Геосиёсатнинг асосий принциплари:
теллурократия - қуруқлик;
таласократия – денгиз кучлари;
«rimland» - қирғоқбўйи ҳудудлар.
Агар "Heartland", "World Island", ёки "rimland"да кечган ва кечаётган жараёнларни бир-бирига муқояса қилиб кўрсангиз ёки уларни чуқурроқ таҳлил этсангиз, қандай давр бўлишидан қатъий назар, халқаро алоқалар замирида катта сиёсий ўйинлар мужассамлашганлигига, бугунги кундаги фикрларнинг эртанги кунга тўғри келмаслигига амин бўласиз. Бунга сабаб нима?
Назаримизда, бунинг асосий сабаби баъзида сиёсий жараёнларни маълум бир қолипга солишнинг имкони йўқлиги эмасмикин?! Сиёсат олдиндан белгиланган темир қонунларга эмас, балки давлат ва жамиятдаги у ёки бу муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳақиқатлар мажмуаси - парадигмаларга асосланади. Парадигмалар - бу англаб етилган ҳақиқатдир. Бироқ улар ҳеч қачон доимий маъно касб этмайди. У маконда замон билан ҳамнафас бўлади. Шунинг учун геосиёсатда парадигмаларга қуйидагича таъриф бериш мумкин, яъни парадигмалар – бу халқаро сиёсатга, халқлар ва давлатлар ҳаётига тааллуқли бўлган у ёки бу даражадаги муаммоларни бартарф этишга қаратилган ҳақиқатлар мажмуасидир.
Юқорида "Heartland", "World Island", ёки "rimland"га мансуб давлатлар ривожланиши билан ёки уларнинг жаҳон сиёсий куч марказига айланган тақдирда ҳам олдин эга бўлган ҳудуди салтанат учун марказ бўлиб қолишига (аксарият ҳолларда) ва давлатнинг ўз ҳудудини янада кенгайтиришга интилиши табиий ҳол эканлигига ишора қилган эдик. Бундай ёндашувни маълум бир манфаатлар орқасидан тузилган давлатлар иттифоқлари – халқаро ташкилотларга нисбатан ишлатганимизда ҳам уларнинг ўз ҳудудларини кенгайтиришга интилишларини нафақат ижтимоий жиҳатдан, балки сиёсий жиҳатдан ҳам табиий жараён тарзда қабул қилиш лозим. Фақат бундай табиий жараёнлар орқасида геосиёсат назарияси ва амалиёти асосида турувчи принциплар - теллурократия, талассократия ва «rimland»нинг чегараларига нисбатан ноаниқлик ёки мунозарали баҳслар бўлишини ҳам эътиборга олиш керак.
Масалан, NATOнинг Шарққа томон (Шарқий Европа давлатлар ҳисобига) кенгайиши билан «rimland»нинг географик доираси кенгайишими ёки ташкилотнинг Шарққа кенгайиши билан масаланинг талассократия фойдасига ҳал бўлишими?! Яна бир мисол, Хитой билан Тайвань ўртасидаги муносабатнинг тобора зиддиятлашуви билан rimland (Тайвань)нинг талассократия (масалан, АКШга ён босиши билан) таъсирига тушиб қолиши табиий ҳол-ку ва ҳ.
Хуллас, шу каби муаммоларни, қолаверса, жаҳон геосиёсий майдонининг тузилиши қандай бўлишдан қатъий назар, давлатлараро ва халқаро муносабатлардаги жараёнларга объектив муносабат билдириш учун халқаро муносабатлар назариясидаги ёки кечаётган халқаро муносабатлардаги устувор сиёсий парадигмаларни билишга эҳтиёж сезилади. Ўз навбатида парадигмаларни ўқиб ўрганишни ва уни амалиётга тадбиқ этишни геосиёсатсиз, унинг асосий принципларини ўрганмасдан туриб амалга ошириш қийин. Чунки геосиёсат ўзига Р.Челлен айтганидек, маконни фундаментал асосда тадқиқ этишдан то мамлакатларнинг, йирик империяларнинг маълум бир ҳудудларда юзага келишигача бўлган босқичларни ва яна уларнинг парчаланиб кетиши сабабларини кўрсатиб берувчи назарий-амалий парадигмалари билан қамраб олади.1
Фикримизнинг исботи учун геосиёсатнинг тарихий эволюцион босқичларига ҳамда жаҳондаги геосиёсий мактаблар вакиллари томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда ҳам сиёсатчилар, иқтисодчилар, давлат раҳбарларининг ва шу соҳа билан бевосита шуғулланувчи тадқиқотчи олимларнинг баҳсу-мунозараларига сабаб бўлаётган геосиёсий концепцияларга кейинги бобда тўхталганмиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |