23. Навбатчи смена ички хизмати /1/
Ички хизмат навбатчилари хизмат хоналарини, техник воситаларни ва қисм ҳудудини қўриқлаш ҳамда тозаликни сақлаш мақсадида, навбатчи смена шахсий таркибидан тайинланади. Ички хизматдаги шахслар смена бошлиғига бўйсунади.
Ички хизмат навбатчилиги ёнғин хавфсизлиги гарнизони бошлиғи томонидан белгиланади ва одатда қуйидагилардан иборат бўлади:
-навбатчи смена бўйича масъул навбатчидан;
-ёнғин хавфсизлиги қисмининг гаражи бўйича навбатчидан;
-қисм биноси олди томонидаги соқчидан.
Ички хизмат навбатчилари хавф белгиси бўйича смена билан бирга чиқадилар. Ёнғин хавфсизлиги қисмининг хизмат хоналарини смена хавф белгиси бўйича чиқиб кетган вақтда қўриқлаш тартиби қисм томонидан белгиланади.
Навбатчи смена бўйича масъул навбатчи, экипаж командирларидан бири тайинланади ва у:
-смена бошлиғининг ва ички хизмат навбатчиларининг вазифаларини билиши;
-смена бошлиғи бўлмаганда ёки у дам олаётган вақтда унинг вазифасини бажариши;
-сменаларни навбатчилик алмашишида хизмат хоналарини, жиҳозларни ва асбоб-ускуналарни қабул қилиши;
-шахсий таркибни ўз вақтида овқатланишини ташкил қилиши;
-ички хизмат навбатчиларини алмаштириши ва уларнинг хизматни қандай ўтаётганларини текшириши;
-смена бошлиғининг буйруғи бўйича соқчи ва кузатувчиларни алмаштириш учун навбатчиларни жўнатиши ва уларни хизматни қандай ўтаётганликларини текшириши;
-смена шахсий таркибининг кун тартибига риоя қилишларини, жиҳозларни, асбоб-анжомларни ишга яроқли холда сақлашларини, хизмат хоналарида ва қисм ҳудудида техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини ҳамда хоналардаги ҳаво ҳароратини ва хоналарни ёритилишини кузатиб бориши лозим.
Ёнғин хавфсизлиги қисмининг гаражи бўйича навбатчиси:
-ҳайдовчиларни ва смена шахсий таркибини бириктирилган автомобилларга фақатгина хизмат вазифаларини бажариш учун чиқишларига рухсат бериши;
-гаражда ёнғинга қарши белгиланган тартибга риоя қилинишини, тозалик ва тартиб бўлишини таъминлаши;
-гаражда ҳаво ҳароратини белгиланган даражада бўлишини кузатиб туриши, тунда навбатчи чироқларни ёқиши;
-ёнғин ўчириш техникасида, иситиш тармоғида ва бошқаларда аниқланган носозликлар ҳақида зудлик билан смена бошлиғига хабар бериши лозим.
Ёнғин хавфсизлиги қисми биносининг олди томонидаги соқчи:
-фуқаролардан ёнғин, фалокат ҳақидаги хабарларни қабул қилиши, ёнғин (табиий офат) содир бўлганлиги ҳақида хабар олганда хавф белгисини ёқиши ва хабар олиб келган шахсни смена бошлиғи билан учраштириши;
-кўриш имконияти бўлган жойларни доимо кузатиб туриши, агарда ёнғин содир бўлганини аниқласа, дарҳол бу ҳақида диспетчер ёки смена бошлиғига хабар бериши;
-гараж дарвозалари олдида барча турдаги транспорт воситаларини ва қисм ҳудудида хизматга алоқадор бўлмаган автомобилларнинг тўхтаб туришига йўл қўймаслиги;
-шахсий таркибни хизмат заруриятисиз қисм биноси олди томонида бўлишларига йўл қўймаслиги;
-шахсий таркибга алоқадор бўлмаган шахсларни қисм ҳудудига киритишнинг белгиланган тартибига қатъий риоя қилиши лозим.