АНАЛОГИЯ (юн. аnalogia - мувофиқлик, айнанлик, ўхшашлик) - бирор ҳаракат қонунда бевосита кўрсатилмаган ҳолда шунга ўхшаш ҳодисани кўзда тутадиган ҳуқуқий нормани мазкур ҳаракатга татбиқ этиш. Ҳуқуқнинг айрим тармоқларида, жумладан, фуқаролик ҳуқуқида бирор хил даъво тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, суд шунга ўхшаш муносабатларни кўзда тутадиган бошқа қонунни қўллайди.
АНГЛИЯ-АМЕРИКА ҲУҚУҚИЙ ТИЗИМИ - Англияда, шунингдек, АҚШ, Австралия, Ирландия, Канадада ва Англиянинг бошқа собиқ мустамлакаларида амалда бўлган ҳозирги даврнинг асосий ҳуқуқий тизимларидан бири. Инглиз ҳуқуқи континентал Европадан алоҳида ривожланган, Рим ҳукуци рецепцияси унга дахл этмаган. Англия норманнлар томонидан истило қилинган 1066 йил инглиз ҳуқуқи вужудга келган тарихий сана ҳисобланади. Бунгача партикуляр, яъни соф маҳаллий хусусиятга эга англосаксон ҳуқуқи мавжуд бўлган. Инглиз - америка ҳуқуқий тизими континентал (роман - герман) ҳуқуқий тизимидан анча фарқ қилади. Инглиз - америка ҳуқуқий тизимининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у статут ҳуқуқи (statute law) ва умумий ҳуқуқ (common law)га бўлинади. Муайян ҳуқуқий масалаларга доир парламент ҳужжатлари статут ҳуқуқининг манбаи ҳисобланади. Умумий ҳуқуқ кўплаб суд прецедентларидан, яъни ўхшаш ишларни кўриб чиқишда қўлланилиши мажбурий бўлган муайян ҳуқуқий принцип (ratio juris)ни белгиловчи қарорлардан ташкил топади. Урта асрлар охирида энг муҳим суд қарорлари тўпламлари ҳамда суд ҳисоботлари ишловлари пайдо бўлди; бу амалиёт ҳозиргача сақланиб келмоқда.
АСОСИЙ ҚОНУН – мазмуни бўйича “Конституция” тушунчасига мос келади. Маълумки, Конституция нормалари муайян давлатнинг ҳуқуқий тизимини ташкил этувчи бошқа барча норматив актларга нисбатан олий юридик кучга эга бўлган ягона ҳужжат шаклида амал қилади. А.қ. конституциявий тузумнинг принциплари, институтлари, нормалари ва қадриятлари расман мустаҳкамлаб қўйиладиган ҳуқуқнинг энг олий шакли (манбаи). А.қ.да муайян мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тузуми асослари, давлат бошқарув шакли ва маъмурий-ҳудудий тузилиши, марказий ва маҳаллий ҳокимият органларини ташкил этиш тартиби асослари, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатлари, шахснинг ҳуқуқий ҳолати, одил судлов ва сайлов тизимини ташкил қилиш ва асосий принциплари, давлат рамзлари белгилаб қўйилади. Ўз.Р да 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституция амал қилмоқда (унга 2003 йил 24 апрель Қонуни билан айрим қўшимча ва ўзгартишлар киритилган). ЎзРнинг Конституцияси - давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, олий юридик кучга эга, бевосита амал қилади ва Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қўлланилади. У муқаддима, олтита бўлим, йигирма олтита боб ва 128 та моддадан иборат. Асосий қонун (конституция) - бирор давлатнинг ижтимоий ва давлат тузумини ҳуқуқий идораларининг фаолияти, улар ўртасидаги муносабатларнинг тартибини, шахс, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, ҳокимият органларининг мақомини белгилаб берувчи асосий норматив ҳужжат. Конституцияларнинг ёзилган, ягона ҳужжат сифатида шаклланган ёки ёзилмаган бир қанча ҳужжатлардан ташкил топган ва урф-одат, анъаналарга асосланган шакллари ҳам мавжуд. Конституциялар қабул қилиниш механизмига кўра, қатъий (барқарор) ва осон ўзгартириладиган конституцияларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |