14-модда. Жиноят тушунчаси.
Ушбу Кодекс билан таъқиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят деб топилади.
Ушбу Кодекс билан қўриқланадиган объектларга зарар етказадиган ёки шундай зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарадиган қилмиш ижтимоий хавфли деб топилади.
1. Жиноят тушунчаси жиноят ҳуқуқи фанининг предметини ташкил қилувчи категориялардан бири бўлиб, қонун чиқарувчи томонидан унга ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф, айбли ва жиноий жазога сазовор қилмиш сифатида баҳо берилган.
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, жиноят тушунчасининг умумий тавсифларини ўз ичига олади. Энг аввало, шарҳланаётган моддада жиноят тушунчасининг асосий белги ва аломатлари белгиланганки, уларга қараб у ёки бу қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ёки ижтимоий фойдалилигини аниқлаб олиш мумкин. У ёки бу ижтимоий хавфли қилмишни жиноят деб ҳисоблаш ва жиноят ҳуқуқида жиноят тушунчасини ишлаб чиқиш ғоят мураккаб ишдир. Ўзбекистон Республикасида у ёки бу қилмишни жиноят деб ҳисоблаш масаласи конституциявий қоидага амал қилинган ҳамда ҳуқуқий демократик давлатнинг бозор иқтисодиёти тизими эътиборга олинган ҳолда ҳал қилинади. Жиноят кодексида жиноят тушунчаси аниқ белгилаб берилган бўлиб, унга кўра Жиноят кодекси билан таъқиқланган, айбли ижтимоий хавфли қилмиш (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) жазо қўллаш таҳдиди билан жиноят, деб топилади. Жиноят - шахснинг жиноят қонуни билан таъқиқланган маълум бир шаклдаги хатти-харакати ҳисобланади.
2. Жиноят - ҳуқуқий ҳодиса сифатида ўзига хос жиҳатларни ифодаловчи маълум бир белгиларга эга. Жиноят кодексининг 14-моддада келтирилган жиноят тушунчасида моддий ва формал белгилар мавжуд. Моддий ва формал белгилар, у ёки бу қилмишнинг жиноят деб топилиши учун мавжуд шартлар тавсифи бўлиб, улар қуйидаги ҳолатларда ўз ифодасини топади.
Формал белги бу маълум бир хатти-ҳаракатларни содир қилиш ёки баъзи бир ҳаракатларни бажариш шарт бўлган ҳолларда уларни содир қилмасликни ман қилишда ифодаланади.
Моддий белги - бу ҳар қандай жиноятнинг туб моҳиятини, ижтимоий хавфлилигини ифодалаб беради.
Моддий белгини, шунингдек, қонун билан қўриқланадиган жиноий тажовуз объектини аниқлаш учун Жиноят кодексининг 2-моддасида мустаҳкамланган қоидадан келиб чиқиш зарур. Жиноят белгилари қилмишнинг жиноийлигини белгиловчи асосий мезон ҳисобланади.
3. Ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмишни жиноят деб ҳисоблаш учун барча жиноятлар учун зарур бўлган жиноят белгилари ишлаб чиқилган, шунингдек, жиноятда айбли эканлик ва ана шу белгилар ҳамда айбнинг бирор шакли мавжуд бўлсагина, қилмиш жиноят ҳисобланади. Жиноий қилмиш ҳар доим ҳам ижтимоий хавфли бўлибгина қолмасдан, балки ғайриқонуний, яъни жиноий ҳуқуқий нормалар билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга тажовуз қилиш ҳамдир. Қилмиш ижтимоий хавфли бўлиши учун янги жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга зарар етказа оладиган даражада хавфли бўлиши керак. Қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги, ғайриқонунийлиги, жиноий жазога сазоворлиги жиноятнинг зарурий белгиларидир. Ушбу тавсифдан келиб чиқиб, жиноятнинг қуйидаги белгиларини кўрсатиш мумкин.
* ижтимоий хавфлилиги;
* айбнинг мавжудлиги;
* ҳуқуққа хилофлиги;
* жазога сазоворлиги.
4. Инсонннинг ҳар қандай ҳатти-ҳаракати, ҳулқ атвори жамиятнинг бошқа аъзолари манфаатлари нуқтаи назаридан ё ижобий ё салбий баҳоланади.
Ижтимоий хавфлилик - жиноятнинг объектив хусусиятини белгилаб, у жиноий ҳуқуқий муҳофаза объектларига зарар келтирувчи ёки ҳақиқий зарар етказиш хавфини туғдирувчи қилмишларнигина жиноят тоифасига киритишни ифодалайди.
Ижтимоий хавфлилик шундай мезонки, унинг ёрдамида жиноятларни жиноий бўлмаган ҳуқуқбузарликлардан ва кам аҳамиятли қилмишлардан фарқлай олиш имконини берувчи жиноятнинг муҳим таркиби ҳисобланади. Қонун чиқарувчи ҳуқуқбузарликларни жиноий, маъмурий, интизомий ёки фуқаровий-ҳуқуқий даъволи ишларга ажратади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ижтимоий хавфлилик мезони бу нафақат Жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларига зарар етказиш қобилияти, балки қилмишнинг хусусияти ва унинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамдир.
Ижтимоий хавфлилик характери Жиноят қонуни тизимида ўз ифодасини топган бўлиб, у асосий қадрият ҳисобланувчи шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликларини белгилаб берувчи қодалардан келиб чиқади.
Масалан, қилмишнинг кам аҳамиятлилиги (Жиноят кодекси 36-модда) Жиноят кодексида назарда тутилган қилмишнинг белгилари расман мавжуд бўлсада, аслида ҳеч қандай ижтимоий хавфли хусусиятни акс эттирмайди.
Қилмишни кам аҳамиятлилиги жиноят ҳуқуқида қуйидаги икки белги орқали намоён бўлади:
* жиноят белгиларининг формал жиҳатидан мавжудлиги;
* шахс, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказилмаслиги ёки зарар етказиш хавфини келтириб чиқармаслиги;
Суд-тергов амалиётида қилмишнинг кам аҳамиятлилиги масаласи кўрилаётганда зарарли оқибат ҳақиқатан келиб чиққанлиги, қилмишни содир этиш усули, айб шакли, мотив ва мақсадига эътибор қаратиш лозим. Агар содир этилган қилмиш кам аҳамиятлилик белгисига эга бўлса, жиноят иши қўзғатилиши мумкин эмас, қўзғатилган жиноят иши эса жиноят таркиби мавжуд эмаслиги туфайли тугатилиши керак. Бир қатор ҳолатлар жумладан, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш, етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш, айбдорнинг ҳаётий фаолияти каби ҳолатлар қилмишни кам аҳамиятли деб топиш учун асос бўлолмайди.
5. Жиноятнинг яна бир зарурий белгиси унинг ҳуқуққа хилофлигидир. Бу белги ҳар доим жиноятнинг ижтимоий хавфлилик белгиси билан боғлиқ бўлади. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этилишиниинг ўзи жиноий ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаришига сабаб бўлолмайди. Жиноят ва жазо масалалари юзага келиши учун қилмиш ижтимоий хавфли бўлгани ҳолда, у тегишли жиноий-ҳуқуқий нормани бузган бўлмоғи лозим. Ҳуқуққа хилофлик жиноятнинг формал белгиси ҳисобланади.
Қонун шахснинг содир этган турли ҳатти-ҳаракатларини (хулқ-атворини) баҳолар экан, буларнинг ичидан ижтимоий хавфлилик даражаси юқори бўлган ҳатти-харакатларинигина жиноят сифатида баҳолашни кўзда тутган.
Жиноят қонуни жиноят туфайли зарар етказилган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, ижтимоий хавфли қилмишга ҳуқуққа хилофлик мақомини беради. Юқоридагиларни инобатга олиб шуни айтиш лозимки, содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш ҳуқуққа хилоф деб топилган пайтдан бошлаб жиноят мақомини олади.
6. Жиноий ҳуқуққа хилофликни белгилашда Жиноят кодексининг фақат “Махсус” қисми нормаларига таянмасдан, “Умумий” қисм институтларини ҳам эътиборда тутиш зарур. Фақат шундагина бош ва асосий масала - ўз ичига ижтимоий хавфлилик даражаси ва табиатини олган ҳамда жиноий-ҳуқуқий таъқиқ ўрнатувчи жиноят ҳуқуқи нормаларида ифодаланувчи жиноятнинг моддий моҳиятини тўғри аниқлаш мумкин.
Жиноий ҳуқуққа хилофлик ва жиноий-ҳуқуқий таъқиқ тушунчалари айнан бир хил бўлиб, Махсус қисмнинг аксарият нормалари тузилиши жиҳатидан таъқиқиловчи нормалардир. маълум ҳолатларда қилмишларга ёки усул, йўсин ва ҳоказоларга таъқиқ қўйилган (масалан, Жиноят кодекси 148- ва 149-моддалари.) Жиноят кодексининг Махсус қисмидаги нормалар мажбурият юкловчи хусусиятга эга.. Шу билан бирга, юқорида тилга олинган таъқиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Махсус қисмда ўша норматив-ҳуқуқий актлар талаби бузилганлиги учун жазо чораси - санкция белгилайди. Буни Жиноят кодексининг бланкет нормалари дейилади. Жиноят кодексининг “Махсус” қисми бланкет диспаозициялари тўғрсида гап кетганда, ҳуқуққа хилофлик белгиси кўпроқ тўғри келишини кўриш мумкин.Ҳуқуққа хилофлик шахс томонидан Жиноят кодексининг “Махсус” қисмида кўрсатилган нормаларнинг бузилиши демакдир.
Ҳуқуқа хилофлик жиноий қилмиш орқали ҳуқуқий нормаларининг бузилишини ифодалайди.
Ҳуқуққа хилофлик умумий маънода ҳуқуқ нормаларига қарши боришдир.
Ҳуқуққа хилофлик мавҳум тушунча, зеро унинг таркиби ҳуқуқнинг турли соҳаларидаги, жумладан, жиноий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқ соҳаларидаги нормаларнинг аниқ хусусиятларига боғлиқ эмас.
Жиноят ҳуқуқида ҳуқуққа хилофлик тушунчаси жиноятни бошқа ҳуқуқбузарликлардан фарқлаш учун жиноят ҳуқуқининг бошқа ҳуқуқ соҳалари билан боғлиқликда бўлишини ифодалайди.
Шундан, ҳуқуққа хилофлик жиноятнинг жазога сазоворлиги билан, жиноятнинг ўзи эса жиноятни содир қилган шахс айби билан узвий боғлиқ. Бу белгилар жиноий ҳуқуққа хилофлик ва жиноят тушунчаларини умумий тарзда ифодалайди.
Ҳуқуққа хилофлик объектив ва нисбатан мустақил табиатга эга. Жиноятнинг ҳуқуққа хилофлик белгисининг моҳияти шундаки, ҳуқуққа хилоф қилмишга у ёки бу ваколатли мансабдор шахслар томонидан қандай баҳо берилишидан қатъи назар, бундай қилмиш учун қонунда жавобгарлик белгиланмагунча формал жиҳатдан ижтимоий хафли деб ҳисобланмайди.
7. Ҳуқуққа хилофлик ижтимоий хавфли қилмишнинг жиноят қонуни билан таъқиқланганлигини ифодалайди. Бу белги қонунийлик принципининг “қонунда назарда тутилмаган бўлса, демак, жиноятнинг ўзи йўқ” деган қоидасидан келиб чиқади. Бундан ташқари, бу белги “Жиноят қонунининг аналогия бўйича қўлланилишига йўл қўйилмайди” деган қоидани ҳам ўз ичига олади. Демак, жиноий ҳуқуққа хилофлик деганда, жиноятларнинг жиноят-ҳуқуқий нормаларда кўрсатилган жазо қўллаш таҳдиди билан таъқиқланиши тушунилади. Қилмиш жиноят қонуни билан ҳуқуққа хилоф, деб эълон қилинганидан бошлаб жиноятга айланади, давлат эса ўз навбатида бундай қилмишларга қарши жиноят ҳуқуқий воситалар билан курашиш имкониятига эга бўлади. Ҳуқуққа хилофлик Жиноят кодексининг Умумий қисмидаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, жиноят ҳуқуқи нормаларида кўрсатилган қилмишларни содир этишни таъқиқлашдан иборат.Ҳар бир қилмишнинг жиноят эканлиги Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддалари диспозициясида кўзда тутилган. Ижтимоий хавфлилик ва ҳуқуққа хилофлик белгилари биргаликда қилмишнинг жиноийлиги ва у учун жавобгарлик асосини белгиловчи омил ҳисобланади.Жиноий ҳуқуққа хилофлик қилмишга ижтимоий хавфлилик даражасини бериб, айнан шу даража орқали қилмиш жиноят таснифини олади. Жиноятнинг моддий белгиси - “ижтимоий хавфлилик бўлса, жиноятнинг формал белгиси “ҳуқуққа хилофлик ҳисобланади.”
8. Жиноят тушунчасини изоҳлашда ижтимоий хавфлилик ва ҳуқуққа хилофлик жиноятнинг асосий ва бир -бирига алоқадор белгилари эканлигини кўриш мумкин. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик белгисининг мавжуд эмаслиги ўз навбатида ҳуқуққа хилофликнинг мавжуд эмаслигини ҳам билдиради, яъни фақат жиноят қонуни билан ижтимоий хавфли, деб топилган қилмишларгина ҳуқуққа хилоф ҳисобланади. Қилмишнинг жиноят ҳуқуқига хилоф деб топиш асослари бўлиб: бундай қилмишнинг ижтимоий хавлилиги- (жиноий ҳуқуққа хилофликнинг асосий мезони), у ёки бу қилмишга айнан жиноят ҳуқуқий воситалар билан таъсир этишнинг умумийлиги ҳисобланади. Жиноятнинг бу белгиси ижтимоий хавфлилик ва айбнинг мавжудлиги белгиларини келтириб чиқаради.
Демак, ҳуқуққа хилофлик-ижтимоий хавфлиликнинг юридик ифодасидир. Янада аниқроқ қилиб айтсак, ижтимоий хавфли қилмиш ҳуқуққа хилофдир.
9. Ҳар қанақа ҳуқуққа хилоф ижтимоий хавфли қилмиш жиноий жазога сазовор бўлиши лозим. Жиноят кодексининг 14-моддаси биринчи қисмининг диспозицияси жиноий жазони ҳам назарда тутган. Бу эса ўз навбатида жиноятнинг жазога сазоворлик белгисини келтириб чиқаради. Жиноятнинг жазога сазоворлиги жавобгарликнинг муқаррарлиги принципидан келиб чиқади. Жазо тушунчаси жиноят тушунчасисиз бирон-бир мазмун касб этмайди, яъни жазо аниқ реал содир этилган жиноятнинг оқибати ҳисобланади.Содир этилган жиноятнинг оқибати реал жазо эмас, балки айнан жазо қўллаш таҳдиди ҳисобланади
Юқоридагиларни айтганда, қилмишнинг жиноий ҳуқуққа хилофлиги унинг жазога сазоворлиги билан бевосита боғлиқ.
Ҳуқуқий таъқиқни белгиловчи жиноий ҳуқуқий нормага мувофиқ, қонунда ўрнатилган қоидага риоя қилишни таъминловчи, ушбу қоидани бузган айбдорни жазога тортувчи жиноий санкция мавжуд. Жиноятнинг жазога сазоворлик белгиси ҳар қандай жиноят учун жазо тайинланишининг муқаррарлигини билдиради.Жазо эса суд ҳукми билан тайинланадиган давлатнинг мажбурлов чорасидир. Жиноят кодексида кўзда тутилган жазолар мажбурий ва барча ҳолларда содир этилган жиноятлар учун жазо қўлланилиши керак дегани эмас.Жиноий жазо жиноят содир этишнинг оқибати сифатида жавобгарликнинг муқаррарлигини келтириб чиқаради ва асосий огоҳлантирувчи восита ҳисобланади. Жазо қўллаш таҳдидини ифодаловчи санкцияси бўлмаган ҳуқуқий норма жиноий ҳуқуқий таъқиқни англатмайди.
Жазога сазоворлик Жиноят кодекси моддалари диспозициясида кўрсатилган белгилар мавжуд бўлган у ёки бу ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсга нисбатан жиноий жазо қўллаш лозимлигини кўрсатади.Жиноятнинг жазога сазоворлик белгилари ҳуқуққа хилофлик белгисидан келиб чиқади.Жавобгарликнинг муқаррарлиги тушунчаси жиноий жазо тушунчаси билан ҳар доим ҳам бирга келавермайди. Жазога сазоворлик жиноятнинг белгиси сифатида жиноят қонунига хилоф қилмиш учун жазо мавжудлигини ҳамда жиноят ва жазо тушунчалари бир-бири билан доимо ўзаро алоқадорликда эканлигини билдиради. Жиноий жазо- ижтимоий хавфли қилмишнинг ҳуқуқий оқибатидир. Аммо бу ҳуқуқий оқибат турли хил ҳолатлар туфайли қўлланилмаслиги мумкин. Қонун чиқарувчи шундай огоҳлантириш орқали жазо қўлланилиши мумкинлигини кўрсатиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи мустаҳкамлигини таъминлайди. Жиноят содир этган шахсни айбдор ва жавобгар деб топиш учун барча шарт ва асослар мавжуд, аммо шунга қарамай жавобгар шахс амнистия акти асосида жазодан озод қилиниши мумкин, лекин жавобгарликдан озод қилинмайди.
10. Айб жиноятнинг мустақил бир белгиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекиснинг 14-моддасида кўрсатилган бўлсада, ушбу Кодекснинг 16-моддасида жиноий жавобгарликнинг асоси сифатида ҳам қайд этилади. Айбдорлик жиноят белгиси бўлиши билан бирга жиноий жавобгарлик асоси ҳам ҳисобланади. Шахс фақат айбли ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.Шахс жиноят содир қилар экан, у ўзининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигига ва ундан келиб чиқадиган оқибатга муайян руҳий муносабатда бўлади. Жиноят содир этган шахснинг хатти-ҳаракати ва ундан келиб чиқадиган оқибатга қасд ёки эҳтиётсизлик шаклидаги айб бўлмаса, бундай қилмиш жиноят ҳисобланмайди. Шахс ўзи содир қилаётган қилмишининг ижтимоий хавфлилиги даражаси ва характерини тушуниши, шунингдек ўз ҳаракатларини бошқара олиши керак. Мазкур ҳолатлардан шахснинг айбдорлик ёки айбсизлигини аниқлаш мумкин. Жиноят кодексининг 14-моддаси мазмунидан келиб чиқилса, ижтимоий хавфли қилмишни содир этишда субъектнинг айби бўлсагина жиноят деб топилади.Айблилик белгисининг мавжуд эмаслиги, ижтимоий хавфлиликнинг формал белгиларини ўз ичига олувчи жиноят таркибини ташкил этмайдиган ҳолат сифатида баҳоланиши лозим. Юқоридагиларга кўра, хулоса қилиш мумкинки, жиноят белгилари қилмишнинг жиноийлигини белгилови асосий мезон бўлиб, ижтимоий хавфлилик жиноятнинг ташқи белгиси ҳисобланса, жиноятнинг формал белгиси ҳуқуққа хилофлик деб ҳисобланади. Жиноятнинг кейинги белгилари, яъни айбнинг мавжудлиги ва жазога сазоворлик белгилари ҳуқуққа хилофлик белгисидан келиб чиқади. Демак, жиноят белгиларининг барчаси бирданига мавжуд бўлсагина, бу қилмиш жиноят деб ҳисобланади, аксинча ана шу белгилардан биттаси бўлмаса ҳам қилмиш жиноят ҳисобланмайди.
11. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми ижтимоий хавфли қилмишнинг юридик тузилиши қонуний тавсифини ўз ичига олган.
Ижтимоий хавфлилик - қонун билан қўриқландиган ижтимоий муносабатларга зарар етказишнинг реал хавфини ўзида акс эттирувчи ҳамда салбий белгилар ва унсурлар мажмуини ифодаловчи жиноятнинг маълум бир объектив ҳолатидир.Бу ҳолатда ижтимоий хавфлилик у ёки бу ижтимоий муносабатларга зарар етказиш унсури сифатида қаралмоғи даркор.
Жиноят қонуни инсоннинг аниқ бир жиноий хулқ атвори учун жиноий жавобгарликни кўзда тутади.
Жиноят кодекси 14-моддасининг иккинчи қисми жиноятни ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳолайди.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисми жиноятларининг аксарияти жиноий ҳаракат йўли билан содир қилинади, қолганлари эса ҳаракатсизликда содир қилинади.
12. Ҳаракат - механика қонунларига бўйсунувчи, атроф-муҳитда маълум ўзгаришларни юзага келтирувчи, шахснинг тана ҳаракатидан иборат бўлган фаол хулқ-атворидир. Шунингдек, руҳий характердаги ҳаракатлар таҳдидлар, қўрқитишлар орқали ҳам намоён бўлиши мумкин. Шахснинг ҳар бир тана ҳаракатида ўзининг ички кечинмаларининг аксини кўриш мумкин.Бу ҳаракатлар бирлиги ҳаракат кўринишидаги ижтимоий хавфли қилмишни ташкил этади, аммо бу ерда айрим бир ҳаракатнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти йўқолмайди.
Ҳаракат ёки ҳаракатсизлик шахс тана аъзоларининг (жисмоний) ҳаракатини ифодалабгина қолмай, балки вояга етмаганларни, руҳий касалларни алдов йўли билан онгли равишда жиноят содир этишда фойдаланишни ҳам ўз ичига олади.
Жиноят содир қилиш мақсадида табиат кучлари ва ҳайвонлардан онгли равишда фойдаланиш ҳам жиноий ҳаракат ёки ҳаракатсизлик деб топилади (шунингдек, маъсул шахснинг онгли тўсқинлик қилмаслиги).
Қасддан содир этилган жиноятларда ижтимоий хавфли ҳаракатнинг бошланғич қисми шахснинг жиноят содир этиш учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилган жисмоний хатти-ҳаракатларида намоён бўлади.
Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларда ижтимоий хавфли қилмишнинг бошланғич қисми сифатида жиноят объектига зарар етказиш хавфи пайдо бўлганда ёки зарар етказила бошланган вақт назарда тутилади.
Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятларнинг ўзига хослиги шундаки, жиноят объектига зарар етказилганлиги сабабли ҳуқуққа хилоф деб топилади.
Жиноий ҳаракат асосан такроран содир этилган жиноятлар, узоққа чўзилган ва давомли жиноятларни аниқлашга ёрдам беради. Шу билан бирга ҳаракат тушунчаси орқали жиноят содир этиш босқичлари, тамом бўлмаган жиноятларни ҳам аниқлаш мумкин.
Ҳаракатсизлик - пассив хулқ-атвор бўлиб, бажарилиши шарт ёки мумкин бўлган мажбуриятни уни бажаришнинг реал имкони бўла туриб бажармасликда ифодаланади.
Жиноий ҳаракатсизлик - хулқнинг шундай кўринишики, айбдор томонидан бажарилиши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатнинг онгли равишда бажармаслиги тушунилади.Жиноий ҳаракатсизлик биргина ҳаракатнинг бажарилмаслигида ёки бир-бирига боғлиқ объектив жиҳатдан бажарилиши шарт ҳаракатлар тизимини бажармасликда намоён бўлиши мумкин.
Ижтимоий хавфли ҳаракатсизлик худди ижтимоий ҳаракатдек ташқи дунёга таъсир ўтказади ва маълум ўзгаришларни келтириб чиқаради. Ҳаракатсизлик биргина ҳолатда муайян ҳаракатни амалга оширишдан ўзини тийиш билан бирга жиноий хулқ-атвор тизимини ҳам акс эттириши мумкин. Мисол учун, мансабга совуққонлик билан қараш жиноятида мансабдор шахс ўзига юклатилган вазифани доимий равишда бажармай келади.Ҳаракасизлик фақатгина ижтимоий хавфли ва ғайриҳуқуқий бўлган тақдирдагина жиноий жавобгрликни келтириб чиқаради. Маълум бир ҳаракатларни содир қилиш мажбурияти қонунлардан, иш ва хизмат ваколатларидан, шартномавий муносабатлардан ёхуд ўзининг қонуний ғайриқонуний хулқи билан ўзганинг манфаатларига зарар етказилиши мумкин шароит яратиб қўйган ҳолатлардан келиб чиқади. Бошқача қилиб айтганда, ҳаракатсизликни ижтимоий хавфли , онгли ва пассив хулқ-атвор сифатида баҳолаш мумкин.
Шахс объектив жиҳатдан ҳаракатни содир қилиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолатларда унинг ҳаракатсизлиги жиноят деб топилиши мумкин эмас,шу сабабли бу ҳолатни енгиб бўлмас куч сифатида баҳоламоқ лозим. Шахснинг имкониятларини ҳисобга олишда унинг жиноий ва руҳий сифатларини, қилмиш содир қилинаётганда шахснинг ҳолати, унинг билим ва малака даражаси ҳамда бошқа белгиларидан келиб чиқмоқ зарур.
Жиноий ҳаракатсизлик учун шахсни жавобгарликка тортишда жиноий хулқ-атворнинг хусусияти ва таркиби билан бирга қуйидаги уч ҳолатдан келиб чиқиб ҳаракатсизлик чегарасини белгилаш лозим.
* шахснинг маълум бир ҳаракатни бажаришга мажбурийлиги;
* маълум бир шароитда бундай мажбуриятларни бажариш имкониятининг мавжудиги ва бундай имкониятларнинг объектив реаллиги;
* шахс томонидан бажарилиши лозим бўлган ҳаракатларнинг бажарилмаслиги.
Do'stlaringiz bilan baham: |