13-модда. Қонуннинг вақт бўйича амал қилиши
Қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади. Агар ушбу Кодекс моддасида ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир қилиш пайти жиноят тамомланган пайт деб ҳисобланган бўлса, ижтимоий хавфли қилмиш бажарилган пайт жиноят содир қилинган вақт деб топилади. Агарда ушбу Кодекс моддасида жиноий оқибат юз бериши билан жиноят тамом бўлган деб ҳисобланган бўлса, жиноий оқибат юз берган пайт жиноят содир этиш вақти деб топилади.
Қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган крнун орқага кайтиш кучига эга, яъни ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар ҳали судланган ҳисоблансалар, татбик, этилади.
Қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага кайтиш кучига эга эмас.
1. Шарҳланаётган модда Жиноят кодексини қўллашда вақт бўйича амал қилиш тартибини ўрнатишга бағишланган бўлиб, жиноят тоифасини аниқлашда қайси қонун асосида иш олиб бориш ёки қайси қонунни етакчи қилиб олиш кераклигини назарда тутади. Бунда юртимизнинг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларига хос бўлган изчиллик, тартиб билан иш кўриш ва ниҳоят Жиноят кодексининг вақт бўйича таъсир чегаралари ўз ифодасини топади.
Кўрсатиб ўтилган қоидалар шундан келиб чиқадики, жиноят қонунининг вақт бўйича амал қилишини тўғри белгилаш қуйидаги шартларга асосланиши лозим:
* қонуннинг амал қилиш вақтини аниқлаш зарурлиги;
* жиноят содир этилган вақтни аниқлаш;
Янги қонун кучга кирмасдан туриб жиноят тамомланган ҳолларда кучини йўқотган қонунни қўллаш керак. Агар жиноят янги қонун кучга кириш вақтида содир этилган бўлса, жиноят давомли ёки такроран содир этилганлигидан қатъи назар янги қонунни қўллаш лозим бўлади.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида “қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги жиноятчилик ва жазолаш ишлари жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади” ва бу билан жиноят қонунининг вақтинчалик таъсир чегарасининг умумий қоидасига киритилади.
Қонунни қўллашнинг ягона шарти шундан иборатки, жиноят содир этилган вақтда ушбу қонун амалда бўлса, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидалари ва Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда жиноят содир этилган вақтда Ўзбекистон ҳудудида бу қонунларнинг албатта ижро этилиши шарт бўлган ҳолатлар кўзда тутилади.
3. Шарҳланаётган модда мазмуни бўйича қонун тушунчаси-Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ва бир қанча муҳим ва қатъий ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнигина эмас,балки жиноятчилик ва жавобгарликка тортиш билан боғлиқ ҳуқуқий меъёрларни ҳам тўлалигича қамраб олади. Хусусан, қонун сифатида баъзи бирлари жиноий-процессуал бузилиш ҳисобланадиган ахлоқ ва юриш-туриш қоидаларини белгилаб берадиган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (масалан, йўл ҳаракати қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг интизом ўрнатиш Устави ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар) кўрилади.
Бошқача айтганда, қонун шундай бир меъёрий-хуқуқий актки, у албатта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида ёки референдумда қабул қилинган, қонун сифатида тан олинган, шунингдек, моҳияти адолат ва инсонпарварлик принципларига мувофиқ келувчи ҳужжатдир..
Ҳақиқатан ҳам кўпчилик ҳолларда содир этилиши жиҳатидан қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва шу билан бирга жиноий жазонинг қаттиқлиги, оқибатлар кўрсатиб ўтилган қоидаларнинг бузилиши натижасидан келиб чиққан чиққамаганлигини аниқлаш лозим. Масалан, Жиноят кодекси, 260-модда, иккинчи қисми); Қонун тушунчаси Кодекснинг вақт бўйича амал қилиши нуқтаи назаридан қуйидаги актлар гуруҳини ўз ичига олади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
Ўзбекистон Республикаси қонунлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари;
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;
Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари қарорлари;
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексидаги жазони тайинлаш ишлари ва жиноятчиликни аниқлашда уларнинг боғлиқлик жойи бўлиши тақозо этилади.
Шуни назарда тутиш керакки, санаб ўтилган актлар гуруҳи жиноятни ва бу қилмишнинг жазоланиши кераклигини аниқламайди,балки бу актлар у ёки бу ҳаракатни тан олиш ёки жиноятдаги ҳаракатсизлик ва ижтимоий хавфлилик даражасини аниқлашга таъсир этади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкининг рухсатисиз “рўйхатда турган юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет элда ҳисоб рақами очишга рухсатнома бериш тартибига кўра валюта тушуми (кирим) ни амалга ошириш даромадни яшириш деб баҳоланади, унинг ижтимоий хавфлилиги ва чет эл валютасини яширишнинг жазоланиши эса фақат жиноят кодексида белгиланади.
Жиноят кодексининг 275-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш учун аввало мазкур модда диспозициясида келтирилган наркотик моддаларни тайёрлаш, ташиш ёки жўнатиш билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатларни белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бекор бўлган ёки бўлмаганлиги аниқланади.
4. Шахсни жиноий жавобгарликка тортишга доир қоидаларни қўллашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрсида"ги қонунларга мувофиқлиги талаб этилади. Масалан, 16-модданинг биринчи қисмига биноан қабул қилинган қонун Асосий Қонунда ўрнатилган принципларни бузмаслиги ва унга зид бўлмаслиги лозим.
Бундаги зарурий ва албатта шарт бўлган талаб меъёрий-ҳуқуқий актларни қабул қилган орган ваколати бўлиб, унга мувофиқ меъёрий акт сўнгги мақомининг номланиши шундан келиб чиқади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қонуни фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент фармони ва фақат Президент томонидан қабул қилинади.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси принциплари ва меъёрларига мос келиши билан бир вақтда ўз мазмуни, шакли, реквизити (мажбурий равишда давлат ихтиёрига олиш) билан Ўзбекистон Республикаси "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонун талабларига ҳам жавоб бериши керак.
Шу билан биргаликда, ушбу Қонун меъёрий қоидалар шаклини айнан Олий Мажлисга қонун ва қарорларни, Президент фармонини - Президентга, Вазирлар Маҳкамасига - қарорларни, вазирликларга, давлат қўмитаси, идораларга - буйруқ ва қарорларни, жойлардаги давлат ҳокимият органларига эса ечилиши керак бўлган вазифаларни кўрсатиб беради ва мустаҳкамлайди.
Бироқ хатлар, хизмат юзасидан ёзилган тилхатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатида тан олинмайди. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарорларида ҳам кўрсатиб ўтилган.
5. Қонунни татбиқ этишнинг зарур элементи унинг Ўзбекистон ҳудудида қўлланилиши шартлигида ифодаланади. Шуни назарда тутиш керакки, ҳудуд тушунчаси бутун Ўзбекистон ҳудудинигина эмас, балки маълум бир чегараланган жойни ҳам англатиб, локал (маълум бир ҳудудга тегишли) характер касб этадиган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бажарилиши шарт бўлган ҳудудни билдиради. (Масалан, локал характердаги актлар сифатида таъсири маълум бир ҳудудга тегишли бўлган маҳаллий ҳокимият органларининг меъёрий-хуқуқий ҳужжатлари, Хусусан, "Угам-Чотқол миллий давлат қўриқхонаси тўғрисида”, "Ўзбекистон Республикасининг чегара ҳудудларда жойлашган овул, қишлоқ, поселка, шаҳар, туманларнинг қўшимча рўйхатини эълон қилиш тўғрсида"ги Низом.)
6. Қонунни эълон қилиш - бу нашр қилиш орқали уни омманинг онгига етказишдан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-хуқуқий ҳужжатлар тўғрисида" ги Қонунн 24-моддаси, биринчи қисмида кўрсатилгандек, "Ҳамманинг эътибори учун эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким судланиши, жазога тортилиши ёки мол-мулкидан маҳрум қилиниши мумкин эмас". Қонунни расмий равишда эълон қилиш қонунчилик жараёнининг муҳим босқичи бўлиб, у меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матни асосида унинг дубликатини яратиш ҳамда унинг кучга киришини ёки вақт бўйича амал қилишини аниқлаш имкониятини беради. Расмий публикация ҳуқуқ-тартибот органлари номидан қонунчиликда назарда тутилган манбада мазкур масалага оид тўлиқ ва аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри йўлга қўйишни тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий манбалари қуйидагилардир:
* "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", "Ўзбекистон Республикаси қонунлар тўплами", Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари;
* "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари, шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари тўплами" ва "Ўзбекистон Республикасининг қонунлар тўплами”;
* Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари ва бошқа идораларининг расмий нашрлари, мазкур органларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига тегишли бўлган “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари тўплами” нашри;
* Жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари.
Меъёрий-хуқуқий акт мазмунини оммавийлаштириш учун чоп этишга доир талабларнинг махфий маълумотларга дахлдорлиги йўқ. Бундай ҳолларда тергов ва суд органлари меъёрий - хуқуқий актнинг махсус матнида махфий маълумот мазмунининг ифодаланишига ҳамда мазкур маълумотларнинг жиноят содир этган шахсларга англашиларли бўлмоғига эришмоғи лозим.
7. Қонун ижросининг мажбурийлигини норматив ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириши ёки амал қилиш фаолияти тугатилишининг йўналиши ҳисобланади.
Қонуннинг кучга кириши шуни англатадики, шу пайтдан бошлаб норматив ҳуқуқий актларнинг қоидалари Ўзбекистон республикаси ҳудудида яшовчи барча фуқаролар, мансабдор шахслар, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотлар, шунингдек, давлат хокимияти органларининг ижро этиши ва уларга оғишмай риоя этишида ифодаланади.
Норматив - ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга киришини аниқлаш қонунчиликни ва норматив актларни қўлланилишида муҳим элемент ҳисобланади, чунки айни ўша пайтга қадар у мажбурий ҳисобланмайди, яъни қонун кучга киргунга кадар эскиси амалда бўлади, кучга кирмаган қонуннинг ҳаракат қилиши амалдаги нормаларни бузиш ҳисобланади.
8. Амалдаги қонунларга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайси турига тегишлигига қараб мазкур қонун ҳужжатларининг кучга киришининг қуйидаги тартиби белгиланган.
* Ўзбекистон Республикаси қонуни ва қарорлари шунингдек, маҳаллий давлат хокимияти органларининг қарорлари, агар унинг матнида бошқа изоҳ берилмаган бўлса, ўн кун муддат ичида кучга киради. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси қабул қилингандан қилинган (22 сентябрь 1994 йил) ярим йил ўтгач кучга кирган (1995 йил 1 апрелдан), шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Жиноят ва Жиноят процессуал кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги ва Ўзбекистон Республикасининг жиноий жазоларни либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисида" ги кодексига ўзгартириларш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга киритиш тартиби тўғрисидаги қонуни (2- 29 август, 2001 йил) қонун қабул қилинган кундан бошлаб кучга кирган. Бироқ, шуни ҳам назарда тутиш керакки, одатда, қонуннинг кучга кириш муддати кеч муддатларда кўрсатилади, чунки, аҳолининг қонуннинг мазмуни билан яқиндан танишиши, шунингдек, ҳуқуқ тартибот органлари томонидан уларнинг мазмун моҳиятини англаб олиш масаласи ҳисобга олинган ҳолда, унинг кучга кириши нисбатан узоқроқ муддатни назарда тутади.
* Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг белгилаб қўйилган муддатига мувофиқ кучга киради.
* Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари агар ҳужжатларнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса,Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтгандан сўнг ўн кун муддат ичида кучга киради.
Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат бир нечта нашрларда эълон қилинган бўлса, унинг кучга кириш муддатини ҳисоблашда, биринчи эълон қилинган муддат ҳисобга олинади.
Шуни назарда тутиш лозимки, “а” ва “е” бандларида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириш вақти, унинг расмий нашрда чоп этилган муддати билан қатъий боғлиқ бўлмасада, бундай нашр таъсири унинг эътироф этилиш имкониятини билдирмайди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нашр этилиши ва унинг кучга кириши унинг ижро этилиши шарт бўлган талаблардир. Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат расман нашр этилмаган бўлсада, уни маълум вақт ичида хақиқатан қўлланилган бўлишига қарамай, мазкур норматив ҳуқуқий ҳужжат амалда деб тан олинмайди.
Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга киргандан сўнг нашр қилинган бўлса, дастлабки расмий манбанинг вақти муҳим аҳамиятга эга, шунга ўхшаш бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳам ҳақиқийлиги унинг расмий нашри билан боғлиқ бўлиб, унинг нашр қилинган вақтдан бошлаб амалда эканлигини аниқлаш зарур.
10. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиш кучининг тугатилиши шу пайтдан бошлаб унинг қўлланилмаслигини англатади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қисми) нинг амал қилиш қуйидаги ҳолларда тугатилади:
* норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қисми) мўлжалланган муддат тугаганда ёки ҳодиса бошланганида;
* норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қисми) қонунда белгиланган тартибда конституциявий эмас, деб топилганида;
* норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қисми) ўз кучини йўқотган деб топилганда;
* норматив - ҳуқуқий ҳужжат (қисми) қонунда назарда тутилган ҳолларда бекор қилинганда.
11. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қисми) белгиланган муддат тугаганда ёки бирор ҳодиса сабабли тугатилиши - муддати ўтганлиги ёки бирор воқелик муносабати билан шу вақтдан бошлаб унинг ҳақиқий эмаслигини билдиради. Муддатни аниқлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.(масалан тақвим бўйича ҳаммага маълум бўлган даврий воқеалар). Масалан. ҳарбий ҳаракатнинг тугаши, табиий офатлар содир бўлиши билан боғлиқ ҳолатларда суд ва тергов органлари нуфузли давлат органларининг шунга ўхшаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатилган муддатдан бошлаб тўхтатиш ҳақидаги махсус кўрсатма талаб қилишлари керак.
12. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунда белгиланган тартибда конституцияга мувофиқ эмас, - деб топиш Ўзбекистон Республикаси Конституцивий суди томонидан қонунда кўрсатилган тартибда шахсларнинг аризасига асосан ҳал этилади. Бундай ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг конституциявийлик масаласи қарор чиқариш шаклида ҳал қилинади.
Қонун ёки қонун ости ҳужжатини кўриб чиқиш вақтида унинг конституцияга мувофиқ эмас деган хулосага келинса, Конституциявий суд қарорида эълон қилинган муддат кўрсатилган бўлиши лозим. чунки айнан шу вақтдан бошлаб, суд қарори қонуний кучга киради ва шунга мувофиқ равишда унинг конституциявийлик масаласи ҳал этилади.
Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявий эмаслигини белгилаш бошқа усуллар билан унинг таъсирини тўхтатишдан шу билан фарқ қиладики, норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциявий суд қарори чиқарилган вақтдан эмас, балки давлат рўйхатидан ўтказилгандан пайтдан эътиборан тан олинади. Бундан келиб чиқиб шуни айтиш лозимки, тергов ва суд органларининг конституциявий эмас деб топилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосланиб чиқарган барча қарорлари қайта кўриб чиқилиши лозим бўлади..
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг яроқсизлиги (амалда қўллаб бўлмаслиги) шуни билдирадики, изоҳланаётган модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида келтирилиб ўтилгандек, гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг аҳволини яхшилашга қаратилган бўлган тақдирда ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқага қайтиш кучига эга эмас.
13. Қонун кучининг йўқотилиши - амалдаги қонунни бекор қилиш ва бир вақтнинг ўзида шунга ўхшаш ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилишда ифодаланади.
Агар илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг қисмлари янги қабул қилинган меъёрий кўрсатмаларга зид келадиган бўлса, расман тан олинган бўлмасада, ўз кучини йўқотган ҳисобланади. (масалан: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар ўз аҳамиятини йўқотган бўлса).
Қилмишнинг жиноийлигини бекор қилиш деганда, жиноят қонунида қилмишни жиноятлар қаторидан чиқарадиган қонун тушунилади. Қонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш унинг кучини йўқотишдан кейинги шунга ўхшаш муносабатларни бошқарадиган иккинчи актни қабул қилиши билан фарқ қилади. Бундай ҳолларда меъёрий ҳуқуқий акт сўзсиз махсус фармойиш билан нуфузли давлат органлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий акт шаклида бекор қилинади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бекор қилиниши ваколатли орган томонидан норматив характердаги ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш орқали амалга оширилади.
14. Жиноятнинг содир этилган вақтини аниқлаш Жиноят кодексининг вақт бўйича амал қилишининг муҳим элементи ҳисобланади.
Жиноят кодексининг 13-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, жиноят содир этилиш вақти содир этилган жиноят таркибига қараб аниқланади.
* моддий таркибли жиноятларда жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфли оқибатлари келиб чиққан вақт жиноят содир қилинган вақт деб топилади ( масалан, одам ўлдириш натижасида ўлимнинг юз бериши).
* формал таркибли жиноятларда жиноят содир қилиш вақт ижтимоий оқибат келиб чиқишидан қатъи назар келиб чиқади (масалан, товламачилик йўли билан мол-мулк талаб қилиш).
Юқоридагиларни инобатга олиб шуни айтиш лозимки, жиноят содир қилиш вақти ижтимоий хавфли қилмишнинг объектив мезонларига қараб аниқланади,ўз навбатида бу қоида Жиноят кодексининг 16-моддасида ҳам мустаҳкамланган. Қонуннинг вақт бўйича амал қилишини аниқлашда жиноят тамомланган вақтни ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этади.
15. Иштирокчиликда содир этилган жиноятларнинг содир этилиш вақтини аниқлашда тергов ва суд органлари асосий диққат-эътиборни иштирокчиларнинг ҳатти-ҳаракатларига қаратишлари лозим.
Бир қанча жиноятлар содир этилиш вақти Жиноят кодексининг 13-модданинг биринчи қисми асосида аниқланади. Бир қанча жиноятлар деганда фақат турли вақтларда содир қилинган жиноятлар эмас, балки бир вақтнинг ўзида битта ҳаракат билан Жиноят кодекси Махсус қисмининг турли моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этиш жиноятлар жами тушунилади. Ушбу қоидадан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, жиноятни содир этиш вақтини белгилаб олиш Жиноят кодексининг тузилиш таркибига боғлиқ, жумладан:
* давомли жиноят - бу ягона қасд билан қамраб олинган бир-бирига ўхшаш ҳаракатлардан иборат бўлган ижтимоий хавфли қилмишлардир.Давомли жиноят айбдорнинг қилмишидаги ҳар бир ҳаракат мустақил жиноят таркибини ташкил қилиб, бундай жиноий фаолият узоқ давом этиши ёки жиноятлар тизимидан иборат бўлиши мумкин. Давомли жиноятлар охирги маротаба содир қилинган жиноий ҳаракатдан бошлаб тамомланган ҳисобланади (масалан, харидор ва буюртмачини алдаш). Демак, давомли жиноятлар учун жавобгарлик жиноят тўхтатилган ёки жиноятларнинг охиргиси тамом бўлган вақтда амалда бўлган қонун асосида ҳал қилинади.
* икки ҳаракатли жиноят - ўхшаш жиноятлар таркиби қонунда шундай кўрсатилади яъни, бунда жиноятчи фақат икки ҳаракатни амалга оширган бўлади. Ўхшаш ҳатти-ҳаракатларни содир этиш вақти деб охирги ҳаракат якунлангандан кейин жиноий таркиб аниқланган вақт тан олинади.
* Узоққа чўзилган жиноятлар - бу жиноятлар кўпинча айбдорга қонунга мувофиқ юклатилган мажбуриятни бажаришдан бош тортиш, ҳаракатсизликда ифодаланиши мумкин. Узоққа чўзилган жиноятлар (масалан, дизертирлик) унинг тўхтатилиши, яъни жиноятчининг ушланиши билан тамом бўлган ҳисобланади.Бу туркумдаги жиноятлар қанча муддатга чўзилганлигидан қатъи назар битта жиноий қилмиш деб қаралади. Узоққа чўзилган жиноятларда битта жиноий ҳаракат узоқ муддатга чўзилиб кетади. Бунга мисол қилиб Жиоят кодексининг 222-моддасини келтириш мумкин. Мазкур моддада, жазо ўтаётган шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жойларидан ёхуд қамоқдан қочганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган. Бу жиноят объектив томондан қамоқдан чиқиб кетиш биланоқ тамом бўлган ҳисоблансада, то айбдор қўлга тушгунча ёки ўзи келгунча давом этади ва қочиб юришнинг ўзи битта жиноят таркибини ташкил қилади.
* такроран содир этилган жиноятлар - бу бирон-бир жиноятни иккинчи, учинчи ва ҳоказо марта содир этиш тушунилади. Жиноий қилмиш содир этилган вақтдан бошлаб жиноят такрор содир этилган ҳисобланади.
16. Агар ижтимоий хавфли қилмиш иштирокчиликда содир этилган бўлса, у ҳолда ҳар бир иштирокчининг ушбу қилмишни содир этган вақт аниқланиши зарур. Иштирокчиликда содир қилинган жиноят бажарувчи жиноятнинг объектив томонини бажарган вақтидан тугалланган ҳисобланади.
Агар иштирокчиликда содир қилинган жиноят янги қонун кучга киргунга қадар содир этилган бўлса, айбдорлар илгари қабул қилинган жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлика тортилишлари лозим. Масалан, жиноий гуруҳ янги қабул қилинган қонун кучга киргунга қадар ташкил этилиб, жиноят қонун кучга киргандан сўнг содир этилган ҳолларда ташкилотчи илгарироқ кучга эга бўлган қонун асосида гуруҳнинг қолган иштирокчилари эса янги кучга кирган қонун билан жиноий жавобгарликка тортиладилар.
17. Жиноятга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд қилиш тамом бўлмаган жиноят ҳисобланиб, бунда жиноят айбдорга боғлиқ бўлмаган сабаларга кўра охирига етказилмайди. Бундай ҳолларда жиноят тўхтатилиб қолинган пайтда амалда бўлган қонун қўлланилади.
18. Жиноят кодексининг вақт бўйича амал қилишида кетма-кетлик ва узлуксизликнинг чегараланиши қонуннинг орқага қайтиш кучи таъсири жараёнини аниқлашда ўз ифодасини топади. Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” ги Қонунининг 27-моддасига кўра норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Қонуннинг орқага қайтиш кучининг умумий шартлари халқаро хуқуқнинг умум эътироф этилган меъёр сифатида тан олинган 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро Пактда ўз ифодасини топган.
19. Агар қонун хатти-ҳаракатлар содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш ёки кучайтиришни назарда тутса, ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар келтирса, шунингдек, жазони юмшатишга ёки бошқача қилиб айтганда шахснинг аҳволини яхшилашга қаратилган бўлса у орқага қайтиш кучига эга. Қонун жиноий хатти-ҳаракатларни аниқлашда жазони кучайтириш ёки шахснинг аҳволини ёмонлаштириш каби акс таъсир кучига эга эмас. Қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.
20. Шуни назарда тутиш керакки, қонун тушунчасига орқага қайтиш кучи нуқтаи назаридан баҳо бериладиган бўлса, ўзида ҳуқуқий меъёрлар мустаҳкамланган шаклини эмас, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти мужассамлашганлигини кўришимиз мумкин. Масалан, 2001 йил 29 августда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят- процессуал кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонунини орқага қайтиш кучи сифатида қараш мумкин эмас. Бошқача қилиб айтганда, “қонун” тушунчасида жазони кучайтирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган ҳолатларни белгилаб берувчи меъёрлар ўз аксини топади.
Янги қонун судланувчининг аҳволини бошқача тарзда яхшилаган ҳолдагина қўлланиши мумкин. Қонуннинг орқага қайтиш кучининг мазмун моҳиятини айнан шунда кўриш мумкин.
Шуни назарда тутиш лозимки, қонунга орқага қайтиш кучи тусини бериш Жиноят кодексининг қайси қисмига тааллуқлиги аҳамиятга эга эмас. Шу сабабли ҳар бир ҳолатда норматив-ҳуқуқий меъёр жиноят содир этган шахснинг аҳволини умумий тарзда яхшилайдиган ҳолатдан келиб чиқиш лозим. Шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун масалан, жазони ўташ колониясининг енгилроқ тартибли турини тайинлаш мумкин бўлган, судланганлик муддати қисқартирилган, жариманинг миқдори камроқ бўлган, шартли ҳукм қилишнинг қўлланиши мумкин бўлган, муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод қилишда, жазони ўташи зарур бўлган қисмининг камайтирилганлиги ва ҳоказолар бўлиши мумкин.
Жумладан, 2001 йил 29 августда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят - процессуал кодекслари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонуннинг қабул қилиниши билан жиноятларнинг таснифи, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг рўйхати кенгайтирилди.
21. Қилмишнинг жиноийлигини бекор қилиш, - деганда, жиноят қонунида қилмишни жиноятлар қаторидан чиқарадиган қонун тушунилади. Бошқача қилиб айтганда, уларни маъмурий, интизомий ҳуқуқбузарликлар тоифасига киргазиш, масалан, Жиноят кодексидан 187-моддаси (харидор ёки буюртмачини алдаш билан боғлиқ бўлган ижтимоий хавфли ҳаракат) нинг 2000 йил 15 декабрь қонуни билан чиқариб ташланиши. Бу қонун кучга кирган кундан бошлаб, шундай қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан тергов идораларида ва судлардаги жиноий ишлар тўхтатилиши лозим. Ушбу модда билан илгари ҳукм қилиниб ҳам жазони ўтаётганлар ҳам судланган ҳисобланмайдилар.
Агар шахс содир этган жинояти учун маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин худди шундай жиноятни қайтадан содир этса, жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.
22. Жазони енгиллаштирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар деганда аналогик қилмиш учун айбдорга нисбатан енгилроқ жазони назарда тутувчи меъёрлар йиғиндиси назарда тутилади.
Уларга қуйидаги норматив-ҳуқуқий меъёрларни киритиш мумкин:
* илгари тайинланган жазо турини енгилроқ жазога алмаштириш;
* санкциядан бир ёки бир нечта асосий ёки қўшимча жазони чиқариб ташлашни назарда тутиш;
* асосий ёки қўшимча жазонинг энг кўп ёхуд энг кам қисмини пасайтириш;
* асосий жазони ўзгартирмасдан факультатив характерда жазо бериш;
* санкцияга енгилроқ бўлган муқобил жазо турини киритиш;
* етказилган моддий зарар қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни назарда тутиш.
23. Содир этилган жиноий қилмиш учун қонун ҳар доим ҳам жиноий жавобгарликни эмас, балки бошқа жиноий оқибатларни ҳам назарда тутади. Жиноят кодексига мувофиқ шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилашга қаратилган норматив-ҳуқуқий меъёрлар ҳам “орқага қайтиш кучи”га эга. Хусусан, бунга шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган ҳолатлар сифатида жиноят таснифининг ўзгариши, шартли равишда озод қилиш шартларининг ўзгариши, судланганлик муддатининг тугаши ёки олиб ташланиши шартларининг ўзгариши, шартли ҳукм қилишда синов муддатининг қисқариши, жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш муддатининг ўзгариши ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Айбдорнинг ҳуқуқий аҳволини яхшилашга қаратилган меъёр сифатида жабрланувчи ва бошқа томонларнинг келишуви билан жавобгарликдан озод қилишни кўзда тутувчи Жиноят кодексининг 66-1-моддасини мисол келтириш мумкин.
Шахснинг ҳуқуқий аҳволини яхшилашга қаратилган меъёрларнинг барча вариантларини мустаҳкамлашнинг имкони йўқ, чунки Жиноят кодексида барча умумий қоидаларгина баён этилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳар қандай ҳолатда қонун меъёрлари жиноят содир этган шахснинг ҳуқуқий аҳволини яхшилайдими ёки йўқми деган масалани аниқлашлари шарт.
24. Жазони кучайтирадиган, шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас. Агар ҳуқуқий меъёр ўз харакатерига кўра шу модда шарҳининг 21-23 бандлари қоидаларига зид келса, уни қонун кучга киргунга қадар мавжуд бўлган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўллаб бўлмайди. Ўз навбатида бу қоида Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” ги Қонунининг 27-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган, яъни агар қонун хатти-ҳаракатлар содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш ёки кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ёки жисмоний шахсларга моддий зарар келтирса, у орқага қайтиш кучига эга, деб белгилаб қўйилган.
25. Қонун жазонинг энг кўп қисмини камайтириб, унинг энг кам қисмини оширган ҳолатларда ҳуқуқни қўллаш амалиётида муайян қийинчиликлар юзага келади.
Агар янги қонун жазонинг энг кўп қисмини камайтиришни назарда тутса, ҳуқуқни қўлловчи (тергов ва суд идоралари) органлар иш ҳолатларидан келиб чиқиб, енгилроқ турдаги жазони назарда тутувчи ҳуқуқий меъёрни қўллаши мумкин. Хусусан, агар айбдорга нисбатан қаттиқ жазо тайинлаш кўзда тутилган бўлса, у ҳолда янги қонунни қўллаш зарур. Бироқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иш ҳолатидан келиб чиқиб, айбланувчига нисбатан енгил жазо тайинлаш зарур деган хулосага келадиган бўлса, бундай ҳолатда, илгари қабул қилинган қонун бўйича иш тутишга тўғри келади.
Буни шундай изоҳлаш мумкинки, бир томондан суд ҳар қандай ҳолатда ҳам қонунда назарда тутилганидан қаттиқроқ жазо тайин этолмайди, Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ, қонунда назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлаш ёки бошқа енгилроқ жазо турига ўтиш фақат содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар мавжуд бўлгандагина мумкин масалан, маънавий зарарнинг йўқлиги ёки етказилган мулкий зарарнинг қопланганлиги, ота-онасининг касаллиги, уларнинг меҳнатга яроқсизлиги, айбдорнинг оилада ягона боқувчи эканлиги, судланувчининг кексалиги, жабрланувчининг ғайриқонуний ҳаракатлари жиноят содир этилишининг сабаби бўлганлиги ва ва шунга ўхшаш ҳолатлар бўлиши мумкин.
Агар қабул қилинган қонун жиноятнинг янги, махсус таркибини шакллантирса, дастлабки аналогик жиноий ҳатти-ҳаракатлар кўпроқ умумий меъёрлар таъсири остида қолиб, жиноий жавобгарликни кучайтирса, бу ҳолда санкция билан умумий ва махсус меъёрларни ўзаро қиёслаш керак. Агар ҳатти-ҳаракатларнинг умумий меъёрдан ажратиб олинган жиноий хатти-ҳаракат учун берилган санкция қонун санкциясидан енгилроқ бўлса, бундай қонун орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.
26. Изоҳланаётган модданинг иккинчи қисми қоидасига мувофиқ, қонуннинг орқага қайтиш кучи жиноят содир этган барча шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур ҳолатда уларнинг судланган-судланмаганлиги, уларга нисбатан тайинланган жазонинг ижро этилган-этилмаганлиги аҳамиятга эга эмас. Шунингдек, агар янги қонун бўйича содир қилинган қилмишга нисбатан қаттиқроқ жазо тайинлаш назарда тутилган бўлса, аммо жазо тайинлаш доирасидан четга чиқилган бўлса, у ҳолда тайинланган жазонинг энг кўп қисми максимум даражагача камайтирилиши мумкин.
Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, қонуннинг орқага қайтиш кучи фақат жиноий жавобгарлика тортилган шахслар доирасига тааллуқли, яъни суриштирув, дастлабки тергов органи ёки судда бундай шахсларга нисбатан иш юритилаётган бўлсагина татбиқ қилинади
Шунга кўра, жиноят содир этган шахсларга нисбатан енгилроқ қонунни, айтайлик, “оралиқ қонун” (жиноят содир этилгандан кейин қабул қилиниб жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган муддатда амалда бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат) ни қўллаб бўлмайди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ ЖАВОБГАРЛИК АСОСЛАРИ III боб. ЖИНОЯТ
Do'stlaringiz bilan baham: |