15. Ёнғин хавфсизлиги қисми смена бошлиғининг хизмат мажбурияти /1/
Смена бошлиғи ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғига бўйсунади. У смена шахсий таркибининг бошлиғи ҳисобланади.
Смена бошлиғи қуйидагиларга жавобгардир:
-ёнғин хавфсизлиги сменасининг доимий жанговар тайёрлиги ва хизматни яхши олиб боришига;
-унга бўйсунадиган шахсий таркибни жанговар ва хизмат тайёргарлигига, тартиб-интизомли бўлишига ва руҳий-ахлоқий ҳолатига;
-ёнғин ўчириш автомобилларини ва ёнғин ўчириш қуролларининг яхши сақланишига, созлигига;
-шахсий таркибнинг техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишларига;
-шахсий таркиб томонидан кун тартибига риоя қилинишига ва смена хизматида тартиб-интизом бўлишига.
Смена бошлиғи:
-шахсий таркибининг ишчанлик ҳамда руҳий-ахлоқий қобилиятларини билиши ва тарбия ишларини олиб бориши;
-смена шахсий таркиби билан жанговар ва хизмат тайёргарлиги машғулотлари ўтказиши ва экипаж командирларининг машғулот ўргатаётганликларини кузатиб бориши;
-ёнғин хавфсизлиги қисмининг чиқиш туманларини, муҳим ва ёнғин чиқиш хавфи бўлган масканларнинг жойлашган ўрнини, биноларнинг тузилиш хусусиятларини, муҳофаза қилинаётган туманнинг сув таъминотини ва ўтиш йўлларини, ёнғин хавфсизлиги гарнизонидаги ёнғин ўчириш автомобилларига оид тактик-техник маълумотларни билиши;
-смена шахсий таркибининг сафга тизилиш малакасини, белгиланган кийим турини кийиш қоидаларини бажарилишини ва кийим-кечак ҳамда қуролларнинг мос танланганлигини қатъий кузатиб бориши;
-навбатчиликни қабул қилиб олаётганида муҳофаза қилинаётган тумандаги шароит билан танишиб чиқиши, шунингдек ёнғин хавфсизлиги қисмининг бошлиғидан туманни муҳофаза қилишга доир қўшимча тадбирлар тўғрисида кўрсатмалар олиши;
-навбатчилик вақтида мавжуд шароитга қараб, туманни ёнғиндан муҳофаза қилишда кучайтирувчи қўшимча тадбирлар ишлаб чиқиши ва уларни амалга ошириши, соқчилар, кузатувчилар ва бошқа шахслардан туман (маскан)да ёнғин чиқиш хавфи бўлган шароит вужудга келганлиги ҳақида хабар келса, ёнғин хавфсизлиги ҳолати бузилиш оқибатини бартараф қилиш тадбирларини кўриши ва зарур бўлса, ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғига хабар қилиши;
-тун пайтида, дам олиш ва байрам кунларида қўшимча йўналишлар бўйича сменалар шахсий таркибидан маълум топшириқ билан кузатувчилар юбориб, муҳофаза қилинаётган масканларнинг ёнғинга қарши ҳолатини назорат қилишни кучайтириши;
-шахсан (экипаж командирлари орқали) соқчилар, кузатувчилар, ёнғиннинг олдини олиш ишлари назоратчилари ва ички навбатчиликда ишлайдиган шахслар хизматини қандай ўтаётганликларини текшириб туриши, барча смена таркибининг хизмат вазифаларини тўғри, аниқ бажаришларини доимо кузатиб бориши;
-ёнғин хавфсизлиги қисми муҳофаза қилаётган маскандаги энг муҳим цехлар, қурилмалар, лабораториялар, омборлар ва биноларни иш кунининг охирида уларни ёпишдан олдин яхшилаб кўздан кечиришларини ташкил этиши ва назорат қилиши;
-ёнғин ўчириш автомобиллари, техник қуроллари, асбоб анжомлари, сув ҳавзалари, бинолар ва сув манбаларига ўтиш йўлларининг доимо қониқарли бўлишини кузатиб туриши;
-шахсий таркибни соқчиликка, кузатувчиликка ўз вақтида юбориб туриши, бунда уларга йўл-йўриқлар кўрсатиши ҳамда уларнинг ўз вазифаларини қанчалик билишларини текшириб туриши;
-ёнғин ўчиришга ва табиий офат юз берган жойга сменага бошчилик қилиб бориши (ёнғин ўчириш ва табиий офат оқибатларини бартараф қилишда смена шахсий таркибининг фақат бир қисми борадиган бўлса, гарнизон бошлиғи томонидан олдиндан белгиланган тартибда смена бошлиғи қисмда қолиши мумкин);
-ёнғин хавфсизлиги қисмида мавжуд бўлган алоқа воситалари, техник қуроллар ва асбоб-анжомлар билан ишлашни билиши;
-муҳофаза қилинаётган масканда телефон алоқаси ишдан чиқса, қўшимча кузатувчилар юбориб ёнғин хавфсизлиги назоратини кучайтириши, цех бошлиқлари ва кўнгилли ёнғин ўчирувчилар аъзоларининг ёнғин хавфсизлигига риоя қилинишини назорат қилиб туришларини корхона маъмуриятидан талаб қилиши;
-тунги пайтда фаолият кўрсатадиган болалар муассасалари, даволаш масканларида одамлар борлиги ҳақидаги маълумот йиғишни назорат қилиши;
-ёнғинга қарши сув таъминотини созлигини текшириш ва ўрганиш ишларини ташкил қилиши;
-фуқаро муҳофазаси хабарлаш белгиларини билиши ва улар ҳақида хабар олинганда аниқ ҳаракат қилиши;
-тасодифан касал бўлиб қолган тақдирда зудлик билан бу ҳақда қисм бошлиғига ёки гарнизон бўйича тезкор навбатчига хабар бериши ва уларнинг кўрсатмаси бўйича иш кўриши лозим.
Навбатчи смена бошлиғига қуйидагилар тақиқланади:
-мазкур Низомда кўрсатилган ҳолатдан ташқари қисмдан кетиб қолиши;
-смена таркибидан бирор кишига жавоб бериши ва алмаштириши, соқчилик жойларини ва назоратчиларнинг секторларини очиқ қолдириши, жанговар ҳисобдан ёнғин ўчириш автомобилини чиқариб юбориши;
-соқчиликка ҳамда кузатиш жойларига бошланғич тайёргарликдан ўтмаган, шунингдек соқчилик билан кузатиш ҳудудларини ўзига хос хусусиятлари билан таништирилмаган ёки соқчи ва кузатувчиларнинг вазифаларини яхши ўзлаштириб олмаган ёнғин ўчирувчиларни хизмат ўташга тайинлаши.
Смена бошлиғини алмаштириш учун ёнғин-техник билим юрти маълумотига эга ўрта ва катта бошлиқлар таркибига, ёнғин ўчиришда катта тажрибага эга бўлган ва белгиланган тартибда смена бошлиғи сифатида мустақил равишда навбатчиликка қўйилган шахсларга рухсат берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |