ДАВЛАТНИНГ ТИПИ – муайян давлатлар гуруҳига хос бўлган муҳим, умумий белгилар йиғиндисидир.
Давлатни типларга ажратишда формацион ва цивилизацион ёндашувлар мавжуд.
Формацион ёндашув - вакиллари Маркс, Энгельс, Ленинлар бўлиб, бу ёндашув бўйича давлатлар ижтимоий, иқтисодий ривожланиш даражаси, базис ва устқурмаси, синфий моҳияти, мақсади, вазифалари ҳамда функциялари мезонига кўра типларга ажратилади. Масалан, қулдорлик, феодал, буржуа (капиталистик), социалистик.
Цивилизацион ёндашув - вакиллари Еллинек, Кельзен, Коркунов, Крюгер, Тойнбилар. Бунда давлатлар ижтимоий иқтисодий тузуми билан бир қаторда кўпроқ уларнинг маънавий, ахлоқий ва маданий ривожланиш даражасига қараб типларга ажратилади. Масалан, Қадимги Шарқ, Миср, Хитой, Ҳинд, Қадимги Афина, Қадимги Рим, Ўрта аср давлатлари, ҳозирги замон давлатлари.
ДАВЛАТ ТУЗИЛИШИ ШАКЛИ - давлатнинг ички тузилиши, унинг таркибий қисмларга - маъмурий-ҳудудий бирликларга, мухтор сиёсий тузилмалар ёки суверен давлатларга бўлиниши. У шунингдек, давлатнинг ҳамда унинг алоҳида қисмларининг ўзаро нисбати хусусиятини ҳам акс эттиради. Давлат тузилиши шаклининг икки асосий тури мавжуд. Уларнинг энг оддийси – унитар давлат. Бу - фақат маъмурий-ҳудудий қисмларга бўлинадиган ягона давлат тузилмаси. Унитар давлатда бутун мамлакат учун умумий бўлган давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари, ягона суд тизими фаолият кўрсатади, ягона конституция амал қилади. Масалан, Англия, Франция, Италия, Венгрия, Чехия унитар давлатлардир. Федерация давлат тузилишининг анча мураккаб шакли ҳисобланади. Федератив давлат бир қанча давлатлардан ёки федерация аъзоси (субъектлари) бўлган давлат тузилмалари (штатлар, кантонлар, иттифоқдош ёки автоном республикалар ва б.)дан таркиб топади. Уларнинг ҳар бири ўз маъмурий-ҳудудий бўлинишига эга. Бутун федерация учун умумий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан бир қаторда, ҳар бир федерация субъектининг ҳудудида ўз давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий ва маҳаллий органлари фаолият кўрсатади. Федерация аъзолари (субъектлари) ўз суд ва бошқа органларига ҳам эга бўлади, ўз конституцияси ва қонунларини қабул қилади. Конфедерация нисбатан кам тарқалган давлат тузилиши шаклидир. Конфедерация давлатлар бирлашмаси ёки иттифоқи бўлиб, уни ташкил этувчи давлатлар ўз мустақиллигини тўла сақлаб қоладилар, ўз ҳокимият, бошқарув ва адлия органларига эга бўладилар, ўз фаолиятини мувофиқлаштириш учун конфедерацияга аъзо давлатлар қўшма органлар тузадилар. Мазкур органлар қатъий белгиланган соҳаларда фаолият кўрсатади ва муайян (иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва б.) мақсадларни кўзлайди. Конфедерацияга баъзан давлатларнинг федерацияга бирлашиш сари тутган йўлидаги оралиқ бўғин деб ҳам қаралади. Ҳозирги вақтда расмий - юридик жиҳатдан Швейцария конфедерация ҳисобланади. Лекин амалда у федерациядир.
Do'stlaringiz bilan baham: |