|
Мавзу: Меъда ости бези, буйрак усти безлари ва
|
bet | 48/161 | Sana | 27.03.2023 | Hajmi | 0,68 Mb. | | #921985 |
| Bog'liq NORMAL FIZIOLOGIYA MA\'RUZALAR
Мавзу: Меъда ости бези, буйрак усти безлари ва
жинсий гормонлар.Эпифиз
Меъда ости бези
Меъда ости бези аралаш безларга киради. Унинг ташқи секреция функцияси ҳазм жараенининг муҳим иштирокчиси бўлган меъда ости ширасини ишлаб, чиқарув йўллари орқали ўн икки бармоқ ичакка чиқаришдир. Ички секреция функцияси эса бевосита қонга ўтадиган гормонлар ишлаб чиқаришдан иборатдир.
Ўзининг микроскопик тузилиши жиҳатидан меъда ости бези шира ишлаб чиқарадиган без тўқимаси ва унинг оралиғида тарқоқ жойлашган Лангерганс оролчаларидан иборат. Бу оролчалар ўсимтали эпидермоцитлардан иборат, кўп сонли капиллярлар билан ўралган, алоҳида нерв толаларига эга ва қонга чиқариладиган гормонлар ҳосил бўлиш жойидир. Улар асосан безнинг дум қисми ва оз миқдорда бош қисмида жойлашган.
Лагерганс оролчалари қуйидаги типдаги ҳужайралардан иборат: альфа-, бета-, дельта - ҳужайралар, G-ҳужайралар ва ПП-ҳужайралар. Улар орасида энг кўпи бета-ҳужайралар (тахминан-60%). Бета-ҳужайралар инсулин (лот. insula - оролча), альфа-ҳужайралар глюкагон, дельта ҳужайралар соматостатин, G-ҳужайралар гастрин ва ПП-ҳужайралар панкреатик полипептид ишлаб чиқаради. Соматостатин инсулин ва глюкагон секрециясини тормозлайди.
Инсулин организмда корбонсувлар алмашинувини бошқаришда иштирок этади ва гликогеннинг жигар ҳамда мускулларда йиғилишини таъминлайди. Инсулин мускул ва еғ ҳужайралари мембранасининг глюкозага нисбатан ўтказувчанлигини кескин оширади. Бунинг натижасида глюкозанинг бу ҳужайралар ичига кириш тезлиги тахминан 20 марта ошади. Глюкозанинг оқсидланиши, фосфорлантирилиши ва гликоген ҳосил бўлиши ҳужайра ичида содир бўлади. Еғ тўқимаси ҳужайраларида инсулин глюкозадан еғ ҳосил бўлишини кучайтиради.
Инсулин таъсири остида ҳужайра мембранасининг аминокислоталарга нисбатан ўтказувчанлиги ҳам ошади, бу аминокислоталардан эса ҳужайрада оқсил синтезланади. Инсулин информацион РНК синтезини ҳам стимуллайди. Шундай қилиб, инсулиннинг карбонсувлар алмашинувига таъсири қуйидагиларда намоен бўлади:
1) мускул ва еғ тўқимасида ҳужайра мембранасининг глюкозага нисбатан ўтказувчанлиги ошади;
2) ҳужайраларда глюкоза парчаланишини тезлаштиради;
3) фосфорлантирилиш жараенларини жадаллаштиради;
4) гликоген синтезини кучайтиради, парчаланишини эса тўхтатади;
5) гликонеогенезни секинлаштиради;
6) гликолиз жараенларини фаоллаштиради;
7) гипогликемия;
Инсулиннинг оқсиллар алмашинувига таъсири иборат:
1) мембрананинг аминокислоталар учун ўтказувчанлигини ошириш;
2) РНК синтезини кучайтириш;
3) жигарда аминокислоталар синтезини фаоллаштириш;
4) оқсиллар синтезини кучайтириб, оқсил парчаланишини секинлаштириш.
Еғлар алмашинувига инсулин таъсирининг самараси:
1) глюкозадан эркин еғ кислоталари синтезланишини тезлаштириш;
2) триглицеридлар синтезини жадаллаштириш;
3) еғ парчаланишини секинлаштириш;
4) жигарда кетон таначалари оқсидланишини фаоллаштириш.
Бундай кенг метаболик таъсир инсулиннинг барча тўқималар, аъзолар ва физиологик тизимлар фаолиятида, эмоционал ва хулқ-атвор реакцияларини, гомеостазни таъминлаш, муҳит ноқулай шароитларига мослашиш ва улардан ҳимояланиш механизмларини амалга оширишда муҳимлигини кўрсатади.
Катта миқдорда инсулин қонга юборилганда қон плазмасидаги глюкозанинг мускуллар ва жигар ҳужайралари ичига ўтиши натижасида глюкозанинг қондаги концентрацияси кескин пасаяди ва нерв ҳужайраларида глюкоза етишмаслиги вужудга келади. Глюкоза асаб ҳужайралари учун асосий энергия манбаидир. Шунинг учун бош ва орқа мияда глюкоза ўткир етишмаслиги вужудга келади. Қонда қанд микдори 45-50мг % гача пасайганда мия фаолиятининг бузилиши - гипогликемик кома юзага чикади. Мушаклар кескин, кучли қисқариб қотиб қолади, кейинчалик улар бўшашиб қолади, тана ҳарорати пасаяди, бемор хушини йўқотади. Гипогликемик кома инсулиннинг кичик дозасидан сўнг ҳам кузатилиши мумкин, агар у наҳорда, қорин оч бўлганда организмга юборилса, чунки бу вақтда глюкоза қонга ҳазм йўлларидан ўтмайди. Вена ичига глюкоза юборилиши гипогликемик комани тезлик билан бартараф қилади.
Меъда ости безининг иккинчи гормони глюкагон оролчалардаги альфа-ҳужайралар томонидан ишлаб чиқарилади. Глюкагон таъсири остида ҳужайра ичидаги нофаол фосфорилаза ферменти фаоллашиб, гликогенни глюкозага парчалайди (фақат жигарда ) ва қондаги глюкоза миқдори ошади. Шу билан бир вактда глюкагон жигарда аминокислоталардан гликоген синтез қилинишини ҳам кучайтиради. Глюкагон еғ кислоталарининг жигарда синтезини тормозлайди ва жигар липазасини фаоллаштириб, еғлар парчаланишига шароит яратади. Глюкагон юрак мускул толалари қўзғалувчанлигини ўзгартирмасдан, уларнинг қисқарувчанлигини оширади.
Шундай қилиб, глюкагон таъсири остида метаболизмда қуйидаги ўзгаришлар содир бўлади :
1) жигар ва мушакларда гликогенолиз фаоллашади;
2) глюконеогенез фаоллашади;
3) липолиз фаоллашади ва еғлар синтезланиши пасаяди;
4) жигарда кетон таначалари синтези кучаяди ва уларнинг оқсидланиши секинлашади;
5) тўқималарда, айниқса жигарда оқсил парчаланиши ва сийдикчил ҳосил бўлиши кучаяди.
Меъда ости безидаги бета-ҳужайралар узлуксиз равишда инсулин ишлаб чиқаради, аммо инсулин секрециясининг жадаллиги доимо бир хил эмас. Инсулин ва глюкагон секрецияси қондаги глюкоза миқдори билан бошқарилади. Қонда глюкоза миқдорининг ошиши инсулин ишлаб чиқаришни кучайтиради. Қонда глюкозанинг камайиши эса инсулин секрециясини тормозлаб, глюкагон секрециясини кучайтиради. Меъда ости безидаги альфа- ва бета -ҳужайраларга глюкоза бевосита таъсир этади. Ҳазм жараени вақтида инсулин ҳосил қилиш кучаяди, наҳорда эса камаяди. Ҳазм жараенида инсулин секрециясининг кучайиши туфайли ичак деворларидан ҳужайраларга қон билан келтирилган глюкозадан (жигар ва мушакларда ) гликоген ҳосил бўлади.
Инсулиннинг қондаги концентрация фақат унинг секрециясига боғлиқ бўлмасдан, инсулиннинг парчаланишига ҳам боғлиқдир. Жигар ва скелет мускулларидаги инсулиназа ферменти инсулинни парчалайди. Жигардаги инсулиназа айниқса фаолдир. Қон жигардан бир марта оқиб ўтганда ундаги инсулиннинг 50% игача парчаланади. Бундан ташқари инсулин унинг қондаги антогонистлари томонидан нофаол ҳолатга ўтказилади. Улардан бири синальбумин инсулиннинг мембрана ўтказувчанлигига таъсирини тўхтатиб куяди. Соматотропин ва буйракусти гормонлари ҳам қондаги глюкоза миқдорини бошқаради.
XIX асрнинг охирида меъда ости бези олиб ташланган итда 4-5 соатдан сўнг сийдик билан қанд ажратилиши аниқланган. Сийдик билан қанд йўқотилиши оқибатида ҳайвон озиб қолади, кўп сув ичади ва овқат ейди. Мазкур итга меъда ости бези кўчириб ўтказилса (масалан, тери остига ) бу ўзгаришлар йўқолади.
Одамда ҳам меъда ости бези гормонал функцияси пасайганда қандли диабет ривожланади. Глюкозанинг қондаги миқдори соғлом кишида тахминан 80-100мг% (0,8-1,0 г\л еки 4,4-6,6 ммоль\л) бўлади. Қандли диабет ҳасталигида қонда глюкоза миқдори 200мг% гача ва ундан ҳам кўпга ошади (гипергликемия). Бунинг сабаби шундаки, қонга ўтган глюкоза тўқималар томонидан ўзлаштирилмайди ва жигар гликогенига айланмайди. Глюкозанинг қонда ва унинг натижасида буйракдаги фильтратда кўпайиши унинг буйрак каналчалари томонидан тўла реабсорбцияланмаслигига олиб келади ва глюкоза сийдик билан ажратилади (глюкозурия). Сийдикдаги глюкозанинг катта концентрацияси буйрак каналчаларида осмотик босимни ошириб, унда сувнинг сақланиб қолишига олиб келади. Сув етарли миқдорда реабсорбцияланмайди ва сийдик миқдори ошади (полиурия). Организм кўп сув йўқотади ва кўплаб сув истеъмол қилинади (полидипсия). Глюкоза сийдик билан ажратилиши сабабли ёғлар ва оқсилларнинг энергия манбаи сифатида фойдаланилиши кучаяди. Организмда еғлар парчаланишининг оралиқ маҳсулотлари кетон таначалари: бета-оқсимой ва ацетосирка кислоталари йиғилади. Оғир ҳолларда нордон моддаларнинг кўплаб йиғилиши ва жигарда аминокислоталарнинг дезаминланиши кон муҳит реакциясини кислотали томонга силжитади - ацидоз юзага чиқади. Ацидоз эса ўлим хавфи билан боғлиқ диабетик комага сабаб бўлади: бемор хушдан кетади, нафас ва қон айланиши бузилади.
Қандли диабет билан касалланган беморларни даволаш учун инсулин керак. Уни меъда ости безидан ажратиб ололмасдан олимлар кўп қийналганлар, чунки полипептид табиатли инсулинни трипсин парчалайди. Асримизнинг бошида Л.В.Соболев меъда ости безидан инсулин ажратиб олишнинг икки усулини таклиф этган :
1. Меъда ости безини кесиб олишдан олдин унинг чиқарув йўли бойлаб қўйилади, ташқи секреция вазифасини бажарувчи эпителий дегенерацияланиб, нобуд бўлади ва шира ажратмайди.
2. Инсулинни эмбрион меъда ости безидан оладилар, унда ҳали ташқи секреция тўқимаси ривожланмаган бўлади.
Планетамизда 30 млн. дан ортиқ қандли диабет билан касалланган беморлар инсулинга муҳтож, улардан 30-40% ҳар кун мунтазам инсулин олиб турадилар. Инсулин организмдан ташқарида синтез қилинган биринчи оқсилдир. Лабораторияда синтез қилинган инсулин табиий инсулин хусусиятларига эга, ҳатто цинк қўшиб, унинг таъсир этиш вақти чўзилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |
|
|