ЕРНИНГ МЕТЕОРОЛОГИК СУНЪИЙ ЙЎЛДОШЛАРИ
Космик техниканинг жадал суръатда ривожланишида эришилган катта ютуқлар бир қанча мамлакатларда метеорологик космик тизимни яратиш ва муваффақиятли фаолият кўрсатиш имкониятини яратди. Бу тизимдаги йўлдошлар ёрдамида булутлик қопламининг ҳолати, «Ер–атмосфера» тизимининг иссиқлик режими, музликлар ҳолати, гидрологик режим ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар ҳақидаги муҳим маълумотларни мунтазам равишда олишга эришилди.
Булутлик расмлари ёрдамида глобал миқёсда циклон, антициклон, тез ҳаво оқимлари, ҳаво массалари, ҳаво фронтлари, конвергенция зоналари ва шунга ўхшаш бошқа объектларнинг ҳолати ва уларни ривожланиш босқичлари, силжишини мунтазам равишда кузатиб бориш имкони тўғилди. Ернинг сунъий йўлдошлари ёрдамида биринчи марта эркин атмосферада руй берадиган физик жараёнлар ҳақидаги янги сифатий ахборотлар олинди.
Ернинг сунъий йўлдошлари ёрдамида атмосферанинг физик ҳолати ва ундаги метеорологик ҳодисаларни ўрганадиган метеорология фанининг бўлими, космик (спутник) метеорлогия деб аталади.
Космик метеорологиянинг асосий вазифаси – атмосферадаги жараёнлар ва ундаги метеорологик ҳодисалар, планетар миқёсда океан ва Ер сирти ҳолатлари ҳақидаги дастлабки маълумотларни олиш, шунингдек бу ахборотлардан об-ҳаво таҳлили ва прогнози, атроф муҳитнинг экологик ҳолати, иқлимни ўрганиш учун фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Космик метеорология предмети бир қатор фанлар билан узвий боғланган, жумладан астрономия, метеорология, география, физика, математика ва ш.ў.
Атмосферанинг юқори қатламлари ва космик фазони тадқиқ қилиш соҳасида метеорологик ракеталар ва Ернинг сунъий йўлдошлари янги даврни очди.
Метеорологик ракеталар ва Ернинг сунъий йўлдош(спутник)ларида ўрнатилган асбоблар ёрдамида олиб борилган кузатишлар натижасида жуда кўп янги маълумотлар олинди. Ер атмосферасининг юқори чегараси 1000 км да эмас, балки ундан юқорироқдалиги, атмосферанинг юқори қатламидаги ҳавонинг зичлиги аслида олдин ҳисобланганидан кўпроқ эканлиги аниқланди.
Умуман айтганда, атмосферанинг юқори қатламидаги ҳаво зичлигининг Қуёш фаолиятига боғлиқ ўзгариб туриши, атмосферанинг таркиби ва электр ҳолати, унда ионлашган соҳаларнинг борлиги ва шунга ўхшаш жараён ва ҳодисалар устида янги натижалар олинди.
Булардан ташқари, Ернинг метеорологик йўлдошлари ёрдамида бутун атмосферада булутларнинг тақсимланиши, атмосфера объектларидан бўлган тайфунлар устида кузатишлар олиб бориш ва уларнинг расмини олиш имконияти туғилди. Бундай ишлар ўз навбатида об-ҳаво прогнозлари масаласини янгича ҳал этиш йўлини очмоқда.
Келажакда учириладиган космик метеостанция табиий офатлар (масалан, тайфунлар) ҳосил бўладиган ҳудудларни билиб олиш ҳамда уларга қарши чораларни кўриб қўйиш имконини беради.
1957 йилнинг 4 октябрида учирилган биринчи Ер сунъий йўлдоши космик эрани очиб берган эди. Шу даврдан бошлаб, собиқ иттифоқ космонавтикаси кўпгина шонли муваффақиятларга эришди. Биринчи катта техникавий ғалаба биринчи космик тезликка эришиш бўлди. Шу даврдан бошлаб космосни ўрганиш бошланди.
Ернинг сунъий йўлдоши ёрдамида метеорологик кузатишлар биринчи марта собиқ Иттифоқда 1958 йил 15 май кунидан бошланди. Бу йўлдошда атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш учун махсус илмий аппаратура ўрнатилган эди.
1966 йил 25 июнь куни эса биринчи марта махсус метеорологик йўлдош («Космос-122») учирилди. Унинг энг асосий вазифаларидан бири атмосферадаги булутларнинг, ернинг ёритилган ва соя томонларидаги қор ва муз қатламларининг тасвири, шу билан бир қаторда тушаётган ва қайтаётган радиацияларни ўлчайдиган махсус аппаратураларни қанчалик чидамлилигини синаб кўриш эди.
1967 йил 27 апрелда орбитага «Космос-156» чиқарилди. Шу вақтдан бошлаб фазовий метеорология мажмуи ишлай бошлади.
«Метеор» деб номланган бу тизимнинг таркибига бундан илгарироқ учирилган (1967 йил 28 феврал) «Космос-144» ҳам киради.
«Метеор» тизимининг ишга тушиши атмосферани ўрганишда янги уфқни очиб берди.
Натижада исталган баландликдаги атмосфера тузилиши ва таркибини, радиотўлқинларнинг атмосферадаги тарқалиш шароитини, Қуёш радиациясини, космик нурларни, шунга ўхшаш бошқа ҳодисаларни ва жараёнларни ўрганиш имкониятига эга бўлдик.
Энг асосийси, Ер шарининг исталган нуқтасидан атмосфера ҳолати тўғрисидаги маълумотни олиш имкониятига эга бўлдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |