ГЛОССАРИЙ
АБСОЛЮТ МОНАРХИЯ - давлат бошқарув шаклларидан бири бўлиб, у барча давлат ҳокимияти (қонун чиқарувчи, ижро этувчи, суд ҳокимияти)нинг, шунингдек диний ҳокимиятни тўлалигича монарх қўлида юридик ва ҳақиқий тўпланиши билан ифодаланади. Ҳозирги кунда дунёда қуйидаги абсолют монархия давлатлари мавжуд: Баҳрайн, Бруней, Ватикан, Катар, Қувайт, БАА, Уммон, Саудия Арабистони. Бу давлатларнинг айримларида кейинги йилларда Конституциявий монархияга ўтиш йўлида илк қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, Қувайтда (1962 й.), БААда (1971 й.), Катарда (1972 й.), Баҳрайнда (1973 й.) Конституция қабул қилинди, Қувайт ва Баҳрайнда эса қонунчилик-маслаҳат парламентларига сайловлар ҳам ўтказилди. Аммо бу ислоҳотлар мазкур монархияларнинг абсолютлик характерини ўзгартирмади. Ватикан, Саудия Арабистони ва Уммонда Конституция йўқ, тегишли муносабатлар алоҳида давлат ҳуқуқий ҳужжатлари орқали тартибга солинади (Саудия Арабистонида Қуръон мамлакатнинг расмий Конституцияси ҳисобланади). Конституция ва бошқа давлат ҳуқуқий ҳужжатларига кўра абсолют монархияда монарх билан биргаликда, қонунчилик ҳокимияти ҳар хил турдаги қонунчилик-маслаҳат органлари (сайланадиган ёки тайинланадиган) ёрдамида амалга оширилади.
АЙБ - бу шахснинг ўзининг ижтимоий хавфли қилмиши ва унинг оқибатига нисбатан руҳий ва интеллектуал муносабатининг йиғиндиси ҳисобланади, яъни айб деганда шахснинг ўз қилмишига нисбатан субъектив руҳий муносабати тушунилади. Айб шахснинг содир этган ижтимоий хавфли қилмишга нисбатан руҳий муносабатини ифодалаш билан бирга, ҳуқуқбузарлик таркиби субъектив томонининг ядросини ташкил қилади, бироқ тўлалигича уни қамраб олмайди. Шу билан бирга айнан айб субъектив томоннинг зарурий белгисини ифодалаб беради ва агар айб мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳуқуқбузарлик таркиби тулиқ мавжуд бўлмайди ва бу юридик жавобгарликни келтириб чиқаришга асос бўлмайди. Ўз навбатида айб икки элемент асосида юзага келади: интеллектуал ва иродавий. Уларнинг аҳамияти айнан шахснинг руҳий соғлиқ ҳолатида ўзи амалга ошираётган обьектив ҳаракатларини, хусусан, ўз ҳаракат ёки ҳаракатсизлигининг ижтимоий зарарини, уларнинг оқибатларини (қилмиш натижасида юзага келган оқибат билан ҳаракат ёки ҳаракатсизлик ўртасидаги сабабий боғланишни), эҳтиёткорликка эга бўлиш, яъни оқибат юзага келишидан олдин улар ҳақида маълум бир даражада тахмин қила олиш, шунингдек, айрим холатларда ўта юқори диққат эътибор ва руҳий куч талаб қилинаётган тажриба, билим даражага эга бўлиш (интеллектуал ҳолат), мақсадга эришиш, оқибат келиб чиқиши учун ҳаракат қилиш ёки унга нисбатан бефарқ муносабатда бўлиш, у ёки бу оқибатни келиб чиқишини истамаслик (иродавий холат), ўз ҳиссиётларини ифода этиш, эмоционал ҳолатларни баҳолай олиш ва уни англашда ифодаланади.
АЙБСИЗЛИК ПРЕЗУМПЦИЯСИ - айбдорнинг қилмиши қонуний тартибда исбот қилинмагунча, уни айбсиз деб фараз қилиш. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади, Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. ЎзР ЖПКнинг 23-моддасида кўрсатилишича, айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
АҚЛИ НОРАСОЛИК - ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида ақли норасо ҳолатда бўлган, яъни сурункали руҳий касаллиги, руҳий ҳолати вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёки бошқа тарздаги руҳий касаллиги сабабли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларини бошқара олмаган шахс жавобгарликка тортилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |