179-модда. Сохта тадбиркорлик
Сохта тадбиркорлик, яъни уставида кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бошқа тадбиркорлик ташкилотлари тузиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, сохта тадбиркорлик нафақат иқтисодиёт асосларига, тадбиркорлик фаолияти ғоясининг ўзига ҳам тажовуз қилади, “одамларнинг бозорга ва унинг бошқача хўжалик юритиш усулларидан афзаллигига бўлган ишончига путур етказади”.
2. Ушбу жиноятнинг объекти корхоналар ёки тадбиркорлик билан шуғулланувчи бошқа тузилмаларнинг қонунда, ўз Уставида белгиланган фаолиятини таъминловчи ижтимоий муносабатлардир. Сохта тадбиркорлик тадбиркорлик фаолияти ғоясига тажовуз қилади.
Жиноятнинг факультатив объекти тижорат ташкилотларини ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича ўрнатилган қонунчилик тартиби, хўжалик фаолияти ҳисобланади.
3. Жиноятнинг объектив томони Уставда кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш мақсадини кўзламасдан, қарз, кредит олиш, фойда (даромад)ни солиқлардан озод қилиш ёки бошқа мулкий манфаат кўриш мақсадида корхоналар ва бошқа тадбиркорлик ташкилотларни тузишда ифодаланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги бўйича тижоратчи (тадбиркорлик) ташкилоти асосий мақсади сифатида таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс ҳисобланади.
Тижоратчи ташкилотлар бўлган юридик шахслар хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, шу жумладан акциядорлик жамиятлари, унитар корхона, ишлаб чиқариш кооперативи ва бошқа шаклларда тузилиши мумкин. Тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд ва мулкдор томонидан молиявий таьминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек, қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин.
4. Хўжалик ширкати - муассисларнинг (иштирокчиларнинг) улушларига (ҳиссаларига) бўлинган устав фондига (устав капиталига) эга бўлган тижорат ташкилоти. Бундай ширкатда муассислар (иштирокчилар) ёки улардан айримлари ширкат номидан тадбиркорлик фаолияти юритишда шахсан иштирок этадилар. Ширкат номидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ҳамда ширкатнинг мажбуриятлари бўйича ўзларининг бутун мол-мулклари билан жавоб берадиган иштирокчилар (тўлиқ шериклар) билан бир қаторда ширкат фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар доирасида жавобгар бўладиган ҳамда ширкат томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қатнашмайдиган бир ёки бир неча иштирокчи (ҳисса қўшувчи, коммандитчи) мавжуд бўлса, бундай ширкат коммандит ширкат ҳисобланади. Таъсис шартномаси хўжалик ширкатининг таъсис этиш ҳужжати ҳисобланади.
5. Хўжалик жамиятлари шундай тадбиркорлик ташкилотики, унинг иштирокчилари, бошқа ширкат иштирокчиларидан фарқ қилган ҳолда, жамият фаолиятида шахсан иштирок этишмайди ва жамият мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлишмайди. (Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги хўжалик жамиятларининг қуйидаги турларини белгилаган:
* масъулияти чекланган жамият деб, бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди (устав капитали) таъсис ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият тан олинади. Масъулияти чекланган жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзлари қўшган ҳиссалар қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Масъулияти чекланган жамиятнинг таъсис ҳужжати таъсис шартномаси ва хўжалик ширкатининг Устави ҳисобланади;
* қўшимча масъулиятли жамият - бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилган, устав фонди таъсис ҳужжатларида белгиланган миқдорлардаги улушларга бўлинган жамият. Бундай жамиятнинг иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулклари билан қўшган ҳиссалари қийматига нисбатан ҳамма учун бир хил бўлган, жамиятнинг таъсис ҳужжатларида белгиланадиган каррали миқдорда солидар тарзда субсидиар жавобгар бўладилар. Қўшимча масъулиятли жамиятнинг таъсис ҳужжати таъсис шартномаси ва хўжалик ширкатининг Устави ҳисобланади.
Айтиб ўтиш лозимки, агар жамият битта шахс томонидан тузилса, унинг таъсис ҳужжати Устав бўлади. Агар таъсисчилар сони икки ва ундан ортиқ бўладиган бўлса, албатта таъсис шартномаси тузилиши керак;
* акциядорлик жамияти - устав фонди муайян акциялар сонига бўлинган жамият. Акциядорлик жамиятининг иштирокчилари (акциядорлар) унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар ва жамият фаолияти билан боғлиқ зарар учун ўзларига қарашли акциялар қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Акциядорлик жамиятининг таъсис ҳужжати Устав ёки Устав ва таъсис шартномаси ҳисобланади. Акциядорлик жамиятининг очиқ - иштирокчилари ўзларига қарашли акцияларни бошқа акциядорларнинг розилигисиз ўзга шахсларга беришлари мумкин бўлган акциядорлик жамияти, ва ёпиқ - акциялари фақат ўзининг муассислари орасида ёки олдиндан белгилаб қўйиладиган бошқа шахслар доирасида тақсимланадиган акциядорлик жамияти каби кўринишлари мавжуд.
6. Ишлаб чиқариш кооперативи - фуқароларнинг шахсий иштирок этиш ҳамда аъзоларнинг (иштирокчиларнинг) мулк билан қўшиладиган пай бадалларини бирлаштириш асосида биргаликда ишлаб чиқариш ёки бошқа хўжалик фаолиятини олиб бориш учун аъзолик негизидаги ихтиёрий бирлашмаси. Қонунда ва ишлаб чиқариш кооперативининг таъсис ҳужжатларида унинг фаолиятида аъзолик асосида юридик шахслар ҳам иштирок этиши назарда тутилиши мумкин. Ишлаб чиқариш кооперативининг таъсис ҳужжати Низом ҳисобланади.
7. Унитар корхона - ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона ҳисобланади. Унитар корхонанинг мол-мулки бўлинмасдир ва у қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ходимлари ўртасида ҳам, тақсимланиши мумкин эмас. Унитар корхонанинг таъсис ҳужжати Низом ҳисобланади.
8. Тижоратчи ташкилотни тузиш деганда, тузиладиган тижоратчи ташкилотнинг керакли таъсис ҳужжати ва уни ваколатли органлардан рўйхатдан ўтказиш учун керак бўлган ҳужжатларни йиғиш билан боғлиқ бўлган ташкилотчилик жараёни (масалан, бозор ташкил этиш учун ҳокимиятнинг розилиги талаб этилади) тушунилади. Тижоратчи ташкилот давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Агар ташкилот айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса, унинг ҳаракатларини ЖК 25-моддаси 2-банди ва ЖК 179-моддаси билан уставда кўрсатилган фаолиятни амалга оширмаслик мақсадида ташкилот тузиш (сохта тадбиркорлик) жиноятига суииқасд деб квалификация қилинади. Бироқ бунда айбдорнинг устав фаолиятини амалга оширмаслик қасдини аниқлаш зарур, акс ҳолда унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг ушбу моддаси билан квалификация қилинмайди.
9. Субъектив томондан жиноят бевосита тўғри қасд шаклидаги айб билан тавсифланади. Айбдор устав фаолиятини амалга оширмайдиган тадбиркорлик ташкилотини тузаётганлигини англайди ва ана шундай ташкилот тузишни истайди.
Субъектив томоннинг зарурий белгиси шундаки, бунда айбдор ташкилотни устав фаолиятини амалга ошириш мақсадини кўзламаган ҳолда ташкил этади.
Устав фаолияти деганда, фаолиятнинг шундай тури тушуниладики, тадбиркорлик ташкилоти томонидан уни амалга ошириш учун барпо этилади ва бу унинг таъсис ҳужжатларида қайд этилади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, таъсис ҳужжатининг тури ва шаклидан қатъи назар, унда қайд этилган фаолият турлари уставга оид ҳисобланади. Ният йўқлигини, содир этилган ҳаракатлар ҳақиқий эмаслигини аниқлашнинг ўзига хослиги ва мураккаблиги фуқаролик-ҳуқуқий битимнинг ҳақиқий эмаслигини баҳолашда юзага келадиган шу каби тегишли масалаларга монанд бўлиб, устав фаолиятини амалга оширишни кўзламай юридик шахсни ташкил этишни ҳам амалда худди шундай деб аташ мумкин. Бу каби ният мавжудлигидан юридик шахснинг таъсис ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни Ўзбекистон Республикаси ФК 6-моддасида тартибга солинган иш муомаласи одатларига мувофиқ, зарур ва етарли бўлган вақт мобайнида бажармаслик ҳам далолат беради.
“Сохта тадбиркорлик тўғрисидаги ишларни кўришда шахснинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолиятни амалга оширмай туриб ноқонуний кредитлар олиш, солиқлардан озод бўлиш, эгаллашга ҳуқуқи бўлмаган бошқа мулкий фойда кўриш мақсадини кўзлаганлиги ҳисобга олиниши лозим. Бундай мақсаднинг аниқланиши шахснинг хатти-ҳаракатларини Жиноят кодексининг 179-моддаси ҳамда талон-торож этишга суиқасд қилиш ва солиқ тўловлари тўлашдан бўйин товлаш ва ҳоказолар учун жавобгарликни кўзда тутувчи моддалари мажмуи билан квалификация қилишга асос бўлиши мумкин”.
Шундай қилиб, субъектив жиҳат қуйидаги таркибий қисмлар бирлигидан иборат бўлади:
* ташкилотни тузишдан бевосита кўзланган ният;
* ташкилот рўйхатга олингунга қадар пайдо бўлган ният, - устав фаолиятини амалга оширмаслик нияти;
* алоҳида мақсад - мулкий фойда олиш ниятининг мавжудлиги.
Санаб ўтилган таркибий қисмлардан бирортаси мавжуд бўлмас экан, айбдор ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилигини таъкидлаш мумкин бўлмайди. Бунда мазкур жиноят сабаблари, одатда, ғаразли эканлигига қарамай, бошқача бўлиши ҳам мумкин. Жиноятга баҳо беришда улар таъсир кўрсатмайди.
10. Сохта тадбиркорликнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган сохта ташкилот таъсисчиси ёки таъсисчилари ҳисобланади. Агар сохта тадбиркорлик билан шуғилланиш мақсадида тузилган корхона ва ташкилотларга рахбарликни амалга ошириш юклатилган рахбарлари хам билганлари холда фаолият амалга ошириладиган тақдирда рахбарлари хам жиноятнинг субъектлари бўлиши мумкин.
11. Сохта тадбиркорлик билан шуғулланувчи ташкилот давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади. Мулкий зарар келтириш ёки мулкий фойда кўрганлик жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланмайди.
12. Сохта тадбиркорлик ташкилоти айбдор фойдасига ғайриқонуний мол-мулкни эгаллаш, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мол-мулкни тортиб олиш ҳаракатларини амалга ошириш учун тузилган бўлса, айбдор ЖК 168-моддаси билан жавобгарликка тортилади, чунки бу фирибгарлик ҳисобланади.
13. Солиқ тўлашдан озод этилган сохта тадбиркорлик ташкилотининг таъсисчилари ва раҳбарлари, ЖК 184-моддаси - солиқ тўлашдан бўйин товлаш жинояти бўйича жавобгарликка тортилиши керак.
14. Агар сохта тадбиркорлик жамиятини тузишдан мақсад таъқиқланган фаолиятни (диний таълимотлар бериш, орден ва медаль, муҳр ва штамплар, гиёҳванд, қаттиқ таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни тайёрлаш ва бошқаларни) амалга ошириш бўлса, айбдор шахс жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 179-моддаси ва тегишли жиноят учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалар билан жавобгарликка тортилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |