Кучлар мувозанати. Ҳар қандай кучлар мувозанати томонлар ўртасидаги муносабатлар асносида юзага келади. Геосиёсий муносабатлар-турли (дунёвий) сиёсий кучларининг нисбий бирлигини ёки улар ўртасидаги курашни англатади. Геосиёсатда кучлар мувозанати қуруқлик ва денгиз кучлари ўртасидаги зиддиятларни, марказ билан атрофдагилар ўртасидаги келишмовчиликларни ва бошқа шу каби муносабатларни назарда тутади.
Агар жаҳон тарихида кечган сиёсий жараёнларга эътибор берсак, дунёвий кучлар ўртасидаги бирлик ва ҳамкорлик даврий кўринишга эгалигига амин бўламиз. Бу борада Буюк Британиянинг таниқли сиёсий арбоби У.Черчиллнинг (1874-1965) Англиянинг доимий дўстлари, иттифоқчилари йўқ, унда фақат доимий сиёсий (геосиёсий) манфаатлар бордир, деган сўзларини эслашимиз мумкин.
Демоқчимизки, дунёда (манфаатлар орқасида) барҳақ тинчлик, давлатлар ўртасида абадий ҳамкорликка эришиб бўлмайди. Яъни дунёвий сиёсатда қарама-қаршиликларнинг бўлмаслиги масаласи нисбий ҳодиса экан. Мазкур мулоҳазалар асосида геосиёсатнинг кучлар мувозанати категорияси юзага келган.
«Кучлар мувозанати» концепцияси давлатлараро муносабатлар тизимининг амалиётда қандай намоён бўлиш шаклларини аниқлаб беради. Дейлик А давлат билан В давлат ўртасида қарама-қаршилик чиқди. Уларнинг ҳар бири ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ўзига хос потенциалга эга, яъни томонлар ўртасида муайян кучлар мувозанати мавжуд. Амалиётда А давлатнинг В давлатга нисбатан устуворлиги сезилиб турибди. Агар ташқи омил сифатида бирор С давлат В кучга ёрдам берса кучлар мувозанати орқасидаги муносабат – натижа В давлат фойдасига ҳал бўлади. Агар С давлат А ва В ўртасидаги муносабатларга нисбатан қўшилмаслик сиёсатини юритса, табиийки А кучнинг қўли баланд келади. Лекин ғалабага эришган А давлатнинг келажакда С давлатни ҳам ўзига бўйсиндирмаслиги кафолатланмаган. Бундай шароитда С ва В давлатларининг ҳамжиҳатлиги муқаррар.
Бу мисол жамиятда кучлар мувозанатининг классик кўриниши ва содда таҳлили ҳисобланади. /арб дунёсида «совуқ уруш» даврида кучлар мувозанатини тадқиқ этишга атрофлича эътибор берилди. Ҳар қандай илмий ёндашувларни олманг, унинг марказида СССР-АҚШ муносабатлари, улар «куч»ларининг қиёсий таҳлили турарди. «Совуқ уруш»дан кейин эса концепцияга нисбатан қизиқиш илмий доирада бироз сусайгандек бўлди. Шундай бўлсада, бугун ҳам «кучлар мувозанати» концепцияси ўзининг иккита асосий принципи – кучларнинг ҳарбий потенциали ва «ҳеч қандай доимий алоқалар эмас, фақат доимий манфаатлар» принципига асосланганича қолмоқда.
Умуман, геосиёсатда (сиёсий) кучларнинг, куч марказларининг мавжудлигини инкор этиш қийин. Шунинг учун кўпчилик тобора маърифийлашиб бораётган жамиятда кучлар мувозанатидан эмас, балки мавжуд кучлар ўртасидаги ҳамкорликдан баҳс этишни афзал кўришмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |