9.4. Метеорологик космик кемалар тизими
9.4.1. «Метеор» тизими
Метеорологик космик кемалар тизимининг афзалликларидан бири, бу тизимдаги бир хил турдаги йўлдошлардан фойдаланиб, глобал миқёсда гидрометеорологик маълумотларни катта аниқликда тезкор олиш саналади.
Ернинг метеорологик йўлдошлари ёрдамида олинадиган ахборотлардан метеорологик хизматнинг тезкор амалиётида фойдаланишнинг биринчи тажрибаси шуни кўрсатдики, об-ҳаво прогнозларини аниқроқ тузиш учун глобал миқёсда ҳар суткада энг камида икки марта гидрометеорологик кузатувлар бажарилиши керак.
Кўриниб турибдики, бу талабларни қондириш учун орбитада бир вақтда бир неча йўлдошлар ҳаракатда бўлиши керак.
Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, «Космос-144» (1967 йил 28 феврал) ва «Космос-156» (1967 йил 27 апрел) русмдаги Ернинг метеорологик йўлдошлари орбитага чиқарилди. Шу вақтдан бошлаб фазовий метеорология мажмуи, яъни «Метеор» деб номланган космик кема тизими ишлай бошлади.
«Метеор» тизимидаги бу икки йўлдош Ердан баландлиги 625-630 км бўлган қутбий орбитага яқинроқ доирага чиқарилди. Ушбу йўлдошларнинг орбитадаги бир-бирига нисбатан жойлашуви шундай танланганки, Ер шарининг ҳар бир районидаги об-ҳаво кузатувлари 6 соатлик интервалларда бажарилсин. Бу икки йўлдошдан иборат «Метеор» тизими бир сутка давомида планетамизнинг ярим сиртидаги метеорологик ахборотларни олишга имкон яратди.
«Метеор» тизими, ўзининг кейинги ривожланишини 1967 йил 25 октябр ойида «Космос-184» метеорологик йўлдошининг чиқарилиши билан олди. Бу йўлдош «Космос-144» га нисбатан деярли перпендикуляр, яъни 100° бурчак остидаги текисликда ҳаракатланади. Кейинчалик ишдан чиққан йўлдошлар ўрнига навбати билан «Космос-144», «Космос-144» ва бошқа йўлдошлар чиқарила бошланди.
«Метеор» тизимидаги биринчи тўққизта йўлдош Ердан ўртача баландлиги 630 км атрофида бўлган орбитага, кейингилари эса ўртача баландлиги 900 км атрофида бўлган орбитага чиқарилди. Йўлдош ҳаракатининг Ердан баландлигини ортиши, ундаги барча кўринишдаги ўлчов ва кузатув аппаратураларни кўриш доирасини кенгайтириш имконини берди. Ер шарини ўртача 102,5 минут даврида бир марта айланиб чиқади.
Бу йўлдошларда булутлик, музликлар, қор қопламлари ва таглик сиртни тасвирини олиш (0,5 - 0,7 мкм), шунингдек Ернинг соя томонидаги булутликни аниқлаш ва кузатиб бориш (8 - 12 мкм) учун мўлжалланган аппаратуралар ўрнатилган. Булардан ташқари булутдаги ҳароратни ва булутнинг юқори чегарасини аниқлаш учун, атмосферани термик зондлаш масаласини ечиш учун ва ер атрофи бўшлиғига кириб келувчи нурланиш оқимини кузатиш учун мўлжалланган бошқа спектрометрик аппаратуралар ўрнатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |