Ультрабинафша тўлқинидан микротўлқинли спектргача бўлган кенг диапазондаги кетаётган нурланишни спутник орқали кузатиш тизими ишлаб чиқилган ва ҳозирги пайтда амалиётда кенг қўлланилмоқда. «Ер–атмосфера» тизимидаги ўзаро нурланиш жараёни, спектрнинг турли диапазонларида етарлича хилмахил бўлганлиги сабабли, бу кузатувлар атмосфера ва таглик сиртнинг физик ҳолатини кенг кўламдаги барча параметрларини аниқлаш учун катта имкониятлар очиб беради. Турли кўринишдаги гидрометеорологик ахборотларни олиш ва узатишни таъминлаш мақсадида, Ернинг метеорологик йўлдошларида енгил ва ихчам, юқори стабиллик ва ишончли ишлаш, шунингдек кам электр энергия сарфлайдиган хусусиятларга эга бўлган борт аппаратуралар мажмуи ўрнатилади.
Ушбу аппаратуралар мажмуи шартли равишда икки гуруҳга ажратилади:
илмий аппаратуралар мажмуи;
хизмат аппаратуралар мажмуи.
Бу мажмуа атмосфера ва таглик сирт ҳолати ҳақидаги ахборотларни олиш учун мўлжалланган. Илмий аппаратуралар ахборотларни қабул қилиш хусусиятларига мос ҳолда шартли равишда обзор ва ўлчов аппаратураларга ажратиш мумкин.
Обзор аппаратуралар. Бу гуруҳга кирувчи аппаратуралар асосан спектрнинг кўринадиган ва инфрақизил диапазонларида ишлайди ва булутлик, таглик сирт, музликлар ва қор қопламлари майдонини тасвирга олиш учун мўлжалланган. Бундай аппаратуралар сифатида бир хил геометрик қонуниятга мос равишда сурат оладиган фотокамера ва телевизион тизимдан, шунингдек «Ер–атмосфера» тизимидан кетаётган нурланишни суст қабул қиладиган сканерлардан фойдаланилади.
Кўпзонали космик фотосъёмкалар юқори сифатга эга бўлган тасвир олишни таъминлайди. Бунда махсус ёруғлик фильтрлари (масалан, ҳаво ранг ва ультрабинафша нурларни ютувчи сариқ ва тўқ сариқ ёруғлик фильтрлари) орқали оқ-қора плёнка ёки кўринадиган ва инфрақизил нурланишга яқинроқ спектрларда рангли плёнкалардан фойдаланилади. Плёнкаларни Ерга етказиш зарурлиги ва мураккаблиги усулнинг тезкорлигини йўқотади.
Тезкор амалиётда 0,3-14 мкм диапазонда сурат олиш имконини берадиган сканерлардан кенг фойдананилмоқда. Сканер ўзидан нур тарқатадиган сиртни ҳар бир элементи бўйича кўриб чиқади (9.4-расм). Электромагнит нурланиш интеграл оқимини сканернинг оптик тизими орқали қабул қилиниб, таркибий қисмларга (ойна, призма, линза ёки фильтрлар ёрдамида) ажратилади ва детекторларда қайд этилади. Детекторлар ўз навбатида қабул қилган энергияни электр сигналига ўзгартиради.
Ернинг метеорологик йўлдошларида ўрнатиладиган ёнлама обзорли радиолокация станциялари ёрдамида, юқорида қараб чиқилган аппаратуралардан фарқли равишда съёмкалар актив (фаол) режимда олиб борилади (9.5-расм). Спутникнинг бўйлама ўқи ёқалаб жойлаштирилган антенна, ўрганилаётган объект сиртига учишга нисбатан перпендикуляр йўналишда нурланиш диаграммаси чегарасида энсиз гулбарг шаклидаги юқори частотали импульслар юборади. Нурланган сиртдан қайтган импульсларни яна шу антенна қабул қилади.
Бу қайтган импульслар электр сигналига ўзгартирилиб борт хотирасида сақлаб қолинади ёки Ерга узатилади.
Шундай қилиб, Ернинг метеорологик йўлдошларидаги илмий аппаратураларнинг муҳим хусусиятлари, унинг сезгирлик қудрати ва обзор зонасининг кенглиги саналади. Бу аппаратуралар олинган ахборотларни истеъмолчига тўғридан-тўғри узатиш режимида (реал вақт миқёсида) ёки бортдаги махсус хотиралаб қолувчи мосламада ахборотларни хотиралаш режимида ишлайди. Биринчи режим регионал ахборотларни, иккинчиси эса – глобал ахборотларни олиш учун мўлжалланган. Обзор хусусиятга эга бўлган илмий ахборотлар одатда космик тасвир (фотосурат) кўринишда тақдим этилади.
Ўлчов аппаратуралар. Бу гуруҳга кирувчи аппаратуралар «Ер–атмосфера» тизимидаги ўз нурланишини миқдорий характеристикаси ёки мутлақ (абсолют) қийматини олиш учун мўлжалланган. Бирорта ва уша илмий тизим ҳам обзор, ҳам ўлчовли бўлиши мумкин. Ернинг метеорологик йўлдошларидаги илмий аппаратураларнинг ишлаш шароити, махсус телеметрик мосламалар ёрдамида доимо назорат қилиб турилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |