Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 мартдаги 200-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Халқаро ҳамкорлик бўлими тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4136-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Халқаро ҳамкорлик бўлимининг (кейинги ўринларда Бўлим деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва масъулиятини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади) аппаратининг Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати ва аппарати фаолиятини хорижий давлат ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича таъминлайдиган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
3. Бўлим ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
4. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади, бир вақтнинг ўзида унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.
5. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |