26-модда. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш
Шахс жиноятга тайёргарлик кўриш ҳаракатларини ёки жиноят содир этишга бевосита қаратилган ҳаракатларни охирига етказиш мумкинлигини англаган ҳолда тўхтатса, шунингдек жиноий оқибат келиб чиқиши мумкинлигини англаган ҳолда, шундай оқибат келиб чиқишининг олдини олса, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади.
Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш жавобгарликни истисно қилади.
Жиноятни охирига етказишдан ихтиёрий қайтган шахс, агар амалда содир этган қилмишида бошқа жиноят таркибининг барча аломатлари бўлса. ушбу Кодекс бўйича жавобгарликка тортилади.
1. Муайян ҳолларда жиноят содир этишни бошлаган ва уни тамомлаш учун барча зарур имкониятларга эга бўлган шахс уни содир этишдан қайтадиган бўлса, бу жиноят ҳуқуқида жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади.
Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш - ижтимоий хавфли, қонунга ҳилоф ва айбли қилмишни содир этишдан ўзини тийган ва (ёки) муайян жиноий оқибатлар келиб чиқишининг олдини олган шахс ҳулқ-атворининг қонуний ҳаракатидир. Шахс бошлаган жиноий фаолиятни (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга қасд қилишни) охирига етказиш мумкинлигини англаган ҳолда ихтиёрий ва узил-кесил тўхтатиши жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб топилади. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишнинг асосий ҳуқуқий оқибати - унинг жиноий жавобгарликни истисно қилиши. Мисол учун, шахс одам ўлдириш мақсадида ўқотар қурол тайёрлайди, аммо одам ўлдиришни охирига етказишдан ихтиёрий қайтади. Бундай ҳолатларда мазкур шахс одам ўлдиришга тайёргарлик кўрганлик учун жиноий жавобгарликка тортилмайди, лекин ўқотар қуролни қонунга ҳилоф равишда эгаллаганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш фақат тамом бўлмаган жиноятда, яъни жиноятга тайёргарлик кўриш ва уни содир этишга қасд қилиш босқичида бўлиши мумкин. Ихтиёрий қайтишнинг асосий ҳуқуқий ўзига хос томони жиноий оқибат ва жавобгарликнинг вужудга келмаслигидир.Амалда жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш шахс тайёргарлик ҳаракатларини ёки муайян жиноятни содир этишга бевосита қаратилган ҳаракатларни тўхтатишида ифодаланади. Шу сабабли 26-модданинг иккинчи қисмида жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтганлик учун жавобгарлик белгиланмаслиги кўрсатилган. Бинобарин, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш охирига етказилмаган (бошланган, лекин тугалланмаган) жиноят учун жавобгарликни шубҳасиз истисно қилувчи ҳолат ҳисобланади ва жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолат деб қаралиши мумкин эмас.
2. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишнинг асосий вазифаси - жиноятнинг олдини олиш ва уни тўхтатишдан иборатдир. Бошланган жиноий фаолиятни тўхтатиб, жиноий жавобгарликдан қутулиш имкониятининг қонунда мустаҳкамланиши шахсни ўз жиноий ниятини якунлашдан бош тортишга рағбатлантиради.
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш, жиноятга тайёргарлик кўриш ҳаракатларини тўхтатиш (бу жиноятга тайёргарлик кўриш босқичида жиноятдан қайтишни келтириб чиқаради) ва жиноят содир этишга бевосита қаратилган ҳаракатларни (жиноий фаолиятнинг бошида, жиноят содир этишга қасд қилиш тамом бўлган ёки тамом бўлмаганига қараб - қуйида қаранг) тўхтатиш (бу жиноят содир этишга қасд қилиш босқичида жиноят содир этишдан қайтишни тавсифлайди) тарзида ифодаланиши мумкин.
Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:
1) шахсда жиноятни охирига етказиш имкони борлигини англаши;
2) жиноий оқибат келиб чиқишини англаган ҳолда, унинг олди олинганлигини.
3. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш икки асосий аломат: ихтиёрийлик ва узил-кесиллик (қатъийлик) билан тавсифланади.
Ихтиёрийлик деганда шахснинг бошлаган жиноий хатти-ҳаракатини ўз хоҳиши билан ҳеч қандай ташқи таъсирларсиз охирига етказиш имкони борлигини ангалаган ҳолда тўхтатиши тушунилади. Бундай қайтишнинг мотиви турлича (уялиш, фарзандлари тақдири ҳақида ўйлаш, жабрланувчига раҳми келиши), шунингдек, қариндош ва дўстларининг маслаҳатлари натижасида бўлиши мумкин. тақдири ҳақида ўйлаш, жабрланувчига раҳми келиши Мотив қандай бўлмасин шахс ўз хоҳиши билан жиноятдан қайтган бўлса, жиноий жавобгарликка тортилмайди.Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш ҳар доим субъектнинг эркин хоҳиш-иродаси натижасида келиб чиққан бўлиши керак.
Ихтиёрий қайтишнинг муҳим шартларидан бири - бу шахснинг жиноятни давом этириш ва якунига етказишга имкони борлигини англашдир. Шу шартларсиз шахс агар ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноятни якунига етказа олмаса ёки уни содир этишга қодир бўлмаса, уни жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш сифатида баҳолашга асос бўлмайди. Масалан, агар шахс қасддан одам ўлдириш жиноятида ҳаракат қилса, лекин атрофда одамларнинг борлиги, қуролнинг яроқсизлиги туфайли қилмишни содир этмаса, бу ихтиёрий қайтиш ҳисобланмайди. Демак, мазкур ҳолатда жиноят содир этиш учун имкониятнинг йўқлиги ихтиёрий қайтиш ҳисобланмайди, балки жиноий ҳаракатни тўхтатишга жиноятчи мажбур бўлади.
Шахс ўзи бошлаган жиноятни охирига етказиш имкониятини истисно қилувчи ўтиб бўлмас тўсиқлар мавжуд деб (ҳаттоки янглиш) қараши жиноят содир этишдан қайтишнинг ихтиёрий эмас, балки мажбурий бўлганлигидан далолат беради. Мисол учун, шахс ўзганинг мулкини талон-тарож қилиш мақсадида қонунга хилоф равишда кирган уйда ўрнатилган ўзига нотаниш мосламани сигнализация воситаси деб ўйлаб, уйни тарк этади.
4. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш қатъий бўлиши керак.
Қатъийлик деганда шахснинг жиноий фаолиятни вақтинча тўхтатганлиги эмас, балки охирига етказиш учун тўла имкониятлар борлигини англагани ҳолда жиноий фаолиятни давом эттиришдан бутунлай воз кечганлиги тушунилади.
Ўз-ўзидан равшанки,ихтиёрий қайтишда вақт жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтган ҳолларда аҳамиятга эга бўлмайди. Мазкур ҳолатда жиноят содир этаётган шахс ўзининг жиноий фаолиятини орадан маълум вақт ўтгандан сўнг давом эттиришини кўзлаб, жиноят қуролини алмаштириш ниятида ёки шунга ўхшаган бошқа ниятларда тўхтатади. Мисол учун, агар шахс бир ўзи уддалай олмаслигини тушуниб, омборга ўғриликка тушишдан қайтган ва омборга тушиш, ўғирлик молни у ердан олиб чиқиш ва ташиб кетиш учун жиноятга бошқа шахсларни ҳам жалб этишга қарор қилган бўлса, бу жиноят содир этишдан узил-кесил қайтиш бўлмайди.
Шахс жиноий фаолиятни тўхтатишга мажбур бўлган тақдирда ҳам ихтиёрий қайтиш ҳисобланмайди. (мисол учун, айбдор ўлдириш мақсадида жабрланувчига ўқ узди, аммо ўқ тегмай қолди - айбдор қайта ўқ узишдан ихтиёрий қайтганига ишора қилиши жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишга далил бўла олмайди). Айни ҳолда, шахс жиноят содир этишга биринчи уриниши учун жавобгарликка тортилиши керак, унинг жиноят содир этишдан қайтиши ихтиёрий деб топилиши мумкин эмас.
5. Айбдор жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтган деб топилиши учун унинг ҳулқ-атвори мазмунида жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишнинг икки аломати мавжуд бўлиши керак. Шу билан бирга, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишни ҳосил қилувчи ушбу аломатларни қайд этиш учун жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишнинг баъзи бир шартларини аниқлаш лозим.
Булар:
* жиноятни охирига етказиш мумкинлигини англаш;
* жиноий оқибат келиб чиқиши мумкинлигини англаган ҳолда, шундай оқибат келиб чиқишининг олдини олиш.
6. Шахс жиноятни охирига етказиш имкони борлигини англаши шуни ифодалайдики, у жиноятни охирига етказиш учун барча имкониятларга, жиноятни амалга ошириш учун барча қурол ва воситаларга эга бўлади ва буни билади. Аммо, жиноий тажовузни ҳеч қандай ташқи таъсирлар тўхтата олмаслигига қарамай, у ўз жиноий ниятини амалга оширишдан қайтади.
Ушбу шарт тамом бўлмаган жиноят таркибининг объектив томони, яъни ижтимоий хавфли қилмиш билан бевосита боғлиқ. Бу ерда нафақат жиноят содир этишга суиқасд қилиш доирасида жиноят таркибини ташкил этадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), балки жиноят содир этишга шарт-шароит ва имконият яратадиган ҳаракатлар (тегишли модда диспозициясига бевосита киритилмаган ҳаракатлар) тўғрисида ҳам сўз юритилмоқда. Шу сабабли жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишни таснифлашда жиноий тажовузни охирига етказиш мумкинлигини англаш фақат жиноят содир этишга суиқасд қилишда мавжуд бўлиши мумкин деган фикрдан келиб чиқмаслик керак. Жиноий ниятни охирига етказиш мумкинлигини англаш жиноятга тайёргарлик кўриш босқичида ҳам бўлиши мумкин.
7. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш ихтиёрийлиги ва узил-кесиллигининг иккинчи зарур шарти шахс жиноий оқибат келиб чиқишини англаган ҳолда, шундай оқибат келиб чиқишининг олдини олишидир. Мазкур шарт жиноий оқибатларнинг келиб чиқиши жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган моддий таркибли жиноятларда бўлиши мумкин. Бу ерда тафаккурлик белгиси- шахс ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқиши мумкинлигини англаши ҳам мавжуд.
Мазкур шарт фақат жиноят содир этишга суиқасд қилиш босқичида, шахс жиноятни бошлаб, уни охирига етказишдан қайтишга қарор қилган ҳолда бўлиши мумкин. Айни ҳолда айбдор жиноят содир этишдан қайтибгина қолмасдан, унинг жиноий оқибатини олдини олишга фаол имконият яратиши ҳам керак. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш фақат ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқиши мумкинлигини англаш ва унинг келиб чиқиши олдини фаол олиш билан жамулжам ҳолда унинг ихтиёрий ва узил-кесил бўлганидан далолат бериши мумкин. Умумлаштириб айтадиган бўлсак, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш фақат тамом бўлмаган суиқасдда бўлади. Чунки, бунда шахснинг ҳали жиноий фаолиятини тўхтатиш учун вақт бор ва шахс жиноятни охирига етказиш учун барча ҳаракатларни қилишга улгурмаган бўлади.
8. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш, жиноий оқибат юз бергуга қадар, яъни тайёргарлик ва суиқасд босқичида бўлиши лозим. Жиноят содир этишга тайёргарлик кўриш босқичида ихтиёрий қайтиш, одатда, пассив ҳаракат орқали амалга оширилади, чунки ҳулқ-атворнинг қонунийлигига фақат жиноятни давом эттиришдан қайтишни ишора қилиши мумкин. Аммо ушбу босқичда шахс фаол ҳаракатлар қилиши ҳам мумкин (тайёрланган жиноят қуроллари ва воситаларини йўқ қилиш, ҳокимият органларига жиноий тил бириктириш тўғрисида ўз вақтида хабар бериш ва б.).
Жиноят содир этишга суиқасд қилишда жиноят субъекти томонидан жиноятнинг объектив томони амалда бажарилиши ҳисобга олинса, ушбу босқичда маълум жиноий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлиги масаласи юзага келади. Шу сабабли, жиноят содир этишга суиқасд қилишда жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш доим ҳам бўлавермайди. Айни ҳолда нафақат жиноий ҳаракатларни тўхтатиш (чунки бундай ҳаракатлар қисман амалга оширилган бўлиши ҳам мумкин), балки жиноий оқибатлар келиб чиқишининг олдини фаол олиш ҳам жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишдан далолат беради. Бунда жиноят содир этишга суиқасд қилиш турлари муҳим аҳамият касб этади.
Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш кўпинча субъект жиноий қилмишни охирига етказиш ва ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқиши учун барча зарур ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) амалга оширилмаган тарзда, яъни тамом бўлмаган жиноятларда бўлиши мумкин. Бунда қилмишнинг тугалланмаганлиги ички мотивлар билан белгиланиши керак. Мисол учун, субъект аввал жабрланувчини ўлдириш ниятида унинг оёқ-қўлини боғлайди, калтаклайди, лекин кейин ўлдириш ниятидан қайтади. Бу ҳолат шахсни жабрланувчини қийнаш ва баданига шикаст етказиш учун жавобгарликдан озод қилмайди. Бундай ҳолларда шахс бевосита одам ўлдиришга қаратилган ҳаракатларни тўхтатади, яъни уларни содир этишдан қайтади (ҳаракатсизлик). Бу ҳолда шахс муайян жиноят таркиби билан қамраб олинадиган, унинг объектив томонини ташкил этадиган ёки зарарли оқибатлар келиб чиқишини таъминлайдиган ҳаракатларни содир этишдан қайтиши кифоя. Мисол учун, шахс жабрланувчига ўқ узиш учун уни ўқотар қуролдан нишонга олди, лекин ўқ узмайди.
Тамом бўлган суиқасдда ихтиёрий қайтиш бўлиши мумкин эмас. чунки ушбу босқичда субъект жиноий ҳаракатларни тўхтатиш йўли билан жиноят содир этилишини тўхтата олмайди (у жабрланувчига ўқ узган, уни ўлдириш мақсадида пичоқ урган бўлади ва ш.к.). Шу сабабли, жиноятдан кўзланган мақсадга эришиш имконини берадиган кейинги ҳаракатлардан қайтишга бундай ҳолларда жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш деб эмас, балки жиноят содир этишга қайта уринишдан қайтиш деб қаралиши керак.
Тамом бўлган жиноят содир этишга суиқасд қилишда жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш имконияти фақат содир этилган ҳаракатлар билан жиноий оқибатнинг келиб чиқиши ўртасида вақтда узилиш мавжуд бўлган ва мазкур шахс ўзининг фаол ҳаракатлари билан зарар етказилишининг олдини олиши мумкин бўлган камдан-кам ҳолларда сақланади. Бошқача қилиб айтганда, шахс мазкур вақт давомида ўз ҳаракатларини назорат қилиш ва бошқариш имкониятига эга бўлади. (Масалан, мулкни нобуд қилиш мақсадида унга ўт қўйган шахсда оловни дарҳол ўчириш имконияти бор.) Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, мулкка ўт қўйган шахс, ўз ихтиёри билан мулк нобуд бўлмасдан ўтни ўчирса, ихтиёрий қайтиш деб ҳисобланиши мумкин.
9. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишнинг ҳуқуқий оқибати - унинг жавобгарликни истисно қилиши назарда тутилган. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш шахс содир этишга ҳаракат қилган ёки унга тайёргарлик кўрган жиноят учун жавобгарликни тўла истисно қилади.
10. Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми мазмунига кўра, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш жавобгарликни бутун жиноий ҳулқ-атворга нисбатан истисно қилмайди. Агар жиноятни охирига етказишдан ихтиёрий қайтган шахснинг ҳаракатларида Жиноят кодекси Махсус қисмида назарда тутилган бошқа жиноят таркибининг аломатлари мавжуд бўлса, мазкур жиноят учун у жавобгарликка тортилиши керак. Бу ҳолат шу билан изоҳланадики, айни ҳолда жиноятлар: тамом бўлмаган (жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга қасд қилиш босқичида содир этилган) жиноят ва бошқа - тамом бўлган (жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга қасд қилиш босқичида содир этилган) жиноят мажмуи мавжуд. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш фақат тамом бўлмаган жиноят учун жавобгарликни истисно қилади, лекин шахс айни пайтда содир этган тамом бўлган жиноят учун жавобгарликдан озод қилинишини таъминламайди. Тамом бўлмаган жиноятларда тегишли таркиб аломатлари мавжуд бўлмайди. Аммо тамом бўлмаган жиноят босқичида шахс бошқа қилмиш содир этиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда жиноий жавобгарлик субъект амалда (жиноят содир этишдан қайтган пайтгача) содир этган қилмиши учун келиб чиқади. Шу сабабли, одам ўлдириш учун заҳарли моддани ўғирлаган шахс уни содир этишдан ихтиёрий қайтган бўлса, қасддан одам ўлдириш учун жавобгарликдан озод қилинади, чунки у ҳеч қандай ҳаракат содир этмаган ва уларни содир этишдан қайтган, бироқ у заҳарли моддани қонунга хилоф равишда эгаллагани учун Жиноят кодекси 251-моддасига биноан жавобгарликка тортилиши лозим.
11. Жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтишни ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиш яъни шахсни ўз айбига иқрор бўлиб, жиноят содир этишга ёрдамлашган фаол ҳатти-харакатидан фарқлай олиши лозим.
Айбдор ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши деганда жиноят содир этган шахснинг келтирилган зарарни бартараф қилиш, тугатиш, қоплаш, жиноятнинг очилишига, унинг бошқа иштирокчилари фош қилинишига, жиноят натижасида эгалланган мол-мулкни излаб топишга ёрдам бериш билан боғлиқ фаол ихтиёрий ҳаракатлари тушунилади. Ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлишга айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш киради. Ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиш жавобгарликни енгиллаштирадиган ҳолат ҳисобланади (Жиноят кодекси 55-моддасига берилган шарҳга қаранг), баъзи бир ҳолларда эса, у жиноий жавобгарликдан озод қилиш учун асос бўлиши ҳам мумкин (Жиноят кодекси 66-моддасига берилган шарҳга қаранг). Шунингдек, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш ҳам пассив, ҳам актив шаклда содир этилиши мумкин. Чин кўнгилдан пушаймон бўлиш эса фақат актив ҳаракат орқали содир этилади.
VI боб . ЖИНОЯТДА ИШТИРОКЧИЛИК
Do'stlaringiz bilan baham: |