МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ - фуқаро ёки юридик шахснинг ўз ҳаракатлари билан ҳуқуққа эга бўлиш ва ўзи учун мажбуриятлар яратиш қобилияти.
Муомала лаёқати - бу шахснинг ўз ҳатти-ҳаракати орқали ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишининг қонунда белгиланган (тан олинган) имкониятидир.
Фуқаронинг ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач, тўла ҳажмда вужудга келади.
НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ АКТ - ваколатли давлат органининг белгиланган тартибда қабул қилган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган, умуммажбурий тусдаги қоидаларни ўрнатувчи, ўзгартирувчи ёки бекор қилувчи юридик ҳужжати ҳисобланади. Н.ҳ.а. умуммажбурий хулқ-атвор қоидаларини ўз ичига олади ҳамда ўзининг қуйидаги уч хусусияти билан ижтимоий нормаларнинг бошқа турларидан ажралиб туради: а) улар ваколатли давлат органлари томонидан яратилиб, барча учун умуммажбурий қоидаларни ўрнатади, ўзгартиради (такомиллаштиради) ёки бекор қилади; б) уларда ҳуқуқий қоиданинг мазмуни, яъни ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва бурчлари баён этилади; в) н.ҳ.а.ларда мустаҳкамланган қоидалар бажарилмаган ёки бузилган тақдирда муайян ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади, қоида бўйича, давлатнинг мажбурлов кучи ишга солинади. Н.ҳ.а.лар, уларни чиқарадиган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг мавқеига, актларнинг юридик кучига кўра, қуйидаги туркумларга бўлинади: 1) қонунлар (Конституция, конституциявий қонунлар ва жорий қонунлар); 2) Президент фармонлари, қарор ва фармойишлари; 3) ҳукумат қарори ва фармойишлари; 4) вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқарув органларининг норматив ҳужжатлари; 5) маҳаллий вакиллик ва ижроия органларининг қарорлари ва фармойишлари.
НОРМАТИВ ҲУҚУҚИЙ АКТЛАРНИ ТИЗИМЛАШ - бу норматив-ҳуқуқий актларни тартибга солиш йўли билан муайян тизимга келтиришдир. Норматив ҳуқуқий актларни тизимлаштиришнинг қуйидаги турлари мавжуд: инкорпорация, кодификация ва консолидация.
ОБЪЕКТ - (лот. нарса) - субъектга қарама-қарши бўлган ҳамда инсоннинг амалий ва билиш фаолияти қаратилган объектив реаллик(ҳуқуқда) ҳамда қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатлар.
ОДАТ ҲУҚУҚИ – анъанага кўра, жамиятда узоқ вақт амал қилиши натижасида жамият аъзолари учун кўникма бўлиб кетган ва давлат томонидан рухсат этилган, қонунлаштирилмаган ҳулқ-атвор қоидалари (одатлар) мажмуи. Тарихан ҳуқуқнинг биринчи шакли. Тартибга солинган одат ҳуқуқи тўпламлари (масалан, Ўн икки жадвал қонунлари, Сали ҳақиқати, Рус ҳақиқати) қонунийлаштирилган ҳозирги ҳуқуққа ўтиш босқичи бўлди. Давлатлар ва уларнинг ҳуқуқий тизимлари ривожланиши билан одат ҳуқуқи ўз ўрнини қонунга бўшатиб берган.
ОДИЛ СУДЛОВ - ҳақиқий ҳолатни аниқлаб, одамлар орасидаги, улар билан жамият ва давлат ўртасидаги келишмовчилик ва низоларни фақат суд томонидан ҳал этиб берилиши. О.с. ни амалга ошириш борасида суд мустақил, унинг фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йул қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. ЎзРда суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Do'stlaringiz bilan baham: |