ДАВЛАТ БОШҚАРУВ АКТЛАРИ - бошқарув фаолиятининг асосий шаклларидан бири давлат бошқарув органлари томонидан ҳуқуқий актлар чиқариш ҳисобланади. Бу актлар ёрдамида бошқарув органлари ўз олдига қўйилган вазифаларни бажаради ва кўпгина бошқарув масалаларини ҳал қилади.
ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ - давлат органларини ташкиллаштирувчи, ижро этувчи ва фармойиш берувчи фаолияти бўлиб, қонун асосида амалга оширилади. Бу фаолиятни давлат бошқарув органлари амалга ошириб, ижро этиш жараёнида қонунларнинг ва унга асосланган ҳужжатларнинг бажарилишини таъминлаш учун фармойиш бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу фаолият ижтимоий турмушнинг барча тармоқлари - халқ хўжалиги, ижтимоий-маданий, маъмурий-сиёсий соҳаларда ва соҳалараро ташкил этилади ҳамда қонунга асосланган бўлади.
ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ УСУЛЛАРИ – давлат томонидан бошқарув соҳасидаги вазифалар қандай ҳал қилиниши. Улар бошқарув фаолиятини сифат томонини белгилаб беради. Шунинг учун ҳам бошқарув сифатини яхшилаш, унинг самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан бошқарув усулларини такомиллаштиришга боғлиқдир. Давлат ўз олдига қўйилган мақсадларга эришиш йўлида ҳамда вазифа ва функцияларни бажариш учун турли хил усуллардан фойдаланади. Кенг тарқалгани маъмурий усуллар бўлиб, улар ишонтириш ва мажбурлаш характерига эга.
ДАВЛАТ БОШҚАРУВ ШАКЛИ - давлат ҳокимиятининг олий органларини ташкил этиш ва тузилишини, шунингдек, бу органларнинг бир бири билан ва аҳоли билан бўлган муносабатларини белгиловчи давлат шаклининг элементи. Давлат бошқарув шаклига кўра иккига бўлинади: монархия ва республика.
ДАВЛАТ БОШЛИҒИ - инглизча “head of the state” -олий давлат лавозими бўлиб, у ижро ҳокимияти соҳиби ва ташқи муносабатлар соҳасида давлатнинг олий вакили ҳисобланадиган шахс. Монархияларда ––Буюк Британия, Дания, Швеция, Испания, Япония, Қувайт, Уммон, Саудия Арабистони - д.б. монарх (қирол, император, подшоҳ, султон, амир) бўлиб, унинг ҳокимияти қоидага кўра ҳукмрон сулола вакилидан кейингисига қонунга биноан мерос тариқасида ўтказилади. Республикаларда (Италия, Франция, ГФР, АҚШ, Лотин Америкаси давлатлари ва б.) д.б. Президент бўлиб, у бевосита аҳоли томонидан (Мексика, Панама, Колумбия), ёки билвосита (АҚШ, Аргентина), ёхуд кўп босқичли сайловлар(Италия, ГФР, Ҳиндистон) асосида сайланади.
ДАВЛАТ- бу муайян ҳудудда олий ҳокимиятни амалга оширувчи, маҳсус бошқарув ва мажбурлов аппаратига эга бўлган, жамиятдаги барча ижтимоий -сиёсий гуруҳларнинг манфаатларини ифода этувчи, уларни бирлаштириб ва келиштириб турадиган сиёсий ташкилотдир.
Д. - 1. Зўравонлик назариясида. Бу назария вакиллари (Дюринг, Гумплович, Каутский XIX аср) давлатнинг вужудга келишига энг аввало, ҳарбий сиёсий омиллар яъни бир қабиланинг иккинчи қабилани қулликка тортиши сабаб бўлган деб хисоблайдилар. Бунга кўра давлат босиб олинган халқларни ва ҳудудларни бошқариш учун зўрлов аппарати вазифасини ўтаган.
Д. - 2. Материалистик (марксистик) назарияда. Давлат -бу иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан хукмрон бўлган синфнинг манфаатларига хизмат қилувчи сиёсий ташкилотдир. Бу назария вакиллари(Маркс, Энгельс, Ленин XIX-XX асрлар)нинг фикрича, давлат энг аввало, иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши ва бунинг натижасида бир-бирига қарама-қарши синфларнинг юзага келиши натижасида вужудга келган. Бунда давлат иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳукмрон бўлган табақаларнинг қуйи табақаларни бостириб туриш воситаси сифатида майдонга чиқади.
Д. - 3. Патриархал назарияда. Бу назария вакиллари (Аристотель, Фильмер, Генри Мен, Михайловский ва бошқалар)нинг фикрича, давлат оиланинг ривожланиши асосида вужудга келган. Ибтидоий оилага ота бошчилик қилиб, кейинчалик ундан давлат вужудга келади ва ота ҳокимияти меросий бўлади.
Д. - 4. Табиий ҳуқуқий (шартнома) назариясида. Бу назария вакиллари (Гроций, Руссо, Радищев, Гоббс, Локк, Спиноза XVII-XVIII асрлар)нинг фикрича, давлат бу шунгача "табиий" ибтидоий тузумда яшаётган кишиларнинг ўз ҳуқуқларини бир қисмини давлатга топширишлари тўғрисида келишиб олиши асосида шаклланган. Бунда давлат ва жамият ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар тизими вужудга келиб, ўз навбатида уларда шартнома мажбуриятларини бажармаганликлари учун жавобгарлик туғилади.
Д. –5. Теологик (илоҳий) назарияда. Бу назария вакиллари (Фома Аквинский XIII аср, ислом мафкураси ва ҳозирги кун католик черкови вакилларидан Жан Маритен ва бошқалар)нинг фикрича, бутун олам шу жумладан, давлат ва ҳуқуқнинг келиб чиқиши ҳам худонинг иродаси билан боғлиқ. Подшо ва черков вакиллари худонинг иродасини ифодаловчилардир. Шунинг учун ҳам фуқаролар уларнинг амрига сўзсиз бўйсунишлари лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |