КЎППАРТИЯВИЙЛИК - ҳозирги демократия давлатларида сиёсий ҳаётни ташкил этишнинг асосий конституциявий принциплардан бири, сиёсий ва мафкуравий плюрализмни анча умумийроқ бўлган принципининг ифодаси ҳисобланади. К. П. принципи юридик жиҳатдан давлат фуқароларнинг ўз дунёқарашларига мувофиқ, тарзда сиёсий партияларга бирлашиш ҳуқуқини, барча сиёсий партияларнинг қонун олдида тенглигини, улар фаолияти эркинлигини тан олиши ва кафолатлашини англатади. Кўп партиялилик принципи ваколатли давлат органларининг миллий, ирқий, диний ёки ижтимоий муросасизликни, қонуний давлат ҳокимият органларини куч ишлатиб ағдаришни тарғиб қиладиган ёки бошқа йўсинда амалда бўлиб турган қонунчиликни бузадиган сиёсий партияларни қонунда белгиланган тартибда таъқиқлаши ва тарқатиб юборишини мустасно қилмайди. Юридик (расмий), ҳақиқий кўп партиявийлик аниқ бир давлатда ижтимоий ва сиёсий манфаатларнинг барча спектрини қамраб олган ривожланган ва самарали партиялар тизими мавжудлигида ифодаланади.
КЎПФУҚАРОЛИК - шахснинг тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган икки ёки ундан ортиқ давлат фуқаролигига мансублиги (қўш фуқаролилик, бипатризм). Туғилганда ҳам, шахснинг бошқа давлат фуқаролигига қабул қилиниши натижасида ҳам (агар у бунда ўзининг олдинги фуқаролигини йўқотмаган бўлса) юзага келиши мумкин. К.ф.ка йўл қўйилиши ва унинг оқибатлари тўғрисидаги масала турли мамлакатларнинг конституциявий ҳуқуқида ҳар хил ҳал қилинади. Масалан, ЎзР Конституциясининг 21- моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Россия Федерацияси Конституцияси (61-моддаси биринчи банди)га мувофиқ эса, Россия Федерацияси фуқароси федерал қонунга ёки РФнинг халқаро шартномасига мувофиқ, чет давлат фуқаролигига (қўш фуқароликка) эга бўлиши мумкин.
ЛОББИЗМ - инглиз тилидан олинган бўлиб, “Lobby” - кулуар, яъни коридор маъносини англатади, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда асосий воқеа кечаётган хонадан ташқаридаги хонада расмий вакиллар билан норасмий шахсларнинг ўзаро учрашиб, расмий қарорлар қабул қилишдаги сиёсий таъсирнинг ўзига хос тури. Бошқача айтганда, расмий муҳит ёки расмий даврадаги норасмий учрашув. Ушбу тушунча норасмий шахсларнинг, гуруҳларнинг парламент аъзолари билан ўзаро сиёсий мулоқот тури бўлиб, қонунларни муайян шахс ёки гуруҳлар манфаатига мослаб қабул қилиш йўлидаги фаолият тури сифатида тушуниш устунлик мавқе касб этади.
Лоббизм мазмун моҳияти жиҳатидан нейтрал тушунча бўлиб, ҳам ижобий ва ҳам салбий маънога эга. Унинг ижобий моҳияти шундан иборатки, демократик жамият шароитида нормал, соғлом, ҳаётий зарур сиёсий жараён сифатида қонун ва қарорлар қабул қилиш жараёнида демократик институтнинг таркибий қисми сифатида шахс ёки гуруҳлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини парламент аъзолари ёки ҳокият органлари вакиллари ўртасига ташлайди.
Лоббизмнинг салбий моҳияти - агар у парламент аъзолари овозларини ва ҳокият вакилларини “сотиб олиш”, уларга босим ўтказиш, таниш-билиш йўллари орқали қонунлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишга таъсир этишга интилган тақдирда намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |