияти йўқ. Бундай боғлиқликни шу билан изоҳлаш мумкинки, айбдор шахс ижтимоий хавфли қилмишни (ҳаракат ёки ҳаракатсизликни) содир этишни хохлайди.
Моддий таркибли хоҳиш-истак предмети қасдга нисбатан иродавий муносабат сифатида оқибат ҳисобланади, формал таркибли жиноятларда эса - қилмишнинг ўзи тушунилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, моддий таркибли жиноятларда қасднинг иродавий ва интеллектуал ҳолати қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик), оқибат билан қамраб олинган бўлади, формал таркибли жиноятларда эса қилмиш -ҳаракат ёки ҳаракатсизлик бўлиши мумкин. Чунки формал таркибли жиноятларда кўрсатилган оқибат мавжуд бўлмайди, ёки бундай таркиб учун оқибатларни олдиндан кўра билиш талаб этилмайди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини англаш билан унинг ҳуқуққа хилофлигини, яъни жиноят қонуни билан таъқиқланганлигини англаш ўртасида фарқ мавжуд. Кўп ҳолларда жиноят содир этаётган шахслар унинг ҳуқуққа хилофлигини англашади. Бироқ қонунчилик қилмишнинг ҳуқуққа хилофлигини англашни қасд шаклининг моҳиятига киритмайди, шунинг учун содир этилган жиноят айбдор томонидан унинг ҳуқуққа хилофлигини англамасада, қасддан деб топилиши мумкин, қонунчилик ҳgnorantҳa legҳs nemҳnem excusat (қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилишга асос бўлмайди) принципига таянади.
Шундай қилиб, формал таркибли жиноятларнинг обьектив томони белгиларига обьектив томонни тўлалигича ифода этувчи ижтимоий хавфли қилмиш, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик киради. Шунинг учун, формал таркибли жиноятларда қасднинг иродавий моҳияти қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизликка) нисбатан бўлган иродавий муносабат билан қўшилиб кетади.
3. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддасининг иккинчи қисмида моддий таркибли жиноятларда қасднинг моҳиятини кўриб чиқамиз.
Ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқиши биланоқ тугалланган деб топиладиган жиноятлар тўғри ёки эгри қасд билан содир этилган бўлиши мумкин. Бунда қасддан содир этилган жиноятлар иродавий ҳолатга асосан фарқланиши мумкин. Тўғри қасднинг иродавий ҳолатида жиноят содир этган шахс муайян ижтимоий хавфли қилмиш туфайли оқибат келиб чиқишини истайди, баданга шикаст етказишда эса айбдор айнан баданга оғир шикаст етказилишини истайди. Айнан иродавий ҳолат бўйича тўғри қасд эгри қасддан фарқ қилади, чунки тўғри қасдда айбдорнинг ҳаракатларида муайян оқибатлар юз бериши истаги мавжудлиги бўлса, эгри қасдда муайян оқибат юз бериши истаги эмас, балки онгли равишда йўл қўйилиши, яъни ижтимоий хавфли оқибат юз беришига айбдорнинг бефарқ қараши мавжуд бўлади. Бундай ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари унинг қилмиши туфайли юз берган оқибатдан келиб чиққан ҳолда квалификация қилинади.Айнан мана шу белги асосида (иродавий ҳолатга кўра) қасд турларга бўлиниши мумкин. Айбдорнинг жиноятни содир этиш вақтида қандайдир ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини хоҳлаши ёки унга йўл қўйиши асносида қасдни шартли равишда тўғри ва эгри турларга бўлиш мумкин. Шунинг учун, хоҳиш ва онгли равишда йўл қўйиш масалалари жиноят таркибининг элементи ҳисобланган оқибатга нисбатан айбни шаклларга бўлишда аҳамиятга эга. Жиноий қасдни тўғри ва эгри шаклларга бўлиш фақат моддий таркибли жиноятлар учун қўлланилади, чунки уларнинг ижтимоий хавфлилиги ва ҳуқуққа хилофлиги жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан ижтимоий муносабатларни деструктив ўзгаришга олиб келувчи келтирилган зарар билан боғланади.
4. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисмида моддий таркибли жиноятларда тўғри қасднинг моҳияти ва характери баён қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми судларга жазо тайинлаш вақтида жиноят қасди, унинг йўналтирилган мақсад ва мотивини инобатга олиш кераклиги ҳақида тушунтиришлар берган.
Ушбу моддада тўғри қасднинг моҳиятини очиб берувчи ва уларни характерловчи интеллектуал ва иродавий ҳолатлар берилган.
Тўғри қасднинг икки жиҳати мавжуд: тўғри қасднинг тафаккурий ҳолати содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини англаш ва ижтимоий хавфли оқибатни келиб чиқишини олдиндан кўра билишда ифодаланади.. Мазкур ҳолатда айбдорнинг қилмишнинг ижтимоий хавфлигини англаши у содир этаётган қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизликнинг) хусусиятини ва уни содир этиш натижасида маълум бир оқибат келиб чиқиши мумкинлиги тасаввур қилишида ифодасини топади. Айтиб ўтилган барча фикрлар шахснинг онгига бориб тақалади ва бу тўғри қасднинг интеллектуал томонини ташкил қилади.
Шундай қилиб интеллектуал ҳолат биринчидан шахснинг содир этаётган жиноятининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини айни вақтда (жиноят содир этиш вақтида) англаганлиги, иккинчидан мазкур ҳаракатлар таъсирида келажакда юз бериши мумкин бўлган ижтимоий хавфли оқибатни олдиндан кўра билганлигида ифодаланади.
Шахснинг ижтимоий хавфли оқибатларни олдиндан кўра билиши шуни англатадики, унинг ижтимоий хавфли қилмишни содир этиши натижасида юз берадиган оқибат ҳақида олдиндан билиши тушунилади, яъни айбдор ҳаракатлари натижасида тажовуз этилаётган объектга қанчалик зарар етишини олдиндан тасаввур этади. Бу, шунингдек, ана шу келтирилган ўзгаришлар ижтимоий хавфлилигини тушуниш билан боғлиқ. Шунингдек, олдиндан кўра билиш ижтимоий хавфли қилмиш ва келиб чиққан оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш мавжудлигин англашга ҳам боғлиқдир.
Ижтимоий хавфли оқибатларни олдиндан кўра билиш икки хил бўлиши мумкин: тўғри қасдда ва эгри қасдда. Аммо жиноят қонуни тўғри ва эгри қасдларда келиб чиқиши мумкин бўлган ижтимоий хавфли оқибатни олдиндан кўра билишни ўзгаришсиз баён этган. Бундай икки томонлама хусусият тўғри ва эгри қасддаги иродавий ҳолатни олдиндан кўра билишга таъсир этади.
Тўғри қасдларда ижтимоий хавфли оқибатларнинг келиб чиқишини олдиндан кўра билиш оқибат келиб чиқишининг аниқлиги билан изоҳланади. Кўп ҳолларда шахс ўз қилмиши самараси ўлароқ, келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатни кўради, уларни етказишга ҳаракат қилади, ўз мақсадларининг реал амалга ошишига ишонади ва келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатни идеал шаклда тасаввур қилади.
Айбдор шахс оқибат келиб чиқишини ўзининг қилмиши ва келиб чиқиши мумкин бўлган оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш мавжудлигини ҳамда унинг ривожланишини англаган ҳолда оқибатни олдиндан кўра билиши мумкин. Агар шахс келиб чиқиши керак бўлган оқибат учун ўзи лозим, зарур деб топган ва барча ҳаракатларни амалга оширган бўлса, кўзда тутилмаган ҳолатлар таъсирида оқибат юзага келмаган бўлса-да, шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли оқибатларини олдиндан кўра билган деб айтиш мумкин.
Шунинг учун олдиндан кўзланган оқибат фактик юзага келиш билан бирга тўлиқ амалга ошмаслиги мумкин.
Тўғри қасднинг иродавий ҳолати жиноят содир этган шахснинг ўзи содир этган қилмишидан келиб чиқадиган ижтимоий хавфли оқибатни истаганлигидир.
Хоҳиш - бу мақсадга эришиш йўлида йўналтирилган, маълум бир натижага эришишга қаратилган ирода. “Хоҳиш - бу маълум бир предметга қаратилган истаклар йиғиндиси. Хоҳишни пайдо бўлишида маълум бир мақсад қуйилади. Хоҳиш - мақсадга қаратилган интилишдир ”.
Хоҳиш турли хил бўлиши мумкин. У тўғри қасднинг белгиси сифатида айбдор учун аҳамиятли муайян бир оқибатни юзага келишига интилишда ифодаланади:
* охирги тугал мақсад ( рашк ёки ўч олиш мақсадида қасддан одам ўлдириш);
* мақсадга эришишдаги оралиқ босқич (бошқа бир жиноятни яшириш мақсадида қасддан одам ўлдириш).
* тугал мақсадга восита (жабрланувчининг мулкини эгаллаш мақсадида қасддан одам улдириш);
* қилмишнинг ўзаро боғлиқ элементлари жабрланувчининг нафақат ўзини, балки у билан бирга овқатланаётган оила аъзоларини хам захарлаш йўли билан қасддан одам ўлдириш);
Хоҳишнинг предметини жиноят таркибининг элементларини ўзида акс эттирган ижтимоий хавфли оқибат ташкил қилади. Айбдорнинг мақсадли қилмиши билан ижтимоий хавфли оқибат юзага келади. Масалан, қасддан одам ўлдиришда - жабрланувчининг ўлими, ўғирликда - ўзганинг мол-мулкини эгаллаш, безориликда - жамоат тартибини бузиш. Инсон ўз олдига қўйган фаолиятининг мақсадлари мотивлар билан аниқланади. Шунинг учун, тўғри қасд натижасидаги жиноий оқибат, айбдор ҳаракатининг асосий мақсади ҳисобланиб, шахс фаолиятининг мотивидан келиб чиқади ва шу мотив билан аниқлаштирилади.
Тўғри қасднинг мақсадга қаратилганлиги (иродавий элементи) жиноят таркибининг фақат келтирилган зарар билан чегараланиб қолганлигини билдирмайди. Алоҳида мақсадга қаратилган жиноятларда жиноят таркиби чегарасида бўлган, шунингдек, бошқа бир ҳолатларда хам йўналиш махсус натижага қаратилган бўлади. Аммо бу натижалар жиноят таркибида кўзда тутиб ўтилган умумий қасднинг йўналтирилган бир босқичи сифатида қаралади.
5.Шархланаётган модданинг тўртинчи қисмида эгри қасд тушунчаси ёритилган. Эгри қасдга ҳам интеллектуал ва иродавий ҳолатлар киритилган.
Эгри қасд жиноят содир этган шахснинг ўз қилмишини (ҳаракат ёки ҳаракатсизлигини) ижтимоий хавфлилик хусусияти англаган, ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини олдиндан кўра билган ва онгли равишда мана шу оқибатлар келиб чиқишига йўл қўйишда ифодаланади.
Эгри қасдда тафаккурий ҳолат қуйидагилар билан изоҳланади:
* содир этилаётган қилмишнинг ижтимоий хавфлилигини англаш;
* ижтимоий хавфли оқибатларнинг келиб чиқишини олдиндан кўра билиш имкониятига эга бўлиш.
Эгри қасдда қилмишнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини англаш тўғри қасднинг белгиларига мувофиқ равишда бу белгилардан фарқ қилмайди. Лекин эгри қасддаги ижтимоий хавфли оқибатни олдиндан кўра билишда фарқлар мавжуд бўлиб, бу қасдни турларга ажратиб туради. Мазкур ажратиш тўғри қасдда субъект оқибат келиб чиқиши зарурлигини олдиндан кўра билади, эгри қасдда эса - жиноий оқибатининг келиб чиқиши реал имкониятларга эга бўлади. Бундан ташқари тўғри ва эгри қасд ўртасидаги фарқ уларнинг ижтимоий хавфли оқибатни олдиндан кўра билишдаги иродавий ҳолатига кўра аниқланади. Тўғри қасддан фарқли равишда эгри қасдда шахс ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини хоҳламайди, лекин уларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўяди.
Эгри қасдда фақат ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини олдиндан кўра билиш имкониятига эга бўлиш унинг моҳиятини чегаралайди. Шахс ўзи содир қилаётган ҳаракатлари объектив борлиққа қандай таъсир ўтказиб ижимоий хавфли оқибат олиб келишни англайди, лекин баъзан оқибат юзага келмаслиги ҳам мумкин, чунки оқибат юзага келиши учун субьект томонидан назорат қилинмайдиган бошқа шартлар ҳам зарур бўлади. Бу ерда оқибат биргина оқибат билан боғлиқ бўлмай, айбдорга боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар натижаси ҳисобланади. Гап аниқ шароитда шартлардаги реал имкониятлар ҳақида бормоқда, индивидуал ҳолатдаги мавҳумлик ҳақида эмас. “Реал имконият” атамасига жиноят қонунчилигининг шарҳланаётган моддасида мазкур ибора ишлатилмаган бўлса-да, бу эгри қасддаги олдиндан кўра билиш тушунчасини аниқ ифодалайди. Онгли йўл қўйишда олдиндан кўра билиш юзага келиши мумкин бўлган жиноий оқибатга нисбатан мавҳум бўлмай, реал бўлиши мувофиқдир. Онгли равишда йўл қўйиш, энг аввало, ижтимоий хавфли қилмиш келиб чиқишини истамаслик билан характерланади. Эгри қасддан ҳаракат қилаётган шахс бу оқибатларни келиб чиқишидан манфаатдор эмас, шундай бўлса-да, бошқа мақсадларга ва ҳатто, жиноий бўлмаган мақсадларга эришиш учун буларнинг келиб чиқишига тайёр туради. Эгри қасднинг моҳияти шунда намоён бўладики, шахс ўзининг қилмишининг ижтимоий хавфлилик хусусиятини тушуниб, унинг натижасида вужудга келиши мумкин бўлган оқибатни олдиндан кўра билиш реал имкониятларига эга бўлади ва бундай оқибатлар юзага келишига онгли равишда йўл қўяди.Онгли равишда йўл қўйиш эгри қасднинг иродавий томони сифатида, шунингдек, айбдор шахснинг ўз ҳаракатлари ижтимоий хавфли оқибатлар келтириб чиқаришига бефарқ муносабатда бўлиш шаклида ҳам намоён бўлади. Шу сабабдан айрим вақтларда эгри қасд “жиноий бефарқлик” деб ҳам номланади. Ўз навбатида эгри ва тўғри қасд ўртасида нафақат иродавий ҳолатлардаги руҳий моҳиятга, балки англашда ҳам фарқлар мавжуд.
Лекин эгри ва тўғри қасдни бир-биридан ажратиб турувчи асосий фарқ иродавий ҳолатга асосланади: ижтимоий хавфли оқибат тўғри қасдда хоҳиш, эгри қасдда онгли равишда йўл қўйиш билан амалга оширилади..
Эгри қасддан содир этилган жиноятларда айбдор ижтиомий хавфли оқибатлар келиб чиқишини хоҳламайди. Ўз-ўзидан эгри қасдда шахс иродаси оқибатга нисбатан актив эмас, балки пассив муносабатда бўлади. Зеро, бу оқибатлар ушбу жиноят таркибининг ташқарисида жойлашган бошқа мақсадларга эришишга қаратилган айбдор жиноий қилмишининг салбий натижасидир. Шунинг учун эгри қасд билан содир этилган жиноятларнинг тўғри қасд билан содир этилган қилмишларга нисбатан хавфлилик даражаси пастдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |