28-модда. Жиноят иштирокчиларининг турлари
Жиноятни бажарувчи билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ҳам жиноят иштирокчилари деб топилади.
Жиноятни бевосита тўла ёки қисман содир этган ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб, жиноят содир этган шахс бажарувчи деб топилади.
Жиноятга тайёргарлик кўрилишига ёки жиноят содир этилишига раҳбарлик қилган қилган шахс ташкилотчи деб топилади.
Жиноят содир этилишига қизиқтирувчи шахс далолатчи деб топилади.
Жиноятни содир этилишига ўз маслаҳатлари, кўрсатмалари билан, воситалар бериш ёки тўсиқларни йўқотиш билан кўмаклашган, шунингдек жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёхуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга, шунингдек бундай нарсаларни олиш ва ўтказиш тўғрисида олдиндан ваъда берган шахс ёрдамчи деб топилади.
1. Жиноят иштирокчиларини турларга бўлишда улардан ҳар бирининг биргаликда содир этадиган қилмишидаги функционал роли асос қилиб олинган. Шарҳланаётган модда иштирокчилар жумласига жиноят бажарувчиси билан бир қаторда ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчини ҳам киритади ҳамда уларни ҳар бир иштирокчи жинояти таркибининг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатларни амалга ошириш характери бўйича фарқлайди.
Иштирокчиликни белгилаб берадиган асосий мезонлардан бири, жиноят содир этишда ҳар бир иштирокчининг характери ва даражаси ҳисобланади.
Жиноят содир этишда шахс иштирокининг характери ҳар бир иштирокчининг функционал вазифасини белгилайди.
Жиноятда унинг иштироки даражаси эса ўз вазифаларини бажариш юзасидан ҳаракатларининг такрорийлиги, келишиб содир этиладиган жиноятга унинг ҳиссаси ҳақида тасаввур беради. Масалан, қасддан одам ўлдиришда ёрдамчилик кўзда тутилаётган жиноят қурбонининг қачон ва қаерда кутиш кераклигини ёки бажарувчининг илтимосига кўра ёрдамчининг унга жиноят қуролини, жиноят содир этиш жойидан тез яшириниш учун транспорт воситаларини топиб берганлиги ва шу кабиларда ифодаланиши мумкин. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ёрдамчининг функционал роли (яъни иштирокчилик характери) бир хил, иштирок даражаси эса турличадир. Бундан ташқари, айнан ҳаракатларнинг табиати иштирокчиларни турларга бўлиш имкониятини берувчи белгилардан биридир. Иштирокчилар ҳаракатларининг характери қонун чиқарувчи томонидан "ташкил этган", "раҳбарлик қилган", "қизиқтирган", "кўмаклашган" каби ибораларда ифодаланади. Иштирокчиларнинг жиноят содир этишдаги иштироки даражаси ҳамда жиноий ҳаракатларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жазо тайинлашда ҳисобга олинади. Шундай қилиб, жиноятда ҳар бир иштирокчининг ягона мақсадга қаратилган фаолияти, мазкур фаолиятда бажарувчи, ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар ўртасидаги фарқни ҳамда, шундан келиб чиқиб, улар айбланаётган жиноятнинг таркибини аниқлаб олиш мумкин.
2. Жиноят кодекси 28-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, қуйидагилар жиноят иштирокчилари деб топиладилар: 1) бажарувчи; 2) ташкилотчи; 3) далолатчи; 4) ёрдамчи.
Иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларда бажарувчи асосий “фигура”лардан бири сифатида чиқади. Бажарувчи фақатгина у билан бирга ўз функционал ролини амалга оширадиган бошқа шахслар - ташкилотчи, далолатчи ва ёрдамчилар билан ҳаракат қилгандагина мавжуд бўлади.
Бажарувчи деб жиноятни бевосита тўла ёки қисман содир этган ёхуд қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслардан ёки бошқа воситалардан фойдаланиб жиноят содир этган шахсга айтилади.
Жиноятнинг бажарувчиси муайян жиноят субъектини тавсифловчи белгиларга эга бўлган шахсгина бўлиши мумкин, акс ҳолда унинг қилмишида жиноят деб тан олиниши ва жиноий жавобгарликка тортилиши учун зарурий шарт сифатидаги жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
Бу барча субъектларга хос умумий белгилар бўлибгина қолмай (муайян ёшга тўлганлик, ақли расолик), балки махсус субъектни тавсифловчи белгиларга ҳам тааллуқлидир. Суд-тергов амалиётида жиноятни фақат махсус субъект амалга ошириб, бошқа шахслар жиноят иштирокчиси сифатида содир этилганлиги ҳам учраб туради. Бунда жиноят иштирокчиларининг жиноятда иштироки даражаси аниқланиши керак. Жиноятнинг субъекти фақат махсус субъект жиноятларда иштирокчилар махсус субъект содир этган жиноятда фақат иштирокчи сифатида квалификация қилинади. Агар махсус субъектни талаб этувчи жиноят таркибларидан бири бўйича жавобгарликка тортилаётган шахс уни шундай субъект сифатида тавсифловчи белгиларга эга бўлмаса (масалан, мансабдор шахс, ҳарбий хизматчи, терговчи, судья ва ҳ к. бўлмаса), у Жиноят Кодекси Махсус қисми тегишли моддасида қайд этилган жиноят таркиби объектив томонига тааллуқли муайян ҳаракатларни содир этган тақдирда ҳам мазкур жиноятнинг бажарувчиси бўла олмайди.
3. Шарҳланаётган таърифда бажарувчининг қонунда белгиланган бир қатор ўзига хос белгиларини кўришимиз мумкин.
Биринчиси, жиноий қилмишни тўлиқ ёки қисман амалга оширилиши.
Жиноятни тўла содир этиш - бу Жиноят кодекси Махсус қисми тегишли моддаси диспозициясида кўрсатилган қилмишнинг объектив томоннинг тўлиқ содир этилиши тушунилади.
Жиноятни қисман содир этиш - жиноят объектив томонини ташкил этувчи қилмишни содир этиш бўлиб, бироқ бажарувчига боғлиқ бўлмаган ҳолда тамом бўлмайди ёки модда диспозициясида кўрсатилган оқибатнинг юз бермаслигида ифодаланади.
Иккинчиси, жиноятнинг бевосита бажарувчи томонидан содир этилиши. Бевоситалик - бажарувчи шахс томонидан Жиноят кодексининг “Махсус” қисмида кўрсатилган жиноятнинг содир этилганлиги ёки содир этилишини англатади.
Тергов ва суд ходимлари жиноят объектив томонининг жиноий жавобгарлик ёшига етмаганлик ёки ақли норасолик аломатлари бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган шахслар томонидан бажарилиши ҳолларига эътибор қаратишлари лозим. Масалан, агар жиноят муайян қилмиш учун жиноий жавобгарлик ёшига етмаган вояга етмаган шахс томонидан содир этилса, уни жиноят содир этишга ундаган шахс бажарувчи бўлиб ҳисобланади, унинг вояга етмаган шахсга нисбатан ҳаракатлари эса. вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилиш сифатида Жиноят кодекси 127-моддаси 3-қисми бўйича квалификация қилинади.
Вояга етмаганларнинг катта ёшлилар иштирокида содир этган жиноятлари ҳақидаги иш кўриб чиқилаётганда катта ёшдаги шахс ва ўсмир ўртасидаги ўзаро муносабатлари хусусияти синчиклаб аниқланиши лозим, чунки, ана шу маълумотлар катта ёшли кишининг вояга етмаганни жиноят ёки ғайри ижтимоий ҳаракат содир этишга жалб қилишдаги ролини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилганликлари учун жиноий жавобгарликка 18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахслар тортилишлари мумкин.
Шунингдек, агар катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилса-ю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда Жиноят кодексининг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Агар жиноят содир этган шахс субъектнинг барча белгиларига эга бўлса ва жиноятнинг бажарувчиси сифатида ақли норасо шахсдан фойдаланган бўлса, бу ҳолда айбдор фақат содир этган жинояти учун эмас, балки вояга етмаган шахсни жиноятга ёки ғайриижтимоий хатти-ҳарактга жалб қилганлик учун ҳам жавобгарликка тортилади, жиноятни содир этган ақли норосо шахс эса жиноят қуроли деб ҳисобланади.
Шахс томонидан мустақил жиноий-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган хатти-ҳаракатлар содир этилиши ҳолларини ҳам жиноятни бажариш деб топиш зарур. Масалан, фуқаро А. фуқаро Б.ни (жабрланувчини) фуқаро С. томонидан дўппосланаётган пайтда ушлаб турган. Бу мисолда фуқаро Б. жабрланувчи, фуқаро С. - жиноий тажовуз бажарувчиси, фуқаро А. эса - содир этилган жиноят жиноятнинг иштирокчиси бўлади. Жабрланувчини ушлаб турган А.нинг хатти-ҳаракатлари ўз-ўзидан жиноят ҳисобланмайди ва жиноий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Бироқ унинг ҳаракатлари, шубҳасиз бажарувчи фуқаро С. томонидан жиноят содир этилишига қаратилган ва бу айнан мана шу мисолда иштирочилик аломатларининг тан олиниши учун етарлидир.
Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар жиноий ниятнинг билвосита амалга оширилиши мумкинлигидан далолат беради. Шу сабабли, бевоситалик белгиси жуда муҳим бўлса-да, ҳал этувчи аҳамиятга эга бўла олмайди.
Жиноят бошқа шахслар ёки воситалардан фойдаланиш орқали содир этилиши мумкин.
Бу ерда гап жиноят қуроли ёки воситаси сифатида ишлатилиши мумкин бўлган ошиқча хавф манбаи бўлиб келувчи воситалар ҳақида бормоқда. Фуқаролик ҳуқуқида ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик мулкдор зиммасига юклатилади. Жиноят қонуни мазкур принципни қўллаши мумкин эмас, чунки жавобгарлик жиноят содир этган шахсга юклатилади. Масалан, жавобгарликка автомобиль эгаси эмас, балки автомобилни бевосита бошқариб, ўзгаларга муайян зарар етказган шахс тортилади. Жиноят содир этиш воситаси (ёки қуроли) сифатида ишлатилган ошиқча хавф манбаларини қўллаш ҳоллари ҳам худди шу тарзда квалификация қилинади.
4. Ўз жиноий мақсадини охирги зарурат ҳолатидаги бошқа шахсларни мажбурлаб жиноят содир этган шахсларни ҳам жиноят бажарувчиси деб топиш керак.
Бироқ, иштирокчиликда вазифаларни бўлиб олиш билан содир этиладиган жиноятларда Жиноят кодекси Махсус қисмининг муайян моддасида назарда тутилган жиноятнинг объектив томонини кўп ҳолларда бир шахс эмас, балки бир неча шахс амалга оширади. Бу ҳолда сўз жиноят биргаликдаги бажарувчилари ҳақида боради.
Жиноят қонунида биргаликдаги бажарувчилик тушунчаси аниқланмаган. Аммо жиноятда бу каби бажарувчиларнинг мавжудлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленуми тушунтиришларида бажарувчилик шакли ҳамда бажарувчилик тури сифатида назарда тутилади.
Биргаликдаги бажарувчиликнинг объектив томони жиноят содир этаётган шахсларнинг умумий куч асосида амалга оширилади ва уларнинг ҳар бирига жиноий фаолиятнинг фақат бир қисмигина тўғри келади.
5. Бажарувчи томонидан содир этилган қилмиш субъектив томондан тўғри ёки эгри қасд билан содир этилиши мумкин.
Бажарувчи ўзининг бошқа иштирокчилар билан биргаликда содир этаётган қилмишининг ижтимоий хавфлилигини англайди, бу қилмишлар учун умумий, ягона оқибатларининг келиб чиқиши мумкинлиги ва муқаррарлигига кўзи етади, ҳамда бу оқибатларнинг юз беришини истайди ёки онгли равишда йўл қўяди. Қонунга кўра иштирокчиликда содир этилган қилмиш қасддан амалга оширилиб, эҳтиётсизликни истисно қилади.
6. Жиноят ташкилотчиси - жиноят иштирокчилари ичида энг хавфли шахсдир. У жиноят раҳбари бўлиб, иштирокчиларни бирлаштиришга, жиноий ниятни амалга ошириш мақсадида уларнинг тартибли хатти-ҳаракатларини таъминлашга интилади. Ташкилотчи жиноят режасини ишлаб чиқади, бошқа иштирокчиларни танлайди, уларнинг орасида вазифаларни тақсимлайди, йўл-йўриқлар кўрсатади. Ташкилотчи фақатгина уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма таркибида эмас, балки вазифалар тақсимланишидаги иштирокчиликда ҳам бўлади.
Биринчи ҳолда ташкилотчининг жавобгарлиги бевосита Жиноят кодекси Махсус қисми нормалари билан кўзда тутилиб, алоҳида жиноятни ташкил этса, иккинчи ҳолда ташкилотчи вазифаларни тақсимланишидаги иштирокчилик доирасида фаолият олиб боради ва унинг жавобгарлиги Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган асослар бўйича вужудга келади.
Шарҳланаётган модданинг учинчи мувофиқ, ташкилотчи деганда жиноятга тайёргарлик кўрилиши ёки содир этилишига раҳбарлик қилган шахс тушунилади. Жиноят ташкилотчисининг мазкур таърифидан келиб чиқиб ташкилотчилик фаолиятининг 2 турини ажратиб кўрсатиш мумкин:
* жиноятга тайёргарлик кўрилишига ташкилотчилик;
* жиноят содир этилишига ташкилотчилик.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам у "ташкилотчи" сўзи маънодан келиб чиқувчи жиноятга тайёргарлик кўришни амалга оширилади.
Жиноятни ташкил этиш - жуда ҳам кенг қамровли тушунча бўлиб, жиноят ташкилотчиси фаолиятининг жиноят содир этилишига тайёрлаш ва раҳбарлик қилиш кабиларни ўз ичига олувчи қатор хусусиятларни қамраб олади.
Ташкилотчи ҳар доим жиноят содир этиш ташаббускори бўлади. Жиноят содир этиш “ғоя”си ва ундан сўнги ҳаракатларни режалаштириш, ташкил қилиш унга тегишлидир (масалан, иштирокчиларни излаб топади ва уларни бирлаштиради, жиноят содир этиш режасини ишлаб чиқади ва иштирокчиларнинг ҳаракатларини шу режани амалга оширишга қаратади, заруратдан келиб чиқиб уларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиради).
Шу ўринда жиноят содир этиш ҳақидаги фикрнинг юзага келиши фақатгина ташкилотчининг ўзигагина тегишли эмаслигини таъкидлаб ўтиш лозим. Муайян шароитларда, биргаликдаги бажарувчилардан бирида ҳам бундай фикр пайдо бўлиши мумкин. Суд амалиётида биргаликда бажарувчилардан бирида бундай фикрнинг пайдо бўлиши учраб туради. Масалан, гуруҳ бўлиб безорилик қилиш, номусга тегиш жиноятларини содир этишда .
Жиноят ташаббускори далолатчи ҳам бўлиши мумкин. Унинг роли бажарувчи ва жиноят бошқа иштирокчиларида жиноят содир этиш истагини уйғотишга ва бу истакни сўндирмасликка ҳаракат қилишда ифодаланади. Далолатчи фаолияти шу билан чекланади. Агар у иштирокчиларни бирлаштирса, жиноят содир этиш режасини тайёрласа ва иштирокчилар фаолиятига раҳбарлик қилса, ташкилотчига айланади.
Жиноят содир этишга раҳбарлик қилиш - жиноий фаолиятни амалга оширишга тайёргарлик кўришдан иборат , яъни, жиноят содир этиш ташаббуси билан чиқиш, иштирокчиларни жалб этиш, уларни жиноят содир этиш қуроллари ва воситалари билан таъминлаш, жиноий режаларни ишлаб чиқиш, иштирокчилар ўртасида вазифаларни тақсимлаш ва ҳоказо..
Мазкур босқич жиноят содир этишга олдиндан тил бириктириш билан қамраб олинади, чунки бусиз жиноят содир этишнинг тайёрлов қисмига раҳбарлик қилиб бўлмайди. Бироқ, бу иштирокчиликда жиноят ташкилотчиси амалда уюшган гуруҳнинг ташкилотчиси ва раҳбарига айланади дегани эмас. Уюшган гуруҳга жиноий фаолиятни амалга ошириш учун барқарор ва аниқ ифодаланган йўналтирилганлик хосдир (Жиноят кодекси 29-моддасига берилган шарҳга қаранг). Бу ҳолда иштирокчиликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб жиноят содир этиш шакли мавжуд бўлади (ЖК 135-моддасининг иккинчи қисми "б" банди; 137-модда биринчи қисми "в" банди; 164-модда иккинчи қисми "б" банди ва бошқалар).
7. Жиноятни ташкил этишнинг иккинчи шакли шундан иборатки, бунда ташкилотчи, жиноий қилмиш содир этиш ташаббуси билан чиқмасдан, жиноий ниятнинг амалга оширилишини таъминлаб, иштирокчиларнинг бутун жиноий фаолиятига раҳбарлик қилади.
Жиноят содир этишга раҳбарлик қилиш - бу иштирокчилар томонидан жиноятни амалга ошириш жараёнини бевосита бошқаришдир. Жиноятга раҳбарлик қилиш жиноят содир этиш жойида амалга оширилганда, бажарувчининг ҳаракатлари бошқарилади. Шунингдек, раҳбарлик қилиш жиноят содир этиш жойида бўлмаганда ҳам амалга оширилиши мумкин. Масалан, телефон, рация орқали бажарувчининг ҳаракати бошқариб турилиши мумкин.
Иштирокчиликда муайян бир жиноят содир этилишида ташкилотчи кўп ҳолларда жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан бир қаторда бевосита бажарувчи сифатида қатнашади ҳамда шу пайтнинг ўзида, жиноят таркибининг жисмонан амалга оширилишида қатнашадими ёки жиноятни амалда бажарувчилар ўз фаолиятининг самарали бўлишига олиб келувчи ҳаракатларнигина амалга оширадими - бундан қатъи назар, жиноий фаолиятда ташкилотчи, бошлиқ, кўрсатма берувчи шахс сифатида бевосита раҳбарлик қилади.
8. Жиноят ташкилотчиси ҳар доим тўғри қасд билан ҳаракат қилади. У иштирокчилар томонидан содир этилиши лозим бўлган ҳаракатлар характерини англайди, ўз фаолияти натижасида жиноят содир этилиши мумкинлигини кўра билади ва хоҳлайди. Ташкилотчи ўз ҳаракатларининг ва бошқа иштирокчилар ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилиги хусусиятини англайди, баъзи ҳолларда гуруҳ таркиби ҳақида тасаввурга эга бўлади (жиноят содир этишга тайёргарликка раҳбарлик қилаётган пайтда), бутун гуруҳ фаолияти натижаси сифатидаги ижтимоий хавфли оқибатларнинг келиб чиқишини мумкинлиги ва муқаррарлигига кўзи етади.
Агар ташкилотчи жиноятга тайёргарлик кўриш ва содир этишга раҳбарлик қилган бўлса-да, ўзи жиноятнинг объектив томонини бажаришда бевосита иштирок этмаса, унинг ҳаракати Жиноят кодексининг 28-моддаси учинчи қисми билан квалификация қилинади.
9. Жиноят содир этишга қизиқтирган, яъни қасддан бошқа шахсда қонун билан таъқиқланган муайян ижтимоий хавфли қилмиш содир этишга қатъият уйғотган шахс далолатчи деб топилади.
Далолатчилик - бу муайян шахс ёки бир гуруҳ шахсларни муайян аниқ бир жиноят содир этишга қизиқтиришдир. Умуман олганда жиноят содир этишга умумий ёки ноаниқ шахслар гуруҳини далолат қилиш далолатчилик ҳисобланмайди. Бундай ҳаракатлар муайян ҳолларда алоҳида жиноят таркибини ташкил қилиши мумкин. Масалан, давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш жинояти (Жиноят кодекси 159-моддаси), қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этиш (Жиноят кодекси 244-1-моддаси).
Далолат аниқ бир объект ёки шахсларга нисбатан қаратилган бўлиши керак. Жиноят содир этишга даъват этса-да, жиноят айнан қайси объектга қарши қаратилишини кўрсатмайдиган шахс далолатчи деб топилиши мумкин эмас.
Шунингдек, далолатчилик субъект бўйича, яъни унинг қайси шахсга нисбатан амалга оширилиши ҳам аниқланиши лозим. Муайян шахсга қаратилмаган жиноятга умумий даъват, агар у қонун бўйича Жиноят кодекси Махсус қисми аниқ моддаси бўйича жавобгарликка тортиладиган мустақил таркибни ташкил этмаса, далолатчилик деб топилиши мумкин эмас ва жавобгарликка сабаб бўлмайди.
10. Далолатчи таърифидаги модданинг шарҳланаётган қисмида далолатчиликда амалга ошириладиган восита ва шакллар акс этмаган. Далолатчилик восита ва шаклларининг тўла рўйхатини мустаҳкамлаб қўйиш мумкин эмас, шунинг учун у турли хил ҳаракатларда ифодаланиши мумкин. Бу ерда далолатчи қандай восита ва шаклларни ишга солгани эмас, балки бу воситалар қанчалик самара бергани муҳимдир. Шунинг учун алоҳида ҳоллардагина далолатчи томонидан ишлатилган у ёки бу восита ва шаклларнинг самарадорлиги ҳақида сўз юритиш мумкин.
11. Далолатчилик оғдириб олиш, илтимос қилиш, ишонтириш, ундириш, буйруқ бериш, зўрлик ишлатиш, алдаш ва бошқа йўллар билан амалга оширилиши мумкин. Далолатчиликнинг бу ташқи ифодаланиш шакллари ёзма ёки оғзаки фаолиятда, конклюдент ёки бошқа ҳаракатларда (имо-ишора ва б.) юзага чиқиши мумкин.
Мажбурлаш жисмоний ёки руҳий бўлиши мумкин. Руҳий мажбурлаш кўпинча далолатчи томонидан қўрқитиш орқали содир этилади.
Буйруқ бериш далолатчилик воситаси сифатида фақатгина далолатчига хизмат бўйича бўйсунадиган шахсларга қаратилгандагина ишлатилиши мумкин.
Жиноятни буйруқни қонуний ижро этиш натижасида бевосита содир этган хизмат бўйича бўйсинувдаги шахс ўзининг содир этган қилмиши учун жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳолларда ноқонуний буйруқ берган ёки мажбурлаган шахс, агар (ҳарбий хизматчилар, мансабдор шахслар учун) мажбурий бўлса, бевосита зарар етказувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилади (ЖК 27-моддасига берилган шарҳга қаранг).
Ишонтириш далолатчи томонидан жиноят содир этиш мотиви бўлиб келадиган ҳолатларни бажарувчи ёки ёрдамчига хабар қилишдан иборат. Далолатчилик воситаси сифатида ишонтиришнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ташқи томондан далолатчининг жиноятда ўз манфаатлари бўлмайди. Бажарувчининг иродасига таъсир этиб, далолатчи у ёки бу қилмишнинг содир этишнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигига, жиноят содир этилиши бажарувчи манфаатларида эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилади.
Ишонтириш объектив томондан далолатчи ва у қизиқтираётган шахс орасида алоқаларни талаб этувчи давомли жараёндир. Алоқа вақтида далолатчи бажарувчи томонидан қарор қилинишига туртки берувчи мотивларни туғдиришгагина эмас, балки далолатчи истаган қарорнинг қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи мотивларни кучсизлантиришга, йўқ қилишга ҳаракат қилади.
Ишонтиришга яқин бўлган бошқа бир восита, шахсда жиноят содир этишга бўлган қатъиятни уйғотувчи бир вақтнинг ўзидаги акт сифатидаги маслаҳатдир. Бу борада далолатчиликнинг маслаҳатини жиноятдаги ақлий ёрдамчиликни ташкил этувчи ёрдамчилик маслаҳатидан ажрата билиш лозим. Далолатчининг ақлий ёрдамчидан фарқини қўлланилган воситалар эмас, балки бажарувчида уйғотиладиган мотивлар билан боғлиқ ҳолда қараш керак. Ишонтиришда далолатчи ташқи томондан жиноятга ҳеч қандай алоқаси бўлмагандек, кўринсада, унинг манфаатлари жиноятни содир этган бажарувчининг манфаатлари жиноятни содир этган бажарувчининг манфаатларига маълум даражада мос келади. Далолатчи қизиқтирилаётган шахсда жиноят содир этиш истагини уйғотади, ақлий ёрдамчи эса фақатгина мавжуд истакни мустаҳкамлайди, янгиларни келтиради, жиноят содир этишга қўшимча мотивлар уйғотади. Шу сабабли муайян ҳолда далолатчиликми ёки ақлий ёрдамчилик бўлганлигини аниқлаш мақсадида маслаҳатнинг шахсда мавжуд жиноий истакни мустаҳкамлаш ва йўналтиришга ёки бу истакни уйғотишга олиб келганлигини билиш лозим.
Далолатчи жиноят содир этишнинг воситаси сифатида илтимос қилишдан ҳам фойдаланиши мумкин ва бу далолатчи манфаатининг асосини ташкил қилади Илтимос ишонтириш ва маслаҳатдан фарқли равишда далолатчининг манфаатларига асосланади. Илтимос ёрдамида далолатчи бажарувчини бевосита ўзининг ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари учун хизмат қилувчи ҳаракатларни содир этишга ундайди. Шубҳасиз, илтимос далолатчи томонидан фақат ўзининг танишлари, дўстлари ва хизматдошларига қилиниши мумкин.Далолатчилик воситасининг руҳий таъсири асосан далолатчилик ва қизиқтирилаётган шахс ўртасидаги муносабатларнинг табиатига боғлиқ.
Илтимос қилиш кўндириш орқали амалга оширилади. Кўндириш илтимосдан шуниси билан фарқ қиладики, далолатчи шахсни жиноят содир этишга рози қилиш учун ўзининг бор имкониятини ишга солади. Кўндириш бир неча марта илтимос қилиш шаклида бўлиши мумкин. Суд тергов амалиётида далолат қилишнинг бошқа турлари ҳам учрайди. Жиноят қилиш учун мукофот ваъда қилиш, тўғридан-тўғри шахсни сотиб олиш ёки алдаш бунга мисол бўлади. Бу кабилар амалиётда "буюртма" жиноятлар деб номланади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, агар шахс рағбатлантириш орқали жиноий ниятни юзага келтирса, бунда далолатчилик сифатида, агар унга алоҳида шартлар қўйса, жиноятни режалаштириб, унинг тартибини ўрнатса, бу фаолият ташкилотчилик сифатида баҳоланиши, шахснинг ўзи эса ташкилотчи деб топилиши шарт.
Юқорида санаб ўтилган далолатчиликнинг барча воситалари амалиётда кўп учрайди. Бироқ, улар далолатчилик воситаси сифатида муайян шароитда, аниқ ҳолатларда тан олиниши керак. Ўз навбатида, субъектнинг ҳар қандай бошқа ҳаракатлари, агар унинг ёрдамида жиноят бажарувчисида кўзда тутилган жиноий ниятнинг амалга оширилишига қатъийлик ва ишонч юзага келган ҳамда шаклланган бўлса, далолатчилик деб тан олиниши зарур. Кўзда тутилаётган бажарувчининг субъектив хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда далолатчи дўқ-пўписа, хушомад, баъзан эса ишора, йўл-йўлакай ташланган сўз кабиларга мурожаат қилиши мумкин.
12. Ҳаракатсизлик натижасида шахсни жиноят содир этишга жалб этиш мумкин эмас, ҳаракатсизлик фақатгина жиноят содир этишга ёрдам бериши мумкин, бу эса далолатчилик чегарасидан чиқади ва муайян ҳолатларда ёрдамчилик бўлади. Конклюдент розилик ёки муайян жиноятга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бажарувчининг ҳаракатларини сўзсиз қабул қилиш далолатчилик сифатида кўрилиши мумкин эмас.
Объектив томондан далолатчилик фақатгина муайян бажарувчини жиноят содир этишга қизиқтиришга йўналтирилган фаол ҳаракатлар билан ифодаланади.
13. Далолатчилик субъектив томони далолатчи қандай ҳаракат содир этишидан қатъи назар, бажарувчида жиноят содир этиш истагини уйғотишга ва бу истакни сўндирмасликка ҳаракат қилишда ифодаланади. Шунинг учун у бошқа шахсни кейинчалик уни фош этиш мақсадида жиноят содир этишга қизиқтирган, яъни "жиноят провокацияси" ҳолида ҳам жавобгарликка тортилади.
Далолатчи иштирокчи-бажарувчи томонидан содир этилган муайян жиноят объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатларни амалга оширишда бевосита иштирок этмайди, далолатчининг ҳаракатлари Жиноят кодекси Махсус қисмининг бажарувчи томонидан содир этилган жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси бўйича, Жиноят кодекси 28-моддасининг тўртинчи қисмига таянган ҳолда квалификация қилинади.
Ёрдамчи далолатчидан шуниси билан фарқ қиладики, у ўзининг ҳаракати билан жиноятнинг бошқа бир иштирокчисида жиноят содир этиш истагини вужудга келтирмайди, бу ҳолат ёрдамчиликни амалга оширгунга қадар вужудга келади. Далолатчи бажарувчилардан бири сифатида жиноят содир этишда бевосита иштирок этган ва бир вақтнинг ўзида тажовуз ташаббускори бўлганида биргаликдаги бажарувчилик ҳолати суд томонидан инобатга олиниши лозим.
14. Жиноятнинг содир этилишидаги ўзининг объектив роли бўйича ёрдамчи, (баъзи истиснолар Билан) бошқа иштирокчиларга қараганда камроқ хавф туғдирувчи шахсдир: жиноятни содир этиш ташаббуси унга тегишли бўлмайди, у бошқа шахсларнинг жиноий фаолиятига раҳбарлик қилмайди. Жиноят таркибининг объектив томонини бажармайди. У бажарувчига фақатгина унинг жиноий ниятини амалга оширилишида жиноят таркибининг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатларни бажармасдан кўмаклашади. Бироқ мазкур чегараларда ҳам ёрдамчиларнинг ҳаракат доираси жуда кенг бўлиши мумкин: қасддан одам ўлдириш, ўғрилик ва бошқа шу кабиларнинг кўзда тутилаётган жарбланувчилар оила аъзолари таркиби ҳақидаги маълумотларни бажарувчига етказишидан тортиб унга жиноят содир этиш қуролларини тақдим этишгача.
Шарҳланаётган модданинг 5-қисмидаги таърифга мувофиқ, ёрдамчи деб маслаҳат бериш, жиноят қуролларини, жиноят изларини ва воситаларини ёки жиноий йўл билан топилган буюмларни олиш ёки сотиб беришга олдиндан ваъда берадиган шахсга айтилади. Мазкур таърифдан нафақат ёрдамчи фаолиятининг йўналиши (жиноят содир этишга кўмаклашиш) белгилаб берилган, балки ёрдамчиларнинг услуб ва воситалари рўйхати берилган. Қонунда санаб ўтилганидан бошқа ҳеч бир ҳаракат ёрдамчилик сифатида тан олиниши мумкин эмас.
15. Қўлланиладиган восита ва усуллардан келиб чиқиб ёрдамчиликнинг икки турини ажратиб кўрсатиш мумкин:
жисмоний ва руҳий ёрдамчилик.
Руҳий (ақлий) ёрдамчилик қуйидагича:
* жиноят содир этилишига маслаҳатлар ва кўрсатмалар бериш билан кўмаклашиш;
* жиноятчини, жиноят содир этиш қуроли, излари ва воситаларини ёҳуд жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яширишга олдиндан ваъда бериш;
* жиноий йўл билан топилган буюмларни олиш ёки сотиб беришга олдиндан ваъда бериш шаклида бўлиши мумкин.
Руҳий ёрдамчилик бажарувчи онги ва иродасига руҳий таъсир этишдир. Бу маънода ақлий таъсир белгиларига эга ва улар билан тавсифланадиган ҳаракатлар бажарувчининг онгли ва иродавий фаолиятига таъсир этади. Бу ҳаракатлар бажарувчи жиноий ниятининг қатъийлашувини мустаҳкамлаш ва ёрдамчининг муайян ишонтиришлари ёрдамида қасднинг янада аниқлашувига кўмаклашади.Шунингдек, руҳий ёрдамчилик жиноят содир қилинишида бажарувчининг қарори ва хоҳишини мустаҳкамлайди.
Маслаҳат ва кўрсатмалар далолатчиликнинг воситаларидир. Суд амалиётида ҳам улар кам учрайди. Жиноятни қандай қилиб содир этиш бўйича маслаҳат ёхуд кўрсатмалар берувчи шахс, одатда, жиноят ташаббускори бўлади ва шунинг учун суд-тергов амалиёти томонидан адолатли равишда далолатчи ёки ташкилотчи сифатида қаралади. Маслаҳат ва кўрсатмалар жиноят содир этиш ниятида бўлган шахсга қаратилган ҳолатлардагина ва мазкур маслаҳат ҳамда кўрсатмалар бу ниятни мустаҳкамлаш мақсадини кўзласагина, бу шахс ёрдамчи сифатида тан олиниши керак. Умуман олганда, маслаҳат ва кўрсатмаларни кўпроқ жиноятни уюштирадиган шахс бериши мумкин.
Маслаҳат ёки кўрсатма, мавжуд жиноят содир этиш ниятини мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, ёрдамчилик воситаси бўлади.
16. Руҳий (ақлий) ёрдамчиликка жиноят содир этган шахсни ёки жиноят ҳодисаси билан фактик яхлитликни ташкил этувчи бошқа элемент ва белгиларни яширишга ваъда бериш ҳоллари киради. Уларга, хусусан, жиноят қурол ва воситалари, жиноят излари ва нарсалари киради.
Жиноят излари - жиноят ҳодисаси ҳақида гувоҳлик берувчи мавжуд воқеликда акс этган фактик, кўпинча, салбий характердаги маълумотлардир. Уларга, жумладан, пойафзал излари, олишув излари, бармоқ ва қўл излари ва шу кабилар, биологик чиқинди ва қолдиқлар (қон, суюқлик, соч ва ҳоказо), мурда кабилар киради.
Бажарувчига юқорида санаб ўтилган жиноят элементларини жиноятчи билан бир қаторда яшириш ваъдасини бераётиб, ёрдамчи шу орқали бажарувчида қилмишга нисбатан қатъиятни мустаҳкамлайди, унинг қасди шаклланишига кўмаклашади. Ёрдамчининг ишонтиришлари бажарувчида уни яшириш, у ҳақда хабар бермасликлари, унга тўсқинлик қилмасликлари умидига асосланган жиноят содир этиш ниятини кучайтиради. Бунда ёрдамчининг ўз ваъдасининг устидан чиқиши ёки чиқмаслигининг аҳамияти йўқ, чунки у содир этилаётган жиноятда ўзининг вазифасини адо этди - қилмишга нисбатан бажарувчининг қатъиятини мустаҳкамлади.
Агар мазкур шахсни ва жиноятга оид бошқа элементларни яшириш ҳақида бажарувчига олдиндан ваъда берилмаган бўлса, улар жиноятда иштирокчилик сифатида эмас, балки жиноятга дахлдорлик каби баҳоланиши шарт (ЖК 31-моддасига берилган шарҳга қаранг).
17. Жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олиш ёки ўтказиш олдиндан ваъда берилган бўлса, ёрдамчининг хатти-ҳаракати жиноятнинг объектив томонини ташкил қилади. Жиноят содир этган шахсни, жиноят қуроли, воситалари ва излари, шунингдек жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни яшириш вазиятидаги каби жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олиш ёки ўтказиш тўғрисида ваъда бериш жиноят содир этишдан олдин ёки жиноят содир этиш вақтида амалга оширилиши лозим. Зеро, бу ерда сўз нарсаларни олиш ёки ўтказиш ҳақида эмас, балки айнан ваъда бериш ҳақида бормоқда. Ёрдамчи нарсаларни фақатгина бажарувчи томонидан жиноятнинг бевосита содир этилишидан кейин эга бўлишидан сўнгина олиши ёки ўтказиши мумкин. Бироқ, агар шахс жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олиш ёки ўтказиш факти бажарувчи билан келишиб олинмаган бўлса, нарсаларни олувчи ёки ўтказувчининг ҳаракатлари ёрдамчилик туридаги иштирокчилик белгиларини ташкил этмайди. Бундай ҳолатлар субъект мол-мулкнинг ноқонуний топилганлиги факти ҳақида олдиндан билганлиги шарти билан Жиноят кодекси 171-моддаси бўйича квалификация қилиниши лозим (Жиноят кодекси 171-моддаси шарҳига қаранг).
Жиноий йўл билан топилган нарсани олдиндан ваъда берган ҳолда олиш ёки уни айнан бир шахснинг ўзидан, бу нарсани сотишда унга кўмаклашаётганини билгани ҳолда, доимий равишда олиш жиноятда ёрдамчи тариқасидаги иштирокчилик қилиш деб баҳоланмоғи керак.
18. Жисмоний ёрдамчилик дейилганда жиноят содир қилинаётганда тўсиқларни олиб ташлаш учун воситалар ва қуроллар билан ёрдам бериш, яъни жиноятнинг объектив томонини амалга оширишда бажарувчига кўмаклашиш тушунилади. Агар руҳий ёрдамчилик муайян турдаги ишонтиришлар орқали мавжуд жиноий ниятни мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, жисмоний ёрдамчиликда жиноят воситаларини етказиб бериш ёки шарт-шароит яратиб беришдан иборатдир.
Жисмоний ёрдамчилик қуйидагиларда ифодаланади:
* жиноят содир этиш учун бажарувчига зарур воситаларни етказиб бериш (масалан, катта миқдордаги мол-мулкни ўғирлаш жиноятини амалга ошириш учун машина тақдим этиш);
* бажарувчи содир этадиган жиноятга қўйилган тўсиқларни олиб ташлаш (масалан, моддий қимматликлар омборини талон-тарож қилиш учун очиқ қолдириш).
19. Жиноят содир этиш воситаларни етказиб бериш ёрдамчи томонидан бажарувчига жиноий қилмишни амалга ошириш учун ишлатиладиган зарур бўлган турли буюмларни топширишда ифодаланади. Буларга: ўғрилар ломи, қуроли, транспорт воситалари, ёқилғи материаллари ва бошқа шу каби нарсалар бўлиши мумкин. Воситалар сифатида ўз хоссалари бўйича бажарувчига муайян жиноят объектив томонини амалга оширишга кўмаклашиш имкониятига эга бўлган моддий дунёнинг турли хил нарсалари хизмат қилиши мумкин.
20. Тўсиқларни олиб ташлаш деганда ёрдамчининг бажарувчи томонидан жиноятни амалга оширишда тўсиқларни батараф қилишга ёрдамлашиш ҳаракати тушунилади. Масалан, қўриқчини хизмат вазифасидан чалғитиб туриши, сигнализацияни ўчириб қўйиш, қўриқчи итларни чалғитиш ва ҳоказолар.
Тўсиқларни йўқ қилиш иккиёқлама характерга эга. Биринчи ҳолатда у теварак атрофни бажарувчи жиноий ниятини амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи у ёки бу элементларни олиб қўйишдан иборат ўзгаришларда акс этади. Иккинчи ҳолатда эса аксинча, теварак атрофни бажарувчига жиноят объектив томонини амалга оширишга ёрдам беришга мўлжалланган бирор-бир нарсалар билан тўлдириш кўзда тутилади.
21. Ёрдамчининг ҳаракатлари, жиноят бошқа иштирокчиларининг ҳаракатлари сингари, иштирокчилик ҳақида биргаликдаги жиноий фаолият сифатида гувоҳлик бериши учун бажарувчининг ҳаракатлари билан сабабий боғлиқликда бўлиши лозим. Бу ҳолат ёрдамчининг хатти-ҳаракатлари бажарувчиникидан олдин ёки унинг қилмиши билан бир вақтда амалга оширилгандагина юзага чиқиши мумкин. Агар ёрдамчининг фаолияти бажарувчи тажовузи ниҳоясига етган лаҳзадан кейин амалга оширилган бўлса, бу фаолият бажарувчи қилмиши билан сабабий боғлиқликда бўлмаганлиги учун ёрдамчилик сифатида квалификация қилиниши мумкин эмас.
Объектив томондан ёрдамчилик фаол ҳаракат, шунингдек ҳаракатсизлик орқали амалга оширилиши мумкин. Бироқ, ёрдамчи ҳаракатсизликда, фақатгина қонун билан унга ҳаракат қилиш мажбурияти юкланган бўлгандагина айбланиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ёрдамчининг хатти-ҳаракатлари улар қандай шаклда амалга оширилишидан қатъи назар ҳеч бир тарзда ёрдам беришдан ташқари жиноятни амалга оширишга қаратилган бирон-бир ҳаракатларни қилмаган бўлиши керак, акс ҳолда ёрдамчининг ҳаракатлари жиноятнинг объектив томони белгилари билан мос келса, у жиноятни бажарувчисига айланиб қолади.
22. Ёрдамчилик жиноят содир этаётган аниқ бир шахс ёки гуруҳга кўмаклашишдан иборат бўлган ҳаракатдир.
Субъектив томондан ёрдамчи биргаликда содир этилаётган жиноятнинг фактик ҳолатларини, ўз ҳаракатлари билан муайян шахс ёки гуруҳга қилмишни содир этишда кўмаклашаётганини, ўзининг ҳаракатлари бажарувчи томонидан содир этилган жиноят билан сабабий боғланишда эканлигини ва бунинг натижасида у жиноятни амалга оширишда бажарувчи билан бирга иштирок этаётганини англайди. Ёрдамчи келиб чиқадиган жиноий оқибатни олдиндан кўра билгани ҳолда, унинг юз беришини истайди ва бунга онгли равишда йўл қўяди. Ёрдамчиликнинг субъектив томони, иштирокчиликнинг бошқа турлари сингари, жиноят таркиби барча объектив белгилари ва бошқа баҳоловчи ҳолатларнинг айбдор томонидан англанишини ҳам ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |