Тош ва тошқол эритмаларидан
олинадиган ашёлар
Табиий тоғ жинслари ва ҳар хил қўшилмаларни юқори ҳароратда эритиб турли шаклдаги қолипларга қўйиб олинган ашёларга қуйма тош деб аталади. Ишлатиладиган тоғ жинсларининг келиб чиқиши ва хилига қараб қуйма тош пироксенли, мелилитли, муллитли, корундли ва бошқа турларга бўлинади. Қурилиш ашёлари ишлаб чиқаришда, асосан, пироксинли конгломератлар ишлатилади. Пироксенли тоғ жинслари гуруҳига кирувчи базалт-диобаз каби тошларни юқори ҳароратда эритганда қора, кўкимтир, оч-сариқ ва оқ рангли қуйма тошлар ҳосил бўлади. Мелилитли тоғ жинсларини эритганда кулранг, муллитли — тўқ-кулранг, корундли жинсларни эритиб қолиплаганда оч кулрангдан тўқ ва оч-сариқ ранггача бўлган қуйма тош ашёларини олиш мумкин. Ишлатилишига кўра қуйма тошлар пардозбоп, полбоп ва ўтга бардошли хилларга бўлинади.
Қуйма тошлар ўзларининг физик ва механик хоссалари билан бошқаларидан юқори туради. Уларнинг сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 500 МПа гача боради, қаттиқлиги 7 (пироксен тоғ жинслари) дан 9 (корунд) гача ўзгаради, зичлиги 0,2% дан кам, сув шимувчанлиги 0,1%, чидамлилик коеффициенти 0,9—1,0 га тенг. Пироксен гуруҳига тегишли қуйма тошни 500—700°C гача, муллит ва корунд қуйма тошларини 1500°C гача қиздирганда улар эримайди ёки зўриқиши ҳисобига бузилмайди.
Қуйма тошларни ишлаб чиқариш технологиялари бир-биридан фарқ қилмайди ва қуйидаги технологик жараёнлар бўйича олиб борилади: тегишли таркибдаги хомашёни тайёрлаш (тозалаш, майдалаш, ғалвирдан ўтказиш, торозида тортиш), 1400-1450°C гача қиздирадиган айланма ёки шахта ўчоқларида, махсус ванналарда электр энергияси воситасида эритиш, олдиндан қиздириб қўйилган қолипларга қуйиш (ўтга чидамли чўян, пўлат ёки силикат қолиплар), аста-секин (бир кун ёки ундан кўп) совитиш ва ниҳоят қуйма тош юзасини тозалаш ва текислаш.
Эриган тошни қолипларда совитиш жараёни алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, бу жараёнда қуйма тошнинг тузилиши шаклланади; 800—900°C да қисман кристалланиши бошланади. Совишнинг кейинги дақиқаларида дарз ёки ёриқлар бўлмаслиги учун қуйма тошда ички зўриқишнинг пайдо бўлмаслигини таъминлаш зарур.
Тоғ жинслари базалт, диабаз ва бошқа осон эрувчан тошларни эритиб олинган қурилиш ашёлари зарарли суюқликлар таъсирида бўладиган буюм ва конструкцияларни муҳофаза қилишда, йўл ва йўлкалар қурилишида, қоплама безак плиталар олишда ишлатилади. Базалт ва диабаздан ишланган қуйма тош плиталарнинг сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 400—500 МПа га, эгилишдагиси эса 60—65 МПа га тенг. Улар кимёвий муҳит таъсирида бузилмайди. Ишқаланишга бўлган мустаҳкамлиги 0,4-0,5 г/см2 дан ошмайди. Ялтироқ қуйма тош олиш керак бўлса, хомашё сифатида таркибида темир оксиди кам бўлган ёки махсус оқартирувчи қўшилма (руҳ оксиди) лар аралаштирилган кварс қуми, доломит, бўр ёки мармар ишлатилади. Оқ қуйма тошлар меъморий безак буюмлари сифатида ва ҳайкалтарошликда ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |