Профилли (узун) шиша буюмлар. Профилли шиша тўсувчи панеллар тайёрлашда швеллер, уголник ва бошқа турларда ишлатилади (5.6-расм).
Профилли шиша маҳсулотлари арматураланган ва арматураланмаган турларга бўлинади ва горизонтал прокатлаш усулида олинади. Бириктирилган швеллерларнинг узунлиги 4,2 м, коробка кўринишидаги уголникдан тайёрланган шиша буюмларнинг узунлиги эса 6 м ни ташкил этади. Улар панел кўринишидаги шиша буюмлар олишда самарали қўлланилмоқда. Бунда панелларнинг баландлиги швеллердан тайёрланган бўлса 1,8 ва 2,4 м, уголникдан тайёрланган бўлса 1,8; 2,4 ва 3 м га тенг.
Профилли шишадан тайёрланган деворбоп панел ром ва профилли шиша тўлдирувчисидан ташкил топади. Ром темирдан, бетондан ёки ёғочдан тайёрланиши мумкин. Охирги йилларда шишатемир-бетонли панел — «профакс» қурилишда кенг ишлатилмоқда.
Профилли шишанинг камчилиги унинг ёнғинга чидамсизлиги, яъни ёнғин пайтида 15—25 дақиқада ўзининг хусусиятларини ўзгартириши ҳисобланади.
Мозаикали гилам ёки гилам тасвирли шиша плиткалар безакли қопламалар ичида энг самаралисидир. Бино ва иншоот деворларининг ташқи томонини зарарли муҳит таъсиридан сақлашда, музлашга чидамли, озода ва покиза мозаика-гилам тасвирини берувчи шиша плиткалар қурилишда кенг ишлатилади. Улар томонлари 21215 ва 46465 мм ли ўлчамларда чиқарилади. Европа шиша ашёлари ишлаб чиқарувчи корхоналари чамаси 100 хил рангда турли ўлчамларда шиша мозаика плиткаларини сотиб олишни тавсия этмоқдалар.
Шиша бўтқасини қуйма ёки прокат усулда зичлаб олинган ялтироқмас смалта деб аталувчи рангли ойна синиқларидан бадиий панно, композициялар ва меъморий қоплама буюмлар ишланади. Синиқ шиша хиллари 200 га яқин рангларда бўлиши мумкин. Смалта бўлакларининг ўлчами 20 мм дан ошмайди.
Пардозбоп шиша увоқлари ҳар хил рангли шиша бўлакларни 0,4 дан 10 мм гача йирикликда майдалаб олинади. Кейин, биноларнинг ташқи деворлари рангли цемент қоришмалари асосида сувоқ қилинади.
Гранит, мармар тасвирини берувчи шиша кристалл ашёни сигран деб аталади. Майда кристалл заррачали табиий кварсит (авантюрин), хром оксиди қўшилган темир тошқоли ва шишабоп минерал хомашё аралашмаларидан ташкил топган таркибни эритиб сиграннинг бошқа хиллари олинади. Бундай шиша бўтқаси сопол тахтачалар олишда глазур сифатида ишлатилади. Сигран, бино ва иншоотларнинг ички ва қуёш нури тушадиган ташқи деворларни қоплашда, ҳамда пардозбоп ашёлар сифатида ишлатилади.
Витраж. Меъморчиликда безакбоп рангли шишаларни ишлатиш қадимий бино ва иншоотлар қурилишидан маълум. Мозаикали безаклар девор ва шипларда кўп қўлланилган. Бунда қайтарувчи ойналар ҳам ишлатилган. Қайтарувчи ойналар биринчи бўлиб Венецияда ХИВ асрда пайдо бўлган.
Рангли шишаларни ишлатишда асосий ўринни безакбоп витражлар эгаллаган. Витражлар елимланган расм фрагментларидан ташкил топади. Ўрта Осиёда рангли витражларнинг қўлланиши қадимдан маълум. Мутахассислар бир қанча намунавий, кўнгилни кўтарувчи ва тинчлантирувчи витражларни яратганлар.
Ҳозирги кунда витражларнинг янги турлари темир-бетон ва полимер темир-бетонлар билан биргаликда тайёрланмоқда. Замонавий витражларда рангли плиталар ва шиша блоклар кўплаб ишлатилмоқда. Қурувчиларда катта ўлчамдаги тахта ойнадан тайёрланган арматурали, елимланган ва безак усулидаги витражлар катта қизиқиш уйғотади. Булардан энг кўп тарқалгани елимланган кўп қаватли шиша конструкциялар ҳисобланади.
Шиша ашёлари гуруҳига кирувчи, таркибида кремнезем ва ишқорли темир оксиди бўлган шишасимон эритманинг қотган ҳолати эрувчан шиша деб аталади. Оддий шишадан фарқи, натрийли ёки калийли эритувчан шиша сувда эрийди ва елимли суюқ шишага айланади. Суюқ шиша қурилиш ашёлари ишлаб чиқаришда ва қурилиш ишларида кенг ишлатилади. Силикат ва бошқа цементларга нисбатан, суюқ шишани елимлаш (боғловчи) қобилияти 3—5 баробар юқоридир. Суюқ шиша қалин қоғоз, ёғоч, силикат ашёларини, конструкция қисмларини ҳамда шишани темир билан елимлашда ишлатилади. Куйдирмай олинадиган ишқорли-тошқол цементларга суюқ шиша қўшиб мустаҳкамлиги 1200 МПа гача боғловчи олиш мумкин. Ташқи ва ички деворларни пардозлашда ишлатиладиган силикат бўёқлар олишда эритувчан шиша асосий хомашё вазифасини ўтайди. Ёғоч ва махсус газламаларни ўтга чидамли қилиш учун улар суюқ шиша билан қайта ишланади. Бино ва иншоотларнинг пойдевор ҳамда ҳовуз асосларини пухталашда, тоннел ва бошқа ер ости қурилмаларни шўр сувлардан сақлашда ҳам эрувчан шиша ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |