САВОЛЛАР ВА ТОПШИРИҚЛАР
Сув қандай агрегат ҳолатда бўлиши мумкин? Атмосфера ҳавоси намлигининг асосий манбаига нималар киради?
Табиат ва жамиятда сувнинг аҳамиятига мисоллар келтиринг.
Ўзбекистонда чучук сув қандай фойдаланилади?
Чучук сувни етишмаслигига сабаб нимада? Сувни ифлословчи манбаларга нималар киради? Ифлос сувлар қандай усуллар билан тозаланади? Шўр сувларни қандай чучуклаштирилади?
VI.7. ЕР РЕСУРСЛАРИДАН ТЎҒРИ ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ
Табиатда ва ижтимоий ишлаб чиқаришда ер ресурсларининг аҳамияти.
Ер ресурсларининг таснифи ва Ўзбекистон ер фонди. Тупроқнинг ўзгаришига таъсир этувчи омиллар. Тупроқ эррозияси ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари.
Тупроқ табиатнинг энг муҳим бойлиги бўлиб, Ер пўстининг энг устки ғовак, унумдор қисмидир. Тупроқ орқали моддаларнинг литосфера билан атмосфера орасидаги ўзаро алоқаси содир бўлади. Шамол натижасида тупроқ устидан кўтарилган чанг тўзонлар атмосферага етиб ҳаво тиниқлигини бузади, Ер юзасига қуёшдан келаётган ёруғлик энергияси таъсирини камайтиради, ёғинларнинг вужудга келишига таъсир кўрсатади. Атмосферадан эса тупроқ устига ҳар хил заррачалар тушиб, тупроҳ, ўсимлик ва ҳайвонот оламига турлича таъсир кўрсатади. Тупроқ энг аввало ўсимлик, ҳайвон ва микроблар билан бирга мураккаб экологик система (биогеоценоз) ни вужудга келтиради. Тупроқнинг кишилик жамияти учун аҳамияти шундаки, у ўз-ўзини тозалаш хусусиятига эга бўлиб, табиатдаги ифлос нарсаларни (моддаларни) биологик йўл билан тозалайди ва нейтраллаштиради. Демак, тупроқ халқнинг бебаҳо табиий бойлиги ва инсоннинг яшаши учун зарур бўлган ҳаёт манбаидир. Инсон ўзининг яшаши учун керак бўлган озиқ-овқат энергиясининг 88% ини тупроқдан, 10% ини ўрмон ва ўтлоқлардан, 2% ини океандан олмоқда. Қуруқликнинг 13% и (1,9 млрд. га) ҳайдаб экин экиладиган ерлардир. Дунё бўйича экин экиладиган майдоннинг 14% ини эса суғориладиган ерлар ташкил этади.
Табиат компонентлари ичида ер ресурсининг ўрни ўзига хосдир. Ер бошқа барча компонентларнинг табиий асоси, замини ҳисобланади. Ер қишлоқ хўжалигида икки функцияни бажаради: ер бир вақтда меҳнат предмети ва воситасидир. Уильям Петти айтганидек, "бойликни отаси меҳнат бўлса, ер - онасидир". Ер табиатнинг маҳсули бўлиб, унга қилинган ҳар қандай таъсир унинг унумдорлигини оширади ёки аксинча. Инсоният тарихи - табиат билан инсонни ўзаро муносабатларининг маҳсулидир. Ижтимоий меҳнат тақсимотининг ривожланиши ерни дастлаб қабилалар, сўнгра эса оилалар ўртасида тақсимланишга олиб келди.
Конституцияда алоҳида шахсларга шахсий турар жой қуриш, жамоа бўлиб боғдорчилик, сабзавотчилик билан шуғулланиш учун ердан фойдаланишга доимий ва вақтинчалик рухсат берилиши мумкин. Ердан фойдаланувчиларга ердан унумли фойдаланиш мажбурияти юклатилади. Ердан меҳнат қилмай даромад олиш, ерни сотиб олиш ёки сотиш, ҳадя қилиш, ижарага қўйиш, ўз ҳолича бошқа шахсларга бериш таъқиқланади. Ер давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун зарур бўлиб қолганда давлат томонидан олиниши мумкин.
Ер шарининг 149 млн. км2 қуруқлик майдони турли ер туркумларига бўлинади (2-жадвал). Ер "табиат ва жамият" мажмуасида сув ва ҳаво каби қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси ҳисобланади. Ер шарида қуруқликнинг инсон фойдаланадиган қисми 82 млн.км2 (65%). Шу жумладан: фаол фойдаланадиган қуруқликда қурилган жойлар, шудгор ва йўллар 22,3 млн. км2 (15%)га тенг келади. қуруқликда кам ҳаражат билан ўзлаштириш мумкин бўлган ерлар заҳираси 9 млн.км2 (6%)ни ташкил этса, ўзлаштириш қийин ва кўп маблағ сарфланадиган ерлар (чўллар, ботқоқ, баланд тик-тоғ чўллари) 35,7 млн.км2 (24%)ни эгаллайди. Ҳозирги кунда инсон таъсирида ишдан чиққан ерлар (тупроқ емирилиши, шўр босиш, ботқоқлашиш) майдони 4,5 млн.км2 (3%)дан ортиб кетди. Инсон бир бутун табиатга турлича таъсир кўрсатмоқда. Масалан, барча хўжалик-маиший эҳтиёжлар учун ишлатиладиган сув - 3,8 млн.км3 ни ташкил этса, шу жумладан суғориш учун 3 млн.км3ни, саноат-маиший оқавалар билан ифлосланган сув ҳажми 6,5 минг км3 дан ортиб кетди. Ер юзасида Осиё, Африка, Шимолий ва Жанубий Америкалар катта ер фондига эга.
Ер фонди нима? Давлат чегараларига қадар бўлган ҳамма ерлар. Давлат ер фонди қишлоқ хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун жамоа хўжалиги ва бошқа хўжаликларга бериб қўйилган қишлоқ хўжалик ерларидан, аҳоли яшайдиган пунктлар (шаҳарлар, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли жойларининг ерларидан), саноат. транспорт, курорт, қўриқхоналарнинг ерларидан ва бошқа ҳар хил ерлардан (давлат ўрмон фондлари ерларидан, давлат сув фондларп ерларидан) иборат.
Ўзбекистоннинг умумий ер фонди 1997 маълумоти бўйича 44,45 млн. гектар, шундан салкам 32 млн. гектари қишлоқ хўжалигига карашли ерлар. Республиканинг ер фонди фойдаланиш бўйича хплма-хил. Мамлакат умумий ер фондининг 5-6 млн. гектари деҳқончиликда фойдаланилади. Қишлоқ хўжалиги ерлари ичида катта салмоқ (83,5%)ни ўтлоқлар ва яйловлар эгаллайди. Ундан кейин ҳайдалган ерлар (14,9%), кўп йиллик экинлар - боғлар ва токзорлар (1,4%). қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ва бошқа турдаги ерларни улуши Республика жами ер фондининг 37,3% га тенг.
Do'stlaringiz bilan baham: |