7. Геосиёсатнинг асосий категориялари
Ижтимоий-сиёсий фанларнинг барчасида бўлгани сингари геосиёсат ҳам мустақил фан сифатида ўзининг назарий категорияларига эга. Геосиёсатнинг бошқа фанлардан фарқли томони шундаки, унинг назарий категориялари икки хил кўринишда талқин этилади: 1) фаннинг моҳиятига кўра; 2) фаннинг тузилишига кўра намоён бўлувчи категориялар.
Геосиёсий муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқиб амалиётда намоён бўлувчи асосий категориялар қуйидагилардир:
борлиқ узра назорат;
кучлар мувозанати;
сиёсий борлиқ;
манфаат
Борлиқ узра назорат. Халқаро муносабатлар тарихидан маълумки, геосиёсий борлиқ устидан назоратни ўрнатишнинг турли шакллари мавжуд. Булар ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, диний, коммуникациявий ва назорат қилишнинг бошқа турлари бўлиши мумкин. ХХ асрнинг охирига келиб халқаро муносабатларда геосиёсий борлиқни назорат қилишда янгича ёндашувлар - информацион-мафкуравий, технологик ва маданий-цивилизациявий назоратлар юзага келиб, уларнинг амалиётдаги ўрни сезиларли бўлмоқда. Мазкур назорат қилиш шакллари давлатлараро ҳамкорликларда геосиёсий ёндашув талаб қилувчи турли масалалар, айниқса, географик, иқтисодий, ҳарбий, демографик, маданий, диний, этник кўринишларга эга бўлган муаммоларни бартараф этиш асносида намоён бўлаётганлиги барчага маълум.
Демак, геосиёсат сиёсий институтлар томонидан, биринчи навбатда давлатлар ва давлатлар иттифоқи томонидан борлиқни назоратга олишининг асослари, имкониятлари даражаси, амалий механизм ва шаклларини ўрганади. Давлат назоратида турган ёки назоратга олишга интилаётган борлиқ умумий майдон марказида бўлиши, ривожланиш даражаси ва у ернинг ташқи дунё билан алоқалари кўлами билан аҳамиятли бўлиши мумкин. Геосиёсатда давлат ёки давлатлар иттифоқи назоратида бўлган борлиқ геосиёсий майдон тушунчаси билан изоҳланади.
Геосиёсий майдон тушунчасига нисбатан кўплаб таърифларни учратиш мумкин. Берилажак таърифларда муаммо объекти муҳим роль ўйнайди. Масалан, миллий-этник масалада геосиёсий майдон (давлатлар чегарасидан олдин) биринчи ўринда миллий-этник қавм яшаётган кенгликларни назарда тутади. Геосиёсий майдон тушунчаси кенг маънога эга бўлганлиги боис, миллий масалаларни тадқиқ этишда кўламига қараб классификацияланади, яъни:
- эндемик майдон – узоқ вақтлардан бери маълум бир миллий гуруҳ томонидан назорат қилиб келинаётган борлиқ бўлиб, ўша борлиқнинг айнан шу жамоага тегишли эканлигини бошқа миллий жамоалар томонидан тан олинишини назарда тутади. Баъзан эндемик майдон давлатларнинг чегараларини инкор этади ва бошқа геосиёсий майдонларни ҳам ўз ичига қамраб олади. Масалан, Шарқий Туркистонда яшовчи уйғурлар ҳаётини олайлик. Улар ўзларини миллий келиб чиқиш жиҳатидан туркий қавмга оид деб ҳисоблаб, сепаратистик ҳаракатлар олиб бораётган бўлсада, бугунги (тарихий эмас!) давлатчиликда уйғурлар яшаётган ерлар де-юре Хитой давлатчилиги ерларига тегишлидир. Шундай бўлсада уйғурлар миллий муаммосининг геосиёсий харитаси ҳозирги Хитойнинг ғарбий чегараларини муайян даражада (миллат вакиллари яшаётган географик кенгликни эътиборга олганда) нисбийлаштиради;
- чегаравий майдон - бундай майдонда маълум бир миллий жамоа истиқомат қилсада, давлатнинг у ерда назорат қилиш функцияси расмий характерда бўлиб, яшаётган одамлар турмуш тарзи чегарадош давлатга яқинроқ бўлади. Масалан, Шимолий Қозоғистондаги миллат вакилларининг Россия давлати турмуш тарзи билан, Шимолий Тожикистондаги, Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги ёки Жанубий Қозоғистондаги ўзбекларнинг Ўзбекистондаги халқлар турмуши билан нафақат тарихан, балки ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятлар асосида бир-бири билан уйғунлашган. Улар яшаётган маконни чегаравий майдонга айлантирган омил - уларнинг турли давлатчиликка оидлиги билан изоҳланади;
- чорраҳавий ёки туташган майдон - қандай миллий жамоаларнинг яшашидан қатъий назар, икки ёки ундан кўпроқ давлатлар даъвогар бўлган геосиёсий борлиқ. Бироқ у чегаравий майдондан миллий жамоанинг атрофида эмас, эндемик майдон ичкарисида жойлашган бўлиши билан (масалан, Тоғли Қорабоғ), минтақадаги жамоанинг этник ва диний таркиби тарихан ўша жамоага мансуб бўлсада, борлиқнинг бугунги давлатлар чегарасида чорраҳавий характер касб этаётганлиги билан фарқланади. Масалан, Туркия, Эрон, Ироқ ва Сурия давлатларининг географик жиҳатдан туташган муайян кенгликларида-чорраҳавий майдонда 40 млн.га яқин курд халқининг яшаб келаётганлиги ва бундай геосиёсий бўшлиқдан чиқиш учун миллий мустақиллик йўлида олиб бораётган ҳаракатларини эслашимиз мумкин;
- ҳадсиз-ҳудудсиз майдон - бу кенг географик майдон бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган юзлаб миллий жамоалар турмуш тарзи маълум бир геосиёсий куч ёки миллат вакиллари томонидан назоратга олинишини назарда тутади. Масалан собиқ СССР давридаги миллий муносабатлар.
Хуллас, миллий-этник муаммоларни геосиёсий асосда ўрганиш мавжуд давлатларнинг маъмурий-географик ҳудудларини, унинг чегараларини ҳар доим ҳам ҳисобга олавермас экан. Геосиёсатнинг бундай ижтимоий табиати чегарадош давлатлар ўртасида миллий-этник муаммолар (ҳудуд орқасидаги)нинг мавжудлигинигина эмас, балки муаммо таҳдидининг анъанавий бўлишидан дарак беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |