182-модда. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш
Божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб ёхуд божхона ҳужжатлари ёки воситаларига ўхшатиб ясалган ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланган ҳолда ёки декларациясиз ёхуд бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин кўп миқдорда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) чегарани бузиб ўтиш, яъни божхона хизматининг розилигини олмасдан туриб, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан очиқдан-очиқ ўтказиш йўли билан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
г) хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, унинг содир этилиши назорат қилиб бўлмайдиган товарлар муомаласини ёки улардан айримларининг республика ҳудудида тақчиллиги ҳолатини келтириб чиқаради. Шу билан биргаликда Жиноят кодексида кўрсатилган бошқа жиноятларнинг содир этилишига асос яратиб беради, масалан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний кириш ёки чет элга чиқиш. Шарҳланаётган ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш иқтисодий барқарорликни издан чиқаради, инфляция даражаси ошишига реал хавф туғдиради, бу эса жамиятнинг иқтисодий асосларига путур етказиб, бозор иқтисодиётига ўтишни қийинлаштиради.
2. Жиноят объекти давлат ва жамиятнинг иқтисодий манфаатлари ҳисобланади, чунки, биринчидан, бу қилмишни содир этиш натижасида олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган товарларга қўйилган божлар давлат бюджетига келиб тушмайди, иккинчидан, республикадан мамлакат иқтисодий аҳамиятига эга бўлган, чиқарилиши таъқиқланган товарлар чиқиб кетишига йўл қўйилган бўлади.
Жиноятнинг бевосита объекти товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказишнинг белгилаб қўйилган тартиби ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асослари ҳисобланади.
3. Божхона қонунчилигини бузишнинг факультатив объекти предмети ва субъектига қараб, Ўзбекистон аҳолисининг соғлиғи, жамиятнинг ахлоқий ва руҳий таянчлари, республиканинг тарихий-маданий мероси бўлиши мумкин.
4. Жиноятнинг предмети ҳар қандай товарлар (масалан, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, мебель, ҳайвонлар ва ҳоказо) ёки моддий қимматликлар бўлиши мумкин.
Товарлар - “ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан, валюта ва валюта бойликлари, электр, иссиқлик энергиялари ва энергиянинг бошқа турлари, транспорт воситалари, интеллектуал мулк объектлари” бўлиши мумкин. Товар сифатида, шунингдек, уй ва ёввойи ҳайвонлар ҳам ҳисобланади. Санаб ўтилганлардан қуйидагилар товар ҳисобланмайди: йўловчилар ва товарларни ташиш учун фойдаланиладиган воситалар, шу жумладан контейнерлар ва бошқа транспорт ускуналари.
Шунга алоҳида эътибор бериш лозимки, кўрсатилган ашёлар ушбу жиноятнинг предмети бўлиши учун эркин суратда бошқа шахсларга берилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик (мерос қилиб олиш, юридик шахсни қайта ташкил этиш) тартибида ёхуд бошқа усул билан, агар улар муомаладан чиқарилмаган ёки уларнинг муомалада бўлиши чеклаб қўйилмаган бўлса, бир шахсдан иккинчи шахсга ўтишини ва муайян муомала иштирокчиларигагина қарашли бўла оладиган ёки муомалада бўлишига махсус рухсатнома билан йўл қўйиладиган фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг (чет эл валютаси, дори-дармон) турлари қонунда кўрсатилган тартибда белгиланади. Муайян ашёнинг муомала муносабатларида мавжуд эмаслиги ушбу ашё мазкур жиноят предмети бўла олмаслигидан далолат беради (масалан, божхона қонунчилигини бузишга лицензия, штамп, муҳрга оид муносабатларни киритиб бўлмайди).
5. Бошқа қимматликларга шундай ашё ва буюмлар кирадики, улар ўзининг тури, ҳолати ва қийматидан қатъи назар, алоҳида тарихий, бадиий, илмий ёки маданий аҳамият касб этади.
Бундай қимматликларга нумизматика, қадимий буюмлар, санъат асарлари, палеонтологик қолдиқлар ва бошқалар киради. Ушбу ашё ва буюмлар муомала воситаси бўла олади, лекин уларнинг фарқли жиҳати алоҳида тарихий, бадиий, илмий ёки маданий аҳамиятидир. Қимматликларнинг ушбу жиҳатларини белгилаш учун тергов органлари ва судлар тегишли экспертизаларни тайинлашлари лозим.
6. Ушбу модда доирасида ашё ва буюмларнинг товар ёки қимматликлар эканлигини белгилашда айбдор томонидан улардан қандай мақсадларда фойдаланилиши аҳамият касб этмайди. Улар тадбиркорлик ёки шахсий истеъмол мақсадларида фойдаланилиши мумкин. Қуйидагилар ушбу жиноятнинг предмети бўла олмайди: кучли таъсир қилувчи, заҳарли, заҳарловчи, радиоактив, портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари, қурол-яроғ, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, гиҳёвандлик воситалари, психотроп моддалар, диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар, ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролларининг бошқа турлари, оммавий қирғин қуролларини яратишда фойдаланилиши мумкин бўлган материал ва мосламалар. Чунки шарҳланаётган ижтимоий хавфли қилмишни ушбу предметлар билан содир этиш ЖКнинг тегишли моддаларида назарда тутилган ижтимоий хавфли фаолият назарда тутилга жавобгарликни келтириб чиқаради.
7. Божхона қонунчилигини бузишнинг объектив томонини юқорида кўриб ўтилган предметларни (товарлар ёки бошқа қимматликларни) Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтиш ташкил этади.
Олиб ўтиш деганда, товарларни ёки транспорт воситаларини ҳар қандай усулдан фойдаланиб, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларини юбориш, қувурлар орқали ҳамда электр узатиш линияларидан фойдаланиш йўли билан божхона ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиб кетиш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш тушунилади.
Бундай ҳаракатлар жумласига қуйидагилар:
* товарлар ёки транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилганда, шу жумладан эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудига олиб кирилганда - божхона чегарасидан амалда ўтиш;
* товарлар ёки транспорт воситалари божхона ҳудудидан олиб чиқилганда, шу жумладан эркин божхона зоналари ва эркин омборлар ҳудудидан олиб чиқилганда - божхона декларациясини тақдим этиш ёки товар ёхуд транспортларни олиб чиқиш мақсадини амалга оширишга бевосита қаратилган ўзга ҳаракатларни бажариш киради.
8. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси мамлакатнинг давлат чегарасига мос келмайди, чунки у нафақат Ўзбекистон Республикаси чегараси билан (Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво бўшлиғи божхона ҳудудини ташкил этади), балки Ўзбекистон ҳудудидаги эркин божхона зоналари ва эркин омборлар билан ҳам белгиланади. Юқоридаги ҳудудлар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарида жойлашган деб қаралади, божхона ҳудуди сарҳадлари, шунингдек, эркин божхона зоналари ва эркин омборларнинг тегралари божхона чегараси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг қуруқликдаги ҳудуди, ҳудудий ва ички сувлари ҳамда улар устидаги ҳаво бўшлиғи божхона ҳудудини ташкил этади.
9. Товар ёки бошқа қимматликларни божхона чегарасидан олиб ўтиш, абашарти у қонунда кўрсатилган қуйидаги усуллардан бири орқали содир этилса, божхона қонунчилигини бузиш ҳисобланади:
* божхона назоратидан яшириш орқали;
* божхона идентификация воситалари ёки ҳужжатларидан алдаш йўли билан фойдаланиш орқали;
* декларациясиз ёки товарнинг ўз номини бузиб декларация ёзиш орқали.
10. Божхона назорати - иқтисодий хавфсизликни, қонун ва халқаро шартномаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида божхона органлари томонидан амалга ошириладиган тадбирлар мажмуидир. Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси 39-моддасига биноан, божхона назорати божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан:
* божхона мақсадлари учун зарур бўлган ҳужжат ва маълумотларни текшириш;
* жисмоний ва мансабдор шахсларни оғзаки сўроқ қилиш;
* божхона текшируви;
* товарлар, транспорт воситалари, иншоотлар ва бошқа жойларни божхона томонидан қиёслаш;
* товар ва транспорт воситаларининг ҳисоби;
* ҳисоб ва ҳисобдорлик тизимини текшириш;
* божхона назоратидан ўтиши лозим бўлган товар ёки транспорт воситалари жойлашиши мумкин бўлган ёхуд назорат қилиш божхона органлари зиммасига юклатилган фаолият амалга оширилаётган ҳудудлар, бинолар ва бошқа жойларни текшириш орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, божхона назорати қонунчиликда назарда тутилган (масалан, шахсларни, уларнинг валюталарини, валюта қимматликларини, юкларини, шунингдек транспорт воситаларини божхона расмийлаштирилиши) бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
11. Товарларни ёки бошқа қимматликларни божхона назоратини четлаб олиб ўтиш, уларни божхона органлари мавжуд бўлмаган жойдан ёки божхона расмийлаштирилиши ва назорати амалга ошириладиган вақтдан ташқари олиб ўтказишни англатади.
12. Божхона назоратидан яшириш деганда, шахснинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг ёки бошқа қимматликларни хуфия жойларда ва топишни қийинлаштирадиган усуллардан фойдаланиб ёхуд бир тусдаги ашёга бошқа иккинчисининг кўринишини бериб ўтказишни тушуниш лозим. Мулкни махсус сақлаш жойларига яшириб олиб ўтиш усулига алоҳида эътибор бериш керак, бундай жойларга хуфия жойларни, шунингдек, контрабанда мақсадларида транспорт воситаларига олдиндан қайта ишланиб, йиғилиб ва шунга ўхшаш йўллар билан жиҳозланган ва мослаштирилган конструктив сиғимли идишларни ва бошқа ашёларни киритиш мумкин.
13. Ҳужжатлардан алдаш йўли билан фойдаланиш деганда, ашёларни, товар ва бошқа қимматликларни божхона чегарасидан олиб ўтиш учун асос тариқасида қалбаки ҳужжатларни, қонунга хилоф йўллар билан олинган ҳужжатларни ёхуд ёлғон маълумотлар ёзилган ҳужжатларни божхона назоратига тақдим этишни тушуниш лозим. Қонунга хилоф йўллар билан олинган ҳужжат деганда, айбдор тасарруфига ўрнатилган тартибни бузган ҳолда ёки ёлғон маълумотларни тақдим этиш орқали ёхуд қандайдир қонунга хилоф ҳаракатни (масалан, пора олиш натижасида) содир этиши натижасида келиб тушган ҳужжат тушунилади. Ушбу ҳолатни қўллаш учун божхона органига тақдим этилаётган ҳужжатнинг ёлғонлигини айбдор билганлигини ва билмаслиги мумкин эмаслигини исботлаш лозим. Акс ҳолда, шарҳланаётган моддани унга қўллаш мумкин эмас, чунки уни содир этишдан мақсад мавжуд эмас.
14. Агар қалбаки ҳужжат божхона қонунчилигини бузган ҳолда тайёрланган бўлса, унинг қилмишини жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 182 ва 209 ёки 228-моддалари билан квалификация қилиш лозим.
15. Божхона қонунчилигини бузиш божхона идентификация воситаларидан алдаш йўли билан фойдаланиш орқали амалга оширилиши мумкин.
Божхона идентификация воситалари деганда, сўрғичлаш, муҳрлаш, рақамли, ҳарфли ва бошқача тамғалар, идентификация белгиларини қўйиш, штамплаш, намуна ва нусхалар олиш, товарларни, бошқа қимматликларни хатлаш, чизмалар тузиш, миқёсини тасвирлаш, фотосуратлар, расмлар тайёрлаш, товарлар билан бирга юбориладиган ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш ва ҳоказолар тушунилади. Идентификация воситалари, агар мавжуд товарлар ёки транспорт воситалари йўқолишига ёхуд қайта тиклаб бўлмас даражага келишига реал хавф мавжуд бўлган ҳолатлардан ташқари, барча ҳолларда божхона органлари томонидан ёки уларнинг рухсати билан ўзгартирилиши, бекор қилиниши ёки йўқотилиши мумкин.
16. Божхона идентификация воситаларидан алдаш йўли билан фойдаланиш деганда, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ёки бошқа давлат божхона органлари томонидан татбиқ этилган идентификация воситаларини ўзгартириши, йўқ қилиши, бузиши ёхуд йўқотиши билан боғлиқ ҳаракатлари тушунилиши лозим.
17. Декларациялаш товарлар ёки транспорт воситалари тўғрисидаги, улар жойлаштириладиган божхона режимлари ҳақидаги аниқ маълумотларни, божхона мақсадлари учун зарур бўлган бошқа маълумотларни белгиланган шаклда баён этиш орқали амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилувчи товар ва қимматликлар ёки ўзининг божхона режимини янгилаётганлар (масалан, божхона омборлари режимидан эркин омборлар режимига ўтаётганлар) декларацияланади. Бироқ, шарҳланаётган моддани моҳиятидан келиб чиқиб, кўрсатилган усулларни божхона қонунчилигини бузиш деб ҳисоблаш учун божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товар ёки қимматликларни декларация қилмаслик ёки бошқа номда декларация қилиниши қайд этилади.
Декларациялаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартиб ва шаклларда ариза бериш орқали амалга оширилади. Шунга алоҳида эътибор бериш лозимки, Божхона декларацияси қабул қилинганлиги расмийлаштирилган пайтдан бошлаб у юридик аҳамиятга молик фактлардан далолат берувчи ҳужжатга айланади.
Декларациялаш юритилмайдиган ва товарларни олиб ўтишнинг ҳуқуқий режимига боғлиқ предметларнинг алоҳида турларига нисбатан қонун билан махсус қоидалар ўрнатилган.
18. Товарларни ёки бошқа қимматликларни декларацияга киритмаслик ёхуд ўзгача ном билан декларацияга киритиш деганда, шахсларнинг чегарадан ўтказилиши лозим бўлган контрабанда ашёларини ёхуд товар ёки бошқа қимматликларни декларация қилиш тартибини бузиши билан боғлиқ ҳаракатлари, яъни божхона қонунлари томонидан ўрнатилган декларация қилиш шакли ва жойи тўғрисидаги, уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги, декларация ва бошқа қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш муддатлари тўғрисидаги талабларга риоя этмаслик, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган ёки унинг ҳудудидан олиб чиқилаётган контрабанда ашёлари, товар ёки бошқа қимматликларнинг тури, сони хусусида декларацияга сохта маълумотлар киритиш тушунилади”.
19. Товарлар ғайриқонуний равишда Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали амалда олиб ўтилган вақтдан эътиборан, бу товарлар ўзга МДҲ мамлакатларига ёки МДҲ мамлакатларига кирмайдиган бошқа давлатларга ўтказилганлигидан қатъи назар, жиноят тугалланган ҳисобланади.
Ана шундай олиб ўтишга тайёргарлик кўришга қаратилган ҳаракатлар жиноятга суиқасд деб квалификация қилиниши лозим.
20. Товарларни ёки бошқа қимматликларни божхона чегарасидан ғайриқонуний олиб ўтганлик учун жиноий жавобгарлик, товар ёки бошқа қимматликларни олиб ўтиш усулидан қатъи назар, кўп миқдорда содир этилган бўлса ва айбдор шахсга нисбатан шундай ҳаракатлари учун маъмурий чоралар қўлланилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказилгандан сўнг қўлланилади.
(Кўп миқдор тушунчаси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми VIII бўлимига қаранг.)
21. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Айбдор шахс товар ёки қимматликларни божхона чегарасидан ғайриқонуний олиб ўтаётганлигини англаб етади ва ўзининг жиноий мақсадини амалга оширишни хоҳлайди.
22. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган, фуқаролиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин. Шунга эътибор бериш лозимки, жиноят ҳуқуқининг умумий принципларидан келиб чиқиб жавобгарликка фақатгина жиноятни содир этган айбдор тортилиши лозим. Шу туфайли мулкдор, агар декларант, юк ташувчи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар унинг қасди билан қамраб олинмаса , жиноий жавобгарликка тортилмайди.
23. Таҳлил қилинаётган жиноятни ЖК 182-моддаси 2-қисмига мувофиқ квалификация қилиш белгилари қуйидагилар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) чегарани бузиб ўтиш, яъни божхона хизматининг розилигини олмасдан туриб, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан очиқдан-очиқ ўтказиш йўли билан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;
г) хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда содир этилганлиги ҳисобланади.
24. (Жуда кўп миқдор тушунчаси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми VIII бўлими шарҳига қаранг.)
Олиб ўтилган товарнинг нархини белгилашда Ўзбекистон Республикасининг “Божхона тарифлари тўғрисида”ги Қонунида ўрнатилган қоидаларни қўллаш керак.
25. Шарҳланаётган модда бўйича бузиб ўтиш деганда, товар ёки бошқа қимматликларни божхона хизматининг розилигини олмасдан очиқчасига олиб ўтиш тушунилади.
Ушбу модда бўйича божхона хизмати деганда, Ўзбекистон Республикаси божхона органлари ва божхона органларининг мансабдор шахсларини тушунмоқ лозим.
26. Очиқчасига олиб ўтиш деганда, божхона хизмати ходимларининг товарлар олиб ўтилиши ҳақида хабардорлиги тушунилади. Божхона хизматининг хабардорлиги, қонунчилик қоидаларига зид содир этилаётган маълумотлар тақдим этилишидан ва божхона органининг олиб ўтишни бевосита назорат қилишидан келиб чиқади. Жиноятчи субъектга квалификация қилинаётган ушбу белгилар бўйича айбни қўллаш учун шахсга товар ёки қимматликларни ғайриқонуний олиб ўтишаётганлиги ҳақида божхона органлари хабардорлигини билганлигини ва билмаслиги мумкин эмаслигини аниқлаш лозим. Агар айбдор товар ёки қимматликларни ноқонуний олиб ўтаётганлигидан божхона хизматининг хабардорлигини (масалан, божхона чегарасидан товарларни олиб ўтаётган шахснинг ҳаракатлари видеокамерага олинади) билмаса, шарҳланаётган квалификация белгилари мавжудлигини аниқлаш мумкин эмас.
Товарларни очиқча олиб ўтиш ҳам божхона хизматининг рухсатини олмасдан туриб амалга оширилиши керак, яъни бундай ҳаракатни амалга оширишга расмий рухсатнома бўлмаслиги лозим. Товарларни олиб ўтишга рухсатноманинг мавжуд эмаслиги тўғрисида, шунингдек, бундай ҳаракатларни санкциялаш ваколати мавжуд бўлган мансабдор шахснинг тўғридан-тўғри таъқиқ қўйиши ҳам далолат беради.
Бузиб ўтишни қуйидаги ҳолатлар йиғиндиси ташкил этади: а) товар ва қимматликларни очиқча олиб ўтиш; б) божхона хизмати ваколатли шахсининг рухсатисиз олиб ўтиш. Кўрсатилган ҳолатлардан бирортасининг мавжуд бўлмаслиги шахснинг ҳаракатида шарҳланаётган ЖК 182-моддасидаги квалификация белгилари мавжуд деб топилишига йўл қўймайди.
27. (Уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатлари йўлида содир этилган жиноятлар тўғрисида ЖК 164-моддаси шарҳига қаранг.)
Божхона қонунчилигини бузишга доир муносабатларда шарҳланаётган белгилар шундан иборатки, ЖК 182-моддаси бўйича жавобгарликка нафақат божхона чегарасидан товар ёки бошқа қимматликларни бевосита олиб ўтаётган шахслар, балки уюшган гуруҳнинг барча иштирокчилари (масалан, божхона чегарасидан ғайриқонуний олиб ўтиш мақсадида харид қилганлар ёки олиб ўтилгандан сўнг қонунга хилоф равишда олиб ўтилганлигини олдиндан била туриб харид қилганлар, бунда уларга божхона назорат пунктида ёки ундан ташқарида ноқонуний олиб ўтишга ёрдам берганлар) киради.
28. Уюшган гуруҳ аъзоси бўлмаган шахс томонидан чет элдан олиб келинган товар ёки қимматликни олдиндан ваъда бериб харид қилиш шарҳланаётган белгининг иккинчи қисмини - жиноят уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилишини ташкил этади.
29. Агар шахс Ўзбекистон Республикаси чегарасидан товар ёки бошқа қимматликларни ғайриқонуний равишда олиб ўтиш билан биргаликда, бошқа жиноятларни (масалан, қимматбаҳо тош ва металларни қўлга киритишни, этил спиртини, алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг ғайриқонуний муомаласини) ҳам содир этса, унинг қилмишини жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 1851 ва 1861-моддалари билан квалификация қилиш керак.
30. Хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда божхона қонунчилигини бузиш - божхона органларининг мансабдор шахси, яъни ваколат доирасига назорат функцияси ва божхона қонунчилигида белгиланган бошқа мажбуриятлар юклатилган шахс томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда товар ва бошқа қимматликларни божхона чегарасидан олиб ўтишидир. Ушбу жиноятни содир этишда мансаб ваколатидан фойдаланиш деганда, шунингдек, божхона қонунчилигини бузиш бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг ўз ваколатини суиис-теъмол қилиши орқали содир этилишини ҳам тушуниш лозим.
Хизмат ваколатидан фойдаланиш божхона қонунчилигини бевосита бузишда, яъни тегишли мансабдор шахс товар ёки бошқа қимматликларни мустақил равишда божхона чегарасини бузган ҳолда олиб ўтишида ҳам ифодаланади. Бундай ҳолатда у шарҳланаётган жиноятнинг ижрочиси ёки бажарувчиси ҳисобланади. Мансабдор шахснинг ҳаракатлари ЖК 205 ёки 206-моддалари бўйича қўшимча квалификация қилишни талаб қилмайди, чунки улар ЖК 182-моддаси 2-қисмида назарда тутилган таркибни тўлиқ қамраб олади. Агар товар ва бошқа қимматликларни олиб ўтиш мансаб ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан, мансабдор шахс ёрдамида содир этилса, унда унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 28-моддаси ва 182-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятлар билан, шунингдек, содир этилган жиноятнинг аниқ ҳолатларига боғлиқ равишда ЖК 205 ёки 206-моддалари билан квалификация қилинади.
31. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ушбу масалага оид қабул қилинган қарорида Ўзбекистон Республикаси чегараларидан товар ёки бошқа қимматликларни контрабанда йўли билан ёки ноқонуний олиб ўтган айбдорларга нисбатан жазо қўллашда судлар ЖК 45-моддасига асосланиб, шахсларни жиноят содир этишда фойдаланилган муайян ҳуқуқларидан маҳрум этиш масалаларини ҳал этишлари лозимлигини таъкидлайди.
32. ЖК 182-моддасида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган нодавлат тижорат ва бошқа ташкилотларнинг айбдор раҳбарлари бошқа белгилар (масалан, кўп миқдор) мавжуд бўлмаганда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 227-моддаси билан жавобгарликка тортилади.
33. Товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ғайриқонуний равишда олиб ўтиш, чегарадан ташқарига ғайриқонуний равишда чиқиш, Ўзбекистон Республикасига кириш ёки белгиланган тартибларни бузиб, чегарадан ўтиш билан боғлиқ бўлса, бундай ҳаракатлар жиноятлар мажмуи бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 ва 223-моддалари билан квалификация қилиниши лозим.
34. Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига асосан, шарҳланаётган жиноят предметлари ҳисобланувчи товар ва бошқа қимматликлар ашёвий далил сифатида давлат фойдасига ўтказилади. Айбланувчига шахсий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ташиш воситалари ва бошқа воситалар жиноят қуроли тариқасида мусодара қилиниши лозим. Контрабанда ашёлари айбдор томонидан реализация қилинган бўлса, суд уларнинг қийматини судлангандан ундириш масаласини муҳокама қилиши лозим (Фуқаролик кодексининг 509-моддаси).
35. Божхона қонунчилигини бузиш тўғрисидаги ишларни кўришда судлар бу жиноятларнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлашлари ва уларга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабатларини билдиришлари шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |