ҲАРАКАТ МАЛАКАЛАРИНИ ҲОСИЛ ҚИЛИШ ФИЗИОЛОГИК МЕХАНИЗМЛАРИ Қатта ярим шарлар пўстлоғида вақтинча алоқаларнинг вужудга келиши ва мустаҳкамланиши машқ қилиш натижасида автоматлашган ҳаракат актларини, яъни ҳаракат малакаларини ҳосил қилишга асосланади. Одамнинг ҳаёт ва фаолият даврида ҳосил қиладиган малакалари жуда кўп. Тикка туриш ҳам, юриш ҳам, югуриш ҳам, меҳнат ва спортдаги ҳар хил ҳаракатлар ҳам ҳаракат малакаларига киради.
Малакаларни ҳосил қилишда мия пўстлоғининг эффектор — пирамидал нейронлари билан ҳаракат анализатори ва бошқа анализаторларнинг пўстлоқдаги сенсор ҳужайралари ўртасида нейронлараро вақтинча алоқалар вужудга келади.
Бундай алоқаларнинг вужудга келиш механизмини қуйидагича тасаввур этиш мумкин.
Одам ва юксак даражадаги ҳайвонларда мия пўстлоғидаги пирамидал нейронларнинг шартли ёки шартсиз рефлекс йўли билан қўзғалиши оқибатида ҳаракат вужудга келади. Шу билан бирга ҳар бир ҳаракат вақтида мия пўстлоғига ҳаракат аппаратининг проприорецепторларидан, шунингдек, мазкур ҳаракат натижаларини, яъни иш эффектларини идрок этишда қатнашувчи кўпгина гавда рецепторларидан афферент импульслар оқими келиб туради.
Мия пўстлоғидаги мотор зона нейронлари билан бошқа турли зоналардаги нейронларнинг қўзғалиши такрор қўшилавергач (ҳаракат ва унинг натижасида келиб чиқадиган афферент импульслар турли зоналарга боради), вақтинча алоқалар вужудга келади. Бу алоқалар ихти-ёрий харакатларни, яъни муайян натижага эришиш йўлидаги ҳаракатларни бажариш имкониятини туғдиради.
Ҳайвоннинг ҳаракати, масалан, оёғини кўтариши ёки ричагни оёғи билан босиши натижасида у овқат еса ва бу эффект бир неча марта такрорланса, ҳаракат анализаторининг пўстлоқдаги ҳужайралари (скелет мускуллари, бўғимлар ва бойламларнинг рецепторларидан афферент импульслар оладиган пўстлоқ ҳужайралари) билан овқатланиш марка-зининг ҳужайралари ўртасида вақтинча алоқалар вужудга келади (Ю. М. Конорский). Шу алоқалар вужудга келиши туфайли ҳайвон мия пўстлоғининг овқатланиш маркази қўзғалганда у ҳар гал оёғини кўтаради ёки ричагни оёғи билан босади. Ҳайвонга одатда қандай шароитда овқат берилса, ўша шароит таъсирида ёки илгари шартсиз овқатланиш таъсироти билан мустаҳкамланган ҳар хил шартли сигналлар таъсирида шундай ҳолатни итда тажриба йўли билан юзага чиқариш мумкин. Худди шунингдек, одам қўлининг ҳаракати — кнопкани босиши натижасида хонада чироқ ёнса, ҳаракат анализатори билан кўрув анализаторининг нейронлари ўртасида, яъни ўша ҳаракат ва унинг натижаларини идрок зтувчи нейронлар ўртасида вақтинча алоқалар вужудга келади. Шунинг учун ҳам одам қоронғи хонага кирганда чироқни ёқиш учун виключатель кнопкасини босади ва шунга ўхшаш.
Ҳайвонлар ва одам яшайдиган табиий шароитда ҳаракат малакалари кўпинча синаб кўриш ва янглишиш методи билан, яъни синаб қидириш ҳаракатлари натижасида ҳосил бўлади.
Қуйидаги тажрибани кўздан кечирайлик. Оч ит қафасга қамаб қўйилган, қафаснинг эшиги фақат лўкидонини оёқ билан босиб очилиши мумкин. Экспериментатор қафас олдидан бирмунча нарига бир парча колбаса қўяди, шунга кўра ҳайвоннинг мия пўстлоғидаги овқатланиш маркази шартли рефлекс йўли билан қаттиқ қўзғалади. Ит қафас чивиқлари орасидан тумшуғини суқиб колбасани олишга уринади. Муддаосига етолмайди. Шундан кейин у оёқларидан бирини колбасага яқинлаштирмоқчи бўлиб, қафас чивиқларининг орасига суқади. Бу ҳам натижа бермайди. Ҳайвон қаттиқ қўзғалади, кейинги оёқлари билан тикка туриб, эшикчани бутун гавдаси билан итаради, айни вақтда ит тасодифан лўкидонни босади, лўкидон бурилиб, эшикча очилади ва ит колбасага етишади. Бундай тажрибалар такрорланганда ҳайвон овқатга етишиш учун зарур ҳаракатни дарров бажаради.
Бундай ҳаракат малакасининг вужудга келиш механизми қуйидагича. Овқатни кўриш ва ҳидини сезиш овқатланиш марказига қаттиқ таъсир этганда қўзғалиш овқатланиш марказидан ярим шарлар пўстлоғининг сенсомотор зонасига (ҳаракат анализаторининг пўстлоқдаги учига) иррадиацияланади, шу туфайли ҳар хил қидириш ҳаракат-лари вужудга келади. Ит бажарадиган кўп ҳаракатлардан фақат биттаси изланган натижани беради, яъни овқатга етиштиради. Бу ҳолда лўкидонни очиш (ҳаракат реакцияси) билан боғланган проприорецептив таъсиротлар ва кўрув таъсиротлари шартсизовқатланиш таъсироти билан бирга бўлгани учун ҳаракат ҳамда кўрув анализаторининг ҳужайралари билан овқатланиш марказининг ҳужайралари ўртасида вақтинча алоқалар вужудга келади, булар эса ҳайвоннинг кейинчалик шу ҳаракат вазифасини дарров ҳал қилишига ёрдам беради.
Ғоят муҳими шуки, ҳайвон ҳар бир янги вазифани ҳал қилишда аввало илгари ҳосил қилган ҳаракат малакаларидан ёки уларни ташкил этувчи айрим компонентларидан фойдаланади. Юқорида кўздан кечирилган мисолда қафас эшикчасини очиш усули ўзгартирилса, масалан лўкидони уни босиш йўли билан эмас, балки кўтариш йўли билан очиладиган қилиб қўйилса, ит аввало оёқ билан босишдан иборат эски усулни татбиқ этиб кўради, фақат кейинчалик, бир неча беҳуда уринишдан кейингина, яъни аввалги шартли рефлектор ҳаракат реакцияси такрор мустаҳкамланмагач, бошқа синов ҳаракатларини бажара бошлайди.
Одамда ҳам кўпгина ҳаракат малакалари синаш-қидириш ҳаракатлари ёрдамида вужудга келади. Болада ҳаракатларнинг ривожланишини кўздан кечириб, бунга бемалол ишониш мумкин.
Бола ҳаётининг 4—5-ойида буюмни, масалан, кўз олдига осиб қўйилган равшан рангли ўйинчоқни ушлаб олишга уринади. Дастлаб бу уринишлар хаотик, бетартиб бўлади, чунки боланинг мия пўстлоғида кўз ва қўл ҳаракатларини уйғунлаштирадиган вақтинча алоқалар ҳали йўқ. Бола ўйинчоққа тикилади, қўлини узатади, кўп марта қўли етмайди ва кафти ўйинчоққа тегиб, уни ушлаб олмагунча шу аҳвол давом этади. Бундай ҳаракатларда дастлаб бутун гавда ва юз мускуллари қатнашади.
Бола машқ қилган сайин ҳаракатлари тобора аниқ бўлиб қолади. У янглиш ҳаракатларни камроқ қилиб, ўйинчоққа қўлини тегизади ва ниҳоят, бола буюмга биринчи галдаёқ қўл тегизишга ўрганади. Аммо буюмни ушлаш учун кафт ва бармоқларни ўша буюмга нисбатан тўғри ушлаш керак. Аммо, болада бундай маҳорат ҳали йўқ. Бу гал ҳам зарур ҳаракат малакаси вужудга келмагунча синов-қидирув ҳаракатларининг яна бир бутун серияси намоён бўлади. Қичкина буюмларни бош бармоқ билан ишора бармоқни қарама-қарши қўйиб ушлаб олиш қобилияти болада кечроқ тараққий этади.
Боланинг барқарор тикка туриш, юриш, югуриш ва шунга ўхшаш ҳаракат малакаларини ҳосил қилишида ҳам, синов-қидирув ҳаракатларини бажариш йўли билан вақтинча алоқалар ҳосил қилиш механизми муҳим роль ўйнайди. Гавда мувозанатини ёки унинг фазода силжишинк таъминлайдиган ҳаракатлар мустаҳкамланиб қолади, гавда мувозанатига халал берадиган ёки гавданинг силжишига ёрдам бермайдиган харакатлар эса тормозланади.
Ҳаракатнинг ўзи ёки натижаси вужудга келтирадиган афферент импульслар шартли қўзғалишни автоматик равишда мустаҳкамлаб ту-рар экан, вақтинча алоқалар сақланаверади.
Ҳаракат бирон сабаб билан аввалгидай фойдали натижа бермаса, яъни шартли қўзғалиш шартсиз таъсирот билан мустаҳкамланмаса, фақат шундагина вақтинча алоқалар тормозланади.
Ҳар хил ихтиёрий ҳаракатларни анализ қилиш шундай хулосага олиб келади: ҳаракатнинг исталган натижаси олинганда афферент импульслар борадиган пўстлоқ ҳужайраларининг комплекти ихтиёрий ҳаракатларнинг ҳар бири бошланишидан шартли рефлекс йўли билан қўзғалади. Ҳужайраларнинг шу комплексига П. К. Анохин ҳаракат акцептори, деб ном берган.
Ҳаракат акцептори ҳужайраларининг шартли рефлекс йўли билан қўзғалишига ҳаракат натижасини олдиндан билиб берадиган, келажакни олдиндан кўрсатадиган физиологик механизм деб қараш мумкин. Ҳаракат натижаси олинганда ҳаракат акцептори ҳужайраларига афферент импульелар келиши эса қаноатланиш, рағбатланиш, мақсадга етиш эмоцияларининг физиологик асосини ташкил этади. Бу ҳолда эмоционал-ижобий реакцияларни юзага чиқариш билан боғланган муайяк пўстлоқ ости структуралари ҳам реакцияга тортилади.
УЙҚУ Уйқу юксак даражадаги ҳайвонлар организмининг қайтариб бўлмайдиган эҳтиёжидир. Одам умрининг учдан бир қисми даврий уйқу ҳолатида ўтади.