«Метеосат» русумидаги метеорологик йўлдош атмосферани глобал ўрганиш халқаро дастури доирасида метеорологик тадқиқотлар олиб бориш учун мўлжалланган. «Метеосат» метеорологик йўлдоши космик тадқиқотлар бўйича Ғарбий европа ташкилоти томонидан орбитага чиқарилади.
«Метеосат» метеорологик йўлдошининг оғирлиги 300 кг, баландлиги 1,45 м, диаметри 2,1 м ни ташкил этади. Унинг асосий ўлчов аппаратларидан бири икки каналли радиометр ҳисобланади.
Радиометр булут қопламини ва Ер сиртини узлуксиз равишда кузатиб бориш имкониятига эга. Унинг аниқлилик даражаси инфрақизил каналида 5 км, кўриниш диапозонидаги қисмида эса 2,5 км ни ташкил этади. Инфра қизил канали бўйича радиометрик ўлчовлар булутларнинг чўққисидаги температура, булут қопламининг баландлигини аниқлашга имкон беради, шунингдек денгиз сатҳи температурасини 1° гача аниқликда ўлчайди. Инфра қизил нурларда тасвирларни Ерга реал вақт миқёсида 30 минутлик интервалларда юборади.
9.5. Ер йўлдошларидан узатилган метеорологик маълумотларни тўплаш ва тарқатиш тизими
Ер йўлдошларидан олинадиган метеорологик маълумотларни тўплаш ва тарқатиш учун, ҳозирги пайтда икки тизимдан фойдаланилади:
Марказлашган тизим. Бу тизим глобал миқёсдаги ахборотларни, яъни йўлдошларининг Ер атрофидаги суткалик барча айланишида тўпланган телевизион (ТВ) ва инфрақизил (ИК) маълумотларни олишни таъминлайди. Ер йўлдошларидан олинадиган метеорологик маълумотларни тўплаш ва тарқатишнинг бундай схемаси Москва, Новосибирск ва Хабаровскда жойлашган ахборотларни қабул қилиш пунктларида (ППИ), жумладан Тошкентда ахборотларни автоном қабул қилиш пунктида (АППИ) амалда оширилади (9.3-расм).
Ахборотларни қабул қилиш пунктларининг радиокўрувчанлик зонаси ўзаро бир-бирини беркитади ва узунлик бўйича чўзилган бўлиб, ғарбдан шарққа томон 160° га яқин масофани қамраб олади. Натижада Ер йўлдошларидан олинадиган метеорологик маълумотларни сутка давомида бир неча марта собиқ Иттифоқ ҳудудидан узлуксиз қабул қилиш имконияти яратилди.
Марказлашган тизим бўйича Ернинг метеорологик йўлдошларидан актинометрик, спектрометрик ва радиометрик ўлчанган маълумотларни тўплаш ҳам амалга оширилади.
Ахборотларни қабул қилиш пунктларининг асосий вазифаси Ер йўлдошларидан олинадиган гидрометеорологик ахборотларни қабул қилиш, қайд этиш ва ишланма берилган бу маълумотларни истеъмолчиларга етказишдан иборат.
Автоном тизим. Бу тизим Ернинг метеорологик йўлдошларидаги борт аппаратурасида маълумотларни хотирада сақлаб қолиш мосламаси йўқлиги билан марказлашган тизимдан фарқ қилади. Махсус қурилмалар (видикон ёки радиометр) ёрдамида олинган тасвирлар қисқа муддатли сақланиб, ахборотларни қабул қилиш автоном пунктларига автоматик тарзда юборилади. Ахборотларни тўғридан-тўғри узатиш тизимидан булутларни ва Ер таглик сиртларни телевизион ва инфрақизил тасвирларини узатиш учун кенг фойдаланилади. Айрим ҳолларда ушбу режимда, шунингдек актинометрик ўлчов натижаларини ҳам узатиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |