21. Навбатчи сменада вақтнинг тақсимланиши ва кун тартиби /1/
Ёнғин хавфсизлиги қисмининг кун тартибини жойлардаги шароитлардан келиб чиққан ҳолда ёнғин хавфсизлиги гарнизони бошлиғи белгилайди.
Кун тартибига эрталабки жисмоний тарбия ва ювиниш, ўқув машғулотларини ўтказиш, овқатланиш, техникага қараш ва тарбиявий ишлар ўтказиш учун вақт ажратилган бўлиши керак (6-илова).
Овқатланиш кун тартибида кўрсатилган вақтда бўлиши керак. Шахсий таркиб ошхонага тоза кийимда кириши керак.
Смена таркибидан ҳеч ким смена бошлиғининг рухсатисиз кетмаслиги керак. Смена бошлиғи смена шахсий таркибидан бирор киши касал бўлиб қолса ёки хизматга тааллуқли вазифаларни бажариш учунгина ёнғин хавфсизлиги қисмидан чиқишга рухсат бериши мумкин.
Кун давомида хизматда бўладиган смена бошлиқларига, диспетчерларга тунда 4 соатгача дам олишга (ухлашга) рухсат этилади (улар навбат билан дам олишлари керак). Бу вақтда уларни тайёргарликдан ўтган шахслар алмаштириб туришлари керак. Смена бошлиғи дам олаётганда уни смена бўйича навбатчи алмаштириб туради.
Смена шахсий таркиби жойлашган ҳамма хизмат хоналари тунда доимо ёритилган бўлиши керак. Тунги дам олиш вақтида бу хоналарда фақатгина навбатчи чироқларни ёқиб қолдиришга рухсат этилади, агарда хавф белгиси берилса ҳамма чироқлар ёқилади.
Ёнғин ўчириш техникасини, ёнғин ўчириш техник қуролларини тоза тутиш, хизмат хоналарида ва қисм ҳудудида тозаликни сақлаш ҳамда бошқа хўжалик ишлари смена шахсий таркибига юклатилади. Хоналар ўз вақтида дезинфекция қилиниши зарур.
22. Навбатчи сменанинг навбатчилик алмашиш тартиби /1/
Навбатчи сменаларнинг алмашиш вақти вилоят (шаҳар, республика) ёнғин хавфсизлиги гарнизони бошлиғи томонидан белгиланади. Бунда навбатчи сменаларнинг алмашиши ёнғин хавфсизлиги қисмларининг барчасида бир вақтда ўтказилиши керак.
Корхоналарни муҳофаза қилаётган ёнғин хавфсизлиги қисмларида навбатчи сменаларнинг алмашиши ЁХБ ва корхона раҳбарлари билан келишилган ҳолда бўлим (отряд, қисм) бошлиқлари томонидан белгиланади, лекин навбатчи сменаларнинг алмашиш вақти корхона ишчи ва хизматчиларининг навбатчилик алмашиш вақти билан бир вақтда бўлмаслиги керак.
Навбатчи сменаларнинг алмашиши 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Навбатчиликни қабул қиладиган смена шахсий таркиби қисмга навбатчилик қабул қилишдан 10 дақиқа олдин етиб келиши зарур.
Кун тартибида белгиланган вақтда навбатчиликни қабул қилувчи смена бошлиғи «Навбатчиликка» командасини беради. Ушбу команда бўйича диспетчер учта қисқа сигнал беради. Иккала смена шахсий таркиби жанговар кийимларда белгиланган жойда сафланадилар.
Навбатчиликни қабул қилувчи смена бошлиғи навбатчилик алмашишда:
-шахсий таркибни хизмат ўташга тайёрлигини, сонини, уларнинг ташқи кўринишини ва белгиланган кийимга риоя қилишларини, ёнғин ўчирувчиларнинг жанговар кийимлари ва асбоб-анжомлари ҳолатини текшириши ва камчиликларни тугатиш чораларини кўриши;
-ёнғин ўчирувчиларни ёнғин ўчириш автомобилларига жанговар ҳисоб рақамлари бўйича бириктириши, кузатувчиларни, ички хизмат навбатчиларини тайинлаши ва уларга вазифаларини тушунтириши;
-шахсий таркибнинг хизмат вазифаларини билишларини текшириши;
-ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик ва ёнғин ўчириш автомобилларини бошқариш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаларини текшириши;
Навбатчиликни топшираётган смена бошлиғи хизматга якун ясайди, шахсий таркибнинг бажарган ишларига баҳо беради, камчиликларини кўрсатади, уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиб беради.
Смена шахсий таркиби хизматни ўташ учун қуйидаги тартибда тақсимланади:
-ёнғин ўчириш автомобилларига жанговар ҳисоб жадвали асосида тайинланади;
-ҳар бир кузатиш жойига 2 тадан одам тайинланади, буларнинг бири кузатиш жойида турса, иккинчиси жанговар ҳисобда бўлади;
-кузатувчиликка (дозорга) экипаж бошлиқлари, катта ёнғин ўчирувчилар ва ички хизматга ҳамда кузатиш жойларига киритилмаган шахсий таркиб тайинланади.
-Кузатувчиликка тайинланган шахсий таркиб кузатувчиликка кетгунча ва қайтиб келгандан сўнг жанговар ҳисобда туради. Жанговар ҳисоб тартиб рақами бўйича кузатиш жойи ва кузатувчиликка бўлишда шахсий таркиб сменани сафга туриш чизмасига асосан (7-илова) жойлашади.
Навбатчиликни қабул қилувчи смена бошлиғи навбатчиликни топширадиган смена бошлиғига навбатчиликни қабул қилишга тайёрлиги ҳақида хабар беради.
Навбатчиликни топшираётган смена бошлиғи қабул қилувчи сменанинг тайёрлигини билгач, смена шахсий таркибини жанговар кийимларини кийган ва асбоб-анжомларини таққан ҳолда, навбатчиликни қабул қилувчи смена олдида сафлайди.
Навбатчиликни қабул қилувчи смена бошлиғи қисм бошлиғига ёки унинг ўринбосарига (унвонига қараб) «ўртоқ майор, 1-смена навбатчиликни қабул қилишга тайёр, смена бошлиғи лейтенант Шукуров» деб ахборот беради. Сўнгра сменалар сафланган жойга келиб унинг ўнг томонига туради. Қисм бошлиғи сафнинг олдига келганда навбатчиликни топшираётган смена бошлиғи: «Ростлан, текисланиш ўртага!» дейди ва унга ахборот беради: «Ўртоқ майор, 3-смена навбатчиликни топширишга тайёр. Смена бошлиғи лейтенант Каримов». Қисм бошлиғи сменалар шахсий таркиби билан саломлашиб, «Эркин» деб буйруқ беради. Сўнгра навбатчиликни қабул қилувчи смена шахсий таркибини хизматни ўташга тайёрлигини текширади, навбатчиликни топшираётган сменанинг хизматига баҳо беради ва тумандаги (корхонадаги) ёнғинга қарши ҳолатга қараб смена олдига жанговар вазифа қўяди, шундан сўнг: «Ростлан! Давлат ва шахсий мулкни муҳофаза қилиш учун 1-смена ўнгга (чапга) қадам бос!» деб буйруқ беради. Сўнгра сменалар шахсий таркиби навбатчиликни топширишга, қабул қилишга киришадилар. Навбатчиликни қабул қилувчи смена бошлиғи шахсан ва экипаж бошлиқлари орқали ёнғин ўчириш автомобилларини (мотопомпаларни) ва ёнғин ўчириш техник қуролларини, алоқа воситаларининг ишга яроқлилигини, хизмат хоналарини ва қисм ҳудудини текширади, шахсий таркибни ҳимояловчи газниқобларини текширишларига раҳбарлик қилади. Ўзининг газниқобини текширади ва сменанинг хизмат ҳужжатларини қабул қилади.
Навбатчиликни топшираётган смена бошлиғи навбатчиликни топшириб, аниқланган камчиликларни тугатиш чораларини кўради.
Навбатчиликни қабул қилувчи смена шахсий таркиби жанговар ҳисоб рўйхати ва автомобилдаги асбоб-анжомлар рўйхати бўйича навбатчиликни топшираётган сменадан барча ёнғин ўчириш қуролларини, алоқа ва хабарлаш воситаларини, хизмат хоналари ҳолатини, хизмат ҳужжатларини, қисм ҳудуди тозалигини текшириб қабул қилиб олишлари лозим. Захирадаги ёнғин ўчириш техникасини смена бошлиғи тайинлаган экипаж командири, ҳайдовчи ва ёнғин ўчирувчилар қабул қилиб олишади. Навбатчиликни қабул қилиш жараёнида навбатчиликни қабул қилувчи смена шахсий таркиби ҳимояловчи газниқобларини 1-сон текширувидан ўтказадилар.
Навбатчиликни қабул қилиш ва топшириш натижалари ҳақида ҳайдовчилар ва ёнғин ўчирувчилар экипаж командирларига, диспетчерлар, кузатув жойларидан келган ва ички хизмат навбатчилари смена бошлиқларига ахборот берадилар.
Смена бошлиқлари навбатчиликни бири топшириб, иккинчиси қабул қилиб олганларидан кейин хизмат китобига қўл қўйишади (8-илова) ва қисм бошлиғига ахборот беришади.
Смена бошлиқларининг навбатчиликни топширганликлари ва қабул қилиб олганликлари ҳақида ахборотни эшитгач, қисм бошлиғи хизмат рўйхатини текшириб чиқади ва «Якунлансин» буйруғини беради. Бу буйруқни эшитгач, диспетчер иккита қисқа қўнғироқ чалади. Навбатчиликни топширган смена шахсий таркиби автомобиллардан ҳимояловчи газниқобларини олади, навбатчиликни қабул қилганлар эса жанговар ҳисобга қўядилар. Шу вақтдан бошлаб навбатчиликни топширган сменанинг шахсий таркиби навбатчиликдан бўшаган ҳисобланади.
Навбатчиликка тушгандан кейин смена бошлиғи ЁХХ МДХга смена таркиби тўғрисида ёнғин хавфсизлиги гарнизони бошлиғига белгилаган тартибда ахборот беради.
Агарда навбатчилик алмашиш вақтида «Якунлансин» буйруғи берилгунга қадар «Ёнғинга» белгиси берилса, ёнғин ўчиришга навбатчиликни топшираётган смена чиқади, навбатчиликни қабул қилиб олувчи смена эса ёнғин хавфсизлиги қисмининг бошлиғидан кўрсатма олгунига қадар қисм ҳудудида қолади.
Навбатчилик алмашиш, агарда навбатчиликни топширадиган смена хавф белгиси билан чиқиб кетса ёки ёнғин ўчиришда ишлаётган бўлсагина кечиктирилиши мумкин (бунда соқчилар ва кузатувчилар ўз вақтида алмаштирилиши керак). Агарда навбатчилик алмашиш вақтида навбатчиликни топширадиган смена ёнғин ўчиришда бўлса ва бу ёнғинни ўчириш учун бир соатдан кўп вақт зарур бўлса, навбатчиликни қабул қилувчи смена ёнғин содир бўлган жойга олиб борилади ва шу ернинг ўзида ишлаётган сменани алмаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |