Расмий-идоравий услуб. Бу услубнинг қўлланиш доираси кенг ва хилма-хилдир. Қарорлар, давлат идоралари, суд-прократура ҳужжатлари, шартномалар, расмий эълонлар, шуниндек иш қоғозлари (ариза, тилхат, маълумотнома) расмий услуб намуналаридир. Расмий услуб ҳужжатларга таянувчи услуб.
Расмий услуб нутқнинг қисқа ва аниқ тузилиши билан фарқланади. Бу услубнинг асосий хусусияти жумлаларнинг белгиланган тартибдаги бир хилликда бўлишидир.
Расмий услубда жумлалар маълум қолипда ва изчил бўлади. Масалан, ариза ёзиш лозим бўлса, биринчи қаерга, кимга, ариза ёзувчининг адреси, лавозими, кимлиги кўрсатилиб, матн берилади. Бу тартиб барча ариза ёзувчилар учун бир хил.
Расмий услуб тез-тез такрорланиб турувчи бир хилдаги жумлаларга бой. Бу услубда синонимлар, кўчма ва кўп маъноли сўзлар, образли воситалар қўлланилмайди. Кўпинча, дарак, буйруқ гаплардан фойдаланилади, гап бўлакларининг одатдаги тартибига амал қилинади.
Оммабоп услуб. Бу услуб кундалик ҳаёт кўзгуси ҳисобланади. Публицистика «халқ» сўзидан келиб чиққан бўлиб, халқчил деган маънони беради. Матбуот (газета, журнал), радио-телевидение, нотиқлар нутқи оммабоп услубни ташкил этади.
Бу услуб кундалик расмий ва долзарб воқеаларни ҳаётдаги ижтимоий масалаларни акс эттиради.
Оммабоп услубда фикр изчил ифодаланади, луғавий жиҳатдан ижтимоий-сиёсий: сиёсий вазият, иқтисодий аҳвол, ҳукумат, давлатлараро муносабат каби сўзлар газета расмий хабарларига хос: хабар, долзарб, мухбир, лавҳа, очерк, репортаж каби сўзларга таянилади.
Оммабоп услуб бадиий услубга яқин бўлганлиги, бадиий матнларга алоҳида эътибор берилганлиги учун унда образли воситалар, таъсирчан сўзлардан (заршунос, дала маликаси, оқ олтин, зангори экран) кенг фойдаланилади.
Бадиий услуб. Бадиий асарлар бадиий услубни ташкил қилади. Бадиий услуб адабий тилнинг ривожланиши учун муҳимдир.
Бадиий услуб тилнинг тасвирий воситалари (метафора, ўхшатиш, сифатлаш, жонлантириш) ёрдамида бадиий-образлилик ҳосил қилади ва кишига эстетик таъсир этади.
Шу боисдан бадиий услубнинг асосий вазифаси бадиий (эстетик) таъсир этишдир. Бадиий услубнинг асоси бадиий асарлар бўлиб, бадиий асар тилини тилшунослик фани ўрганади.
Бадиий услуб луғавий жиҳатдан кўпмаънолилик ва кўчма маънолиликка таянади.
Бадиий услубнинг таянч сўзлари: борлиқ, беғубор, эзгу, мангу, мунис, мусаффо, диёр, ёрқин, сукунат, ҳазин, маюс каби бадиий-китобий сўзлардир. Бу услубда гардун, очун, кишвар, забун, ялов, ағёр, ғаним, сарбаст, дудоқ каби архаик; ясовул, доруға, миршаб каби тарихий сўзлар ҳам кўп қўлланилади.
Бадиий услуб кўпинча адабий тил нормаларига бўйсунмайди. Бу услубда гапда сўзларнинг ўрин алмашиши (инверсия) кўп учрайди. Масалан, Сўйлаб берай, Зайнаб ва Омон, Севгисидан бир янги достон (Ҳ.О).
Қуйидаги матн бадиий матндир. Сокин тун. Осмон тўла юлдуз лекин ёруғи йўқ. Йўл бошидаги дарахтлар ҳурпайган товуққа ўхшаб кўринади, қоп-қора (Шуҳрат).
Do'stlaringiz bilan baham: |